26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Меҳр кўзда

Элбошининг Ўзбекистонга ташрифи муваффақиятли якунланди

Давлат раҳбарининг ташрифи – ҳамиша улкан аҳамиятга эга воқеа. Куни-кеча якунланган Нурсултан Назарбаевнинг Ўзбекистон пойтахтига ташрифи ҳам янгиликларга бой бўлди.

***

Дипломатия этикетига кўра расмий ташриф билан келган давлат раҳбарини мезбон давлат Ташқи ишлар вазири аэропортда кутиб олади. Аммо Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Элбошига шахсан пешвоз чиқишни маъқул кўрди. Икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги эҳтиромнинг бу кўриниши келгуси музокараларнинг ҳам муваффақиятли ўтишидан дарак берарди, гўё. 

***

Ушбу ташриф рамзий имоларга бой бўлди. Даставвал, Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултан Назарбаев Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонидаги Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди. Ўз сўзида ушбу иншоот қурилишидаги меъморий шаклларга юксак баҳо берган Қозоғистон давлат раҳбари ундаги чизгиларнинг чуқур мазмун-моҳиятига эътибор қаратди. 

Сўнгра икки давлат етакчилари Хожа Аҳмад Яссавийнинг издошларидан бўлган Шайх Ҳованди Тоҳур (Шайхонтоҳур) мақбарасини зиёрат этдилар. Туркийлар ўртасида Исломни тарғиб қилиш, маданий ва маънавий бирлигимизни мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшган бу инсон ҳалигача кўпларнинг хотирасида. Улар зиёрат қилган яна бир мақбара буюк арбоб, кўп йиллар Тошкент шаҳрини бошқарган, нафақат Улуғ жуз, балки барча қозоқларнинг энг ардоқли инсонларидан бўлган Тўлебий (Қалдирғочбий)га оид эди. Тарихнинг чиғириқларидан қозоқ ва ўзбек халқининг соғ-омон ўтишида катта хизматлар қилган бу инсон жўнғорларга қарши курашда мардлик ва донолик намуналарини кўрсатган.

Ўтганлар ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилгач, Шавкат Мирзиёев ва Нурсултан Назарбаев журналистлар билан суҳбатлашишди ва икки давлат ўртасидаги ҳамкорликда янги босқич бошланганини таъкидлашди. 

– Нурсултан Абишевич ташрифларини муқаддас қадамжолар зиёратидан бошлаганида катта маъно бор, – деди Шавкат Мирзиёев. – Чунки, Тўлебий халқларимиз бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги йўлида хизмат қилган. Шайх Хованди Тоҳур бобомиз ҳам бутун умр элни тинчлик ва осойишталикка чорлаган. 

Бугун халқларимиз бирдамлиги йўлида қилинаётган ишлар ҳам ана шу қадимий дўстлигимизни янада мустаҳкамлашга қаратилган. 

– Халқларимиз буюк аждодларини доимо ҳурмат қилиб келган, – деди Нурсултан Назарбаев. – Ўзбекистон заминида қозоқ халқининг ардоқли фарзанди Тўлебий дафн этилган. У ўз даврининг таниқли шахсларидан бири бўлиб, қози сифатида танилган. «Жети Жарғи» қонунлар тўпламини тузишда муаллифлардан бири бўлган. Доимо элни бирликка бошлаган. Шавкат Миромоновичга қозоқ халқининг буюк фарзанди Тўлебий мақбарасини ободонлаштиришга қаратаётган катта эътибори учун миннатдорчилик билдираман. Халқларимизни буюк аждодларимиз руҳи доимо қўлласин.

Қозоғистон Президенти Нурсултан Назарбаев Оқсаройга ҳам ташриф буюрди ва Ўзбекистоннинг Тўнғич Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйди. 

***

Шу куннинг ўзида Кўксарой қароргоҳида давлат ташрифи билан келган Қозоғистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди. Фахрий қоровул саф тортди. Расмий тадбирлар кўрилди. Шавкат Мирзиёев ва Нурсултан Назарбаев шоҳсупага кўтарилгач, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг давлат мадҳиялари янгради. Президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар. 

