Юртимизга таниқли санъаткор Ҳ. Қулабдуллаев кўпгина хайрли тадбирларга бош-қош бўляпти. Навбатдаги шундай тадбирлардан бири 2-сонли Тўлебий болалар уйи тарбияланувчилари учун Шимкентнинг Тўғис даҳасидаги “Paris” тўйхонасида уюштирилди. Тўкин дастурхон атрофида концерт дастурини томоша қилаётган болалар учун кутилмаган совғалар билан бирга дастурхоннинг шоҳона ширинлиги – байрам торти олиб кирилди.
Ҳозиргина саҳнада шўх қўшиқлар куйлаб, болаларга мусиқий саломини йўллаган Ферузахон исмли хонанда бир вақт ошхонага саҳна кийимида кирдию, тезда тортларга безак бера бошлади. Кейинроқ бу аёлни ажойиб пишириқлари билан халқимизни хурсанд қилиб келаётган таниқли қандолатчи ҳамда мана шу тадбирнинг ҳомийларидан бири деб таништиришди. Ҳам қандолатчи, ҳам хонанда, хулласи калом замонавий аёл ўзида жам этиши керак бўлган ижобий фазилатлар соҳибаси Феруза опа Басуова билан саховат кечасида ана шундай танишдик. Имкон туғилиши билан газетага суҳбат беришга келишиб ҳам олдик.
Байрамлар арафасида буюртмалари кўп бўлишига қарамай қаҳрамоним билан унинг корхонасида учрашишга муваффақ бўлдим.– Феруза опа, нега айнан қандолатчиликни танладингиз?
– 4-синфда ўқиётган чоғимдаёқ энг севимли фан меҳнат дарси эди. Унда ўрганганларим – қуймоқ, “Зебра” пироги, ичига қуюлтирилган сут тўлдирилган ёнғоқ шаклидаги печеньени уйга тезроқ етиб, пишириш орзусида ўтказган қизалоқдан, албатта, қандолатчи чиқадида, – дейди кулиб Феруза опа. – Оиламиз ўзига тўқ эди, онам новвойхонада ишлайди, отам уй жиҳозларини ишлаб чиқарадиган ҳунарманд. Уйимизда пишириқлар учун керакли маҳсулотлар доим тайёр, зарур асбоб-анжомларнинг ҳаммаси бор эди. Шундай бўлгач, ширинликларни бор меҳримни бериб тайёрлашга ҳаракат қилардим. Хамир билан дўст бўлганим учунми, хамир ҳам мени яхши кўрди (кулади).
Суҳбатдошим Ленгердаги 3-сонли мактабни тамомлагач, Шимкентдаги 9-сонли ҳунар-техника билим юртига ўқишга кириб, карамель қайнатувчилар бўлимини тамомлайди. Қўстанай қандолатчилик фабрикасида амалиётини ўтайди. Оила қуради, умр йўлдоши билан 3 ўғил ва бир қизни тарбиялаб вояга етказишади. Мустақилликнинг дастлабки йиллари осон кечмади. Мактаб ошхоналарини ишга тушириб, ўқувчиларни сифатли иссиқ овқат билан таъминлаш йўлга қўйилди. Ана ўшанда ижарага олган ошхоналарини таъмирлаб, пардозлашди. Дид билан безатилган ошхонада тайёрланган таом иштаҳа билан тановул қилинади, деган устозларининг ўгитларига қатъий амал қилди. У йилларда ҳозиргидек таъмирланган, замонавий ускуналар билан жиҳозланган мактаб ошхоналари фақат орзу эди, холос. Ўз корхонасини очиш нияти қатъийлашди. Ўзи ҳам малакали мутахассис даражасига етди. Кўникмалари ҳамда тажрибасини ошириш, зарур дастгоҳларни келтириш учун Кореяга отланди.
– Уч йил мобайнида Кореяда ҳамкасбларимдан иш ўргандим, ҳам улар билан бирга ишлаб, даромад орттирдим. Корхонам учун зарур жиҳозлар харид қилдим, бир қисмини Хитойдан келтирдик.
