26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Танқид – келажакнинг меваси

Нега қишлоқ хўжалик маҳсулотлари қиммат? 

Вилоят ҳокими Жансейит Туймебаев журналистлар билан учрашувда танқид бор жойда ривожланиш бўлади, деган эди. Мен бу фикрга қўшиламан. 

Қоғозда, ҳисоботларда қойил қилиб ташлаб, амалда хўжакўрсинга ишлашни одатга айлантирган амалдорларнинг даври тугади. Президентимиз. Нурсултан Назарбаевнинг «Келажакка йўлланма:маънавий янгиланиш» мақоласини ўқиган ҳар бир одам бунга амин бўлади. 

«Жанубий Қозоғистон» газетаси ҳам жамиятимиздаги камчиликларни танқид остига олаётгани ва натижа кутилгандан зиёд бўлаётгани кўнгилларни қувонтиради. Чунончи, «Китоб – маънавият сарчашмаси» мақоласини ўқиган муштарий уйга қайтишда фарзандига битта китоб олиб борган бўлса, биз яна ўша кийилмаган дўппимизни осмонга отиб хурсанд бўлардик. Чунки, ўқиганига амал қилиш муҳимдир. Донишмандлардан бири: “Илмга амал қилмайдиган олим уйи тўла дори-дармон бўлатуриб, дори тополмай юрган хастага ўхшайди”, деган экан. Агар ҳамма ўқиганларимизнинг ҳеч бўлмаганда ярмига амал қилиб борганимизда ҳам бугун ҳаётимиз янада фаровонлашган бўлармиди? 

Баъзан шундай: кўринишдан гўё ҳамма тиним билмай ишлайди. Лекин самара, натижа, барака йўқ. Ишга, ўз вазифасига қўл учида ёндашиш қандай оқибатларга олиб келаётганлигини тушунтириш учун бир мисол келтирай. 

Олдингизга иккита кўйлак қўйишди. Бири хорижда (Хитойда эмас) ишлаб чиқарилган, иккинчиси ўзимизда. Қайси бирини танлайсиз? Албатта, хорижникини. Чунки, у сифатлироқ. Энди савол туғилади. Нима учун хорижликлар сифатли маҳсулот ишлаб чиқара олишади-ю, ўзимизникилар буни уддалолмайди? Эҳтимол, уларнинг техникаси зўрдир. Ундай бўлса, биз ҳам шундай техника ихтиро қилишимиз мумкин-ку. Ахир, уларда бор бош, қўл, оёқ бизда ҳам бор. Қолаверса, олий ўқув юртларини ҳар йили минглаб талабалар битириб, мутахассислик дипломини олишмоқда. Улар нима иш қилишяпти? 

Хўп, майли, бу технология билан боғлиқ жиҳатлар бўла қолсин. Биз ҳозир ҳатто технология талаб қилмайдиган оддий маҳсулотларимизни ҳам сифатлироқ чиқаришга ҳаракат қилмаймиз. Чунки, бизни маҳсулот сифати, ишнинг самараси қизиқтирмайди. Фикру хаёлимиз фойда олишда бўлади. Тўғри, ҳамма ҳам фойда олишни кўзлайди. Аммо бунинг учун, аввало, маҳсулотини халққа ёқадиган, сифатли қилиб ишлаб чиқариш лозим. Сўнгра фойдадан умид қилиш ярашади. Биз эса, маҳсулотни эгасига етгунча қилиб тайёрлаймиз-да, хаёлимизда жарақ-жарақ пул санаймиз. Бизда ҳосилни етиштирган деҳқон бир четда қолиб, маҳсулот баҳосини олибсотарлар белгилайди. Бир олибсотардан иккинчиси олиб, тўрт-беш баравар қимматига сотилади. Натижада, савдогар деҳқонникидан анча кўп фойда олади. Чорвачиликда ҳам шу аҳвол. Буларнинг бари Ғарбдан кириб келаётган салбий сабоқлар. Фараз қилинг, сиз уйингизни сотмоқчисиз. Ғарбда бу иш билан маклер шуғулланади. У келиб, сиздан қанчага сотишингизни сўрайди. Сиз 20 минг доллар дейсиз. Маклер харидор топиб, сизнинг уйингизни 100 минг долларга сотади, устидаги 80 минг долларни ўзига олади. Қишлоқ хўжалигимизда ҳам мана шундай маклерлар кўпайиб бораётгани ташвишга солади. “Нега бизда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари қиммат?”, деган саволга яна жавоб излаб кўрамиз. 

