26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Чанг кўчада қолган менинг армонларим...

Маҳаллага қайрилишингиз билан йўл чеккасида сафда турган аскарлардай тизилиб, қатор қилиб экилган тут дарахтлари ва теракларга кўзингиз тушади. Биринчи уйда одамлар номини эшитганидан оёққа қалқиб турадиган Акбар оқсоқол оиласи билан яшайди. Ундан сал нарироқда Ҳуснободнинг уйи ва унга эшиклари ёндаш хонадонда биз яшаймиз. 

Муаззин азон чақира бошлаганидан қўшни ҳовлида Ҳуснободнинг онаси:

– Туринглар, болажонларим! Ҳадемай қуёш кўтарилиб қолади. Эрта турган банданинг ризқи зиёда бўлади. Тоза-озода ҳовлига фаришталар киради. Турақол, қизим, – деб, болаларини уйғотади. 

Севара холанинг бу гаплари ҳар куни эшитаверганим учунми ёд бўлиб кетган.

Айвонга солинган ўринда мазза қилиб ётганингизда, Ҳуснободнинг кўчага сув сепгани, супургисининг шип-шип овози қулоққа ёқимли эшитилади. Ёзнинг саратонида қизиб, машина ўтганида маҳалланинг бошидан охиригача чангиб кетадиган кўчага сув сепилганида ернинг ҳовури кўтарилиб, димоғингизга ажиб бир ҳид урилади. 

Биз, тўрт ака-ука, онамнинг айтганларини сўзсиз бажарсак ҳам, эрталабки ширин уйқимизни бузгиси келмай, барча ишни ўзи бажарардилар. Баъзан мен ҳам қўшни қиз билан бир вақтда туриб, ойимга ёрдам бериб, сув ташиб турардим. Куз кунлари эса дала ишларидан қўлимиз бўшамай қолади. Бир томондан молларга ем-ҳашак ғамлаш керак бўлса, иккинчи томондан ҳосилни йиғиб олиш керак эди. Дадам кечалари сув суғориш учун далада тунаб қолардилар. Эрталаб келиб қолсалар, койиш эшитмаслик учун ҳаммамиз ўрин-тўшакларимизни йиғиб, ишга киришиб кетардик.

Ҳуснободнинг дадаси анча йиллар олдин шол хасталиги туфайли вафот этганди. Онам  қўшнидан тез-тез хабар олиб турардилар.

– Вой, дадаси, Севарага Оллоҳнинг раҳми келсин-да, беш болани энди қандай боқади? Ҳуснобод ҳам бўй етиб, мана, ўнинчига ўтди. Мактабни битирса, эшикдан совчи аримай қолади. Кўчанинг бир сиқимдан бергани нима бўларди. Ҳар кимнинг ўз қозонига берсин экан-да, – деб онам Севара холага раҳми келиб ўтирарди.

– Қўявер, онаси. Ҳар ким пешонасига ёзилганин кўрмасдан, гўрга кирмайди. Ўлганнинг ортидан ўлмоқ йўқ. Фарзандлари, ишқилиб, яхши тарбияланиб, онасини хор қилишмаса, қизларига ҳам яхши жойлардан ато этса, бу кунларни кўрмагандай бўлиб кетишади, ҳали, мени айтди дерсан, – деб онамни юпатиб қўярдилар дадам.

Уйда шу сўзларни эшитиб, мактабга борганимда, Ҳуснободга узоқ тикилиб ўтирардим. Киприклари терилгандай, чиройли эди. Унинг остига яширинган шаҳло кўзлар одамнинг жонини олгудек, айниқса, дадасининг вафотидан кейин мунгли ва ҳуркак бўлиб қолган бу нигоҳларга қарамасдан иложим йўқ эди. Қани энди дадамга дилимда бор гапни айтиб, бизга келин бўлсин, дея олсам. Мендан катта акам ҳам бор. У мактабни битирмай туриб, бу ҳақда оғиз очиш уят.

Маҳаллада тўйми, азами, нима бўлса ҳам маҳалла оқсоқоли Акбар отадан сўраш шарт эди. У билан маслаҳатлашмай қилинган ишнинг албатта, ишкали чиқади, дейишарди катталар. Биринчидан, ҳурмат, иккинчидан ўнта болани уйлаб-жойлагунча тўй-маърака қилишда анча тажриба орттирган инсонлардан эди. Мактабни битиргач, онам айтганидай, қўшни қизнинг уйига совчилар кела бошлади.

– Севара Акбар оқсоқолга йиғлаб чиқибди, бечора, – деган гапни онам кўчадан топиб кирди.

Оқсоқол:

– Қудалар ўзингга ёқса, қизингнинг кўнглини сўра. Агар истамаса, мажбурлама. Рози бўлса, ушлаб турмай, ният қилиб, узатганинг маъқул. Маҳалла ҳам қараб турмайди, – дебди. 

Хуллас, қудалар кимга ёқди, билмадим, ҳарқалай тўй тадориги бошланиб кетди. Уйдаги кўрпача борми, идиш-товоқ борми, ака-укаларим бари Севара холаникига чиқиб кетишди. Оқсоқолнинг ўзи бош бўлиб ҳовли, уй-жойларни тартибга келтиришди. 

