26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Юртин айлаган обод – этилар доимо ёд!

Республика, вилоят миқёсида Қорамурт қишлоғининг шуҳратини таратган шахслар орасида Улуғ Ватан уруши иштирокчиси, кўплаб шогирдлар тарбиялаган устоз, меҳнат фахрийси, донгдор раҳбар ва моҳир ташкилотчи, маданият ва маърифат жонкуяри Пирназар Убайдуллаевнинг алоҳида ўрни бор. Меҳнат фаолиятини оддий ўқитувчиликдан бошлаб, жамоа хўжалиги раҳбаригача кўтарилган бу инсоннинг ҳаёти юрт равнақи учун хизмат қилишнинг ёрқин намунасидир. Отанинг олижаноб фазилатлари таърифини узоқ давом эттириш мумкин. Муҳими, у умрини она қишлоғи тараққиётига сафарбар этган фидойи, ватанпарвар ва ноёб шахс эди. 

Табаррук инсоннинг қутлуғ хонадонига ташрифим чоғида бунга яна бир карра амин бўлдим. Унинг фарзандлари – Алишер ва Холиддин Убайдуллаевлар кўмагида ўтган асрнинг 60-йилларида донг таратган колхоз раисининг шахсий архивида сақланаётган ҳужжатлар, фотосуратлар ва бошқа тарихий осори-атиқалар билан яқиндан танишдим. Илғор хўжаликнинг маккажўхорикорликдаги тажрибасини оммалаштириш учун чиқарилган маромномалар, мактаб директори, колхоз раиси лавозимига тайинлаш тўғрисидаги буйруқлар, Ғофур Ғулом, Миртемир, Совет Иттифоқи Маршали С. Тимошенко, Қозоғистон ССР Халқ маорифи вазири А. Закарин каби тарихий шахслар билан муҳрланган фотосуратлар жамланган жомадонни кўриб, завқландим ва ҳайратландим. Улар орасидаги санаси 1938 йил деб кўрсатилган маълумотномани ҳануз кўз қорачиғидек сақлаётган фарзандларига тасаннолар айтдим. Ота-оналаримиз акс эттирилган фотосуратлар, уларга тегишли буюмлар ёки ҳужжатларни асраб-авайлаш, ардоқлаш, эҳтиёт қилиш – асл қадриятларимизнинг ёрқин кўриниши мана шулар эмасми, ахир?!

***

Пирназар 1916 йил 1 майда Убайдулла ота ва Ҳошия она хонадонида таваллуд топди. Зийрак ва қобилиятли болакай бошланғич таълимни аввал Оқсувкентдаги Абай номли мактабда олди. Сўнг Чимкент шаҳридаги педагогика техникумида ўқишни давом эттириб, 1932 йили она қишлоғига қайтиб келди. Шу йилдан бошлаб Киров номли бошланғич мактабда тарих фани ўқитувчиси, сўнг, директор бўлиб ишлади.

Улуғ Ватан уруши бошлангач, армияга сафарбар қилинди. 89-сонли гвардиячи артиллерия полкида хизмат қилиб, Сталинград шаҳри учун бўлган қирғинбарот жангларда қатнашди. 1943 йили оёғидан яраланиб, қишлоққа қайтди ва ҳаётида туб бурилиш ясаган 1958 йилгача муаллимликни ва директорликни давом эттирди...

