26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
“Дўстлик”нинг шахдам одимлари

Йил охирлаб боргани сари ҳар ким бажарган ишларини сарҳисоб қилиб, эришган муваффақиятларидан қувонади, кейинги вазифаларини чамалайди, олдига буюк мақсадлар қўяди. Жамоага раҳбар, кўпчиликка етакчи бўлган инсонлар учун йил поёни янада масъулиятли. Зеро, улар ходимларининг ютуқ ва камчиликлари учун ҳам жавобгардирлар. 

Янги йил арафасида Қозоғистон ўзбек этномаданият бирлашмаларининг “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икромжон Ҳошимжонов билан мусоҳаба юритиб, кўпчиликни қизиқтирган саволларга жавоблар олдим.

– Икромжон ака, “Дўстлик” ҳамжамиятига раис бўлиб сайланганингизга бир йил тўлди. Шу вақт ичида бажарилган ишлар ҳақида гапириб берсангиз?

– Авваламбор, Янги йил арафасида суҳбатга чорлаганинглар учун катта раҳмат! Журналистларнинг ҳамжамият ишлари билан қизиқаётгани менга икки карра масъулият юклайди. Шуни таъкидлашим керакки, қурултойдан олдинги сайловолди дастуримда Қозоғистон халқи Ассамблеяси ва Ўзбекистон Республикаси Байналмилал уйи билан ҳамкорликни кучайтириш баён этилган эди. Байналмилал уйи раиси Носир Муҳаммадиев (охирати обод бўлсин) ва ҚХА раисининг биринчи ўринбосари Ерали Тўғжановлар имзо чеккан икки давлат орасидаги маданий, маърифий алоқаларни ривожлантириш борасидаги Меморандум бунга асос бўлди. Бу келишув икки қардош халқ учун катта ютуқ. Бизнинг ҳам асосий мақсадимиз – Ўзбекистон билан тиғиз алоқа ўрнатиш эди. Ўзингизга маълум, чегара масалалари, телевидение, радио, шунингдек, адабий китоблар, олий таълим борасидаги муаммолар долзарблигини йўқотмаяпти. 

Ўтган йили Бегмат Турдиқулов билан Тошкент шаҳридаги Навоий кутубхонасида ҳамюртимиз Сатторхон қозига бағишланган китоб тақдимотида иштирок этдик. Февраль ойида Ерали Тўғжанов раҳбарлигидаги делегация таркибида Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида Олий Мажлис депутатлари, сенаторлар билан учрашувларда қатнашдик. Икки мамлакат вакиллари бир-бирларидан ўрганадиган жиҳатлар бисёр эканлигини таъкидлашди. Сўнг Байналмилал уйининг 25 йиллик тантанасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Танзила Норбоева билан танишдим. Тадбирда маърузамни эшитгач, ёнига чақирди. Мен қозоғистонлик ўзбекларнинг ижтимоий аҳволи ва турмуш тарзи ҳамда олдимизга қўйган мақсадлар ҳақида гапириб берганимда, у яқинда Астана шаҳрида икки давлат раҳбарлари учрашишини айтди ва режаларимизни уларга етказишга ваъда берди. Ўзбекистон Республикасидаги қозоқ миллий маданият марказининг 25 йиллик тадбирида ҳам қатнашдик, туркистонлик Н. Ҳамроқулов дошқозон нусхасини тақдим этди. Апрель ойида Самарқанд шаҳрида шоирларимизнинг халқаро мушоирасини юқори савияда ўтказдик. Буюк саркарда Амир Темурнинг 681 йиллигига бағишланган мушоирада Самарқанд шаҳри ҳокими ҳам қатнашди, Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али унга раислик қилди. Уларга “Жанубий Қозоғистон” газетасини тақдим этганимизда, ёзиш услубимизга, давлат сиёсатига бўлган муносабатимизга ижобий баҳо беришди. Ўзбекистон Халқ артисти Ортиқ Отажоновнинг 70 йиллик юбилейида ҳам Ғуломжон Ғаниев (охирати обод бўлсин) билан Ватанимизнинг байроғини юксакка кўтариб қайтдик. 

Ёз ойларида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг ўринбосари хабарлашиб, Комилжон Отаниёзовнинг 100 йиллик тантаналарига вакил юборишимни сўранди. Хоразм воҳасида ўтган тадбирда “Ерең еңбегі үшін” медали соҳиби, “Дўстлик” ҳамжамияти қошидаги санъаткорлар уюшмаси раиси Тўлқинжон Ҳасанов иштирок этди. Тошкентда Қозоғистон жамоат арбоби, ёзувчи, “Парасат” ордени соҳиби Сабит Дўсановнинг “Қашқир улиган тун” ва ҳамюртимиз Меҳмонқул Исломқуловнинг “Инсон бу дунёга ҳайратланиш учун келади” китобларининг тақдимотини ўтказдик. Муҳаммад Али ва Мирпўлат Мирзолар тадбирни юқори савияда ташкил этишганини айтиш жоиз. Тадбирнинг давоми вилоятимиздаги Пушкин номли кутубхонада ўтказилди ва унда С. Дўсанов М. Исломқуловга “Алаш” халқаро мукофотини топширди. Қозоғистонлик ёзувчи, драматург “Парасат” ордени соҳиби Рахимжан Ўтарбаев еттита драмасини таржима қилиш учун М. Исломқуловга топширди. Ёзувчи Тошкент шаҳрида халқаро театр фестивалини ўтказишга бош-қош бўлишини айтди. Бундай фестиваль аввал Шимкент ва Бишкек шаҳарларида уюштирилган эди. 

