26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Маҳаллий шифохона – тиббий суғуртага “кириш дарвозаси”

2015 йил 16 ноябрда “Мажбурий ижтимоий-тиббий суғурта тўғрисида” Қозоғистон Республикаси Қонуни қабулланди. 2017 йил 1 июлдан бошлаб, ушбу Қонун тўла-тўкис амалда бўлади. Янги ҳужжатга кўра нималар ўзгармоқда? Тиббий хизмат кўрсатишда қандай янгиликлар бор? Ушбу мавзуда Сайрам туманидаги “Қорабулоқ” шифохонаси бош врачининг ўринбосари Абдулҳамид Абдишукуров билан суҳбатлашдик.

– Ассалому алайкум, “100 аниқ қадам” Миллат режаси, учинчи замонавийлашув доирасида мамлакатимизда катта ўзгаришлар амалга ошмоқда. Уларнинг сиз ишлаётган тиббиёт маскани ишига таъсири бўляптими?

– Ҳаммамизга маълум, юртимизда чуқур ислоҳотлар давом этмоқда. Барча соҳалар каби, тиббиётга ҳам янги техника ва технологиялар кириб келмоқда, шифокорларнинг малакасини ошириш, касалликларнинг олдини олиш ва беморларни самарали даволаш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Бунда ташкилий ишларнинг ҳам ўрни катта. Жумладан, ҳамюртларимизни шифохоналарга бириктириш ва даволаш бўйича қатор вазифалар белгиланиб, босқичма-босқич уддаланмоқда.

– Фуқарони шифохонага бириктириш дегани нима ўзи? 

– Авваллари ҳар бир фуқарога яшаш жойига кўра тиббий ёрдам кўрсатиб келинган. Энди эса улар ўзларига хизмат кўрсатадиган шифохонани эркин танлаш ҳуқуқига эга. Улар маъмурий-ҳудудий бирлик ҳудудидан чиқиб кетмаган ҳолда доимий ва вақтинча яшаётган, ишлаётган, ўқиётган жойида шифохонага бириктирилишлари, ўзлари учун шифокор танлашлари мумкин. Шифохоналарда юртдошларимиз умумий даволаш ҳамда ихтисослашган врачлар ёрдамини олиш, даволаниш, тиббий кўрикдан ўтиш ва бошқа хизматлар билан таъминланади. 

– Шифохонага бириктириш тартиби қандай? Қаерда ҳисобга олинганини оддий фуқаро қандай била олади?

– Шифохонага бириктирилиш учун рўйхат бўлимига келиб, бош врач номига ариза ёзасиз ва шахсий гувоҳномангиз нусхасини топширасиз. Шу куннинг ўзида сизни шифохонага бириктириб қўйишади. Иккинчи йўли – “Электрон ҳукумат” портали орқали тегишли шифохонага мурожаат қиласиз. Бириктирилганингиз тўғрисида талон электрон почта орқали келади. Аммо шуни унутмаслик керак: фуқаро фақат битта шифохонага бириктирилиши мумкин. 

– Оила аъзолари, фарзандларни ҳам бириктириш мумкинми?

– Уларнинг ёзма розилиги бўлган тақдирда – албатта, мумкин. Вояга етмаганларни бириктириш учун ота-онанинг розилиги шарт. Фақат барчасининг шахсий гувоҳномаси (паспорти, туғилганлиги тўғрисида гувоҳнома) нусхаси топширилиши зарур. 

– Хизмат кўрсатаётган врачни уйга ҳам чақириш мумкинми?

– Зарурият туғилганда, телефон ёки электрон почта орқали тегишли мутахассисни уйга чақириш мумкин. Хизматчи унинг соат қанчада келиб-кетишини хабар қилади. Шошилинч ҳолларда шифохонада навбатсиз ёрдам кўрсатилади. 

– Шифохонага бириктирилишдан мақсад мамлакатимиз бўйича соғликни сақлаш хизмати иши юзасидан тегишли маълумот олишми?

– Нафақат маълумот олиш, балки яқин, ўрта ва узоқ муддатли режалар тузишда ҳам бу тизим жуда асқотади. Гап шундаки, шифохона орқали суғурталаш доирасидаги тиббий хизматларга эришилади. Шифохонага бириктирилган ҳар бир фуқаро ўз мақомини билдириши лозим. Ёлланма ишчи, хусусий тадбиркор, ўз-ўзини таъминлаётган фуқаро, расмий даромади йўқ ёки ишсизликдан қийналаётган инсон – буларнинг ҳаммаси алоҳида рўйхатларга олинади. Тиббий суғурта тизимида иштирок этиш шартлари, ойлик бадаллар тўлаш шартларини сиз рўйхтга олиш бўлимига мурожаат этган ҳолда ёки участкангиздаги тиббиёт ходимидан сўраб олишингиз мумкин. Агарда ишсиз бўлсангиз ёки даромадингиз энг кам маошга етмаса, Бандлик, Аҳолига хизмат кўрсатиш марказлари ёки ҳокимликка мурожаат этишингиз зарур. Хусусий тадбиркорлик билан шуғуллансангиз – маҳаллий давлат даромадлари бошқармаси (солиқ идораси)га мурожаат қилинг. Ҳужжатларни расмийлаштиргач, суғурта бадаллари тўлана бошланади.

– Суғурта бадалларини ҳамма тўлайдими?

– Болалар, “Олтин ҳалқа”, “Кумуш ҳалқа” нишонлари ва “Қаҳрамон она” унвони, 1- ҳамда 2-даражали “Оналик шуҳрати” ордени соҳибалари, Улуғ Ватан уруши қатнашчилари ва ногиронлари, ногиронлар бадал тўлашдан озод қилинган. Шунингдек, ишсиз сифатида рўйхатга олинганлар, кундузги тартибда ўрта махсус ва олий таълим даргоҳларида ўқиётганлар, декрет таътилидагилар, нафақадорлар, ҳарбий хизматчилар, махсус давлат, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, суд ҳукмига кўра озодликдан маҳрум қилинганлар ва вақтинча ҳибсга олинганлар ҳам бадал тўламайди.

– Агарда ишлаётган жойда суғурта бадали тўланмаётган бўлса-чи? Шифохонага боргунимизча, буни билолмаслигимиз эҳтимоли борми?

– Қонунга кўра, иш берувчи ҳар ойнинг 15-кунигача ўтган ой учун бадалларни тўлагани тўғрисида ходимларига ҳисобот бериб туриши лозим. Шунингдек, бу маълумотни сиз шифохонадан олишингиз ҳам мумкин.

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат! 

 

 

А. САРМОНОВ суҳбатлашди., 2017-04-27, 11:22 1046
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.