26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қозоғистон-Ўзбекистон: талабалар алмашиш йўлга қўйилади

Қозоғистонда Ўзбекистон йили муносабати билан Шимкент шаҳрида ўтаётган Қозоғистон-Ўзбекистон минтақалараро форуми доирасида шаҳримиздаги Қозоғистон муҳандислик-педагогика халқлар дўстлиги университети раҳбарияти Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Сайдикром Ниёзхўжаев билан учрашув уюштирди. Учрашувда томонлар икки томонлама муносабатларни ривожлантириб, илмий-амалий тажриба алмашувини йўлга қўйишни айтишди. Тадбирни университет ректори Рабиға Қуатбекова очиб, дорилфунун ҳаёти билан таништиришдан бошлади.

– Университетимиз 2000 йили қозоқ-ўзбек муҳандислик-педагогика университети бўлиб очилган. Кейинчалик, у Халқлар дўстлиги университети бўлиб ўзгартирилди. Ҳозирги кунда бу ерда 7 мингга яқин талаба таълим олиб, 220 нафарга яқин ўқитувчи-мураббий, фан доктори сабоқ беради. Дунёнинг турли давлатларидан, чунончи, Туркманистон, Афғонистон, Россия, Хитой, Монголия ва бошқа хорижий давлатлардан талабалар келиб, илм сирларидан бохабар бўлишмоқда. Ўзбекистоннинг қатор университетлари билан алоқалар яхши йўлга қўйилган. Ҳатто қўшни давлатда ваколатхонамиз ҳам бор. Университетимиз қарамоғида 4та корпус ва 2та коллеж мавжуд бўлиб, талабаларимиз уч тилда таҳсил олишмоқда. Ҳозирги кунда Таълим ва фан вазири 

Е. Сағадиевнинг ташаббуси билан университет ҳудудини улғайтириш ҳамда қўшни давлатлардан талабалар қабул қилиш ва келгусида қўшимча ётоқхоналар очишни йўлга қўймоқдамиз, – деди Рабиға Абдимусақизи. 

Университет жамоаси яқин кунларда ўзининг 20 йиллик юбилейини нишонлаш тараддудида. Ректорнинг таъкидлашича, университетда таҳсил олаётган талабалардан 586 нафардан зиёдига ижтимоий ва имтиёзли қўллов кўрсатилмоқда. 

– Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида абадий дўстлик шартномаси имзоланганига ҳам анча йил бўлди. Ўтган вақт мобайнида икки давлат ўртасида яхши муносабатлар йўлга қўйилди. Иқтисодий, ижтимоий алоқаларимиз жадал ривожланиб, борди-келди муаммолари ҳам анча яхшиланди. Чегараларда ҳеч қандай муаммо йўқ. Қозоқнинг ўзбекни ўз оғам, дейиши бежиз эмас, албатта. Раҳбарларимиз айтганидай, ўзбек билан қозоқ азалдан дўст ва бу дўстликни ҳеч ким бузолмайди. Раҳбарлар келади, кетади, лекин, ўзбек билан қозоқнинг дўстлиги абадий қолади, – деди Сайдикром Фарҳод ўғли. 

Фурсатдан фойдаланиб, Элчига саволлар билан мурожаат қилдик.

– Ушбу университетга ташрифингиздан мақсад нима?

– 20 йил муқаддам илк маротаба, қозоқ-ўзбек муҳандислик-педагогика университети очилди. “Дўстлик” деб ном олган ушбу университетда дунёнинг барча давлатларидан талабалар келиб, таҳсил олишади. Бизнинг мақсад – элчихона билан ҳамкорликни йўлга қўйишни ният қилишган экан, биз, албатта, мамнунмиз ва узоқ йиллик муносабатларни давом эттириш мақсадида меморандум имзолаймиз. Ҳатто ҳамкорликда турли тадбирлар ўтказишни йўлга қўямиз. Ушбу ўқув юртида нафақат гуманитар-муҳандислик, балки, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган лаборатория, юқори технологиялар мавжуд. Бизнинг республикада эса ўша соҳанинг етакчи мутахассислари етарли. Ҳамкорликда олиб борилган ишларнинг бири – ўзингиз гувоҳи бўлганингиз, яқинда ўтказилган ўзбек-қозоқ форуми доирасида ташкил этилган қишлоқ хўжалик кўргазмаси ҳам бунга далилдир. Унда университет талабалари ҳам иштирок этишди. Қозоғистон муҳандислик-педагогика университетида ўзбекистонлик талабалар ҳам таҳсил олишади. Улар бу ердаги имкониятлардан, яратилаётган шароитлардан мамнун.

