26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Нурсултан НАЗАРБАЕВ, Қозоғистон Республикаси Президенти Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш

КИРИШ

Мамлакатимиз янги тарихий даврга қадам қўйди. Мен йил бошидаги халққа Мактубимда Қозоғистоннинг учинчи янгиланиши бошланганини эълон қилдим.

Шундай қилиб, биз ўзгаришнинг ўта муҳим икки жараёни – сиёсий ислоҳот ва иқтисодий янгиланишни белгилаб олдик. 

Бизнинг мақсадимиз равшан, йўналишимиз аниқ, бу – жаҳондаги энг ривожланган 30 мамлакат қаторига қўшилиш.

Таъкидланган икки янгиланиш жараёнининг ҳам аниқ мақсад-вазифалари, устуворликлари ва унга етказадиган йўллари бор. Мен кўзланган ишларимизнинг ҳаммаси ўз вақтида ва имкон қадар самарали амалга оширилишига ишонаман. Бироқ ўйлаганларимизнинг бажарилиши учун бунинг ўзи камлик қилади. 

Мақсадга эришиш учун тафаккуримиз ишимиздан олдинда юриши, яъни ундан аввал янгиланиб туриши керак. Бу сиёсий ва иқтисодий янгиланишларни тўлдирибгина қўймай, уларнинг ўзагига айланади. 

Маънавий янгиланиш фақат бугун бошланадиган иш эмас.

Биз Мустақиллик даврида ушбу йўналишда бир қанча кўламдор ишларни адо этдик. 

2004 йили “Маданий мерос” дастури доирасида Қозоғистон ҳудудидаги тарихий-маданий ёдгорликлар ва иншоотларни янгиладик. 

2013 йилда “Халқ – тарих тўлқинида” дастури орқали жаҳоннинг энг нуфузли архивларидан асл тарихимизга алоқадор ҳужжатларни тизимли равишда тўплаб, тадқиқ қилдик. 

Эндиликда улардан ҳам улуғвор ва муҳим ишларни бошламоқчимиз. 

Мен элимизнинг бақувват ҳамда масъулияти юқори Яхлит Миллат бўлиши учун келажакка қандай қадам ташлашимиз ва омманинг онгини қандай ўзгартиришимиз ҳақидаги фикр-мулоҳазаларимни ўртага ташлашни маъқул кўрдим.

I. ХХI АСРДАГИ МИЛЛИЙ ТАФАККУР ҲАҚИДА

Бутун ер юзи кўз ўнгимизда ўзгармоқда. Жаҳонда йўналиши ҳали ноаниқ, янги тарихий давр бошланди. Кун сайин ўзгараётган алғов-далғов дунёда онгимиз ва дунёқарашимизга обдон ўрнашиб қолган, сийқаси чиққан қоидалардан воз кечмасдан туриб, карвон бошидаги мамлакатлар билан айвонимизни тенглаб, энсамизни кўтара олмаймиз. Ўзгариш учун ўзимизни маҳкам қўлга олиб, замон оқимига мослашув орқали янги даврнинг ижобий жиҳатларини тафаккуримизга сингдиришимиз керак. 

ХХ асрдаги ғарбга қараб янгиланиш намунасининг бугунги замон воқелигига мувофиқ келмаслиги сири нимада? Менимча, бош нуқсон – уларнинг ўзларигагина хос қолипи ва тажрибасини бошқа халқлар ҳамда маданиятларнинг ўзгачаликларини инобатга олмай, ҳаммага бирдай, ёппасига ихтиёрсиз ўтказишида. 

Ажабтовур янгиланган жамиятнинг ўз томири – тарихининг қаъридан бошланадиган маънавий коди бўлади. 

Янги шаклдаги янгиланишнинг энг асосий шарти – шу миллий кодингни сақлай билиш. Усиз янгиланиш деганингизнинг қуруқ сафсатага айланиб қолиши ҳеч гап эмас. 

Бинобарин, миллий кодимни сақлайман, деб вужудидаги яхши ва ёмоннинг ҳаммасини, яъни келажакка ишончни кучайтириб, олға бошлайдиган хусусиятларни ҳам, энсасини орқага тортиб турадиган, оёқдан чаладиган одатларни ҳам миллий онг доирасида бўшаштириб қўйишга бўлмаслиги ҳам ойдай равшан.

Янгиланиш аталмиш, илгаригидай, тарихий тажриба ва миллий анъаналарга панжа орасидан қарамаслиги керак. Аксинча, замона синовидан суринмай ўтган илғор анъаналарни муваффақиятли янгиланишнинг муҳим шартларига айлантира билиши лозим. Агар янгиланиш элнинг миллий-маънавий илдизидан озиқ ола олмаса, у хато йўлга бошлайди.

Шу билан бирга маънавий янгиланиш миллий тафаккурнинг турли қутбларини қайиштириб, яраштира оладиган қудрати билан муҳимдир.

Бу – буюк тарихнинг, бугунги бунёдкор кун ва порлоқ келажакнинг уфқларини уйғунлаштириб, туташтирадиган миллат сирининг дастуридир. 

Мен халқимнинг сабоқларга бой тарихи ва азалдан мазмуни бузилмай келаётган миллий урф-одатларини навбатдаги тараққиётнинг мустаҳкам ўзаги қилган ҳолда ҳар бир қадамини шахдам босишини, келажакка ишонч билан интилишини хоҳлайман. 

Бу борада бутун жамиятнинг ва ҳар бир қозоғистонликнинг тафаккурини янгилашнинг бир қанча йўналишларини таъкидлаб ўтмоқчи эдим.