Буюк саркарда Амир Темурнинг юбилей тантаналари Тошкент шаҳрида юксак даражада нишонланади. Бир неча йилдирки, жанубийқозоғистонликлар ҳам унда фаол иштирок этишмоқда. Жорий йилги тадбир ҳам бундан мустасно эмас. 

– Бу ишларда кимлар сизга мадад бўлмоқда?

– Бир неча йил муқаддам ҳассос шоир, “Пастернак” ва “Алаш” халқаро мукофотларининг соҳиби, ҳамюртимиз Мирпўлат Мирзо билан суҳбатимизда, у Амир Темур жамғармаси қошида адабий бирлашма очишимни тавсия этди. Сўнг, биз “Истеъдод” ижодий-адабий бирлашмасини очдик, унга шоир Ўрмон Собир раҳбарлик қилмоқда. Уюшманинг ташаббуси билан Самарқандда икки марта, Тошкентда уч марта, Андижон ва Наманган шаҳарларида ҳам учрашувлар уюштирилди. 

– Сиз ҳамжамиятга раисликдан ташқари, вилоят ўзбек драма театрига ҳам раҳбарсиз. Театримизнинг ҳам нуфузи ошишига нималар таъсир қилмоқда?

– Тўғри айтасиз, театр нафақат вилоятдаги, балки республикадаги тадбирларда ҳам фаол иштирок этмоқда. Масалан, бир гуруҳ вакилларимиз камина раҳбарлигида Татаристон пойтахти Қозон шаҳрида ўтган маҳорат сабоқларида қатнашдик. Шунингдек, Сайдикарим Маҳмудов, Одилжон Тўғонбоев билан Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида ўтган Миллий театрлар халқаро фестивалида иштирок этдик. Тадбир доирасида нашр этилган китобда театримиз ҳақида батафсил маълумот берилди. Ҳамжамиятнинг ташаббуси билан театр жамоаси яқинда Қизилўрда шаҳрига гастроль сафарини уюштирди. Санъаткорларнинг ташрифидан қизилўрдаликлар жуда ҳам мамнун бўлишди. Жорий йилда Астана шаҳрида ўтган Миллий театрлар фестивалида муваффақиятли иштирок этдик. Алмати сафаримиз ҳам сермазмун бўлди. Астанадаги фестивалда ҳакамлар ҳайъати таркибида қирғизистонлик бир опахон ҳам бор эди. У Лондондаги нуфузли олий ўқув юртида сабоқ берар экан. У келгуси йилда Қозоғистон халқи Ассамблеяси орқали Англия пойтахтига гастроль сафари уюштириб беришини айтди. Бу, албатта, Қозоғистондаги ягона ўзбек драма театрининг, шунингдек, халқимизнинг ютуғи, деб биламан. 

– Ҳамжамият яна қандай тадбирларга бош-қош бўлмоқда?

– Бир неча йилдан буён ўтказилмаётган аския танловини қайта жонлантирдик. Театрда ўтган аския кечасида қўқонлик, наманганлик аскиячилар ҳам иштирок этишди. Яна бир эътиборга молик тадбир шуки, Астана шаҳрида Алишер Навоийнинг таваллуд айёмини нишонладик. Астана шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Шерзод Пўлатов ташкилотчилигидаги тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али, Фахриддин Қоратоев бошчилигидаги Парламент Мажлиси депутатлари иштирок этишди. Шунингдек, “Давлат тилини билиш – фарзинг” танлови орқали ҳар йили 8-10 нафар битирувчига ОЎЮда бепул билим олиш учун сертификатлар тақдим этмоқдамиз. 

Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ерик Ўтембаев қисқа муддатда иккита йирик тадбир уюштирди. Биринчиси, икки давлат орасидаги дипломатик алоқаларнинг ўрнатилганига 25 йил, иккинчиси, Қозоғистон Республикаси Мустақиллигига 26 йил тўлишига бағишланди. Унда вилоят ўзбек драма театри санъаткорлари фаол қатнашди. Мен унда “Қозоғистон: кеча, бугун ва эрта” мавзусида маъруза қилдим. БМТ, ЕХҲТ ва ЮНИСЕФнинг кам сонли миллатларни қўллаб-қувватлаш лойиҳаларида мунтазам қатнашиб келмоқдаман.

– Қозоғистонда давлат тили лотин графикасига ўтмоқда, Элбошининг ташаббуси аҳоли томонидан ҳам тўлиқ қўллаб-қувватланди... 