Эндиги ниятимиз мана шу университетнинг филиалини Ўзбекистонда ҳам очиш. Мен, ўйлайманки, филиални ташкил этиш орқали ҳамкорлик ва алоқаларимиз янада мустаҳкамланади. Ушбу ўқув юрти билан бизнинг юртимиздаги Тошкент Иқтисодиёт, Мирзо Улуғбек номидаги университетлар ва асосан Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университети ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилган. Келгусида Жиззаҳдаги, Қорақалпоғистондаги университетлар билан ҳамкорликда иш олиб борилади. У ерда нафақат устозлар, балки талабалар ҳам хоҳлаган олийгоҳига бориб, тажрибасини ўртоқлашадилар. 

– Юртингизда қозоқ тили фани ўқитувчилари танқислиги борми?

– Бизнинг юртимизда 850 мингдан зиёд қозоқ миллати вакиллари истиқомат қилади. Улар Ўзбекистон фуқаролари. Муҳтарам Президентимиз Ш. Мирзиёев улар учун барча шароитларни яратиб бермоқда. Улар ўз она тилларида таҳсил олишади. Ўтган йили Навоий вилоятида қозоқ тилида сабоқ берадиган мактаб бунёд этилди ва улар учун барча дарсликлар қозоқ тилига таржима қилиб берилди. Шунингдек, жорий йили буюк қозоқ оқини Абай Қўнанбаевнинг таваллуд кунини кенг нишонладик. Мана шундай тадбирларни нишонлаш орқали икки давлат ўртасида маданий ҳамкорлигимиз ҳам яхшиланади. 

Ҳозирги кунда бизнинг 3та йирик олий ўқув юртимизда қозоқ тили фани мутахассислиги бўйича ўқитиш йўлга қўйилди. Асосан физика, математика, биология фанлари қозоқ тилида ўқитилмоқда. Шунинг учун келаси йилдан бошлаб, университетлараро алмашиб ўқишни йўлга қўямиз. Чунки улар ҳам ўз она тилларини чуқурроқ ўрганишга ҳақли.

– 2019 йил юртингизда Қозоғистон йили деб эълон қилинди. Қандай режалар, тадбирлар ўтказишни мўлжалламоқдасизлар?

– Ўзбекистонда Қозоғистон йили муносабати билан кенг қамровли ишларни ўтказиш режалаштирилган. 2018 йил нишонланган тадбирларнинг давоми тариқасида жуда кўп тадбирлар уюштирилмоқда. Шу туфайли икки давлат ўртасидаги муносабатларимиз янада мустаҳкамланди. 2018 йили Қозоғистон Президенти Н. Назарбаев ва Ўзбекистон Президенти Ш. Мирзиёев томонидан белгиланган вазифаларнинг ижросини бизга яратилаётган имкониятларнинг дебочаси дейиш мумкин. “Дўстлик” орқали юқори даражаларга эришиш мумкинлигини Муҳтарам Президентларимиз қайта-қайта такрорлайди.

Тадбир давомида турли давлатлардан келиб таълим олаётган талабалар университетни шарафлашди. 

Ҳамкорликни йўлга қўйишга мўлжалланган икки томонлама меморандум имзоланди. 

Тадбир сўнгги концерт дастурига уланиб кетди. 

Дилбар ЗИЁМАТОВА, 2018-11-20, 11:15 1082
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.