1. Рақобатбардошлик қобилияти 

Ҳозирги кунда одамнинг ўзигина эмас, бутун халқнинг ўзи рақобатбардошлик қобилиятини кучайтирсагина муваффақиятга эришиш имкониятини қўлга киритади.

Рақобатбардошлик қобилияти деганимиз – миллатнинг минтақавий ёки дунёвий бозорда баҳоси ёки бўлмаса сифати жиҳатидан бошқалардан яхшироқ нарсаларни таклиф эта олиши. Бу моддий маҳсулотгина эмас, шу билан бирга, билим, хизмат, интеллектуал маҳсулот ёки сифатли меҳнат захиралари бўлиши мумкин.

Келажакда миллатнинг муваффақиятли бўлиши унинг табиий бойлиги билан эмас, балки одамларининг рақобатбардошлик қобилияти билан белгиланади. Шунинг учун ҳар бир қозоғистонлик, қолаверса бутун миллат ХХI асрга муносиб хислатларга эга бўлиши керак. Масалан, компьютер саводхонлиги, чет тилларни билиш, маданий очиқлик сингари омиллар ҳар кимнинг олға босиши учун ўта зарур шартлардан ҳисобланади. 

Шу сабабли “Рақамли Қозоғистон”, “Уч тилли таълим”, “Маданий ва конфессиялараро тотувлик” сингари дастурлар – миллатимизни, яъни барча қозоғистонликларни ХХI аср талабларига тайёрлаш омилларидир. 

2. Прагматизм

Қонимизга сингиб кетган кўплаб одатлар ва сийқаси чиққан қатъий қоидаларни ўзгартмагунимизча бизнинг тўлақонли янгиланишимиз мумкин эмас. 

Асл тарихимизга, аждодларимизнинг турмуш тарзига бир лаҳза разм солсак, чинакам прагматизмнинг талай ёрқин намуналарини топишимиз мумкин.

Халқимиз асрлар бўйи туғилган заминнинг табиатини кўз қорачиғидай асраб, унинг бойлигини тежамли ҳамда ўринли ишлатадиган тенги йўқ экологик турмуш тарзига амал қилиб келди. 

Фақат ўтган асрнинг ўрталарида, атиги бир неча йил ичида миллионлаб гектар даламиз аёвсиз шудгорланди. Олис замонлардан бери авлоддан авлодга ўтиб келган миллий прагматизм саноқли йилларда одам танимас даражада ўзгариб, ҳаддан ортиқ исрофгарчиликка олиб келди. Шунинг касридан Она-Ер яратилгандан бери майсанинг боши тулпорлар туёғи билангина эзилган даланинг бутун бойлиги гирдобга кетди. Тош ташласанг унадиган минглаб гектар унумдор ерларимиз экологик офат минтақаларига, Орол денгизи эса қовжираган тақир чўлга айланди. 

Буларнинг ҳаммаси – ерга ўта лоқайдлик билан қарашнинг аччиқ мисолидир. 

Биз янгиланиш йўлида ота-боболардан мерос бўлиб, қонимизга сингган, бугун томиримизда қотиб қолган эзгу хислатларни қайтадан уйғотишимиз керак. 

Прагматизм – ўзингнинг миллий ва шахсий бойлигингни аниқ билиш, ундан унумли фойдаланиб, шунга қараб келажагингни режалай олиш, исрофгарчилик ва дабдабабозликка, манманлик ва мақтанчоқликка йўл қўймаслик, деган сўз. 

Ҳозирги жамиятда чинакам маданиятнинг белгиси – ўринсиз кеккайиш эмас. Аксинча, вазминлик, қаноат ва оддийлик, тежамкорлик ва ўринли фойдаланиш кўпни кўрганликни билдиради. 

Аниқ мақсадга етиш, билим олиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш, касбий жиҳатдан такомиллашувга устунлик берган ҳолда, ана шу йўлда ҳар бир нарсадан самарали фойдаланиш – феъл-атвор прагматизми дегани шу. 

Бу – замонавий дунёдаги бирдан бир муваффақиятли намуна. Миллат ёки якка шахс аниқ бир маррага бет буриб, шунга мақсадли турда интилмаса, эртага у амалга ошмоқ тугул элни тақирга бошлайдиган популистик мафкуралар пайдо бўлади. 

Таассуфки, тарихда бутун миллатларнинг ҳеч қачон амалга ошмайдиган мавҳум мафкураларга ўралашиб, ахийри гирдобга кетгани ҳақида мисоллар оз эмас. Ўтган асрнинг энг муҳим учта мафкураси – коммунизм, фашизм ва либерализм бизнинг кўз ўнгимизда яксон бўлди.

Бугунги кунда радикал мафкуралар асри борса келмасга кетди. Эндиликда аниқ-равшан, тушунарли ва келажакка ҳушёр кўз тиккан йўналишлар керак. Одамнинг ҳам, бутун миллатнинг ҳам аниқ мақсадга етишини кўзлайдиган ана шундай йўналишларгина тараққиёт чўққисига темир қозиқ бўла олади. Энг муҳими, улар мамлакатнинг имкониятлари ва чама-қудратини доимо инобатга олиши керак. 

Яъни, реализм ва прагматизмгина яқин ўн йилликларнинг шиори бўлишга қодирдир. 

3. Миллий ўзликни сақлаш

Миллий янгиланиш деган тушунчанинг ўзи миллий тафаккурнинг мукаммалашувини билдиради.

Унинг икки жиҳати бор. 

Биринчиси, миллий тафаккур уфқларини кенгайтириш.

Иккинчиси, миллий ўзликнинг негизини сақлаган ҳолда унинг қатор сифатларини ўзгартириш.

Ҳозир ҳукм сураётган янгиланиш намуналарининг қандай хавфи бўлиши мумкин?