Тор доирада ўтган дастлабки учрашув ҳақида матбуотда маълумот кам. Аммо унда ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилингани, минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилгани аниқ. 

Сўнгра икки давлат делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда учрашув давом эттирилди. Расмий делегациялар аъзолари, вазирлик ва йирик компаниялар раҳбарлари иштирок этган музокарада мамлакатларимиз ўртасидаги ижтимоий-сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. 

***

Олий даражадаги Ўзбекистон – Қозоғистон учрашувидан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Нурсултан Назарбаев музокаралар ўзаро ишонч, самимият руҳида ўтганини, томонлар барча стратегик масалалар бўйича ҳамфикр эканини алоҳида таъкидладилар.

Мамлакатларимиз ҳамкорлигида алоҳида ўрин тутган савдо-иқтисодиёт, сармоя, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва транзит соҳаларидаги алоқаларда изчил ўсишга эришилаётгани алоҳида қайд этилди. Ҳамкорлик йўналишлари янги соҳалар билан бойиди. Ўзбекистон ва Қозоғистон мудофаа, мудофаа саноати ва космик фаолият йўналишида шерикликни ривожлантиришга келишиб олдилар. 

Ушбу учрашувнинг яна бир натижаси – 2018 йилда Қозоғистонда Ўзбекистон йили ва 2019 йилда Ўзбекистонда Қозоғистон йили ўтказилиши эълон қилинди.  

Мазкур учрашув аввалидаги яна бир рамзий қадам – Қозоғистон Республикаси Президентининг давлат ташрифи арафасида Н. Назарбаевнинг «XXI аср бўсағасида» китоби Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўзбошиси билан ўзбек тилида чоп этилганидир. Унда Ш. Мирзиёев Тўнғич Президентимизнинг фаолиятини юксак баҳолаган. Мазкур китоб Элбошига туҳфа қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 15 сентябрдаги Фармонига мувофиқ, мамлакатларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултан Назарбаев «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланди. 

Ташрифнинг иккинчи куни олий мартабали меҳмонни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кузатиб қўйди. 

***

Шу кунларда ўтган яна бир тадбир – “Ўзэкспомарказ”да ўтган Қозоғистон миллий товар ишлаб чиқарувчилари кўргазмаси ҳам давлат раҳбарлари эътиборидан четда қолмади. Мамлакатнинг иқтисодий қувватини ўзида жамлаган тадбиркорларнинг ҳамкорлиги эса нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунёда ҳам икки мамлакат нуфузи ошишига хизмат қилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултан Назарбаев «Ўзбекистон – Қозоғистон: ҳамкорликнинг янги босқичи» мавзуидаги ушбу тадбирда шахсан иштирок этдилар. 

Кўргазмада Қозоғистоннинг автомобилсозлик, нефть-газ, ҳарбий техника, авиация, фармацевтика, ип-газлама, ахборот технологиялари, қурилиш материаллари ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган элликдан зиёд компаниялари маҳсулотлари, шунингдек, олий ўқув юртлари, илмий-ишлаб чиқариш марказларининг инновацион технологиялари намойиш этилди. 

Шуни ҳам айтиш керакки, биз Марказий Осиёнинг энг йирик икки мамлакати ўртасидаги муносабатларнинг тобора кенгайиб, мустаҳкамланиш жараёнига гувоҳ бўлмоқдамиз. Жорий йилнинг ўзида икки давлат раҳбарлари беш марта юзма-юз учрашишди. Ўзаро ишонч ва халқларимиз фаровонлиги учун қўлни қўлга бериб иш юритиш дастлабки меваларини бера бошлади. Келажакда эса бирлигимиз баракаси янада мўл бўлишига шубҳа йўқ.