Рақобатбардошлик – давр талаби

Элбошининг рақобатбардошлик ҳақидаги Мактубини ўқиган одам бир олам таассурот олади. Давлатимиз чорвадор ва деҳқонларимизнинг рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришлари учун барча имкониятларни яратиб бермоқда. Чунончи, наслчилик хўжалиги очиб, зотдор моллар етиштираётган чорвадорларга катта миқдорда субсидия берилмоқда. Экиннинг ҳосилдор навларини етиштириш билан шуғулланаётган деҳқонлар ҳам давлат ғамхўрлигида.

Элбоши «Қозоғистон йўли – 2050: ягона мақсад, ягона манфаат, ягона келажак» Мактубида «Келажак – аграр соҳада, асосан кичик ва ўрта бизнес шаклида янги қайта ишлаш корхоналари тармоғини яратишдадир», деб бежиз айтмади. Фермерлар воситачиларсиз узоқ муддатли молиялаштириш ва сотиш бозорларига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга бўлишлари керак. Қишлоқ товар ишлаб чиқарувчилари қарзларини кафолатлаш ва суғурталашнинг самарали тизимини яратиш долзарб муаммодир. Қозоғистон гўшт, сут ва деҳқончилик маҳсулотининг йирик минтақавий экспортчисига айланиши учун вилоятимизда кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Давлатимиз белгилаган яна бир вазифа – кўп сув талаб қиладиган паст рентабелли экинларни етиштириш ҳажмини камайтириш ва уларни сабзавот, ёғ ва ем-хашак маҳсулотларига алмаштириш йўли бўйича ҳаракатланиш. Қабул қилинган “Яшил” иқтисодиётга ўтиш концепциясига биноан 2030га бориб экин майдонларининг 15 фоизини сувни тежовчи технологияларга ўтказиш.

Элбоши «Тўртинчи саноат инқилоби шароитларида ривожланишнинг янги имкониятлари» Мактубида белгилаган учинчи вазифа “Ақлли технологиялар” – агросаноат мажмуасини ривожлантиришда олға сапчиш имконияти», деб номланади.

Унда, мамлакатимизнинг аграр сиёсати меҳнат унумдорлигини тубдан оширишга ва қайта ишланган маҳсулотни экспорт қилишни ўстиришга қаратилган бўлиши керак, дейилган. 

Дарҳақиқат, аграр фанларини ривожлантириш, экспериментал аграр-инновациявий кластерларни яратиш – давр талаби. Даврдан орқада қолмаслигимиз ҳамда табиий озиқ-овқат ишлаб чиқариш билан бир қаторда, сувсизликка чидамли экинлар етиштиришни йўлга қўйишимиз керак.

Замонавийлашув жараёнидан ортда қолаётган баъзи хўжаликларнинг ҳолати дарёнинг нариги четида турган гулни кўриб, завқланаётган, аммо ўша гулга етиш учун дарёни кесиб ўтолмаётган одамни эслатади. Гулга етишиш учун бироз меҳнат қилиш керак. Улар эса осонроқ йўлни қидиради, бироқ, мақсадга эришолмайди. 

Хитой 1, 3 миллиард одамдан орттириб, ишлаб чиқарган маҳсулотини экспорт қилмоқда. Голландиялик деҳқон ва чорвадорлар режадан ортиқ етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари учун жарима тўлашади.

Бизнинг деҳқону чорвадорларимизнинг уларга ҳавас қилиши аниқ. Лекин бундай ривожланишга эришиш учун бизда нима етишмаяпти? Уларнинг қандай сири бор? Балки Оловуддиннинг сеҳрли чироғини топиб олишгандир – бунчалик ривожланиб, фаровон ҳаётга эришишса?! Йўқ, уларда сеҳрли чироқ ҳам йўқ, қолаверса, ривожланишининг ҳеч қандай мураккаб сир-асрори ҳам йўқ. Улар ҳар бир ишга жиддий ёндашиб, ўз вазифасини сидқидилдан бажарадилар, холос.