Хавф янгиланишни ҳар кимнинг миллий ривожланиш намунасини ҳамма учун умумий, оммабоп намунага алмаштириш сифатида кўришда намоён бўлмоқда. Бинобарин, ҳаётнинг ўзи бу фикрнинг мутлақо хато эканини кўрсатиб берди. Амалда ҳар бир минтақа ва ҳар бир давлат ўзининг мустақил ривожланиш намунасини шакллантирмоқда. 

Миллий урф-одатларимиз, тилимиз ва мусиқамиз, адабиётимиз, удумларимиз, бир сўз билан айтганда, миллий руҳимиз жисмимизда мангу қолиши керак.

Абайнинг донолиги, Ауезовнинг уламолилиги, Жамбилнинг қўшиқлари ва Қурманғазининг куйлари, асрлар қаъридан келаётган боболар саси – бу бизнинг маънавий маданиятимизнинг бир парчасигина. 

Шу билан бирга, янгиланиш тушунчасининг ўзи бирмунча эскирган, глобал оламга ёпишмайдиган айрим қоидалар ва одатлардан воз кечиш деганни билдиради. 

Масалан, маҳаллийчиликни олиб кўрайлик. Албатта, туғилган ернинг тарихини билган ва ундан фахрланган яхши. Бироқ ундан ҳам муҳимроқ масалани – ўзингнинг яхлит буюк миллат фарзанди эканингни унутишга асло бўлмайди. 

Биз ҳар ким ўзининг қандайдир бир ишга қўшган улуши ва касбий малакасига қараб баҳоланадиган меритократик жамият қурмоқдамиз. Бу тузум енг ичида давом этаётган ошна-оғайинигарчиликни кўтармайди. 

Буларнинг барини батафсил айтишдан мақсадим – вужудимиздаги яхши ва ёмонни санаб, кўрсатиш эмас. Мен қозоғистонликларнинг ҳеч қачон ўзгармайдиган иккита қоидани тушуниб, моҳиятини англаб олишларини хоҳлайман.

Биринчиси – миллий код, миллий маданият сақланмаса, ҳеч қандай янгиланиш бўлмайди.

Иккинчиси – олға босиш учун миллатнинг ривожланишига тўғаноқ бўладиган ўтмишнинг консерватив жиҳатларидан воз кечиш керак.  

4. Билимнинг тантана қилиши

Билимли, кўзи очиқ, дили уйғоқ бўлишга интилиш – қонимизда бор хусусият.

Мустақиллик йилларида жуда кўп ишлар бажарилди. Ўн минглаб ёшларни жаҳоннинг нуфузли университетларида ўқитиб, тайёрладик. Бу иш ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари аввалида йўлга қўйилган “Бўлашақ” дастуридан бошланди. Элимизда жуда юқори даражадаги бир қатор университетлар очилди, заковат мактаблари тизими шаклланди. Бошқа кўплаб ишлар ҳам уддаланди.

Бинобарин, билимнинг тантанаси барча учун умумий бўлиши керак. Бунинг аниқ, исбот талаб қилмас сабаблари бор. Технологик инқилобнинг боришига қарасак, яқин ўн йил мобайнида ҳозирги касбларнинг ярми йўқолиб кетади. 

Иқтисодиётнинг касбий сифати илгари ва ҳозир, ҳеч бир замонда бу қадар  жадал ўзгармаган.

Биз бугун янги номдаги, эртагаёқ эскига айланадиган, оёқ олиши илдам даврга қадам қўйдик. Бундай шароитда касбини асло қийналмай, осонликча ўзгартиришга қобилиятли, ўта билимли одамларгина муваффақият қозонади.

Шуни аниқ тушунганимиз учун биз таълимга бўлинадиган бюджет маблағи улуши бўйича оламдаги энг пешқадам эллар тоифасига кирганмиз. 

Муваффақиятли бўлишнинг энг асосий, бош омили билим эканини ҳар ким теран тушуниши керак. Ёшларимиз устувор берадиган мақсадлар қаторида билим ҳар доим биринчи ўринда туриши шарт. Сабаби, қадриятлар тизимида билимни ҳамма нарсадан устун қўядиган миллатгина ютуққа эришади.

5. Қозоғистоннинг ноинқилобий, эволюцион ривожланиши

Жорий йилда Евроосиё материгининг жуда катта ҳудудини остин-устин қилган 1917 йилги октябрь воқеасига 100 йил тўлади.

Бутун ХХ аср инқилобий силсилаларга тўла бўлди. Бу ўша ҳудуддаги барча миллатларга муайян таъсир кўрсатиб, ўзлигини бутунлай ўзгартириб юборди.  

Ҳар бир юрт тарихдан ўзича таълим олади, бу – ҳар кимнинг ўз ихтиёридаги нарса.

Бировга ўз фикрингни зўрлаб ўтказишга ҳеч қачон бўлмайди. Бизга тарих тўғрисида ўзларининг субъектив фикрларини тиқиштиришга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Ўтган ХХ аср халқимиз учун ҳасратга тўла, аянчли ва зулматли аср бўлди.

Биринчидан, миллий ривожланишнинг қадимдан давом этиб келаётган, ўзимизгагина хос йўли биратўла барбод қилиниб, ижтимоий тузумнинг бизга ёт намунаси ихтиёрсиз тиқиштирилди.

Иккинчидан, миллатимизга мисли кўрилмаган демографик зарба берилди. Унинг яраси бир асрдан бери ҳануз битмай келади.

Учинчидан, қозоқ тили ва маданияти таназзулга дучор бўлаёзди.

Тўртинчидан, элимизнинг кўпгина минтақалари экологик офат ҳудудларига айланди. 

