26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+1°
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Президент Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг Хавфсизлик кенгаши фавқулодда йиғилишидаги баёноти

Қозоғистон оммавий ахборот воситалари «Самұрық-Қазына» жамғармаси ва «Қазақстан темір жолы» компанияси раҳбарлари қўлга олингани ҳақида хабар тарқатди. Бу давлат компанияларида уюшган жиноятчилик кўлами жиддий эканлигини кўрсатувчи ташвишли ҳолат.

Қонунга кўра, терговга оид маълумотларни аввалдан эълон қилиш ёки ошкор этиш мумкин эмас. Қолаверса, тергов энди бошланди. Аммо ҳозирнинг ўзида айтиш мумкинки, бу «Қонун ва Интизом» концепцияси эълон қилиниб, унинг давлат бошқаруви ва жамият ҳаётининг асосий тамойилларидан бири сифатида Конституцияга киритилганидан кейин давлат компаниялари тизимидаги уюшган жиноятчилик билан боғлиқ биринчи йирик ишдир.

Конституция 15 март куни умумхалқ референдумида деярли якдиллик билан қабул қилиниб, 1 июлдан кучга кирди. У ҳақли равишда Халқ Конституцияси номини олди.

Конституция талабларини бузишга, уни оёқости қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Конституция – давлатимизнинг Асосий қонуни, халқимизнинг ҳуқуқий паспортидир. Унинг асосий қоидаларини оёқости қилиш халқни камситиш билан баробардир. Бундай ҳаракатларга «Қонун ва Интизом» тамойили асосида тўсиқ қўйилади.

Давлатнинг обрўси, жамиятнинг давлат тизимларига ишончи ва Қозоғистоннинг халқаро майдондаги нуфузи бевосита бизга боғлиқ. Шу боис халқ ишончини оқлаш, миллий манфаатларни ҳимоя қилишда қатъият кўрсатиш барча давлат раҳбарлари ва мансабдор шахсларнинг фуқаролик ҳамда сиёсий бурчидир.

«Самұрық-Қазына» жамғармаси мамлакатнинг стратегик активларини бошқаради, йирик сармоявий лойиҳаларини амалга оширади, энг йирик хорижий компаниялар ва халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик қилади. Ҳар бир бундай келишув ва шериклик ортида кўп йиллик музокаралар, Қозоғистоннинг мажбуриятлари ҳамда халқаро ҳамжамиятнинг мамлакатимизга билдирган ишончи мужассам.

Фақат сўнгги уч йилда, яъни 2023-2025 йилларда 3168та уюшган жиноятчиликка оид ҳуқуқбузарлик аниқланган. Уларнинг 2165таси давлат хизматчилари, қолганлари эса бошқа шахслар, жумладан, квазидaвлат шўъбаси ходимлари томонидан содир этилган. Ушбу ҳуқуқбузарликлар натижасида етказилган зарар 248 миллиард тенгедан ошган.

Жорий йилнинг ўн ойида эса уюшган жиноятчиликка оид 751та ҳуқуқбузарлик содир этилган. Шундан 546таси давлат хизматчилари, 205таси бошқа шахслар, жумладан, квазидaвлат шўъбаси ходимлари ҳиссасига тўғри келади.

Кўриниб турибдики, уюшган жиноятчилик билан боғлиқ вазият ҳамон мураккаб. Бироқ биз мавжуд муаммоларни жамоатчиликдан яшириш ниятида эмасмиз. Аксинча, соҳадаги ҳақиқий аҳвол ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш борасида кўрилаётган чоралар ҳақида очиқ маълумот бериб борамиз.Бу борадаги аҳволни ҳам, уюшган жиноятчиликни жиловлаш учун кўрилаётган ва кўрилиши режалаштирилган чораларни ҳам очиқ айтамиз.

Шу боис турли даражадаги раҳбарларга нисбатан уюшган жиноятчиликка оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида келиб тушган ҳар қандай хабар Миллий хавфсизлик қўмитасининг Уюшган жиноятчиликка қарши хизмати томонидан Бош прокуратура иштирокида тезкор ва атрофлича текширилади. Бунда «ўзимизники», «унчалик ўзимизники эмас» ёки «бегона» каби ажратишларга, табиийки, ўрин бўлмайди.

Конституциямиз барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги тамойилини мустаҳкамлади. Биз бу талабга амал қилишимиз шарт. Юқори лавозим ҳар қандай шароитда юксак масъулиятни талаб этади. Эгаллаб турган лавозими, хизматлари ёки алоқалари, жумладан, қариндошлик ришталарига қараб, ҳеч ким қонундан истисно қилинишига умид қилмаслиги керак. Бу – менинг қатъий талабим.