–Давлат тилини лотин графикасига ўтказиш тўғрисида фармон ҳам чиқди. Унда ўзбек тили ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Мен мазкур масала бўйича ҚР Таълим вазирининг ўринбосари билан телефон орқали суҳбатлашдим. Улар хақиқатан ҳам ўзбек ва уйғур тиллари хақида ўйлашмаганини тан олишди. Вилоят, шаҳар, туман ва қишлоқ этномаданият марказлари ва жойларда вакиллар мажлисларини уюштириб, ўзбек тилини лотин графикасига ўтказиш борасидаги илтимосномани “Дўстлик” ҳамжамияти орқали маҳаллий хокимлик ва вазирликка юборишимизни тавсия этишди. Зеро, дунёнинг 70 фоиздан зиёд давлати қўлланадиган лотин имлосига ўтсак, қозоқ халқига янада яқинлашардик, Ўзбекистон билан мулоқотимиз ҳам тегишли даражада бўларди. У ерда чоп этилаётган адабий китоблардан ҳам бемалол фойдаланардик. Тошкентда ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б. Сайфуллаев ва элчи Е. Ўтембаевлар билан суҳбатда муаммолар ҳақида гапириб бердим, уларни Ўзбекистон элчиси Икром Ниёзовга йўллаган мактубимда ҳам баён этдим. Унда иқтидорли ёш санъаткорларимизни Тошкентдаги Глиэр номидаги мусиқа мактабига қабуллаш, Ўзбекистонда ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиларидан йил сайин 40 нафарини тайёрлаш, театр, маданият институтлари ва консерваторияда ёшларимизни грант асосида ўқитиш масалалари ҳам тилга олинган. Бахтиёр Сайфуллаев ушбу масалаларда ёрдам беришини айтди. 

– Ош танлови ҳам халқаро миқёсда ўтказиш даражасига етиб қолди...

– Тўғри, бу йилги танлов катта шов-шувга сабаб бўлди. Унда икки нафар рус, қозоқ ва корейс миллатига мансуб ошпазларнинг иштирок этиши танловнинг нуфузини яна ҳам ошириб юборди.

– Ўзга вилоятларда ҳам ўзбек этномаданият бирлашмалари очиляптими?

– 2016 йили Атиров шаҳрида вилоят “Ижтимоий тотувлик” идораси раҳбари билан суҳбатда бўлдим. У киши миллатимиз вакилини юборишимни сўранди. Яқинда кенгаш аъзоси Ш. Пўлатов Атиров шаҳрида марказ раисини тасдиқлаб келди. Келгуси йил Ғарбий Қозоғистон вилояти Ўрал шаҳрида ўзбек этномаданият бирлашмасини ташкил этиш ниятимиз бор. 

– “Дўстлик” ҳамжамиятининг тавсияга кўра қатор миллатдошларимиз давлат мукофотларига ноил бўлмоқдалар...

– Ўтган йили тадбиркорлар – Р. Абдуваҳобов ва А. Файзаҳмедов тавсиямизга биноан “Құрмет” орденига сазовор бўлишди. Жорий йилда жамоат арбоби Р. Ҳолмуродов “Парасат” ордени билан тақдирланса, ҳамжамият қошидаги оқсоқоллар кенгаши раиси Б. Турдиқулов ҚХАнинг “Бирлик” олтин медали, Шимкент шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Т. Ҳакимбеков “Жўмард инсон” медаллари, У. Йўлдошев, Н. Дўсматова фахрий ёрлиқлар, А. Ҳасанов “Ерең еңбегі үшін” медали билан тақдирландилар.

– Яқинда Қозоғистон халқи Ассамблеяси кенгаши аъзолигига сайландингиз. “Нур Отан” партияси марказий девони Сиёсий бюроси аъзоси, Халқаро Амир Темур хайрия жамғармасининг ҚР бўлими раиси, ЖҚВ прокуратураси ва ИИД жамоатчилик кенгаши ҳамда вилоят суд медиация кабинети аъзосисиз, “Дўстлик” ҳамжамияти раиси, театр директори... буларнинг барчаси бир кишига оғирлик қилмайдими?

– Бу, аксинча, менга юксак масъулият юклайди. Ҳар куни эрталаб ўрнимдан турганда, “Эй, Худо, мени тўғри йўлдан адаштирма”, деб дуо қилиб, иш бошлайман. Ўринбосарларимга раҳмат, барча ишларда менга мададкор. Доимо адолатли қарор чиқаришга ҳаракат қиламан. 

– Икромжон ака, Сиз бажараётган ишларни газетанинг бир сонида қамраб олиш мушкул. Шунинг учун суҳбатимизни Янги йил тилаклари билан якунласак.

– Барча ҳамюртларимни Янги йил билан самимий табриклаб, Она Ватанимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлишини ният қиламан. Янги йилда хонадонларда барака, хотиржамлик ҳукмрон бўлишини тилайман.     

 

Хуршид Қўчқоров суҳбатлашди, 2017-12-29, 23:23 185
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.