Албатта, тарих фақат оқ доғлардан иборат эмас.

ХХ аср Қозоғистонга бир қатор эзгуликлар ҳам берди.

Индустрлаштириш, ижтимоий ва саноат инфратузилмаларининг қурилиши, янги зиёлилар шаклланишини шунга мисол қилиш мумкин.

Бу даврда элимизда маълум бир янгиланиш бўлди. Бироқ, бу – миллатнинг эмас, минтақанинг янгиланиши эди.

Биз тарих сабоғини теран тушуниб олишимиз керак. Инқилоблар даври ҳали битгани йўқ. Фақат унинг шакли ва мазмуни тубдан ўзгарди.

Бизнинг кечаги тарихимиз, инкор қилиб бўлмас бир ҳақиқатга – эволюцион тараққиётгина миллатнинг ривожланишига имкон беришига кўзимизни етказди.  

Бундан хулоса чиқара олмасак, яна тарихнинг темир қопқонига тушамиз. Шундай экан, эволюцион тараққиёт қоидаси ҳар бир қозоғистонликнинг алоҳида шахсий дастурига айланиши зарур.

Бироқ жамиятнинг эволюцион ривожланиши қоида сифатида мангу бурканиб олишнинг синоними эмас.

Шу сабабли, тарихнинг аччиқ сабоғини тушунибгина қўймай, ўзимиз ҳар куни кўриб юрган ҳозирги жараёнлардан хулоса чиқариб, келажакнинг йўналишига қараб, фаҳмлай олишимиз ҳам жуда муҳим.

Бугунги кунда инқилоблар қиёфасини ўзгартириб, миллий, диний, маданий, сепаратистик парда ёпиниб олди. Бироқ ҳаммаси ҳам, ахийри қон тўкиш, иқтисодий таназзул билан якун топишини кўриб турибмиз.

Шунинг учун жаҳондаги воқеаларни фикр элагидан ўтказиб, хулоса чиқариш – жамиятнинг ҳам, сиёсий партиялар ва ҳаракатларнинг ҳам, таълим тизимининг ҳам кенг қамровли дунёқараши, маънавий ишининг бир қисми.

6. Тафаккурнинг очиқлиги

Кўплаб муаммолар жаҳоннинг шиддат билан ўзгараётганига қарамай омма онгининг “оила, рўзғор ташвиши” доирасида қолаётганидан келиб чиқади.

Бир қараганда, ер юзидаги миллиарддан ортиқ одам она тили билан бирга, профессионал алоқа воситаси сифатида ёппасига ўрганаётган инглиз тилини бизнинг ҳам оммавий равишда ҳамда жадал ўрганишимиз кераклиги ҳеч бир исботни талаб қилмайдигандай гўё.

Европа Иттифоқининг 400 миллиондан ортиқ фуқароси она тиллари – немис, фаранг, испан, италян ёки бошқа тилларни ҳурмат қилмайдими? Ёки 100 миллионлаган хитой ва индонезияликлар, малайзияликлар инглиз тилини эрмакка ўрганаётирми?

Бу – кимларнингдир шунчаки хоҳиши эмас, дунё оламига эркин кириб, иш юритишнинг асосий шарти.

Бироқ масала шунга қараб қолгани йўқ. Онгнинг очиқлиги идрокнинг учта ўзгачалигини билдиради.

Биринчидан, у бутун жаҳонда, ер куррасининг ўзига тегишли ҳудудида ҳамда ўз элининг атрофида нималар бўлаётганини тушунишга имкон беради.

Иккинчидан, у янги технология оқими олиб келадиган ўзгаришларнинг барчасига тайёр бўлиш деган сўз. Яқин ўн йилда бизнинг яшаш тарзимиз: иш, турмуш, дам олиш, уй-жой, инсоний муносабатлар, қисқаси, барчаси тубдан ўзгаради. Биз бунга ҳам тайёр бўлишимиз лозим.

Учинчидан, бу – ўзгаларнинг тажрибасини олиб, энг илғор ютуқларини ўз жисми-жонига сингдириш имконияти. Осиёдаги икки улуғ мамлакат – Япония ва Хитойнинг бугунги қиёфаси – ана шу имкониятлардан самарали фойдаланишнинг чинакам намунаси. 

“Ўзимникигина – тансиқ, ўзганики – сассиқ”, деб четга чиқариб қўймай, очиқ бўлиш, бошқаларнинг илғор ютуқларини қабуллай билиш, бу – муваффақият калити, шунингдек, очиқ тафаккурнинг асосий кўрсаткичларидан бири.

Агар қозоғистонликлар ер юзига уйларидан чиқмай, деразадан қараб туриб баҳо берадиган бўлса, оламда, қитъада, ҳатто қўшни элларда қандай довул бўлаётганини кўра олмайди. 

Уфқнинг нариги томонида нималар бўлаётганини ҳам билмайди. Ҳатто, бир қатор тамойилларимизни тубдан қайта кўриб чиқишга мажбурлайдиган ташқи таъсирларнинг моҳиятини англолмай, тушунолмай ҳам қолади.

II. ЯҚИН ЙИЛЛАРДАГИ ВАЗИФАЛАР

Ижтимоий онг янгиланишнинг асосий қоидаларини шакллантиришнигина эмас, шу билан бирга, бизнинг замон синовларига муносиб зарба беришимиз учун зарур аниқ лойиҳаларни амалга оширишимизни ҳам талаб қилади.

Шу муносабат билан мен келгуси йилларда пухта йўлга қўйиш керак бўлган бир нечта лойиҳани таклиф этаман.

