26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Лотин алифбосига ўтиш – замон талаби

«Ижтимоий онг янгиланишнинг асосий қоидаларини шакллантиришнигина эмас, шу билан бирга, бизнинг замон синовларига муносиб зарба беришимиз учун зарур аниқ лойиҳаларни амалга оширишимизни ҳам талаб қилади.

Шу муносабат билан мен келгуси йилларда пухта йўлга қўйиш керак бўлган бир нечта лойиҳани таклиф этаман.

Биринчидан, қозоқ тилини аста-секин лотин алифбосига кўчириш ишларини бошлашимиз зарур. Биз бу масалага нечоғлик изчиллик зарурлигини теран тушуниб, диққат билан қараб келамиз ва унга киришишга мустақиллик олгандан бери пухта тайёрландик».

Нурсултан НАЗАРБАЕВ.

«Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш» дастурий мақоласидан.

 

Мухбиримиз Президентимизнинг «Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш» дастурий мақоласида ўртага қўйилган устувор вазифалардан бири – лотин алифбосига ўтиш масаласи юзасидан Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси депутати Фахриддин ҚОРАТОЕВ билан суҳбат қурди. Қуйида ушбу мусоҳабани эътиборингизга ҳавола қиламиз. 

– Бугунги кунда лотин ёзувига ўтиш масаласи халқ орасида кенг муҳокама қилинмоқда. Бунга халқ вакили – Парламент Мажлиси депутати сифатида сиз қандай қарайсиз?

– Элбоши илк бора бу масалани кўтарганига ҳам анча бўлди. 2012 йил декабрь ойида эълон қилинган “Қозоғистон – 2050” стратегиясида “2025 йилдан бошлаб лотин алифбосига кўчишга киришишимиз керак”лиги билдирилган. 

Бу – ўша пайтдан бошлаб барча соҳаларда биз лотин ҳарфига кўчишни бошлаймиз, деган сўз. Яъни, 2025 йилга бориб иш қоғозлари, даврий матбуот, дарсликлар, ҳамма-ҳаммасини лотин имлосида босиб чиқара бошлашимиз керак. Бу вақт ҳам яқинлашиб қолди, биз фурсатни бой бермай, бу ишни ҳозирдан йўлга қўйишимиз зарур.

 Жамиятда эса ушбу масаланинг муҳокамаси умуман тўхтамаган. Ҳатто совет даврида ҳам қатор касб эгалари (масалан, врачлар) лотин ёзувини махсус ўрганишган. 

Мен тилшунос мутахассис эмасман. Аммо халқ ичида юрган ҳар бир инсон учун имло ислоҳоти зарурлиги сир эмас. Ушбу кунда бунинг учун, сиёсий, иқтисодий, маданий-маънавий имкониятларимиз етарли. Олимларимиз лотин имлосидаги қозоқ ёзувининг бир қанча вариантларини ишлаб чиқишди, халқ муҳокамасидан сўнг уларнинг энг мақбули қабул қилинишига имоним комил.

– Тарихга назар соладиган бўлсак...

– Элбошимизнинг дастурий мақоласида бу ҳақда батафсил маълумот берилган. Яъни, қозоқ тилининг алифбоси жуда теран томир олгани айтилган

«VI-VII асрлар – эрта ўрта аср даври. Бу вақтда Евроосиё материгида фанга “Ўрхун-Енисей ёзувлари” деган ном билан танилган қадим туркийларнинг руник ёзуви пайдо бўлиб, қўлланилди.

У инсоният тарихидаги энг қадимий алифболардан бири сифатида маълум.

V-XV асрларда туркий тил Евроосиё материгининг жуда катта қисмида миллатлараро алоқа тили бўлди. 

Масалан, Олтин Ўрданинг барча расмий ҳужжатлари ва халқаро хат-хабарлари асосан ўрта асрдаги туркий тилда ёзилиб келди.

Халқимиз Ислом динини қабуллагандан сўнг руник ёзувлар аста-секин сиқиб чиқарилиб, араб тили ва араб алифбоси тарқала бошлади.

X асрдан XX асргача, 900 йил мобайнида Қозоғистон ҳудудида араб алифбоси қўлланилди.

