26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+1°
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
ДАВЛАТ РАҲБАРИ ҚАСИМ-ЖЎМАРТ ТЎҚАЕВНИНГ СТРАТЕГИК ҲАМКОРЛАРНИНГ III АНЖУМАНИДАГИ НУТҚИ

Ҳурматли хонимлар ва жаноблар! Қадрли меҳмонлар!

Бугун ҳақиқатан ҳам аҳамиятли тадбир ўтказилмоқда.

Стратегик ҳамкорларнинг III анжуманида жаҳон илм-фан ҳамжамиятининг таниқли вакиллари, дунёга машҳур олимлар, малакали мутахассислар ҳамда таълим соҳаси экспертлари иштирок этмоқда.

Ушбу майдонда халқаро илмий ҳамкорликнинг турли йўналишлари муҳокама қилинмоқда. 

Бугунги беқарорлик ва мавҳумлик шароитида жаҳон университетлари ҳамжамияти ўз нуқтаи назарини билдириши, таклифларини ўртага ташлаши зарур. Таъкидлаш жоиз, ушбу мавзу айни пайтда долзарб.

Илм-фан соҳаси вакиллари халқаро кескинликни камайтиришга ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Бугун илм-фанни ривожлантириш ва бошқа долзарб масалаларни ҳал этишга доир кўплаб эътиборга лойиқ фикрлар, амалий таклифлар илгари сурилди. Шубҳасиз, улар Қозоғистонда ва хорижда олий таълим салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Рақамлаштириш ва сунъий идрок кенг қулоч ёйган бугунги даврда илм-фан ва таълим жаҳон тамаддуни тараққиётида алоҳида ўрин тутади.

Илм-фан – бутун инсониятнинг умумий бойлиги. Мамлакатларимиз равнақи ва фуқароларимиз ҳаёт сифатини яхшилаш учун жаҳон ҳамжамияти илм-фан ҳамда таълимдаги ҳар бир ютуқни амалиётга татбиқ этиш йўлларини излаши керак.

Ишонч билан айтиш мумкинки, мазкур анжуманнинг асосий мақсади ҳам шундан иборат.

Умумий мақсад йўлида дунёнинг таниқли олимларини бирлаштирган мазкур тадбир мамлакатимиз учун тарихий аҳамиятга эга бир даврда ўтмоқда.

Бу йил Қозоғистон мустақиллигининг 35 йиллигини нишонламоқда.

Ушбу қутлуғ сана арафасида Қозоғистон халқаро майдонда юксак обрў-эътибор қозонган, иқтисодий салоҳияти юксак, илғор ва келажакка интилган давлат сифатида шаклланди. Мамлакатимиз минтақада етакчи ўринни эгаллаб, дунёда кенг эътироф этилмоқда.

Ўтган йиллар мобайнида халқимиз кўплаб марраларни забт этди.

Халқ бирлигини мустаҳкамлаб, давлатчилигимизни ривожлантирдик, Буюк Даштнинг ўзига хос тамаддунини қайта тикладик.

Сўнгги етти йилда Қозоғистонда мамлакатимиз тарихида мисли кўрилмаган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Бу ўзгаришлар бутун халқимиз ҳаётига ва жамият қиёфасига сезиларли таъсир кўрсатди, десак муболаға бўлмайди.

Энди олдимизда янада улкан мақсад турибди.

Биз барча учун тенг имкониятлар яратиладиган, ҳалол меҳнат ва масъулият қадрланадиган Адолатли Қозоғистонни барпо этишга киришдик.

«Тоза Қозоғистон» умуммиллий ҳаракатига асос солдик. Бу ташаббус туфайли жамиятда янги ахлоқий қарашлар қарор топмоқда, фуқароларимизнинг тафаккури ва хулқ-атвори ўзгармоқда.

Бунёдкорликка интилган, янгиликка очиқ халқ сифатида чуқур янгиланиш йўлига қадам қўйдик.

Ислоҳотларимиздаги энг муҳим воқеа Конституциянинг қабул қилиниши бўлди. Кучга кирган Асосий қонунда мамлакатимизнинг интилишлари ва келажак ҳақидаги қарашлари аниқ ифодасини топди.