Биринчидан, қозоқ тилини аста-секин лотин алифбосига кўчириш ишларини бошлашимиз зарур. Биз бу масалага нечоғлик изчиллик зарурлигини теран тушуниб, диққат билан қараб келамиз ва унга киришишга мустақиллик олгандан бери пухта тайёрландик.

Қозоқ тилининг алифбоси жуда терандан томир олганини биласизлар.

VI-VII асрлар – эрта ўрта аср даври. Бу вақтда Евроосиё материгида фанга “Ўрхун-Енисей ёзувлари” деган ном билан танилган қадим туркийларнинг руник ёзуви пайдо бўлиб, қўлланилди.

У инсоният тарихидаги энг қадимий алифболардан бири сифатида маълум.

V-XV асрларда туркий тил Евроосиё материгининг жуда катта қисмида миллатлараро алоқа тили бўлди. 

Масалан, Олтин Ўрданинг барча расмий ҳужжатлари ва халқаро хат-хабарлари асосан ўрта асрдаги туркий тилда ёзилиб келди.

Халқимиз Ислом динини қабуллагандан сўнг руник ёзувлар аста-секин сиқиб чиқарилиб, араб тили ва араб алифбоси тарқала бошлади.

X асрдан XX асргача, 900 йил мобайнида Қозоғистон ҳудудида араб алифбоси қўлланилди.

1929 йил 7 августда СССР Марказий Ижроия Қўмитаси ва СССР Халқ Комиссарлари Кенгаши Президиуми лотин ёзувига асосланган “Ягона туркий алифбо”ни жорий этиш тўғрисида қарор қабуллади. Лотин ҳарфлари асосидаги ёзув услуби 1929 йилдан 1940 йилгача амалда бўлди, кейин кириллчага алмаштирилди. 

1940 йилнинг 13 ноябрида “Қозоқ ёзувини лотинлаштирилган алифбодан рус графикаси негизидаги янги алифбога ўтказиш тўғрисида” қонуни қабулланди. 

Шундай қилиб, қозоқ тили алифбосини ўзгартириш тарихи аслида аниқ сиёсий сабабларга кўра амалга оширилгани маълум бўлади.

Мен 2012 йил декабрь ойида эълон қилган “Қозоғистон – 2050” стратегиясида “2025 йилдан бошлаб лотин алифбосига кўчишга киришишимиз керак”лигини билдирганман. 

Бу – ўша пайтдан бошлаб барча соҳаларда биз лотин ҳарфига кўчишни бошлаймиз, деган сўз. Яъни, 2025 йилга бориб иш қоғозлари, даврий матбуот, дарсликлар, ҳамма-ҳаммасини лотин имлосида босиб чиқара бошлашимиз керак. 

Бу вақт ҳам яқинлашиб қолди, биз фурсатни бой бермай, бу ишни ҳозирдан йўлга қўйишимиз зарур. Ўта мураккаб ишни бошлаш учун зарур тайёргарликка бугундан киришамиз. Ҳукумат қозоқ тилини лотин алифбосига кўчиришнинг аниқ жадвалини тайёрлаши лозим. 

Лотинчага кўчишнинг чуқур мантиғи бор. Бу ҳозирги замон технологик муҳитининг, коммуникациянинг, шунингдек, ХХI асрдаги фан ва таълим жараёнларининг ўзига хосликларига боғлиқ. 

Мактаб бағрида болаларимиз инглиз тилини ўқиб, лотин ҳарфларини шундоғам ўрганишаяпти. Шу боис ёш бўғин учун ҳеч қандай қийинчилик, тўсиқ бўлмайди. 

2017 йилнинг сўнгига қадар олимларнинг кўмаги билан, бутун жамоатчилик билан маслаҳатлашган ҳолда қозоқ алифбосининг янги графикасидаги ягона стандарт нусхасини қабуллаш даркор. 2018 йилдан бошлаб янги алифбони ўргатадиган мутахассисларни ва ўрта мактабларга мўлжалланган дарсликларни тайёрлашга киришишимиз керак. 

Олдимиздаги 2 йилда ташкилий ва услубий ишлар юритилиши лозим. 

Албатта, янги алифбога мослашув даврида маълум бир вақтгача кирилл имлоси ҳам қўлланилиб боради.

Иккинчидан, ижтимоий ва гуманитар фанлар бўйича “Янги гуманитар таълим. Қозоқ тилидаги 100 та янги дарслик” лойиҳасини ҳам йўлга қўямиз. 

Унинг мазмуни қуйидагича:

1. Биз тарих, сиёсатшунослик, жамиятшунослик, фалсафа, психология, маданиятшунослик ва филология фанлари бўйича талабаларга тўлақонли билим бериш учун зарур барча шарт-шароитларни яратишимиз лозим. Гуманитар зиёли қавм вакиллари элимизнинг олий ўқув юртларидаги гуманитар кафедраларни қайтадан аслига келтириш орқали давлат қўлловига эга бўлишади. Бизга фақатгина муҳандислар ва шифокорларгина эмас, ҳозирги замонни ва келажакни теран тушуна оладиган одамлар ҳам ҳаводай зарур. 

2. Биз олдиндаги бир неча йил ичида гуманитар таълимнинг барча йўналишлари бўйича жаҳондаги энг яхши 100 дарсликни турли тиллардан қозоқ тилига таржима қилиб, ёшларга ер юзидаги таниқли намуналар негизида билим олиш имкониятини яратиб берамиз. 2018-2019 ўқув йилининг ўзида талабаларни ана шу дарсликлар билан ўқита бошлашимиз керак. 

3. Бунинг учун мавжуд таржима тузилмалари асосида нодавлат Миллий таржима бюроси тузилиши зарур. У Ҳукуматнинг буюртмасига кўра 2017 йил ёзидан тегишли ишларга киришавергани маъқул.