1929 йил 7 августда СССР Марказий Ижроия Қўмитаси ва СССР Халқ Комиссарлари Кенгаши Президиуми лотин ёзувига асосланган “Ягона туркий алифбо”ни жорий этиш тўғрисида қарор қабуллади. Лотин ҳарфлари асосидаги ёзув услуби 1929 йилдан 1940 йилгача амалда бўлди, кейин кириллчага алмаштирилди. 

1940 йилнинг 13 ноябрида “Қозоқ ёзувини лотинлаштирилган алифбодан рус графикаси негизидаги янги алифбога ўтказиш тўғрисида” қонуни қабулланди. 

Шундай қилиб, қозоқ тили алифбосини ўзгартириш тарихи аслида аниқ сиёсий сабабларга кўра амалга оширилгани маълум бўлади», дейилган.

– Баъзи таҳлилчилар кирилл имлосига асосланган ёзувни сақлаб қолиш мақбулроқлигини айтишмоқда. Бу фикрга нима дейсиз?

– Мантиққа суяниб фикр юритайлик: бугунги кунда қозоқ миллати вакилларининг бир қисми Хитойда, бир қисми Ўзбекистонда, бир қисми Эронда, бир қисми Россияда, бир қисми Афғонистонда ва яна бир қисми Ғарб мамлакатларида яшаяпти. Қозоғистонда ва Россияда кирилл алифбоси, Эронда ва Афғонистонда араб ёзуви, Хитойда иероглифлардан фойдаланишади. Аммо бу мамлакатларнинг барчасида инглиз (ва бошқа лотин ёзувидаги) тили ўқитилади. Демакки, барчага тушунарли имлони киритиш миллатни бирлаштиришнинг усулларидан биридир. 

Иккинчи бир далил: жаҳоннинг қайси мамлакатига борманг, компьютерларда икки ёзув – лотин ва маҳаллий имло мавжуд. Айни вақтда ёзилаётган илмий мақолаларнинг 90 фоизи лотин имлосида ёруғ кўради. Демак, илғорлар қаторида бўлишни, кашфиётлари тан олинишини, маҳсулотини дунё бозорига чиқаришни истаган миллат дунёда энг кенг тарқалган имлони ҳам қабуллаши лозим. Бир сўз билан айтганда, лотин алифбоси юртимизнинг рақобатбатбардошлик салоҳиятини оширади. 

Тили тилимизга яқин, ўзаги бир туркийзабон миллатлар, мамлакатлар бор. Уларнинг аксарияти – Туркия, Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркманистон лотин графикасига ўтиш масаласини ҳал қилган. Лотин графикасига ўтишимиз уларда яратилган маданий бойликлардан таржимонсиз фойдаланишимизга имконият яратади.

– Лотин ёзуви киритилса, болалар катталар ўқиган китобларни ўқий олишмайди, маънавий саводсиз бўлиб қолишади, деган фикрга қандай қарайсиз?

– Янги имлога ўтиш жараёни бир кунда юз бермайди. Имло ўзгариши давомида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф қилишни кўзда тутувчи махсус дастур тузилмоқда, 2025 йилгача бу борада катта ишлар қилинади. Зарур адабиётларни рақамлаштириш ва лотин ёзувига ўтказиш бўйича ҳам ишлаш 

режалаб қўйилган. Шундай экан, ҳаммаси кўнгилдагидек бўлади.

Президентимиз таъкидлаганларидай, лотинчага кўчиш чуқур мантиққа эга. Бу ҳозирги замон технологик муҳитининг, коммуникациянинг, шунингдек, ХХI асрдаги фан ва таълим жараёнларининг ўзига хосликларига боғлиқ. 

Мактаб бағрида болаларимиз инглиз тилини ўқиб, лотин ҳарфларини шундоғам ўрганишаяпти. Шу боис ёш бўғин учун ҳеч қандай қийинчилик, тўсиқ бўлмайди. 

2017 йилнинг сўнгига қадар олимларнинг кўмаги ҳамда бутун жамоатчилик билан маслаҳатлашган ҳолда қозоқ алифбосининг янги графикасидаги ягона стандарт нусхаси қабулланади. 2018 йилдан бошлаб янги алифбони ўргатадиган мутахассисларни ва ўрта мактабларга мўлжалланган дарсликларни тайёрлашга киришилади. 

Олдимиздаги 2 йилда эса, ташкилий ва услубий ишлар юритилади.

– Мусоҳаба учун раҳмат!

 

 

Абдумалик САРМОНОВ суҳбатлашди, 2017-09-15, 20:18 823
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.