Пирназар отанинг ҳаёт йўли, маориф ва жамоа хўжалигидаги фаолияти ҳақида ўтган асрнинг 60-, 70-йилларида маҳаллий ҳамда марказий газета-журналларда кўплаб мақолалар эълон қилинган, ҳатто китоблар ҳам ёзилган экан. Шуларнинг бири – 1962 йили рус тилида чоп этилган Фёдор Чирванинг “Будущее создаётся их руками” китоби алоҳида эътиборга молик. У 1965 йили Тошкент шаҳрида “Келажакни яратувчилар” номи билан ўзбек тилида ҳам чоп этилади. Бу ҳужжатли қиссада Киров номли жамоа хўжалигининг ютуқлари, меҳнаткашларининг фаолияти муфассал ёритилган. Унда мактаб директори Пирназар Убайдуллаевнинг туман фирқа қўмитаси таклифи билан “ўттиз мингчилар” қаторида колхозга раисликка сайланиши, мазкур хўжаликнинг республикада биринчи бўлиб “Коммунистик меҳнат жамоа хўжалиги” деб эълон қилиниши ва бошқа воқелар батафсил ҳикоя қилинган. Ана шу пайтда қозоғистонлик киноижодкорлар томонидан “Кекса Мадаз ота боғи” номли ҳужжатли фильм ҳам суратга туширилади. Бу кинофильмнинг ғалтакли тасмадаги нусхасини Алишер ака кўз қорачиғидек асрамоқда. Афсусланарли жойи, унинг овозига путур етган, тиклашга ҳам имконият йўқ. “Оңтүстік Қазақстан”, “Южный Казахстан” ва Сайрам туман “Меҳнат байроғи” газеталарида Киров номли жамоа хўжалиги, унинг раҳбари тўғрисида ўша пайтда ёзилган русча, қозоқча, ўзбекча мақола, лавҳа, очеркларни бир-бир кўздан кечираман. Чунончи, журналист С. Кўпбаев “Меҳнат байроғи” газетасининг 1969 йил 20 февраль 22-сонида эълон қилинган “Қишлоқ фарзанди” очеркида: “Колхознинг қолоқлик ботқоғидан қутулиб, иқтисодий жиҳатдан кучли хўжаликка айланишида Убайдуллаевнинг хизматлари улкан бўлди”, деб ёзади. Дарҳақиқат, хўжаликнинг пешқадам жамоалардан бирига айланишида, эришилган иқтисодий муваффақиятлар замирида Пирназар отанинг раҳбар сифатидаги иқтидори, салоҳияти алоҳида ўрин тутади. Қисқа вақтда хўжаликда маккажўхори етиштириш, уруғчилик, боғдорчилик, чорвачилик соҳаларида катта ютуқлар қўлга киритилди. Унинг саъй-ҳаракати ва куюнчаклиги туфайли, шунингдек, СССР Олий Кенгаши Раёсати раиси А. И. Микоян номига ёзган мактубидан сўнг “Кент – Балдиберек” каналининг қурилиши бошланди. Қарийб 600 гектар майдонни эгаллаган, ҳануз Қорамуртнинг фахри саналадиган “Кексаобод” боғини яратиш ташаббускори ҳам айнан Пирназар ота бўлган.

Пирназар Убайдуллаев ҳақиқий зиёли инсон эди. Шунинг учун ҳам раҳбарликка келгач, колхозчиларнинг маданий ва маънавий камол топишига, ҳордиғига алоҳида эътибор қаратди. Унинг ташаббуси билан тузилган халқ театри бирмунча муддат фаолият кўрсатди. Жамоа хўжалигида “Колхозчилар ҳақиқати” газетаси ҳам чоп қилинди. Ота раислик қилган йилларда қишлоқ марказида истироҳат боғи барпо этилиб, фермалар қурилди, касалхона, гараж, ҳаммом, маиший хизмат кўрсатиш бинолари қад ростлади. Қишлоқ аҳолиси газ ва ичимли сув билан таъминланди. С. Киров ва 

Ю. Гагарин номли мактабларнинг янги бинолари бўй чўзди...

Пирназар отанинг ҳалол меҳнати шараф ва қадр топди, ҳақли равишда давлат ва ҳукуматнинг турли даражадаги мукофотлари – “Қозоғистон ССР халқ маорифи аълочиси” унвони, қатор жанговар медаллар, фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди, унга республика миқёсидаги шахсий нафақа белгиланди.