Бу дастур орқали нималарга эришамиз?

Энг аввало, юз минглаб талабага янги сифат даражасида билим бера бошлаймиз. 

Бу – таълим соҳасида дунёвий рақобатга мумкин қадар мослашган мутахассисларни тайёрлаш, деган сўз. 

Бунга қўшимча равишда янги мутахассислар очиқлик, прагматизм ва рақобатбардошлик қобилияти каби тафаккурни янгилашнинг асосий қоидаларини жамиятда қарор топтирадиган асосий кучга айланади. Пировардида келажакнинг пойдевори илм даргоҳларининг аудиторияларида қаланади. 

Бизнинг ижтимоий ва гуманитар билимимиз кўп йиллар мобайнида биргина таълимот доирасида чекланиб, дунёга биргина нуқтаи-назар билан қарашга мажбур бўлдик. Оламдаги энг яхши 100 дарсликнинг қозоқ тилида чиқиши 5-6 йилдан кейиноқ мевасини бера бошлайди. Шу сабабли, вақтни ўтказмай, энг замонавий, сайланма намуналарни олиб, уларнинг қозоқ тилидаги таржимасини тайёрлашимиз зарур. 

Бу – давлатнинг вазифаси.

Ҳукумат буни таржимон мутахассислар билан таъминлаш, муаллифлик ҳуқуқи, ўқув-услубий дастурлар ва профессор-ўқитувчилар таркибини белгилаш каби жиҳатларни инобатга олган ҳолда мажмуавий равишда ҳал қилиши лозим. 

Учинчидан, қозоқ “Туғилган ерга туғингни тик”, деб бежиз айтмаган. 

Ватанпарварлик киндик қонинг томган заминингга, ўсган овулингга, шаҳар ва ўлкангга, яъни туғилган ерингга муҳаббатдан бошланади. Шунинг учун ҳам “Туғилган ер” дастурини татбиқ этишни таклиф қиламан. Унинг миқёси жадаллик билан кенгайиб, “Туғилган эл”га уланади.

Масалан, “Овулим – қўшиғим”ни айтганда, “Туғилган ерини сева олмаган туғилган элини сева оларми?” деб куйлар эдик. Диққат билан қарасак, булар – мазмуни жуда чуқур сўзлар.

Дастур нега “Туғилган ер” – деб аталади? 

Одам боласи – чексиз ақлнинггина эмас, ажойиб туйғуларнинг ҳам соҳиби. Туғилган ер – ҳар кимнинг кўз очиб кўрган, бағрида эмаклаб, тетапоя қилган хосиятли макони, талай одамларнинг умрбод яшайдиган ўлкаси. Уни, қайда юрсада, дили тўрида асраб, аллалаб ўтмайдиган инсон боласи йўқ. 

Туғилган ерга, унинг маданияти ва урф-одатларига ўзгача иштиёқ билан ёндашиш – ҳақиқий ватанпарварликнинг муҳим кўринишларидан бири. 

Бу ҳар қандай халқни шунчаки бирлаша қолган жамоат эмас, чин маънода миллат қиладиган маданий-генетик коднинг негизидир. 

Аждодларимиз асрлар бўйи учган қушнинг қаноти толиб, югурган ҳайвоннинг туёғи тўзадиган бепоён ҳудуднигина ҳимоя қилгани йўқ. 

Улар миллатнинг келажагини, кейинги авлодини, бизларни муҳофаза қилдилар. Ҳар тарафдан очкўзлик билан қараган бегоналарга Отамаконнинг бир қаричини ҳам олдирмай авлодига мерос қилиб қолдирдилар. 

Туғилган ерига муҳаббат нимани билдиради, умуман олганда дастурнинг аҳамияти нимада?

Биринчи, бу таълим соҳасида кенг кўламли ўлкашунослик ишларини юритиш, экологияни яхшилаш ва аҳоли манзилларини ободонлаштиришга алоҳида эътибор беришни, маҳаллий даражадаги тарихий ёдгорликлар ва маданий иншоотларни аслига келтиришни кўзлайди.

Ватанпарварликнинг энг яхши намунаси ўрта мактабда туғилган ернинг тарихини ўқишда кўриниш топса, қанийди. 

Туғилган ернинг ҳар бир сойи ва қири, тоғи ва ўзани тарихдан ҳикоя қилади. Ҳар бир ер номининг келиб чиқиши ҳақида талай ривоят ва ҳикоятлар бор. Ҳар бир ўлканинг халқига совуқда пана, иссиқда соя бўлган, исмлари эл эсида қолган буюк фарзандлари бор. Буларнинг ҳаммасини ёш авлод билиб улғайиши зарур. 

Иккинчи, бошқа ўлкаларга кўчиб кетса ҳам туғилган заминини унутмай, унга ғамхўрлик қилишни истаган тадбиркорлар, амалдорлар, зиёлилар ва ёшларни уюштириб, қўллаш керак. Бу – шаклланган ва чинакам ватанпарварлик туйғуси, у ҳар кимда бўлиши мумкин. Уни тақиқламай, аксинча, рағбатлантириш керак.

Учинчи, маҳаллий ҳокимият “Туғилган ер” дастурини уюшқоқлик ва изчиллик билан йўлга қўйиши лозим. 

Бу ишни назоратсиз қолдиришга бўлмайди, пухта ўйлаштириб, халққа тўғри тушунтириш зарур. 

Туғилган ерига ёрдамлашган инсонларни қўллаш ва ҳурматлашнинг турли йўлларини топиш лозим. 

Бу борада ҳам қилинадиган ишлар кўп.