– Чаққон қимирланглар, бизнинг ота-боболаримиз есирини хор қилган эмас. Ҳамманг ҳашарга! Барчангиз қўлингиздан келган ёрдамингизни аяманг. Бошқа маҳаллага кулгига қолмайлик. Қандай камчилигинг бўлса, тортинмай айтавер, келин, мана, биз бормиз, маҳалла-кўй бор. Ҳаммасини ҳал қиламиз, – деган овоз бизнинг уйдан чиқаётгандек баралла эшитилиб турарди. 

Дадам қанча қистасалар ҳам, ҳашарга чиқмадим. Ҳуснободнинг қудалар тақиб кетган олтин сирға-узукларига қарашга, унинг мунгли кўзларидаги ўзгармаган ҳолатни кўришга тоқатим йўқ эди. Тўй куни тоғамнинг уйига кетиб қолдим. Карнай-сурнай садолари, жўра-улфатларнинг қийқириқлари остида кириб келадиган куёв бола менинг ғойибона душманимга айланиб улгурганди. Худди, рўбарў келса, уриб юборадигандай ҳолатда эдим. 

Тоғам ва янгам билан наридан-бери саломлашиб, ичкарига кириб кетдим. Менинг рангимга қараб, бир нарсани юраги сезган янгам тоғамга маъноли қараш қилиб қўйди. 

Тонг мен учун жуда секин отди. Бўғзимга тиқилаётган аламни ичимга ютиб, тўшакда ағанаб чиқдим. “Нега Ҳуснобод ҳеч бўлмаганда мендан уч-тўрт ёш кичик бўлмади?” – деган савол юрагимни эзарди. Тонг отишига яқин кўзим илиниб, туш ҳам кўрибман. Оппоқ либосда турган Ҳуснобод менга қанчалар талпинмасин индамай қараб тураверибман. Келинойим эса:

– Нега қараб турибсиз, ҳозир кетиб қолади, – деб, тинмай бақирармиш.

Уйғониб кетдим. Тепамда уйғотмоқчи бўлиб қараб турган янгамни кўриб, уятдан қизариб-бўзардим. Менинг тушимни у ҳам кўргандай, ҳовлига отилдим. Муздай сувга юзимни ювиб, дастурхон тепасига келдим. Бояги тушнинг таъсириданми, томоғимдан сув ҳам ўтмасди. 

Уйга келиб, қўшни дарвозанинг ланг очилиб турганини кўрдим. Демак, келинни олиб кетишган, менинг Ҳуснободимни олиб кетишибди, номардлар...

...Орадан бир неча йиллар ўтиб, ўқишни битириб, уйга қайтдим. Эрталаб яна ўша таниш овоз эшитилди. 

– Ҳуснобод, турақол, қизим. Ишингга кечикасан. Ҳали ўғлингни боғчага обораман, деб шошиласан, – дерди Севара хола. 

Нега Ҳуснобод бу ерда? Қаерда ишлаётган экан, ё яна туш кўряпманми? Нонушта қилаётиб миямда чарх ураётган саволларимга жавоб олдим.

– Болам, ўзингга маълум, Ҳуснобод бадавлатроқ жойга келин бўлганди. Шу куёв бола тушмагур ҳадеб, отаси йўқлигини юзига солиб, бешик тўйда онанг яхши нарсалар олиб келмабди, деявериб, бечорани адойи тамом қилибди. Севара холанг чириллаб қолган етимчаларидан орттириб бинойидек сарполар қилган эди. Ўзим кўрганман. Шу қизгинани увол қилмай, ўзимизнинг тенгимиз эди, акангга олиб бериб қўя қолсак бўларкан. Охири пичоқ бориб суякка тақалганидан кейин қиз бояқиш уйига қайтди.

Онамнинг бу гапларидан кейин ичимдаги дардим яна янгиланди. Энди бутун умр Ҳуснободнинг синиққан чеҳрасига боқиб ўтаманми?! 

Кечқурун дарвоза олдига чиқиб тургандим, Ҳуснобод ўғли билан келаётган экан. Боласи қўлидан силтаниб чиқиб, мен томонга югуриб келди-да:

– Дадажон, қайтиб келдингизми,–деб мени қучоқлаб олди. 

Ҳуснобод ўғлининг қилиғидан уялиб, мендан кечирим сўради. 

Болани бағримга маҳкам босдим:

– Йиғлама, болажон, сенинг отанг мени чанг кўчаларда қолган орзуларимнинг ушалишига йўл қўймай, уни олиб кетганди. Энди сенинг мурғак юрагингга армонлар шодасини илиб, қайтариб юборибди. Сенга ота бўлишни қанчалар хоҳлаган эдим. Лекин тақдир буни менга насиб этмади. Оллоҳнинг олдида онанг учун, сен учун жавоб беради, ҳали кўрасан...

Бу сўзларни ичимда такрор ва такрор айтдим. Умидларимнинг узилган ипини боғладинг, ушалмаган орзуларимни янгиладинг, болажон...

Баҳодирнинг кўнгил кечинмаларини оққа туширган Гулбегим. “Шуъла” ижодий уюшмаси аъзоси, 2017-11-16, 12:11 795
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.