Қозоғистон эгаменлиги ва мустақиллиги, мамлакатимиз ҳудудий яхлитлиги, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ҳамда эркинликлари давлатнинг асосий қадриятлари сифатида эътироф этилди.

Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, умуммиллий бирликни мустаҳкамлаш ва халқ фаровонлигини ошириш асосий тамойиллар сифатида белгиланди.

Инсон капиталини, таълим, илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш давлат фаолиятининг стратегик йўналиши сифатида белгиланди.

Конституция кенг кўламли ислоҳотларнинг янги, ҳал қилувчи босқичига йўл очди.

Мамлакатимизда давлат бошқаруви тизими тубдан янгиланди.

Икки палатали Парламент ўрнини бир палатали Қурултой эгаллади. У қонун ижодкорлиги фаолиятини бошлаб юборди.

Янги давлат тизими – Хавфсизлик кенгаши Девони ташкил этилди.

Олий маслаҳат тизими – Қозоғистон Халқ Кенгаши фаолиятини бошлади.

Жамият ҳаётининг барча соҳаларида туб ўзгаришлар кечмоқда.

Фуқароларимиз ислоҳотларнинг ижобий натижаларини ҳис қила бошлаганига анча бўлди.

Қозоғистондаги ислоҳотларнинг ўзига хос жиҳати уларнинг изчил ва мантиқий асосда амалга оширилаётганидир. Ислоҳотлар аввалдан ишлаб чиқилган режа асосида, аниқ кетма-кетлик ва давомийликка риоя этилган ҳолда олиб борилмоқда.

Кенг кўламли ўзгаришлар жараёнида юзаки ёндашувга йўл қўйиб бўлмайди. Бу каби ёндашув ўзгаришлар моҳиятига зид.

Шу тариқа, чуқур ислоҳотлар туфайли Қозоғистон тарихий юксалиш ва тараққиётнинг янги даврига қадам қўйди.

Халқаро валюта жамғармаси тахминларига кўра, бу йил мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти 398 миллиард АҚШ долларига етади. Етти йил аввал бу кўрсаткич қарийб 181 миллиард долларни ташкил этган эди.

2019 йилдан буён иқтисодиётимизга 155 миллиард доллар хорижий сармоя жалб қилинди. Мамлакат ташқи савдо айланмаси 150 миллиард долларга яқинлашди.

Олтин-валюта захиралари ва Миллий жамғарма активларининг умумий ҳажми 44 фоизга ўсиб, 129 миллиард доллардан ошди.

«Миллий жамғарма – болаларга» дастури доирасида етти миллиондан зиёд боланинг шахсий ҳисоб-рақамига 2,5 миллиард доллар ўтказилди. Бу ўсиб келаётган авлоднинг хавфсиз келажагини таъминлашга қўшган бебаҳо ҳиссамиздир.

Қозоғистонда кафолатланган бепул тиббий ёрдам ҳажми аниқ белгиланган. Унинг доирасида фуқароларимизга мингдан зиёд тиббий хизмат кўрсатилади.

Мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар учун нафақа ва ёрдамнинг 39 тури назарда тутилган.

Сўнгги етти йилда мамлакатда 625та ўрта ва йирик ишлаб чиқариш корхонаси очилди. 3 миллион 600 минг киши иш билан таъминланди. 118 миллион квадрат метр уй-жой бунёд этилди.

36 минг чақирим автомобиль йўли ва 5 минг чақирим темир йўл қурилиб, таъмирланди.

Қозоғистон уран, нефть, кўмир, титан, олтин, хром, мис, вольфрам, кобальт, ванадий ва бошқа стратегик аҳамиятга эга минераллар, шунингдек, камёб металлар захираси бўйича дунёда етакчи мамлакатлар қаторига киради. Маълумки, жаҳон бозорида бу қимматли захираларга талаб юқори.

Умуман, бугунги кунга келиб Қозоғистон салмоқли натижаларга эришди.

Бироқ эришилган ютуқлар билан қаноатланиб қолмоқчи эмасмиз. Бундан ҳам юксак мақсадлар сари интиламиз.

