26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Тандир – ноннинг оловли гўшаси

Ҳар бир миллат ўзининг тарихий маданияти, урф-одат ҳамда анъаналарига эга бўлиб, улар асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб, мерос сифатида қадрланиб келади. Ўзбек хонадонида ноннинг ўрни бўлакча. Нон таомлар сардори ҳисобланса, оловли гўша унинг ошёнидир. Ҳеч бир уйни тандирсиз тасаввур қилиш мушкул.

Сайрам даҳасининг “Исфижоб” маҳалласида қадимий миллий қадриятларни сақлаб келаётган тандирчи, сандиқчи, патирчи каби ҳунармандлар ўтганлиги ва бугун ҳам ушбу касбларни давом эттираётган ўғлонлар борлиги кишини қувонтиради.

Маҳалланинг бошидаги Мирзали ота ва Ўлмасой ая Мамадалиевлар оиласида туғилиб, вояга етган Улуғбек, Отабек, Ирисбек ва Равшанбек тандирчилик орқасида рўзғор тебратиб, ҳамқишлоқлари олқишини олмоқдалар.

– Улуғбек, раҳматли отангиз бу машаққатли касбни кимдан ўрганган? Ҳунар ўргатиш пайтида сизларга қандай насиҳатлар берарди?

– Отам бу касбни қўқонлик таниқли уста Махсумдан ўрганган экан. Тандир ясаш машаққатли, устадан сабр-қаноат, матонат талаб қилади, агар пулга қизиқиб, сифатсиз тандир ясасанг, шу заҳоти синдириб ташла, дердилар. Укаларимга ҳам, кўчада тош тепавермай, кучингни керакли нарсага сарфла, лой теп, уни яхшилаб пишит, деганлари ёдимда. Раҳматли дадам бизга ушбу касбни давом эттириб, ҳалол пул топишни васият қилиб кетдилар. Мана шу ҳунар туфайли ака-укалар оила қилиб, фарзандлар ўстириб, тотувликда буюрган ризқ-насибани териб юрибмиз.

– Тандирнинг қандай ясалишини айтиб берсангиз?

– Тандир тайёрлаш учун қизил, қора ва сариқ тупроқ зарур бўлади. Улар ҳамма ерда ҳам топилавермайди. Биз уни Туркистондан олиб келамиз. Дастлаб, лой қорилади, сўнг от билан уни пишитамиз, 2-3 кун давомида ачитиб, тиндириб қўямиз. Кейин сомон, қўй ёки туя жуни қўшилиб, лойга қанчалик чуқур ишлов берилса, тандирнинг сифати шунчалик яхши бўлади. Битта тандир тайёрлаш учун 3 кун вақт керак, у асосан ёз фаслида ишланади. Тандир аслида уч хил кўринишда, яъни, горизонтал, вертикал ва диоганал шаклда қурилади.

– Буюртма асосида ҳам тандир ясайсизларми?

– Албатта. Астана, Алмати, Ақтўбе шаҳарларидан келиб, бизнинг тандирларни олиб кетишади. Айниқса, Шимкент ва Сайрамда харидорларимиз кўп. Уй тандири 6-7 йилга, новвойларники 2-3 йилга чидайди. Биз буюртмачининг талабига кўра, нон, кабоб ва танчага мўлжалланган турли ҳажмдаги тандирларни ясаб берамиз.

– Тандирнинг фойдаси ҳақида айта оласизми?

– Бу, энг аввало, савобли иш. Чунки, тандирда нон, сомса, кабоб каби тансиқ таомлар пиширилади. Унда нон ёпиб бўлингач, онам раҳматли нўхот, кўжа солиб қўярдилар. Ҳил-ҳил пишган тандирнинг овқатини ичмабсиз, бу дунёга келмабсиз-да. Ўзимиз ёшлигимиздан унинг чўғида картошка, думбул, тухум, беҳи, лавлагини кўмиб, пишириб ердик. Бугунги замонавий печларда тайёрланган нон ва бошқа таомларнинг ҳеч бири тандирда пишган овқатга етмайди. Сабаби, айнан тандирда тайёрланган овқатларнинг мижози иссиқ, кўпинча парҳезбоп бўлади. Онам раҳматли халқ табобатини яхши билган аёл эдилар. Уни ҳамқишлоқлар “Ўлмасой синиқчи” дердилар. Чиққан, синганга қарардилар. Унинг айтишича, қиздирилган тандирда оёқ, бел ва қўл оғриқларини даволашган, шамоллашнинг олдини олишда ҳам катта фойдаси бўлган.

Гавҳар момом бир неча йил муқаддам ҳовлимизда сумалак қайнаган ер ўчоққа фарзанд кўрмаётган бир келинни ўтқазгани ёдимда. Атрофида чуғурлашиб, биз ҳам тушамиз, деб хархаша қилганмиз. Кейинчалик бу синоатнинг кароматини англаб етдим.

Меҳр-оқибатли ака-укаларнинг меҳнатларига тасанно айтиб, Улуғбек билан хайрлашдим. Уларнинг тандирларида пишиб чиққан минглаб ширмой нонлардан тотиб, баҳра олаётганлар, энг аввало, Аллоҳга шукрона келтириб, бу азиз неъматни яратаётган инсонларга раҳмат айтиши аниқ.

Яна бир қувонарли жиҳати шундаки, Мамадалиевлар ясаган энг катта тандирга вилоятимизга ташрифи чоғида Элбоши Нурсултан Назарбаев ҳам ўз баҳосини берган экан. Тасанно, азиз усталар! Қўлларингиз дард кўрмасин! 

Мухтабар УСМОНОВА, 2018-04-05, 10:38 850
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.