26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Дўстлик ва меҳр-оқибатдан ободдир ҳаёт

Мустақил Қозоғистонимиз – бугунги кунда 130дан зиёд миллат ва элат вакиллари тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро ҳамжиҳатлик шароитида аҳил-иноқ яшаб, меҳнат қилаётган бепоён мамлакатдир. Қозоғистонни халқлар дўстлиги юрти, деб, бежиз айтишмаган. Гўзал диёримизда асрлар давомида бирга яшаб, бағрикенглик, тинчликпарварлик, саховат ва меҳр-оқибатлилик фазилатларини улуғлаб келаётган халқимиз ҳақиқатан ҳам бебаҳо бойлигимиздир. Президентимиз Нурсултан Назарбаев Қозоғистоннинг асосий бойлиги – ер ости бойликлари эмас, балки кўпмиллатли халқнинг тинч-тотув ва ҳамжиҳатликда даврон суришидир, деган эди бир суҳбатида. 

Қозоғистон аталмиш умумий уйимизда ҳукм сураётган тинчлик, барқарорлик ва осойишталикнинг энг муҳим асоси ҳамда гарови бўлиб хизмат қилмоқда. Қозоғистон халқи Ассамблеяси бу фикримизнинг ёрқин далилидир. Вилоятимизда фаолият юритаётган этномаданият бирлашмалари ўлкамиздаги миллатлараро ва фуқаролараро тотувликни янада мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқдалар. Улар деярли барча давлат байрамлари арафасида фестиваль ва турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказиб туришади. Вилоятимизда истиқомат қилаётган рус, корейс, турк, тожик, немис ва бошқа миллат вакилларининг бадиий чиқишлари, ҳар бир этноснинг ўзига хос кўргазмалари намойиш этилади. Санъат эса, азал-азалдан халқларни бирлаштирувчи омиллардан бири бўлиб келган.

 Бир сўз билан айтганда, бундай байрамлар чоғида вилоятимиз шаҳар ва қишлоқлари шодликларга бурканади. Наврўз байрами, муқаддас Рамазон ойида ҳамма бир-бирига меҳр-мурувват кўрсатади. Дўст дўстнинг султони, деган қадимий калом яна бир бор ўз исботини топади.

 Ўхшаши йўқ бу гўзал бўстон – Қозоғистонимизда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик, ҳурмат муҳити абадул-абад эканлигига имон келтириб, дўстлик, меҳр-оқибат, бирлик, бирдамлик ришталари ҳеч қачон узилмаслигини тилаб коладиган инсонларнинг эса саноғи йўқ. Тўлебий туманда эълон қилинган «Бирлигимиз ярашган» акцияси доирасида биз ҳам этномаданият бирлашмалари раислари билан суҳбат ўтказиб, уларнинг бу борадаги фикр – мулоҳазалари билан танишдик. Қуйида уларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 Анормат САРТОЕВ, туман ўзбек этномаданият бирлашмаси фахрий раиси, Тўлебий туманининг фахрий фуқароси:

 – Миллий туйғулар инсонга Аллоҳ томонидан берилган юксак неъматдир. Чунки, миллат борки, унинг миллий туйғуси ҳам бор. Миллий туйғулар миллатнинг эҳтиёжини, манфаатини, тенглигини ифодалайди.

 «Миллатлар бирга кечаётган ижтимоий ҳаёти давомида бир-бирларининг маданияти, тили, урф-одатларини ҳам бойитадилар», деган эди Президентимиз Нурсултан Назарбаев «Хотирани қадрлаш, бирдамликни мустаҳкамлаш» рисоласида. Дарҳақиқат, миллий туйғу қудратли руҳий ҳолатки, у туфайли тарихий бирлик, қон-қариндошлик, тил, маданият, маънавият, иқтисодий ҳаёт ва келажак бирлиги миллат вакилларининг қалбидан чуқур ўрин олади. Туманимизда истиқомат қилаётган ўн етти минг ўзбек аҳолиси давлатимизнинг миллатларга эътиборидан мамнун, фарзандларимиз она тилида мактабларда ўқишмоқда, газета ва журналларни ўз тилимизда мутолаа қиламиз, ўзбек миллий театримизни эса Давлатимиз раҳбари шахсан келиб очди. Ўз тилида олий ўқув юртида ўқийман, деганларга эса ҳамиша эшик очиқ. Қозоғистонда Ўзбекистон йили муносабати билан икки давлат ўртасида талабалар алмашиш йўлга қўйилиш арафасида. 

 Лидия МЕХЛИК,туман немис этномаданият бирлашмаси раиси:

– Президентимиз Нурсултан Назарбаев «Фуқароларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тўғрисидаги” Қонунни имзолашида ҳам катта маъно бор. Ватанпарварлар юртининг келажаги бор. Немис диаспораси туманда кўпчиликни ташкил қилмасада, этномаданият бирлашмамиз доим пешқадамлар қаторида, фаолиятини йилдан-йилга кучайтириб бормоқда. Муҳими, ҳеч бир байрамимиз туманда фаолият юритаётган бошқа миллий этномаданият бирлашмалари вакилларисиз ўтмайди.

Мухтазим ТОЙИРОВ, туман турк этномаданият бирлашмаси раиси:

 – Шу нарсани таъкидлаш жоизки, бир миллат зиёлиси ўз миллатини кўкларга кўтариб, фазилатларини бўрттириб кўрсатиб, бошқа халқларнинг миллий туйғуларини камситмаслиги зарур. Бу борада эҳтиёткорлик, зийраклик, ҳушёрлик билан оқилона иш тутиш талаб қилинади. Яъни, Ўлжас Сулейменов таъкидлаганидай, «Даштни улуғлаб, тоғни камситма».

Ватанга садоқат – қайси миллатга мансуб бўлишимиздан қатъиназар, барчамизнинг фарзандлик бурчимиздир. Ватан ва миллат туйғуси, бу – халқимизнинг олтин мероси, анъаналари, тили ва маданиятига ҳурмат билан қарашдир. Биз, туркийлар, туркийлар тарихини ўрганиш билан бир қаторда, юртимизнинг тарихини ўрганиб боришимиз керак. Фурсатдан фойдаланиб, сўнгги йиллардаги Қозоғистон ва Туркия ўртасидаги иқтисодий ва маданий алоқаларнинг тобора ривожланиб бораётганини фахр билан тилга олмоқчиман. Улар орасида қувонарлиси – Туркия мамлакати барча туркийлар учун кун-тун тўхтовсиз ишлаб турадиган «АVAZ» телеканалини очди ва у сунъий йўлдош орқали эфирга узатилмоқда, уни ер юзининг истаган бурчагидан туриб, томоша қилиш мумкин. Август ойидан бу телеканалда «Қозоғистон киноси ойлиги” бошланди. 

Жорий йил 25 июнда ўтган олий даражадаги учрашув ва мулоқотлар якунида Қозоғистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликнинг турли соҳаларига доир 20дан зиёд ҳужжат имзоланди. Улар орасида Президентлар Нурсултан Назарбаев ва Режеп Таййип Эрдўғон томонидан имзоланган давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти алоҳида ўрин тутади. Имзоланган ҳужжатлар ва эришилган келишувлар икки давлат муносабатлари ва қардош халқлар дўстлигини ҳар томонлама мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Б. ДЎСМАТОВА, 2018-08-16, 11:12 795
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.