Сўнгги вақтларда айрим келишув ва шартномаларни қайта кўриб чиқдик. Менинг фикримча, уларга имзо чекишда хатога йўл қўйилган. Шу билан бирга, ҳокимият тадбиркорлар фаолиятига бирор чеклов жорий этиш ниятида эмас. Аксинча, уларни қўллаб-қувватлашда давом этамиз, ҳар томонлама кўмаклашамиз. Менинг топшириғимга мувофиқ, келгуси йил 1 январдан кичик бизнес фаолиятини текширишга яна уч йиллик мораторий эълон қилинади.

«Қонун ва Интизом» ҳуқуқий стратегиясининг моҳияти ҳам шунда: ёрдамга муҳтож фуқаролар ва корхоналарни қўллаб-қувватлаш, адолат тамойилига амал қилиш ва қонун талабларини сўзсиз бажариш.

«Самұрық-Қазына» миллий фаровонлик жамғармаси девони ва давлат компаниялари, жумладан, «Қазақстан темір жолы» фаолияти тўхтатилмаганини алоҳида таъкидламоқчиман. Улар ўз ишини узлуксиз давом эттирмоқда. Давлат компанияларига қарашли барча муассасалар аввалги тартибда ишлаяпти.

Юз берган жиддий воқеа жамғарма ва давлат компаниялари фаолиятида узилишларга сабаб бўлмаслиги керак. Аксинча, уюшган жиноятчиликка қарши кураш ушбу тузилмаларга сармоядорлар ва кредиторлар ишончини ошириши, уларнинг фаолияти янада самарали, шаффоф ва натижадор бўлишига хизмат қилишига ишонаман.

Эслатиб ўтаман, Бош прокуратура қонунга хилоф равишда орттирилган 1,3 триллион тенгадан ортиқ активларни давлатга қайтаришни таъминлади. Ушбу маблағлар ҳисобидан 466та ижтимоий ва инфратузилма иншоотини қуриш молиялаштирилди. Ҳозирга қадар тиббиёт муассасалари, сув таъминоти тизимлари, мактаблар ва спорт мажмуалари каби 383та объект қуриб битказилди.

Бу ишлар давом этмоқда. Шу билан бирга, қурилган иншоотларнинг сифати қандай эканини ҳам текширишимиз керак, деб ўйлайман. Чунки мамлакатимизда айрим объектлар, айниқса, йўллар сифати билан боғлиқ муаммолар кўп учрайди.

Сўнгги воқеа давлат компанияларида уюшган жиноятчилик хавфи ҳамон энг заиф нуқталардан бири бўлиб қолаётганини кўрсатди. Шу муносабат билан Ҳукумат ва назорат қилувчи идоралар менга жорий йил 24 ноябрга қадар уюшган жиноятчиликка оид ҳуқуқбузарликларни кескин камайтириш, квазидaвлат шўъбаси компаниялари ҳамда уларнинг девонлари ходимлари фаолиятини тубдан яхшилаш юзасидан аниқ таклифларни тақдим этиши керак.

Янги тарихий даврда аввалги ютуқлар билан қаноатланиб, тараққиётдан тўхтаб қолишга ҳаққимиз йўқ. Янги тарихий даврда лоқайдликка ўрин йўқ. Адолатли Қозоғистонни барпо этиш йўлида ҳар биримиз фаол ва масъулиятли бўлишимиз керак. Уюшган жиноятчиликка шерик бўлганлар эса мамлакатимиз тараққиётига тўсқинлик қилиш, «Халқ бунёдкорлиги» ғоясига путур етказишга уринаётган кучлардир. Бунга йўл қўймаймиз.

Йўллар, аэропортлар, поликлиникалар, соғликни тиклаш марказлари, ижодиёт уйлари, мактаблар ва спорт иншоотлари каби барча ижтимоий инфратузилма бинолари сифатли қурилиши шарт. Шундай бўлади ҳам. Давлат маблағларининг тўғри сарфланишини махсус давлат комиссияси назорат қилади. Унинг таркиби келгуси ҳафта аввалида эълон қилинади.

Шу тариқа, пировард мақсади халқ фаровонлиги ва Конституцияда белгиланган Қонун, Адолат ва Интизом тамойилларига мувофиқ муносиб турмуш шароитини таъминлашдан иборат улкан ҳаракатни бошлаяпмиз. Бу йўл осон бўлмайди, аксинча, машаққатли кечади. Аммо ҳаракат қилган инсонгина мақсадига етади.

Akorda.kz, 2026-11-17, 00:39 14
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.