Мактубимда «Халқ бунёдкорлиги» умуммиллий дастурини бошлашни эълон қилдим.

Яқин йилларда барча ҳудудларда болалар боғчалари, мактаблар, шифохоналар, спорт мажмуалари, саломатликни тиклаш муассасалари, ёшлар ижод марказлари, театрлар, аэропортлар, темир йўл вокзаллари, йўллар ва бошқа зарур иншоотлар қурилади.

Мустақил Қозоғистон тарихида бутун мамлакатни ва иқтисодиётнинг барча тармоқларини қамраб оладиган бундай улкан қурилиш ҳали бўлмаган.

Хуллас, бу халқимизни бирлаштирадиган кенг кўламли қурилиш, ҳақиқий умуммиллий лойиҳа.

Шубҳасиз, ушбу ноёб дастур аҳоли фаровонлигини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодиётни ранг-баранглаштиришга катта таъсир кўрсатади.

«Халқ бунёдкорлиги» доирасида барпо этиладиган барча иншоотлар халқимиз манфаатига хизмат қилади.

Саноат корхоналари ва тадбиркорлар учун тараққиётнинг кенг имкониятлари очилади. Янги иш ўринлари яратилади. Бир сўз билан айтганда, «Қуриш, яна қуриш» тамойили Қозоғистоннинг умуммиллий шиорига айланади.

Ижтимоий инфратузилма иншоотлари билан бир қаторда, дастурда атом, гидро ва иссиқлик электр станциялари, шунингдек, маълумотларни қайта ишлаш марказларини барпо этиш ҳам кўзда тутилган.

Умуман, кенг кўламли қурилиш, рақамли иқтисодиётни шакллантириш, логистика инфратузилмасини ривожлантириш ва сунъий идрокни барча тармоқларга жорий этиш – халқимиз келажагини белгилайдиган энг устувор вазифалардир.

Бу ишларни сифатли амалга ошириш учун, аввало, юқори малакали кадрлар, жумладан, мутахассисларнинг янги авлоди керак бўлади.

Шу муносабат билан «Халқ бунёдкорлиги» дастурини амалга оширишда олий таълим тизими зиммасига алоҳида масъулият юкланади.

Олдимизда турган кенг кўламли ўзгаришларга илмий жамоатчилик ҳар томонлама тайёр бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Шу боис бугунги учрашувнинг аҳамияти шубҳасиз.

Дунё янги даврга қадам қўйди. Энди давлатнинг халқаро майдондаги ўрни унинг заковат салоҳияти ва янгиликларга интилиши билан белгиланмоқда.

Истеъдодлар ва технологиялар учун дунёвий рақобат кучайган шароитда Қозоғистон инсон капиталини ривожлантиришни стратегик йўналиш сифатида танлади. Бу, энг аввало, мамлакатимизда камол топган ёки хориждан келган истеъдодларни қадрлашимизни англатади.

Янги Конституциямизда таълим, илм-фан ва инновациялар давлат фаолиятининг стратегик йўналиши сифатида узоқ йилларга мустаҳкамлаб қўйилди.

Ишончим комилки, бугунги анжуман иштирокчилари – академик ҳамжамиятнинг ҳурматли вакиллари, университетлар раҳбарлари ва халқаро ҳамкорларимиз – янги стратегиямизни диққат билан ўрганиб, унинг янгиликка интилиш руҳини муносиб баҳолайдилар.

Билимга асосланган иқтисодиётни барпо этиш Конституцияда белгиланган узоқ муддатли мажбуриятдир. Уни бугунги Ҳукумат ҳам, келгуси ҳукуматлар ҳам бажариши лозим.

Бугун Қозоғистонда 132та университет фаолият юритмоқда. Уларда 800 мингдан зиёд талаба таҳсил олмоқда.

Сўнгги етти йилда давлат грантларига ажратиладиган маблағ икки баравардан зиёд кўпайиб, 3,4 миллиард долларга етди. Шунингдек, ортиб бораётган талабни қондириш учун мамлакат бўйлаб 281та талабалар ётоқхонаси барпо этилди. Бу иш давом эттирилади.

