26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Адолат мезони

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Отам мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордилар ва: «Эй, Аллоҳнинг Расули, гувоҳ бўлинг, мен Нўъмонга ўз молимдан буни бердим», деди. «Ҳамма ўғилларингга, шунга ўхшаш бердингми?» – дедилар у зот. «Йўқ», деди. «Бунга мендан бошқани гувоҳ қил», дедилар ва сўнгра: «Сени уларнинг барчаси сенга бирдек яхшилик қилиши хурсанд қиладими?» – дедилар. «Ҳа», деди. «Ундоқ бўлса, нега меросни тенг бўлмадинг!» – дедилар». Бошқа бир ривоятда: «Аллоҳга тақво қилинглар ва фарзандларингиз орасида адолатли бўлинглар», дейилган.

 (“Мерос китоби”дан).

Қозоғистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1070-1086 моддаларига биноан, мерос очилган жойдаги давлат нотариуси меросхўрларнинг ёзма аризаларига кўра меросга эгалик ҳуқуқи ҳақида гувоҳномалар беради. Меросни қабул қилиш ҳақидаги аризалар нотариуслар томонидан тегишли тартибда тасдиқланган бўлиши лозим. Шунингдек, юртимизда мулк, шу жумладан, меросхўрлик Қозоғистон Республикаси Конституциясининг 26-модда 2-банди бўйича қонун билан ҳимояланган. 

Мерос ва меросхўрлик ҳақида диннинг ҳукми қандай? Газетхонларимизнинг илтимосларига кўра ушбу мавзуда вилоятнинг бош имоми Ахметжан Керимбекка мурожаат қилдик.

– Мерос «Виросатун» сўзидан олинган бўлиб, маънавий ёки молиявий ҳаққа эга бўлиш дегани. Яъни, бирор нарсанинг бир шахсдан бошқасига ўтишидир. Шунга кўра “Мерос” мол, бойлик, илм, улуғликни ўз ичига олади, – деди у. – Қадимда шахснинг вафотидан кейин унинг хусусий мулки урф-одат бўйича марҳумнинг фарзандлари эгалигига ўтган. Шунингдек, айрим мажбурият ҳуқуқлари, масалан марҳум ҳаётлигида олган қарзини қайтариш ҳам фарзандлар зиммасига қўйилган. 

Шариат қоидаларида, хусусан Қуръонда ҳам меросга доир масалалар ёритилган. Унга кўра меросхўрларнинг марҳумга қариндошлигининг узоқ-яқинлиги ҳисобга олинган ҳолда, навбати билан мерос олиш учун чақирилган. Марҳумнинг оиласи бўлмаган тақдирдагина ота-оналар ўз фарзандининг мулкидан мерос олган. 

Бир мусулмон киши вафот этса, унинг мол-мулки аввало, дафн маросимларига, бўйнидаги қарзларига ишлатилади. Ундан ортилгани эса мерос сифатида аёли(эри)га, қизи, ўғли ва яқинларига тақсимланади. Ота-онасига ҳам берилиши мумкин. Ҳар бир миллатнинг ўз удумлари бўлгани каби, қозоқларда ҳам мерос қолдиришнинг ўзига хос анъанага айланган қоидалари мавжуд. 

Муқаддас Қуръони Каримнинг «Нисо» сурасида мерос масаласига доир қуйидаги ҳукм битилган: «Аллоҳ таоло фарзандларингизга (тегишли мерос) ҳақида бир ўғил учун икки қиз улуши баробарида мерос беришни амр қилур. Агар меросхўрлар иккидан ортиқ аёл бўлса, уларга эр қолдирган нарсанинг учдан иккиси, агар якка қиз бўлса унга (мероснинг) ярми тегур. Агар марҳумнинг фарзанди бўлса, ота-онасининг ҳар бирига қолдирган меросидан олтидан бири тегур. Энди, агар фарзанд бўлмай, фақат ота-она меросхўр бўлса, у ҳолда онасига учдан бири тегур (қолгани эса отасига тегур). Агар (марҳумнинг) ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир(ҳақ) тегур. Бу тақсимотлар марҳум қилган васият ва унинг қарзлари адо этилганидан кейин бўлур. Ота-оналарингиз ва фарзандларингизнинг қайси бирлари сизлар учун фойдаси тегувчироқ эканини билмайсизлар. (Бинобарин, ўзингизга қолса, мерос тақсимотини ҳам адолат билан ҳал қила олмайсиз. Шу боисдан кимга қанча мерос тегиши) Аллоҳ таоло томонидан қатъий фарз қилиб қўйилди. Албатта, Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир». 

«Сизларга хотинларингиз қолдирган меросдан – агар улардан фарзанд қолмаган бўлса ярми тегур. Энди агар уларнинг фарзандлари қолган бўлса, сизларга уларнинг меросидан тўртдан бири тегур. Бу (тақсимотлар) марҳума қилган васият ва унинг қарзлари адо этилганидан кейин бўлур. Уларга (хотинларингизга) сизлар қолдирган меросдан – агар сизлардан фарзанд қолмаган бўлса –тўртдан бири тегур. Энди агар сизларнинг фарзандларингиз қолган бўлса, уларга сизнинг меросингиздан саккиздан бири тегур. Бу (тақсимотлар) сизлар қилган васият ва қарзларингиз адо этилганидан кейин бўлур. Агар мероси қолаётган эркак ва аёлнинг на ота ва на онаси бўлиб (она томонидан) бир ака ёки укаси ёхуд бирон опа ёки синглиси қолган, бўлса уларнинг икковидан ҳар бирига олтидан бири тегур. Энди агар улар бирдан ортиқ бўлсалар, улар мероснинг учдан бир ҳиссасига тенг шерик бўлурлар. (Бу тақсимотлар) меросхўрларга зарар етказмайдиган ҳолда қилинган васият ва қарзлар адо этилганидан кейин бўлур. (Бу ҳукмлар) Аллоҳ таоло томонидан бўлган амр фармондир. Аллоҳ билгувчи ва ҳалимдир» («Нисо», 11-12-оятлар).

Кимга қанча мерос бериш борасида турли мунозаралар қадимдан бор. Одатда, ана шундай тортишувларга чек қўйиш учун васиятнома ёзилади. Васиятнома эса кимга оз ёки кимга кўплигидан қатъиназар, энг сўнгги ҳукм, қарордир. Ва буни тасдиқлайдиган расмий ҳужжат бўлиши лозим. Агар васиятнома қолдирилмаган бўлса-чи? У ҳолда мерос қонунда белгиланган навбат бўйича тақсимланади: фарзандлари, хотини, ота-онаси, невара-чеваралари; ака-ука, опа-сингиллари, бува-бувиси, жиянлари; амаки-тоғалари, амакивачча-холалари; катта бува-бувилари, жиянлари, амакивачча, холаваччаларининг фарзандлари. 

Агар бундай яқин қариндошлари бўлмаса, ўгай ака-укалар, опа-сингиллари қолдирилган мулкка эгалик қилишлари мумкин. Лекин, улар камида 10 йил меросхўр билан бирга яшаган бўлишлари керак.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, нотариус хизмати бепул эмас. Васиятни тасдиқлаш – 6363 тенге, меросхўрлик тўғрисидаги гувоҳнома бергани учун 8484 тенге тўланади.   

Дилбар САЪДУЛЛА қизи, 2018-05-22, 10:37 784
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.