26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Барака ва фаровонлик йили бўлди

ЖАНУБИЙ ҚОЗОҒИСТОН ВИЛОЯТИ ҲОКИМИ ЎТГАН ЙИЛ ЯКУНЛАРИ, ЖОРИЙ ЙИЛ РЕЖАЛАРИНИ БАЁН ЭТДИ

Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокими Жансейит Туймебаев аҳоли олдида ҳисобот берди. Учрашув давомида минтақа раҳбари 2017 йилда иқтисодий-ижтимоий соҳадаги ишлар хусусида маълумот берди, шунингдек, жорий йилги ривожланиш истиқболларини тилга олди. Йиғилишда маҳаллий аҳоли билан бирга ҚР Бош вазири ўринбосари Асқар Жумағалиев, Президент девони давлат нозири Мурат Имандўсов, “Нұр Отан” партияси котиби Ғабидулла Абдирахимовлар иштирок этишди.

Вилоят ҳокимининг ҳисоботини залга йиғилган мингдан зиёд юртдошларимиз тингладилар. Йиғилиш айни вақтда facebook ижтимоий тармоғи  ҳамда вилоят ҳокими сайти орқали намойиш этилди. 

Минтақа раҳбарининг таъкидлашича, ўтган йили 858,5 млрд. тенге (2016  йилгига нисбатан 69,5 млрд. тенгега кўп) ҳажмида саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилди. Қатор шўъбаларда қайта ишлаш саноати анча ўсди. 2017 йилда Саноатлаштириш харитаси доирасида 36,4 млрд. тенгелик 18та лойиҳа ишга туширилди. Мингдан зиёд  янги иш ўринлари барпо этилди. 11та саноат минтақаларидан 9таси тўлақонли ишлай бошлади. Саноат минтақаларидаги ишга туширилган лойиҳалар сони 78тага етди. Уларга 35,9 млрд. тенге сармоя жалб этилди. Натижада, 4 мингта янги иш ўрини барпо этилди. 

– Жалб этилган инвестицияларга келсак, ўтган йили вилоят иқтисодиётига 482 млрд. тенге сармоя тортилди, бу 2016 йилдагига нисбатан 20,2 фоизга ортиқ. Ушбу кўрсаткичга кўра, вилоятимиз республикада пешқадам. Сармоялар тортиш учун 2017 йил давомида хорижлик инвесторлар билан 40дан зиёд учрашувлар ташкиллаштирилди. Натижада, Россия компанияси билан кичик гидроэлектростанциялар, Хитой компаниялари билан биоэтанол ва фосфор ўғитлари ишлаб чиқариш заводлари қуриш юзасидан шартномалар  имзоланди. Инвестициялар жалб этиш ва хорижлик сармоядорлар билан ишни ташкил этиш мақсадида 2017 йил июнида вилоятимизда «KAZAKH INVEST» Миллий компанияси” ҲЖ минтақавий ваколатхонаси очилди. Ўтказилган форумлар ва тадбирлар натижасида жалб этилган хорижий инвестициялар 94,6 млрд. тенгени ташкил этди, юксалиш 48 фоизга етди, – деди Ж. Туймебаев.

Қишлоқ хўжалигида амалга оширилган ишлар хусусида батафсил маълумот бераркан, вилоят раҳбари давлат ёрдами туфайли жами 522 млрд. тенгелик қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарилганини таъкидлади. Бу борада вилоятимиз Республикада иккинчи ўринда.

Қишлоқ хўжалиги асосий капиталига жалб қилинган маблағ миқдори 38,1 млрд. тенгени (2016 йилга нисбатан 3,4 баравар юқори) ташкил этди. Натижада, вилоятдаги қишлоқ хўжалиги экинлари майдони 818 минг гектарга етди. Шу билан бирга, 59 100 гектарда (2016 йилдагидан 8100 гектар ортиқ) томчилатиб суғориш усулидан фойдаланилмоқда. Иссиқхоналар майдони 1325 гектарга (2017 йилда 202 гектар иссиқхона қурилди) етказилди. Бу эса Қозоғистон Республикасидаги иссиқхоналар майдонининг 80 фоиздан зиёдини ташкил этади. 2017 йилда 24,9 млрд. тенге субсидиялар ажратилди, 40 000дан зиёд  маҳаллий ишлаб чиқарувчилар давлат ёрдамини олишди. 

Қурилиш ишлари ҳажми 5,3 фоизга ортди. Йил якунларига кўра 721,2 минг квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди, бу эса 2016 йилга нисбатан 36,2 фоиз кўп. Натижада, 7 482 оила бошпанали  бўлди.

Йиғилиш давомида минтақа раҳбари йиғилганларнинг саволларига жавоб берди. Сариоғоч, Сўзоқ ва бошқа туманлардан онлайн равишда боғланган юртдошларимиз ҳам ўзларини ташвишлантирган масалалар юзасидан батафсил маълумот олдилар.