Шунингдек, кейинги йилларда илм-фанни молиялаштириш ҳажми ҳам сезиларли оширилиб, 590 миллион долларга етказилди.

Олий таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, илмий алоқаларни кенгайтириш бугунги кун талаби. Бу биз учун устувор вазифалардан биридир.

Қозоғистонда ушбу йўналишда халқаро стратегик ҳамкорлик бўйича 40та келишув амалга оширилмоқда.

Дунёнинг 11 мамлакатидаги етакчи олий таълим муассасалари мамлакатимизда ўз бўлимларини очди. Уларда 12 мингдан зиёд талаба таҳсил олмоқда. 1,5 минг ўқитувчи, жумладан, 600 нафардан зиёд хорижлик профессор фаолият юритмоқда.

Қозоғистон Европада амал қиладиган Лиссабон конвенцияси ва Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатларини қамраб олган Токио конвенциясига аъзо бўлган минтақамиздаги дастлабки давлат бўлди.

Бунга ал-Форобий номидаги Қозоқ миллий университети ректори, собиқ таълим ва фан вазири, элчи Жансеит Туймебаевнинг саъй-ҳаракатлари туфайли эришилди.

Энди Қозоғистон олий ўқув юртлари дипломлари Ғарбда ҳам, Шарқда ҳам тан олинмоқда.

Бундан ташқари, Қозоғистонда таълим олиш истагида бўлган хорижлик талабалар сони ортиб бормоқда.

Ўтган йили мамлакатимизда хорижий давлатлардан келган 31 минг талаба таҳсил олганини аввал ҳам айтган эдим. Бугун уларнинг сони 41 мингга етди. Шундан 8 мингдан зиёди Қозоғистоннинг молиявий кўмаги асосида ўқимоқда. Бу мустақилликка эришганимиздан буёнги энг юқори кўрсаткичдир.

2029 йилга қадар хорижлик талабалар сонини 100 минг нафарга етказишни режалаштирганмиз. «Study in Kazakhstan» («Қозоғистонда таҳсил ол») миллий ташаббуси бу мақсадга эришишда муҳим ўрин тутади, деб ишонаман.

Эришган ютуқларимиз билан фахрланамиз. Мамлакатимизнинг 18та олий ўқув юрти «QS World University Rankings 2026» рейтингида, 

10та университети «Times Higher Education 2027» рейтингида муносиб баҳоланди.

2026 йилги Дунёвий сармоялар индексида Қозоғистон барқарор тараққиётни намоён этмоқда ва минтақадаги энг юксак натижалардан бирини қайд этмоқда.

Бироқ дунёвий рақобат шароитида эришилган натижалар билан қаноатланиб қололмаймиз.

Қозоғистон олий таълим, илм-фан ва халқаро академик ҳамкорлик бўйича минтақавий марказ сифатидаги ўрнини мустаҳкамлашни мақсад қилган.

Стратегик мақсадимиз – Қозоғистонни Марказий Осиёнинг академик марказига айлантириш, долзарб ва сифатли билимлар бўйича дунёвий бозорнинг бир қисми бўлиш. Илм-фан ва таълимда қуруқ ёдлаш, расмиятчилик ва охир-оқибат, ўзини ўзи алдашга ўрин йўқ.

Айтиш мумкинки, ташкилий ишларнинг дастлабки босқичи, асосан, якунланди. Шу муносабат билан вазир Саясат Нурбекка миннатдорчилик билдираман.

Дунёнинг етакчи таълим муассасалари билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилди, қатор хорижий дорилфунунларнинг филиаллари очилди.

Таълим ва илмий-инновацион инфратузилмани замонавийлаштириш бошланди.

Мамлакатимизда М. Ломоносов номидаги Москва Давлат университети бўлими кўп йиллардан буён муваффақиятли фаолият юритмоқда. У Қозоғистон ва Россия ўртасидаги илмий-таълимий ҳамкорликнинг самарали майдонига айланди.

Яқинда филиалнинг 25 йиллиги нишонланди. Ушбу сана муносабати билан унга масъулиятли вазифаларни бажариш учун қулай шароитларга эга ўқув биноси топширилди.