 Сифатли ишга қачон эришамиз?

“Мендан кетгунча, эгасига етгунча» қабилида иш қилаётганлар оз эмас. Ҳатто, баъзи йирик ташкилотлар тендерда ютиб олган бинонинг қурилишини тугатмай, фойдаланишга топшириб юбораётган ҳоллар учрамоқда. Топширилгандан кейин сувоғи кўчиб тушаётган деворларга нима дейсиз, бунга ҳам янги технологиялар етишмаслиги сабабми?

Бу ерда юзакилик қилмай, ишни сидқидилдан бажариш талаб қилинади, холос. Шундай ҳолатдан сўнг буюртмачи ташкилот ўша шоввозларга буюртма беради, деб ўйлайсизми? Йўқ, албатта. Озгина қиммат бўлса ҳам бошқа фирмага мурожаат қилади. 

Давлат катта миқдорда пул ажратиб, вилоятимиздаги чекка қишлоқларда инфратузилма тизимини барпо этди. Лекин, кўп қишлоқ ва шаҳарларда йўллар торлиги, сув қувурлари ёрилганлиги, электр тармоқларининг хўжакўрсинга ўрнатилгани аниқланди. Ҳатто, махсус дастур бўйича Тўлебий туманида сув қувури қурилишида катта камомад аниқланиб, айбдорлар жиноий жавобгарликка тортилди. 

Қалбакилик давом этаверса...

Қалбакилик давом этаверса, қандай қилиб ривожланишимиз мумкин? дея савол беради бир блогер. – Ахир амалда хўжакўрсинга ишлаймиз, аммо қоғозда, ҳисоботларда қойил қилиб ташлаймиз. Ўқиб, танишиб кўрган одам, булар зўр экан, деб ўйлайди. Чунки ҳаммасини бўяб кўрсатишга ўрганганмиз. Агар шу пайтгача оғиздаги гапларимизнинг, юқори ташкилотларга берган ҳисоботларимизнинг ҳеч бўлмаганда ярмини амалда сидқидилдан бажарганимизда ҳам анча олға силжиган бўлардик. 

Энг ачинарлиси, ўша ҳисоботларни ҳеч ким ўқимайди. Ўқигач, келиб тўғри-нотўғрилигини текширмайди. У ҳолда ёлғон ҳисоботнинг кимга кераги бор? Агар келиб текширса, ҳисобот ёзишнинг нима зарурати бор? Қоғозни исроф қилмай, кимларнидир фойдали ишдан қолдирмай, амалда келиб, текшириб қўя қолиш мумкин-ку. Кўряпсизми, бу ерда ҳеч бир мантиқ йўқ. Ҳамма гўё ишлаяпти, самара эса йўқ. Ҳамма бир-бирини, аниқроғи ўзини алдаганидан хурсанд.

Илгари ОАВ фақат давлат тасарруфида бўлар ва биронта ҳам ёлғон ахборот берилмасди. Ҳозир эса сариқ матбуот «мевалари» кўпайиб, ёлғон, одамларнинг шахсиятига тегадиган хабарларнинг чеки йўқ. Ижтимоий тармоқлар ҳам бундан мустасно эмас. 

Номига ёзилган ҳисобот билан ҳаётимизда бирон бир ўзгариш бўлмайди. Ҳаммаси қоғозда қолиб кетади. Буни ҳаммамиз тушунамиз. Аммо барибир хўжакўрсинга ишлайверамиз. Агар фаровон ҳаётни орзу қиладиган бўлсак, шунга яраша ишлашни ҳам ўрганайлик. Камчиликларни рўйи рост кўрсатишни, холис танқидни тўғри қабул қилишни ўрганайлик. Шундагина мамлакат маҳсулотлари кўпайиб, қишлоқ хўжалиги ва саноат ривожланади. Олмани Эрондан, сабзавотни Ўзбекистондан, тухумни Хитойдан, товуқ гўштини Америкадан олиб келишни тўхтатиб, юртимизнинг озиқ-овқат дастури ривожига ҳисса қўша оламиз.

Авазхон АБДУФАТТОҲ ўғли, 2018-08-02, 11:14 674
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.