26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Сув келтирган элда азиз...

Халқимизда “Сув келтирган эл­да азиз”, деган ибратомуз мақол бор. Бу бежиз айтилмаган. Негаки, минтақамизнинг аксари қисми деҳқон­чиликка мўлжалланган Сайрам тума­нида ҳам ҳар йили жазирамали кунда экин суви танқислиги сезилади. Манкент қишлоқ округига қарашли Оққалъа қишлоғига  “Оби-ҳаёт”, “Юқори Оқ­қалъа” ариғидан келади. Сув танқис­лигининг бош сабаби, Оқсув ўзанида тошни қайта ишловчи корхоналар, яъни каръерларнинг кўпайиб кетиши. 

Чунки каръерлар тошни асосан дарё ўзанидан олишади, ўз навбатида бу сув сатҳининг пасайиб кетишига олиб келади. “Юқори Оққалъа” ариғига қуйиладиган сув сўнгги йилларда камайиб, натижада ёзнинг жазирамасида экинларга сув етмай қолмоқда. Сувни кўпайтиришнинг йўли ё дарёга тўғон қуриш ёки ариқни ичдан тозалаб,сувни кўпайтириш. 

Қишлоқ аҳли  ўзаро кенгашиб,иккинчи йўлни афзал билди ва июль ойининг охирларида ишга киришиб кетди. 

Бу савобли ҳамда масъулиятли хизматга ака-ука Мирсаид ва Самарали Иристоевлар бош- қош бўлишди. Аслида Иристоевлар оиласини қишлоқда ёшу қари яхши билади. Оила соҳиби Қўчқор ака тадбиркор турмуш ўртоғи Зубайра  ая билан қобил фарзандларни  тарбиялашди. Унинг  ўғиллари кўп йиллар Астанада тадбиркорлик билан машғул бўлиб, яқинда Оққалъага қайтиб келишганди. Ёз келиб, дала юмушлари бошланиб, экин суви танқислигини сезишгач, ариқни тозалашга киришиб кетишди. 

Бунинг учун “ЮМЗ” тракторини ўзанга тушириш лозим эди. Бу ғоят қалтис ишни малакали кранчи эплади. Худди кино­лардагидай трактор йўғон тросс кўмагида тепадан ўзанга туширилди ва у ариқ ичидан юриб, ҳам уни қум ва шағалдан тозалади, ҳам янгидан ариқ қазиди. Бир ҳафтача давом этган ҳашар чоғида кунига 50-60 киши кўмакка келиб, харсангларни  кўчириб, янгидан ариқ қазишга ёрдам беришди. Ниҳоят иш битиб, ариққа сув берди ва натижада қишлоқдаги 400 га яқин хонадон “ оби-ҳаёт” дан баҳраманд бўлмоқда. 

Шу ўринда баъзи мулоҳазаларни тилга олиш жоиздир. Хўш, ариқни аслида “Сайрамсу” давлат коммунал корхонаси тозалаши керак эмасми? Худди шундай, бироқ бунинг учун даставвал смета ҳужжатларини тайёрлаш, сўнгра ишга киришиш лозим. Бу кўп вақт талаб қилади. Камина ариқ бошига бориб, ҳашарчилар билан суҳбатлашганимда қишлоқ аҳли “Юқори Оққалъа”нинг баъзи сув ювиб кетиш хавфи бор жойларини бетонлаш кераклигини  айтишди. 

Айтайлик, Қизилёр ҳудуди аввал бетон­ланган экан. Бироқ ҳозирга келиб, бетон тешилиб, ўша ердан сув ташқарига чиқиб кетяпти. Бу масала тезда ҳал этилмаса, Оқсувда сув кўпайган кезда яна қирғоқни ювиб кетиши турган гап. Хуллас, оққалъаликлар ҳамжиҳатликда савобли ишга қўл уришди. Айтгандай, ариқни тозалашга кетган хара­жатларнинг ҳаммасини Иристоевлар оиласи  ўз зиммасига олган. Гарчи буни камтарлик қилибми, ўзлари айтмасада, бошқалардан билиб олдим. 

Нима ҳам дердик,  эл корига камарбаста бўлиб, кўпчиликнинг дуосини олишдан ортиқ бахт бўлмаса керак бу дунёда.

     

 

 

Суратда: ўзанга техникани тушириш лаҳзаси.

И. КАРИМОВ, 2017-08-08, 10:46 767
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.