Ўтган йили Астанада Москва давлат халқаро муносабатлар институти филиали очилди. У дипломатия, иқтисодиёт ва рақамли технологиялар бирлашган соҳаларда талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлашни бошлади. Ҳозир институт учун Астанада янги бино барпо этилмоқда.

М. Қўзибаев номидаги Шимолий Қозоғистон университети ва Аризона университети ҳамкорлиги доирасида замонавий ўқув-лаборатория биноси ҳамда талабалар ётоқхонаси қуриб битказилди.

Бу йил қўшма таълим дастурларининг илк битирувчилари Қозоғистон ва АҚШ университетларининг иккитадан дипломини олди.

Қозоғистонда Кардифф университети филиали ҳам очилди. Бу Британия университетининг хориждаги биринчи бўлимидир.

Ковентри университети, МИФИ, Пекин тил ва маданият университети, Хитойнинг Шимоли - Ғарбий политехника университети учун филиаллар бинолари қад ростламоқда ва кенгайтирилмоқда.

Мамлакатимизнинг йирик шаҳарларида атом энергетикаси, сунъий идрок ва ижодий саноат соҳалари учун бўлажак мутахассисларни тайёрлаш йўлга қўйилмоқда.

Шу билан бирга, жаҳон даражасидаги сифатли таълимни мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам оммалаштиришни ўта муҳим вазифа деб биламиз.

Шунинг учун хорижий университетлар филиалларини жойлаштиришда ҳудудларнинг тармоқ ихтисослашуви ва кадрларга бўлган эҳтиёжи инобатга олинмоқда.

Қисқаси, сизларнинг кўмагингиз билан, ҳурматли меҳмонлар, халқаро академик ҳамкорлик учун мустаҳкам асос ярата олдик. Бунинг учун барча ҳамкасбларимиз ва дўстларимизга самимий миннатдорчилик билдирамиз. Энди Қозоғистонда жаҳон даражасидаги билимларни малакали кадрлар, илмий ютуқлар ва инновациялар кўринишида сақлаб қолиш вазифасини белгиладим.

Академик марказни ривожлантиришнинг иккинчи босқичида илмий ҳамкорликни фаоллаштириш, қўшма тадқиқот лабораторияларини очиш ва илғор технологик лойиҳаларни амалга оширишга эътибор қаратамиз.

Шу муносабат билан етакчи хорижий университетлар учун энг қулай шароитларни яратиш, илм-фан ва тадқиқотлар соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида аҳамият қаратмоқдамиз.

Ишончли ҳамкор сифатида Қозоғистон Конституцияда мустаҳкамланган «Қонун ва Интизом» тамойили барқарор, аввалдан башорат қилиш мумкин бўлган ва очиқ муҳитнинг мустаҳкам асосига айланиши учун барча шароитни яратади.

«Қонун ва Интизом» – давлат сиёсатининг оддий тамойилларидан бири эмас. Бу менинг Адолатли Қозоғистонни барпо этиш ҳақидаги нуқтаи назаримнинг асосидир. Мамлакатимиздаги кенг кўламли сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар Адолат, Ватанпарварлик, бағрикенглик, меҳнатсеварлик, бунёдкорлик, дунёвийлик ва тараққийпарварлик қадриятларига таянади.

Бу ислоҳотларнинг натижалари қонун устуворлиги ва барчанинг қонун олдида тенглигини мустаҳкамлайдиган Конституциямизда ўз ифодасини топди. Шу нуқтаи назардан, уюшган жиноятчиликка қарши кураш эътиборга молик масаладир. Аввал айтганимдек, айбдорларга нисбатан ҳеч қандай шафқат ёки ён босиш бўлмайди.

Уюшган жиноятчилик ҳар қандай давлат учун катта хатардир. У жамият ишончини сусайтиради, мамлакат тараққиётига тўсқинлик қилади ва ислоҳотлар натижасини йўққа чиқаради.

Шунинг учун бу борадаги муносабатим ўзгармайди: эгаллаб турган лавозими, хизматлари ёки нуфузли алоқаларидан қатъи назар, айби исботланган фуқаро қонуний жавобгарликдан қочиб қутула олмайди.