***

Пирназар ота умр йўлдоши Фароғат ая билан 10 фарзандни тарбиялаб, вояга етказишди. Тўнғич ўғли – Тельман Тошкент тиббиёт институтида таҳсил олиб, 40 йил шу даргоҳда устозлик қилди, тиббиёт фанлари доктори, профессор бўлди, ҳозирги кунда нафақада. Жалолиддин ҳам Тошкент шаҳридаги Қибрай мевани қайта ишлаш заводида директор ўринбосари лавозимида ишлаб, нафақага чиққан. Алишер Шимкент шаҳридаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида узоқ йиллар мураббийлик қилди, ҳозир нафақада. Дилбар Қорамурт қишлоғидаги 1-сонли гимназия-мактабида ишлаб, фахрий ҳордиққа чиқди. Холиддин эса Пирназар ота раис бўлган жамоа хўжалигига раҳбарлик қилди, эндиликда нафақада. Матлуба падари бузруквори ишлаган Киров номли мактабда устозлик касбини ардоқлаб келмоқда. Жамолиддин эса олий тоифали шифокор, Шимкент ва Ленгер шифохоналарида анестезиолог-реаниматолог бўлиб ишлайди. 

Афсуски, оилада йўқотишлар ҳам бўлди. Зироатшунос олим, Сирдарё вилоятидаги совхозларда самарали меҳнат қилган Фарҳод 2007 йилда, педагогика техникумини битириб, кўп йиллар болалар боғчасида тарбиячи бўлиб ишлаган Замира 2008 йилда ҳаётдан ўтишди.

Убайдуллаевлар сулоласининг кейинги вакиллари – невара-эваралар ҳам турли жабҳаларда меҳнат қилиб, ҳаётда ўз ўринларини топишмоқда.

***

Табаррук хонадонни тарк этаётиб:

– Пирназар ота тўғрисида янги даврга мослаб китоб ёзиш керак экан, – дедим бой архивга ишора қилиб. – Булардан бошқалар ҳам баҳраманд бўлгани яхши-ку!

Холиддин аканинг рафиқаси, инглиз тили ўқитувчиси Қурвоной опа бу ишни ҳаётдан эрта кетган қизи Гулчеҳра (Аллоҳ раҳматига олсин!) бошлаганини, ҳозирги кунда уни ёзишни ўзи қўлга олганини айтиб, компьютер нусхаси билан танишишга таклиф қилди. Шу жойнинг ўзида 37-сонли мактабда ўқитувчилик қилаётган Убайдуллевлар авлодининг яна бир вакили – Воҳиддиннинг кўмагида китоб лойиҳаси билан танишиб чиқдим. Холис фикр эшитмоқчи бўлган оила аъзоларига китобнинг қизиқарли ва равон ёзилгани, уни давом эттириш ва тугатиш кераклигини таъкидладим. Унга Пирназар отани таниган, билган ҳамюртларининг эсдаликларини, рангги сарғайган ҳужжатларда акс этган тарихий воқеаларнинг тафсилотларини киритиш айни муддао бўлишини эслатдим. Қолаверса, бу – Пирназар отанинг хотирасини абадийлаштириш борасида шу пайтгача қилинган хайрли ишларнинг давоми бўлади. 

Айтганча, Қорамурт қишлоғидаги 6-сонли С. Киров номли мактабда отанинг номида синфхона мавжуд, 37-сонли мактабда унинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган музей ҳам ташкил қилинган. Шу мактабга унинг номини бериш таклифи эса Сайрам тумани ономастика комиссиясида қаралмоқда. 

Нима бўлганда ҳам, эл-юрт равнақи йўлида чинакам фидойилик билан меҳнат қилган шахснинг сиймоси ҳамюртлари ёдида доимо сақланажак. Пирназар отадан қолган мерос – унинг Қорамурт қишлоғини обод ва кўркам қилиш, тараққий эттириш ниятида амалга оширган ишларини миннатдор ҳамюртлари унутмайди. 

Зокиржон МЎМИНЖОНОВ. Тасвирларда: Қозоғистон ССР Халқ маорифи вазири А. Закарин билан мулоқот чоғида, 2018-04-10, 11:34 999
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.