 

***

Давлат раҳбари қўйган вазифалардан бири – электр энергиясини тикланувчи манбалардан олиш ҳисобланади. Жанубий Қозоғистон вилоятида табиий имкониятлардан фойдаланган ҳолда бу йўналишда жами қуввати 207,3 МВтни ташкил этувчи 6та лойиҳа амалга оширилмоқда. 

– Устувор йўналишлардан бири – сармоядорлар қўллови билан тикланувчи энергия манбаларини барпо этиш. Шу муносабат билан Тўлебий туманида 2,5 МВт қувватли “Кенес”, Сариоғоч туманида жами 5 МВтли 2та кичик гидроэлектростанциялар қурилиши бошланади. Шунингдек, Жилға қишлоғида 20 МВтли қуёш электр станцияси бунёд этилади. Ушбу лойиҳа воситасида, жаҳон тажрибасида илк марта, қуёш энергиясидан фойдаланиб, темир йўл ҳаракатини қувватлантириш кўзда тутилган. Бундан ташқари, Жетисай шаҳри яқинида қуёш электростанцияси қуриш режаланган. Бунинг учун 10,7 гектар ер ажратилган. Унинг қуввати 4,8 МВтни ташкил этади. Байдибек ва Ўтрор туманларида ҳам тегишлича 40 МВт ва 135 МВт қувватга эга қуёш электростанциялари қурилиши режаланмоқда, – деди Ж. Туймебаев.

Шу билан бирга, минтақа раҳбари ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қулай шарт-шароит яратиш ва аҳолини зарур инфратузилмалар билан таъминлаш учун 13та электр таъминоти иншоотлари қурилаётганини таъкидлади. 

Шунингдек, ҳоким аҳолини тоза ичимли сув билан таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган 39 лойиҳа, марказлашган сув таъминоти мавжуд бўлмаган 13 аҳоли манзилида сув қувурлари ётқизилаётганини тилга олди. Натижада, сув билан таъминланган аҳоли манзиллари сони 636тага етади. 

Ҳисобот йиғилишида маълум бўлишича, вилоятда газ таъминоти соҳасида 67 иншоот қурилиши бошланмоқда. Натижада, 60,3 минг аҳоли яшаётган 42та аҳоли манзили “зангори олов” билан таъминланади. Вилоятда табиий газ билан таъминланган аҳоли манзиллари сони 386тага етади. 

***

Жанубий Қозоғистон вилоятида индустрлаштириш харитаси доирасида умумий қиймати 40 млрд. тенгени ташкил этувчи 20 лойиҳа амалга оширилмоқда. Улар доирасида 1500дан зиёд иш ўринлари барпо этилиб, саноат ишлаб чиқариши ҳажми 920 млрд. тенгега етди. Буни вилоят ҳокими Ж. Туймебаев халққа ҳисоботи вақтида маълум қилди.

Ушбу лойиҳалардан бири – «Амир-А» МЧБ 7,5 млрд. тенгега йилига 150 минг тонна металл маҳсулотлари чиқарадиган металлургия заводи қурилиши. У ишга туширилгач, 100 янги иш ўрини барпо қилинади. «Green Technology Industries» МЧБ эса 6 млрд. тенге сармоя сарфлаб, 208 иш ўринини шакллантирмоқда. Унда 50 минг тонна полиэтилен чиқиндиларини қайта ишлаб, штапель толалари ишлаб чиқарилади . «Аsia Trafo» ҲЖ 15,9 млрд. тенге сармоя ҳисобига 110-220 кВтли трансформатор ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, 220 янги иш ўринини яратмоқда. 

«Элбоши “Тўртинчи саноат инқилоби шароитида ривожланишнинг янги имкониятлари” Қозоғистон халқига Мактубида саноатлаштириш янги технологияларни жорий этишнинг пешқадами бўлиши лозимлигини кўрсатиб ўтганди. Вилоятдаги саноат корхоналарида жаҳондаги машҳур ишлаб чиқарувчиларнинг янги, рақамли технологиялар ва автоматлаштирилган бошқариш тизимларини кенг жорий этишни режаламоқдамиз. “Бизнеснинг йўл харитаси 2020” дастури доирасида банк насиялари бўйича банк фоизларини субсиядиялаш орқали 350 лойиҳага 3,4 млрд. тенгелик кўмак кўрсатилди”, –  деди минтақа раҳбари. 

Шунингдек, «Оңтүстік» минтақавий инвестиция маркази орқали кичик ва ўрта бизнесга 4 млрд. тенгелик ёрдам кўрсатиш мўлжалланган, ёшларни қўллаш учун эса “Ёш тадбиркор” дастури амалга оширилмоқда.