Қонун олдида барча тенг. Фақат шу йўл билангина ислоҳотларнинг ижросини таъминлаш ва фуқароларимиз ишончини оқлаш мумкин.

«Қонун ва Интизом» – давлат сиёсатининг оддий тамойилларидан бири эмас. Бу менинг Адолатли Қозоғистонни барпо этиш йўлимнинг асосидир.

Мамлакатимиздаги кенг кўламли сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар шу тамойил қадриятларига таянади. Ўйлайманки, бу кўплаб мамлакатларга тааллуқли.

Конституциямиз ҳуқуқ устуворлиги ва барча фуқароларнинг қонун олдида тенглигини мустаҳкамлайди.

Мамлакатимизда ишончни мустаҳкамлашга қатъий бел боғлаган ҳолда, барча илғор университетлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрмиз.

Д. Серикбаев номидаги Шарқий Қозоғистон техника университети тажрибаси ўзаро мажбуриятларни бажариш ва сезиларли натижаларга эришишнинг ёрқин намунаси бўла олади.

2023 йилда университет Хитойнинг Тяньцзинь касб-ҳунар университети билан ҳамкорликда мамлакатимизда илк Лу Бан устахонасини очди. Ҳозир бундай устахоналар Астана ва Алматида ҳам фаолият юритмоқда.

Иқтисодиёт тараққиёти йўлида бу каби муваффақиятли тажрибани кенгайтиришимиз керак. Бунда муҳандислик, технологиялар, рақамлаштириш ва табиий захиралар, жумладан, камёб металлар ҳамда стратегик аҳамиятга молик минерал хомашёга устувор эътибор қаратилиши лозим.

Саноат корхоналари ва бошқа ҳамкорларни дастлабки босқичданоқ қўллаб-қувватлайдиган, лойиҳаларни бевосита бозорга олиб чиқишга ёрдам берадиган яхлит молиявий кўмак тизимини барпо этиш зарур.

Навбатдаги вазифа.

Бугун Қозоғистонда учта йирик шаҳар мавжуд.

Астана ва Алмати етакчи миллий университетлар жойлашгани учун илм-фан, маданият ва заковат тараққиётнинг асосий марказлари ҳисобланади.

Энди навбат – Шимкентга. Уни жанубий минтақанинг йирик илмий-таълим марказига айлантириш ниятидамиз. Бу йўналишда аниқ ишлар бошланган. Шаҳарда Аризона штати университетининг таълим дастури амалга оширилмоқда. Шунингдек, Туркиянинг Ғози университети филиали очилди.

Бугун анжуманда сўзга чиққан ушбу университет ректори, профессор Уғур Уналга миннатдорчилик билдираман.

Бу ишларни янада рағбатлантиришимиз ва Шимкентнинг илм-фан ҳамда таълим соҳасидаги салоҳиятини мустаҳкамлашимиз керак.

Мухтар Ауэзов номидаги Жанубий Қозоғистон университетига миллий мақом бериш ҳақида қарор қабул қилдим.

Ауэзов номидаги университет минтақадаги энг йирик олий ўқув юрти бўлиб, бугун мегаполисда таҳсил олаётган ҳар беш талабадан бири шу ерда ўқийди.

Миллий мақом университетнинг ўзига ҳам, соҳани бошқарадиган идорага ҳам улкан масъулият юклайди.

Шунинг учун М. Ауэзов номидаги Жанубий Қозоғистон университети сифатли таълимнинг етакчиси, илғор илм-фан таянчи ва минтақанинг заковат марказига айланиши керак.

Олий таълимнинг тараққиёти сунъий идрок технологиялари билан чамбарчас боғлиқ бўлиши аён.

Қозоғистон сунъий идрокни барча тармоқларга, жумладан, таълим ва илм-фан соҳаларига изчил жорий этмоқда.

Давлат раҳбари сифатида жорий йилни «Рақамлаштириш ва сунъий идрок йили» деб эълон қилдим.

Қозоғистон «Сунъий идрок тўғрисида»ги Қонунни қабул қилди, Рақамли кодексни тасдиқлади ва Сунъий идрок ва рақамли тараққиёт вазирлигини ташкил этди.