Ана шу орқали шаҳарларни кўкаламзорлаштириш, мактабларни компьютерлаштириш, маҳаллий олий ўқув юртларига ҳомийлик қилиш, музейлар ва галереялар жамғармасини бойитиб бориш мумкин.

Қисқача айтганда, “Туғилган ер” дастури умуммиллий ватанпарварликнинг ҳақиқий ўзагига айланади. 

Туғилган ерга муҳаббат туғилган элга – Қозоғистонга бўлган ватанпарварлик туйғусига уланиб кетади.

Тўртинчидан, маҳаллий обидалар ва аҳоли манзилларига йўналтирилган “Туғилган ер” дастуридан ташқари биз халқнинг онгига ундан ҳам муҳимроқ – умуммиллий муқаддас жойлар тушунчасини сингдиришимиз зарур. 

Бунинг учун “Қозоғистоннинг муқаддас маънавий қадриятлари” ёки “Қозоғистоннинг хосиятли ерлари географияси” лойиҳаси керак.

Ҳар бир халқнинг, ҳар бир маданиятнинг барча учун умумий муқаддас жойлари бўлади, уларни шу халқнинг ҳар бир фуқароси билади. 

Бу – маънавий анъананинг бош негизларидан бири. 

Биз – бепоён ер ва ўта бой тарихга эга элмиз. Буюк Даштнинг кўз етмас бепоён сарҳадлари тарихда турли ролларни ўйнаган. Бироқ шундай маънавий жўғрофий белбоғда макон қурган халқнинг тўннинг ички боғичидек мустаҳкам алоқаси ҳеч қачон узилмаган. 

Биз тарихимизда ана шундай чиройли, маънавий, хосиятли жойларимизнинг яхлит тизимини ҳеч қачон яратмаганмиз.

Масала элимиздаги ёдгорликлар, иморатлар ва кўҳна шаҳарларни аслига келтиришда эмас.

Ғоянинг туб илдизи Улитау тўридаги ёдгорликлар мажмуаси, Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси, Тарознинг қадимий обидалари, Бекет ота мақбараси, Олтойдаги кўҳна зиёратгоҳлар ва Еттисувдаги муқаддас масканлар ҳамда бошқа ерларни ҳам ўзаро боғлай бориб, миллат онгида мажмуа сифатида жойлаштиришни кўзлайди. 

Буларнинг ҳаммаси қўшилганда халқимиз миллий ўзлигининг мустаҳкам асосини ташкил қилади.

 

Биз ёт мафкураларнинг таъсири ҳақида айтганда, уларнинг ортида бошқа халқларнинг маълум бир қадриятлари ва маданий рамзлари турганини ёдда тутишимиз зарур.

Демак, уларга ўзимизнинг миллий қадриятларимиз орқалигина зарба бера оламиз.

Қозоғистон хосиятли жойларининг маданий-жўғрофий ўзаги – неча аср ўтса-да, бизни ҳар қандай маънавий қашшоқликдан сақлаб, омон олиб чиқадиган рамзий қалқонимиз ҳамда миллий ғуруримизнинг қайнар булоғидир.

У – миллий ўзлик негизларининг асосий элементларидан бири. Шунинг учун мингйиллик тарихимизда биз илк бор ана шундай улуғвор лойиҳани ишлаб чиқиб, амалга оширишимиз керак.

Бу йил Ҳукумат жамоатчилик билан маслаҳатлашган ҳолда лойиҳани тайёрлаши керак. Унда учта масалани қамраб олган дуруст. Аниқроқ қилиб айтганда:

1. Мазкур “Маданий-жўғрофий ўзак”нинг роли ва унга кирадиган жойлардан ҳар бир қозоғистонлик хабардор бўлиши учун ўқув-оқартув ишларини юритишимиз зарур.

2. ОАВ шундан келиб чиқадиган миллий ахборот лойиҳалари билан тизимли равишда, астойдил шуғулланиши керак.

3. Ички ва ташқи маданий туризм халқимизнинг ана шу муқаддас меросига таяниши даркор. Маданий аҳамиятлилиги жиҳатидан бизнинг Туркистон ёки Олтой – миллий ёки қитъавий эмас, балки дунё миқёсидаги бойлигимиз.

Бешинчидан, замонавий дунёдаги рақобатбардошлик қобилияти – маданиятнинг ҳам рақобатбардошлик қобилияти деган сўз. АҚШнинг “қирғийқовоқ уруш” давридаги даромадининг салмоқли қисми Голливуднинг ҳиссасида.

Биз XXI асрнинг дунёвий харитасида ҳеч кимга ўхшамайдиган, ўз ўрнига эга миллат бўламиз, десак, “Жаҳондаги замонавий қозоғистонча маданият” лойиҳасини амалга оширишимиз керак.

Дунё бизни “қора олтин” ёки ташқи сиёсатдаги йирик ташаббусларимиз билангина эмас, балки маданий ютуқларимиз орқали ҳам таниши зарур.

Ушбу лойиҳа нимани кўзлайди?

Биринчи, мамлакат маданияти БМТнинг олти тили – инглиз, рус, хитой, испан, араб ва француз тилларида сўзлаши учун мақсадли тамойилимиз бўлиши шарт.

Иккинчи, у бугунги қозоғистонликлар яратган ва яратаётган замонавий маданият бўлиши лозим.

Учинчи, маданий хазиналаримизни жаҳон жамоатчилигига таништиришнинг мутлақо янги усулларини топиш керак.

Маданий маҳсулотларимиз фақат китоб тарзида эмас, балки турли мультимедиа услубларида ҳам чиққани яхши.