2018 йили Жанубий Қозоғистон вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсу­лотлари ишлаб чиқаришда меҳнат самарадорлигини орттириш ва қайта ишланган маҳсулотни экспортга чи­қариш орта боради. Экинзорлар майдони 15 минг гектарга кенгайиб,  жами 833 минг гектарга етади. 800 гектар ерга интенсив боғлар, 736 гектарга узум, 300 гектарга малина, 1000 гектарга ёнғоқ кўчатлари ўтқазиш мўлжалланган. Бундан ташқари 200 гектарга иссиқхоналар қурилади. 7200 гектарда томчилатиб суғориш усули жорий этилади. Бу ҳақда “Туркистан” саройида ўтган ҳисобот вақтида вилоят ҳокими Ж. Туймебаев маълум қилди.  

Айни вақтда жорий йилда деҳқон хўжаликларини ширкатларга бир­лаштириш жараёни давом эттирилади. Натижада, ширкатлар томонидан  2700 тонна гўшт, 34200 тонна сут, 6000 тонна мева, 5000 тонна сабзавот етиш­тирилиши кутилмоқда. 

«Шу билан бирга, вилоятда 3173та янги кичик бўрдоқилаш майдончалари, 731та оилавий сут фермалари, 15та кичик парранда фермалари ва 7та балиқ хўжалиги очиш режаланмоқда. Натижада, қишлоқ хўжалиги маҳсу­лотлари ҳажми 595,3 млрд. тенгени ташкил этади, ўсиш 3,9 фоизга етади”, деди Ж. Туймебаев.

Бундан ташқари,  минтақа раҳбари ви­лоятда сут қабулловчи модуль станциялари барпо этилаётганига эътибор қаратди. Улар сут клас­­­терлари ва ширкатларнинг ри­вож­­ланишига ёрдам беради. Тад­биркорлар учун сут қабуллаш мо­дулларини лизингга сотиб олиш дастури жорий этилди. Айни вақтда сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш, мева, резавор меваларни қоқлаш модуллари ҳамда модулли кушхоналар барпо этиш ва шу асосда қишлоқ аҳолисини тадбиркорликка жалб этиш мўлжалланмоқда.  

 

u   u   u

 

Шимкентда “Шимкент арена”  Спорт мажмуаси бунёд этилади

Минтақа раҳбарининг маълум қи­лишича, 427 гектарни ташкил этган «Shymkent city» кичик туманида ян­­ги спорт иншооти қад кўтаради. Унинг қурилиши жорий йилда бош­ла­нади. Бинода кураш ва енгил ат­ле­тика заллари, ошхона, савдо-со­тиқ мажмуаси, маъмурий блок, шунинг­дек, меҳ­монхона ва бассейн бунёд эти­лади. 17,2 млрд. тенге сарфланиши мўл­­жалланган «Шымкент арена» энг за­­­­­монавий ускуналар билан жиҳоз­ланади. 

Шу билан бирга,  мазкур кичик туман ҳудудида майдони 18 450 квадрат метрли “Конгресс холл” лойиҳаси   қурилиши кутилмоқда. 2018-2021 йил­лар мобайнида бунёд этиладиган иншоот қурилишига 20,5 млрд. тенге сарфланади. 

Давлат раҳбарининг алоҳида эъти­­­­­­­­­­борида бўлган Шимкент шаҳ­ри­­ни ҳар томонлама мукаммал ри­вож­­­лантириш учун асосий эътибор меъмо­рий қиёфага, инфрату­зилма­ларни ривожлантиришга, ободон­чиликка, кўкаламзорлаштиришга қара­тилади.

– Арбат шаҳарнинг энг кўркам жойларидан бирига айланади, – деди Ж. Туймебаев. – Айни вақтда Қўчқор ота дарёси соҳилларини ободонлаштириш лойиҳаси амалга оширилади. Шимкент қалъасининг тарихий қиёфасини тик­лаш лойиҳасини ҳаётга татбиқ эта бошлаймиз. Шунингдек, 2 миллион на­фар йўловчиларга хизмат кўрсатиши кутилаётган Шимкент аэропортида ян­ги, замонавий терминал қурилиши режаланган.

Булардан ташқари, ҳоким Ҳуку­мат мажлисида Шимкент агло­мера­циясини ривожлантириш лойи­ҳаси тасдиқланганига эътибор қарат­ди. Унинг ҳудудига Шимкент ва Арис шаҳарлари, Байдибек, Қазиғурт, Ўрда­боши, Сайрам, Сариоғоч, Тўлебий ва Тулкибош туманлари ҳудудлари киради.  

Шимкент агломерациясининг минта­­­­­­­­қалараро ҳудудий схемаси вилоя­ти­мизнинг рақобатбардошлигини юк­­­­­сал­­­­­­­­­тиришни ва ижтимоий-иқтисодий риво­­­­­­­­жини таъминлайди. 

2018-02-17, 10:50 725
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.