26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Дунёни тебрантирган аёл

Қозоғистон Республикаси Президенти Н. Назарбаев ўзининг “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш” дастурий мақоласида: “Миллат ифтихори илгари ўтган қаҳрамон боболаримиз, донишманд бийларимиз ва бахшиларимизгина бўлиб қолмаслиги керак. Мен бугунги замондошларимиз (айниқса, иқтидорли ёшлар)нинг муваффақиятлари тарихига ҳам эътибор қаратилишини таклиф этаман. Бу ғояни “Қозоғистондаги 100 янги ном” лойиҳаси орқали амалга оширган маъқул”, деган эди. Элбошимизнинг лойиҳаси мустақиллик йилларида ўзининг ақл-заковати, меҳнати ва истеъдоди билан муваффақиятга эришиб, замонавий Қозоғистонни барпо этаётган, республикамизнинг барча минтақаларида яшаб, фаолият юритаётган турли этнос вакилларининг тарихини акс эттириш ва уларни жамиятимизга таништиришни кўзда тутади.

Бугун биз сизлар билан элимизнинг ОЛТИН жамғармасига кирган буюк шахслардан бири, ҳамюртимиз, ўзбекнинг асл фарзанди Хадичахон Рафиқова хусусида қалам тебратамиз.

“Маънавий янгиланиш” дастурига мувофиқ “Қозоғистондаги 100 янги ном” лойиҳаси ғолибларидан бири оддий ўзбек оиласида дунёга келиб, вояга етган 34 ёшли Хадичахон Рафиқовани ушбу муваффақият билан телефон орқали табриклаганимизда, у раҳмат айтиб, яқин кунларда Шимкент шаҳрида учрашиб қолиш эҳтимоли борлигини маълум қилди.

Улуснинг улуғ кунини Туркистон шаҳрида, қадрли қайнота ва қайноналари – элимизга таниқли шифокорлар Зайтуна ая ва Эркин ота Ғоиповларнинг катта хонадонида зўр тантана ва шоду хуррамликда кутиб олишгач, байрамнинг сўнгги кунида Шимкент шаҳрида Хадичахон Собиржон қизи билан учрашдим. Уни 2017 йилда эришган ютуқлари ҳамда Наврўз байрами билан табриклаб, отаси – Собиржон, аяси – Муҳтарамхон, бувижони Ҳабиба ая билан танишгач, ярим миллиондан зиёд ўзбеклар орасидан тўп ёриб чиққан “тулпор” билан суҳбат қурдим.

– Намунали оилада тарбия кўрганлигингиздан қисман хабардормиз. Ёшлигингиз ва талабалик йилларингиз ҳақида гапириб берсангиз.

– 1983 йил 9 октябрда Шимкент шаҳрида таваллуд топдим. Шаҳримиздаги Абай номли 27-сонли мактабнинг 7-синфини битиргач, қозоқ-турк мактаб-лицейида ўқишимни давом эттирдим. 2002 йили уни “Олтин белги”га тамомлагач, келгуси ҳаётимни ҳам билим хазинасини мукаммал эгаллашга бахшида этдим. Мақсадим: кимё соҳасининг чексиз имкониятларидан унумли фойдаланиб, Мустақил Қозоғистонимиз ва жаҳон илм-фани тараққиётига маълум даражада ҳисса қўшиш. Отамнинг оқ фотиҳасини олиб, Алматидаги Ал-Форобий номли қозоқ миллий университетининг кимё факультетига кириб, 2006 йили уни имтиёзли диплом билан тамомладим.

– Оилангиз тўғрисида қисқача маълумот берсангиз.

– Турмуш ўртоғим Давронжон Ғоипов билан 2006 йилнинг апрель ойида (университетни тугатиш арафасида) танишиб, ўша йилнинг июнь ойида тўйимиз бўлган. У Сулаймон Демирел номли Халқаро университетда проректорлик қилмоқда. Уч нафар фарзандимиз бор. Қизим Мавлуда 2016 йил фан олимпиадасида қатнашиб, ғолиб бўлди. Ўғилларимиз Абдуқодир ва Юсуфумарлар мактабнинг аълочи ўқувчиларидан.

– Университет-ку майли, магистратура, докторантурада ўқишингизга қаршилик бўлмадими?

– Асло, аксинча, биринчи навбатда куёвим, қайнота-қайнонам ва бошқа яқинларим ҳам қобилиятинг бўлса, ўқиганинг яхши, дейишди. 2006-2008 йилларда Евроосиё миллий университетининг магистратурасида, 2011-2014 йилларда Қозоғистон-Британия техника университети (ҚБТУ) докторантурасида таҳсил олиб, нефть-газ соҳаси бўйича Phd фан доктори илмий даражасига эга бўлдим.

– Меҳнат фаолиятингиз, тадқиқот ишингизнинг йўналишини ким белгилаб берган?

– Магистратурани битиргач, докторантурада ўқиш баробарида, Алмати шаҳридаги 

Қ. И. Сатбаев номидаги Қозоқ миллий техника-тадқиқот университетининг Кимёвий технологиялар кафедраси ҳамда Халқаро Қозоғистон-Британия техника университетида талабаларга нефть-кимё соҳаси бўйича 3 тилда (қозоқ, рус, инглиз) дарс берувчи сениор-лектор бўлиб фаолият юритиш билан бирга Элбошимиз Нурсултан Абишули 2013 йили қабул қилган “Яшил иқтисодиёт” концепциясига биноан, тадқиқот ишларини олиб бордик ва ажойиб натижага эришдик: нефть-кимё саноати корхонасида ўта муҳим ионли суюқликлар асосида янги экологик тоза катализаторларни кашф этдик. Тадқиқот ишларимизнинг йўналишини ўзимиз танладик.