– Биз илдизи бир халқмиз. Бутун тарих давомида бўлганидек, мустақиллик йилларида ҳам бир-биримизни қўллаб-қувватлаганмиз, – деди ушбу ташриф ўтаётган кунларда Элбошимиз Нурсултан Назарбаев. – Ўзбекистон Президентининг март ойидаги Қозоғистонга давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ривожида янги босқични бошлаб берди. Ўтган қисқа вақтда икки томонлама алоқаларда илгари кузатилмаган юқори натижаларга эришилди. Мамлакатларимиз иқтисодиёти бир-бирини тўлдиради. Қозоғистон Ўзбекистон билан ҳамкорликни барча соҳалар бўйича кенгайтиришга тайёр.

Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик нафақат маънавий, балки мустаҳкам ҳуқуқий асосга ҳам эга. 1998 йил Тошкентда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома, 2013 йил имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома, баҳорда Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида имзоланган 2017-2019 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегияси ва бошқа расмий ҳужжатлар қатор йўналишлардаги фаолиятимизни белгилайди.

Икки давлат ўртасидаги йиллик савдо айланмаси 2016 йил якунига кўра 2 миллиард долларни ташкил қилганди. Ҳар иккала томон ҳам бу кўрсаткичнинг имкониятлар даражасидан анча пастлигини таъкидлаган ҳолда, ҳамкорликни кенгайтириш ниятида. Натижада, фақат жорий йилнинг ўзида бу кўрсаткич 35 фоизга кўтарилди. 

Тадбиркорлар учун шароитларни яхшилаш, чегара ва бож тадбирларини соддалаштириш, ҳамкорликни чуқурлаштириш орқали томонлар ўзаро савдо айланмасини 5 миллиард долларга етказишга қарор қилди. 

Мазкур учрашувлар давомида икки давлатнинг ўзаро муносабатларини белгиловчи ўндан зиёд ҳужжатлар имзоланди.

Айни вақтда вилоятлараро бевосита ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган ҳужжатлар ҳам имзоланди. Қизилўрда ва Навоий вилоятлари, Жанубий Қозоғистон билан Тошкент ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар ҳамда бошқа ҳужжатларнинг имзоланиши янги чўққиларга эришишга туртки бериши аниқ. 

***

Икки мамлакатнинг 500дан ортиқ тадбиркорлари иштирокида ўтган «Ўзбекистон – Қозоғистон: ҳамкорликнинг янги босқичи» Қозоғистон Миллий товар ишлаб чиқарувчилари кўргазмасида вилоятимиз тадбиркорлари фаол иштирок этдилар. «Балтекстиль» МЧБ гиламларини, «Алтын Дан» МЧБ ун ва сут маҳсулотларини, йилига 1,3 миллион тонна маҳсулот чиқарувчи «Шымкент цемент» ҲЖ ҳамда «Стандарт цемент» қурилиш маҳсулотларини ўзбекистонликларга тақдим этдилар. Вакуум пробиркалари ва икки томонлама игна ишлаб чиқараётган «Экофарм Интернейшнл», 200дан зиёд турдаги дори-дармон ишлаб чиқараётган “Химфарм” заводлари, 17 хилдаги тиббиёт ускуналарини чиқарадиган «Marai E7 Group» МЧБ маҳсулотлари ҳам кўпчиликда яхши таассурот қолдирди. “Ата-Строй” қурилиш компанияси Сариоғоч туманидаги “Жибек жўли” божхонасини замонавийлаштириш лойиҳасини тақдим этди. Бу иш амалга оширилган тақдирда, пост орқали бир кеча-кундузда 30 000 одамгача бемалол ўтишига имкон туғилади. 

Тошкентда ўтган ўзбек-қозоқ бизнес форумида вилоятимиз ҳокими Жансейит Туймебаев раҳбарлигидаги 150 давлат ва молия ташкилотлари етакчилари, тадбиркорлардан иборат делегация қатнашди. 

 

 

Абдумалик САРМОНОВ., 2017-09-18, 19:34 738
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.