Тўртинчи, унга кенг қамровли давлат қўллови кўрсатилиши зарур. Ташқи ишлар, Маданият ва спорт, Ахборот ва коммуникациялар вазирликлари тизимли равишда, тиғиз алоқада иш юритиши керак.

Бешинчи, бу ишда ижодкор зиёлилар, шу жумладан, Ёзувчилар уюшмаси ва Фанлар академияси, университетлар ҳамда жамоат ташкилотлари катта роль ўйнаши керак.

Биз замонавий маданиятимизнинг қандай вакиллари дунё саҳнасига йўл олиши кераклигини аниқлаб олишимиз зарур.

Миллий маданиятимизнинг энг яхши намуналарини саралаб олгандан кейин чет элларда уларни таништириш маросимларини ўтказамиз.

2017 йил ер юзига маданият соҳасидаги қандай муваффақиятларимизни намойиш этишимизни аниқлаб олиш жиҳатидан ҳал қилувчи йил бўлади. Шундан сўнг ноёб дастурни 5-7 йилда ишончли амалга ошира оламиз. 

Шундай қилиб, минг йиллик тарихимизда асл маданиятимиз илк бор дунёнинг барча қитъаларига йўл олиб, асосий тилларда сўзлайди.

Олтинчидан, миллат ифтихори илгари ўтган қаҳрамон боболаримиз, донишманд бийларимиз ва бахшиларимизгина бўлиб қолмаслиги керак.

Мен бугунги замондошларимизнинг муваффақиятлари тарихига ҳам эътибор қаратилишини таклиф этаман.

Бу ғояни “Қозоғистондаги 100 янги ном” лойиҳаси орқали амалга оширган маъқул.

Мамлакатимизнинг Мустақиллик солномаси ёзила бошлаганига атиги 25 йил бўлди. Бу – тарих нуқтаи назарида қисқагина вақт бўлса-да,  юртимиз учун асрга татигулик давр. Албатта, бажарилган ишларнинг аҳамияти ва кўламига асло шубҳа йўқ.

Бинобарин, шу катта ишни бажарган, мамлакат ривожига зўр улуш қўшган фуқароларнинг ўзлари ва уларнинг муваффақиятга эришиш тарихи, одатда қуруқ далиллар ва рақамлар соясида қолиб кетади. Аслида Қозоғистоннинг ҳар бир ютуғи ортида хилма хил тақдирлар турибди.

“Қозоғистондаги 100 янги ном” лойиҳаси – Мустақиллик йилларида муваффақиятга эришган, республикамизнинг ҳар бир минтақасида яшовчи турли ёшдаги, турли этнос вакилларининг тарихи.

Лойиҳада одамларнинг аниқ тақдирлари ва аниқ таржимаи ҳоллари орқали бугунги, замонавий Қозоғистоннинг қиёфаси намоён бўлади.

Биз “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ” нақлининг маъносига  етавермаймиз. Ваҳоланки, Мустақиллик даврида ўзининг меҳнати, билими, санъати билан танилган қанча-қанча замондошларимиз бор. Уларнинг босиб ўтган йўллари – ҳар қандай статистикадан зиёда кўрсаткич.

Шунинг учун уларни телевизион ҳужжатли асарларнинг қаҳрамонларига айлантиришимиз керак. Ёшлар ҳаётга тўғри кўз билан қараб, ўз тақдирларига ўзлари эга бўла оладиган инсонлар бўлиб етишишлари учун уларга намуналарни тавсия этишимиз лозим.

Ҳозирги медиамаданиятни отилиб чиқиб гапирадиган сўзамоллар эмас, балки ҳаётнинг ўзидан олинган ишонарли воқеалар шакллантиради. Бундай воқеаларни кўрсатиш оммавий ахборот воситаларининг асосий объектига айланиши даркор.

Мазкур лойиҳанинг учта масалани ҳал этишга йўналтирилгани дуруст.

1. Ақли, меҳнати, истеъдоди билан замонавий Қозоғистонни барпо этаётган аниқ одамларни жамиятга танитиш.

2. Уларга ахборий қўллов кўрсатиб, машҳурлаштиришнинг янги мультимедиа майдонини шакллантириш.

3. “100 янги ном” лойиҳасининг минтақавий нусхасини ишлаб чиқиш. Эл-юрт миллатимизнинг олтин жамғармасига кирадиган шахсларни билиши шарт.

ХУЛОСА

Давлат ва миллат пўлатдан қуйилиб, қотиб қолган нарсалар эмас, муттасил  ривожланиб борувчи тирик организмга ўхшайди. Улар яшаш учун замон оқимига онгли равишда мослашиш қобилиятига эга бўлиши керак.

Янги дунёвий тенденциялар ҳеч кимдан сўрамай, эшик қоқмасдан бирданига кириб келади. Шунинг учун, замонга қараб янгиланиш вазифаси барча давлатларнинг олдида турибди.

Симобдай сирғалувчи вақт ҳеч кимни кутиб турмайди, янгиланиш ҳам тарихнинг ўзи сингари давом этаверадиган жараён.

Икки давр тўқнашган таҳликали чоғда Қозоғистонга тубдан янгиланиш ва янги ғоялар орқали келажагини барқарор қилишнинг мисли кўрилмаган тарихий имкониятлари берилмоқда.

Мен барча қозоғистонликлар, айниқса, ёш авлод янгиланиш ҳақидаги таклифларимнинг моҳиятини теран тушуниб олади, деб ишонаман.

Янги шароитда янгиланишга бўлган ички интилиш – тараққиётимизнинг энг асосий қоидаси. Яшаш учун ўзгара билиш керак. Унга кўнмаганлар тарихнинг тўзонига кўмилиб қолаверади.           

 

, 2017-04-24, 12:10
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.