– Кашфиётингиз ҳақида кўпгина яхши фикрлар эшитдик. Бунга эришиш осон бўлмагандир!?

– Мен 2011 йили ҚБТУ докторантурасига ўқишга тушган пайтдан эътиборан илмий-тадқиқот ишлари билан жиддий шуғулланиб, нафақат илмий даража олиш, балки, биринчи навбатда Қозоғистон илм-фани тараққиётига ҳисса қўшишга астойдил интилдим. Бу борадаги тажрибаларимнинг “яшил” кимё талабларига мувофиқ келишига, илмий жараённинг ҳар бир босқичида атроф-муҳитга зарар етказмасликка эътибор қаратдим. Натижада қисқа вақт оралиғида нефть ва нефтни қайта ишлаш соҳаси учун ўта муҳим ва ноёб родий-иридейли катализатор (нефть таркибини аниқлашда кимёвий реакцияни тезлаштирувчи экологик тоза кимёвий (кукун)ни кашф этдик. Бизнинг катализаторимиз бугунги кунда Америка, Япония, Туркия ва бошқа ривожланган давлатларнинг етук мутахассисларида катта қизиқиш уйғотмоқда.

– Сиз ушбу кашфиётингиз билан элга танилдингиз. Ўтган йили Астана шаҳрида ЭКСПО конгрес-марказида "Қозоғистондаги 100 янги ном" лойиҳаси ғолибларини тақдирлаш маросимида юқори минбардан туриб, нималарни гапирганингизни эслай оласизми?

– “Ҳурматли Нурсултан Абишули! Биз 2013 йили ўзингиз қабул қилган “Яшил иқтисодиёт” концепциянгизга асосланиб, нефть-кимё саноати корхонасида ўта муҳим ионли суюқликлар асосида янги катализаторлар тайёрладик. У экологик тоза, тежамли, хавфсиз ва улардан қайта ишлаш жараёнида фойдаланиш мумкин. Бугунги кунда дунёдаги нефть компаниялари 10 баравар кучайтирилган ҳаво босими остида ишқордан фойдаланади. Бу ўта хавфли ва жаҳон иқлимига салбий таъсир кўрсатади. Бизнинг катализаторларимиз эса оддий ҳавода тоза сув билан ишлайди. Яъни, юқорида айтилган хатарлар бўлмайди. Бу дунёвий яшил иқтисодиёт ва яшил кимёга катта кўмак бўлишига ишонамиз. Бир вақтлар мен Алматига отланаётганимда отам “қиз боланинг вазифаси – турмуш қуриб, бола тарбиялаш” деб ўқишимга қарши бўлганди. Бироқ мен илмга ҳам, хизматга ҳам, оилага ҳам улгурдим. Илмда муваффақиятга, ўз орзуимга эришиб, турмуш қуриб, 3 боланинг онаси бўлиб, отамнинг орзусини ҳам рўёбга чиқардим”, – деб Президентимизга юзланган эдим, Элбошимиз маърузамни маъқуллаб, тадбир иштирокчиларига қарата: "Мана шундай кўнгил кўзи очиқ, иқтидорли, ҳаракатчан, қобилиятли, оловқалб ёшларгина оила қурганда ўз соҳасига яқин, ақл-фаросатли, билимнинг қадрига етадиган шерикни танлаб, оила қурсагина, муваффақиятга эришади”, – деганида бошим осмонга етди.

– 2017 йил ҳаётингизда яна қандай унутилмас воқеалар содир бўлди?

– Қозоғистон Республикасининг Тўнғич Президенти куни арафасида “Қозоғистондаги 100 янги ном” лойиҳасида икки мингдан зиёд номзод ичидан ғолиб бўлдим. 

Сўнг, Қозоғистон Республикаси Таълим ва фан вазирлигига қарашли элимиздаги 79та олий ўқув юртидан иштирок этган 459 нафар малакали олим-устоз орасида етакчиликка эришиб, Таълим ва фан вазири Ерлан Сағадиев қўлидан мукофот ва 4 млн. 800 минг тенгелик давлат грантини ютиб олиш насиб этди, шунингдек, 2017 йилги “Олий ўқув юртининг энг яхши ўқитувчиси” унвонига сазовор бўлдим.

Ўтган йили кимё фанлари доктори, профессор Алексей Зазибин раҳбарлигида узоқ йиллар тадқиқ қилган: “Мотор мойларини экстрактив гугуртсизлантириш ҳамда азотсизлантиришга мўлжалланган металл таркибли ионли суюқликлар” мавзусидаги лойиҳамни ниҳоясига етказдим. 

Тадқиқот ишимнинг муҳимлиги шундаки, у Қозоғистон Республикасида “Евро-5” андазасига мос ёнилғи тайёрлашда жуда асқотади.

Ушбу лойиҳамизни амалга ошириш учун ўтган танловда 15 млн. тенгелик грантни ютиб олдик.

Бизнинг салоҳиятли истеъмолчиларимиз қаторида “ҚазМунайГаз – Өңдеу маркетинг” ҲЖ, “Компания Нефтехим ЛТД” МЧБ ва Қозоғистоннинг бошқа қатор нефть-кимё саноати корхоналари ва компаниялари ҳам манфаатдор эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.

– Келажакдаги ниятларингиз...

– Илмий-тадқиқот ишларимизнинг самарадорлигини ошириш мақсадида лабораториямизни кенгайтириб, унинг салоҳиятини юксалтириш, халқаро алоқаларни ривожлантириб, оламшумул аҳамиятга эга лойиҳалар устида ишлаш.

– Ажратган вақтингиз ва суҳбатингиз учун раҳмат!

Ҳайитмат МУҲИДДИНОВ, “Жанубий Қозоғистон” мухбири, 2018-04-09, 18:52 719
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.