Биз сунъий идрокни хавфсиз ва масъулият билан ривожлантиришга қаратилган «Вашингтон модели»ни қўллаб-қувватладик. У БМТ шафелигида сунъий идрокни тартибга солиш бўйича дунёвий қоидаларни ишлаб чиқиш учун асос бўлиши мумкин. Олимларимиз «KazLLM» ва «AlemLLM» миллий тил моделларининг асосий таркибий қисмларини ишлаб чиқди. Октябрь ойида мамлакатимизда бу йўналишдаги илк олий таълим муассасаси – «Qazaq AI Research University» фаолиятини бошлади.

«AI-Sana» дастури талабаларга сунъий идрок соҳасида амалий кўникмалар бериш, технологик тадбиркорликни ривожлантириш ва DeepTech стартапларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

«NVIDIA» компанияси билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйдик. Яқинда Астанага ташриф буюрган таниқли муҳандис, ҳақиқий афсона – Женсен Хуангга самимий миннатдорчилик билдираман.

«OpenAI» компанияси билан ҳамкорлик туфайли мамлакатимиздаги барча олий ўқув юртлари ўқитувчилари «ChatGPT Edu» хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди.

Стэнфорд университети, MIT, Беркли ва Карнеги-Меллон университетлари таҳлилчилари кўмагида талабаларимиз 22 мингдан зиёд лойиҳани ишлаб чиқди. Сунъий идрокка асосланган юзлаб ечимлар аллақачон бизнес, соғликни сақлаш, энергетика ва қишлоқ хўжалигида қўлланилмоқда.

Satbayev Technical University ва Гонконг шаҳар университети ҳамкорлиги ҳам бу соҳада сезиларли натижалар бермоқда. Жаноб Нгай таклиф этган сунъий идрок ишланмаларини ишлаб чиқаришга жорий этиш ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлайман.

Бугунги анжуманнинг муҳим воқеаларидан бири – Фан ва олий таълим вазирлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти университети ўртасида Қозоғистонда БМТ университетининг минтақавий тадқиқот марказини очиш тўғрисидаги битим имзоланишидир. Унинг Алматида жойлаштирилиши бошқа таълим ҳамда илмий муассасалар билан ҳамкорлик учун янги имкониятлар очади.

Бу орқали олий ўқув юртларимиз салоҳиятини ҳам мустаҳкамлаб, кучли академик муассасаларни ташкил этиш ва ривожлантиришга салмоқли туртки берамиз. Ўтган йилги анжуманда таъкидлаганимдек, «Кучли университетлар – ёрқин келажакнинг асоси». Дарҳақиқат, мамлакатнинг технологик мустақилликка эришиши, энг аввало, таълим ва илм-фан тараққиётига боғлиқ. Шунинг учун ёшларимизга сифатли таълим олиш, илмий тадқиқотлар билан шуғулланиш ва ўз ғояларини амалга ошириш борасида барча имкониятларни яратишимиз керак. Бу халқнинг заковат салоҳиятини ҳаётга татбиқ этиш учун зарур шартдир.

Конституциямизда мустаҳкамланган тамойилларга амал қилган ҳолда, тараққийпарвар, келажакка интилган ва фаровон давлат барпо этишни давом эттирамиз.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Илм-фан – бутун инсоният тараққиётига хизмат қилиши керак бўлган бебаҳо бойлик. Демак, билимнинг чегараси йўқ ва бўлмаслиги ҳам керак. Шу нуқтаи назардан, Қозоғистон барча давлатлар билан заковат соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш тарафдори бўлиб келмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, Қозоғистонда таълим ва илм-фанни ривожлантиришга катта ҳисса қўшаётган университетлар раҳбарларига, академик ва профессор-ўқитувчилар жамоасига, барча ҳамкасбларимизга миннатдорчилик билдираман.

Ишончим комилки, келгусида кўплаб инновацион лойиҳаларни амалга оширамиз ва ўзаро манфаатли алоқаларимизни янги босқичга олиб чиқамиз.

2026-11-21, 02:15 11
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.