– Улардан нималарни ўргандингиз? Уларда маҳсулотлар сифати қандай?
– Корейслардан биринчи навбатда камтарликни ўргандим! Ҳа, ҳа камтарликни, – такрорлади суҳбатдошим. – У ёқда ҳам ошхона, тамаддихоналар, қандолатчилик корхоналарида ишладим. Мижозлар кўп, айниқса, одам гавжум пайтларда қўлинг қўлингга тегмайди. Тушлик вақтимиз эса, табиийки, кечикади. Ходимлари бандлигини кўрган мамлакатдаги таниқли тамаддихоналар тармоғи миллиардер раҳбарининг олдимга келиб, ҳол-аҳволимни сўраб, иссиқ қаҳва қўйиб кетиши, одатий ҳол, раҳбар хонадаги чангни суртиб юбориш, тозалашдан ҳам ор қилмайди. Бундай ҳолатни талай марта кўрганман. Юриш-туриши, яшашида камтарлик сезилиб турган раҳбаримиздан кўп яхшилик кўрдим. Маош олган кунимиз, ўз ҳисобидан бизни ресторанга олиб борар, бу ҳатто анъанага айланганди. Бизда-чи?.. Ҳамёнимиз сал қаппайса юриш, туришимиз у ёқда турсин, дунёқарашимиз ҳам ўзгариб кетади. Гўё умрбод давлатманд бўлиб қоладигандек атрофимиздагиларни танимай кетамиз.
Нафақат даромад олишни, балки хайр-саховат қилишни ҳам билайлик. Шундагина Яратгандан эзгулик учун савоблар оламиз. Иш услуби, маҳсулотларига келсак, улардаги озиқ-овқатларнинг витаминлар билан бойитилганлиги менга ёқди. Юқори навли ундан тайёрланган пишириқлар ҳам мазали, ҳам кўзни қувонтиради. Бизда удум бўлган "chicken", яъни товуқни териси билан куврак қилиб қовуришни ҳам улардан ўргандим. Одамлар доимо иш билан банд бўлганлиги боис, тамаддихоналар, аксари ҳолларда тез еб кетишга мўлжалланган егуликларни тавсия этишади.
– Кореядан ўрганиб келганларингизни амалга жорий этдингизми?
– 2013 йил Тўлебий тумани Дўстиқ аҳоли манзилида “Ханшайим Есфирь” хусусий корхонасини очдик. Оилавий қандолатчилик цехи фаолиятини йўлга қўйдик. Халқимизнинг қувончли кунларида доим хизматдамиз. Турли пишириқлар, шоҳона тортлар, шакароблар, балиқ, товуқларни қовуриб, тўй дастурхонларини безаймиз. Мижозларимиз дидига қараб, меваларга бадиий безак берамиз. Фақат ширин таом тайёрлаш эмас, уни дастурхонга бежирим қилиб қўйиш ҳам пазандалик санъатининг муҳим қирраларидан бири.
– Хайрли тадбирларда фаоллик кўрсатиб келмоқдасиз. Ҳам ширинликларингиз, ҳам қўшиқларингиз билан “Соҳир овоз қандолатчи” номини олгансиз. Келгусида нималарни режалаяпсиз?
– Кичик бўлсада, жамоам хайрли ишларга бош-қош бўлишмоқда. “Paris” тўйхонаси қошидаги тамаддихонани ижарага олиб, иш юритяпмиз, байрамлар, оилавий тадбирларга буюртмалар қабул қиляпмиз. Корхонамизда 10 киши доимий иш билан банд. Ўтган йил мен учун баракали келди, келинлик бўлдим. Элнора ҳам корхонамизда ишга киришиб кетди. «Бизнес леди Казахстан» ҳамжамияти уюштирган «Леди очарование» номинациясида ғолиб бўлдим. Шоҳона тортни ҳакамлар эътиборига ҳавола қилдим.
Ҳамюртларимизга сифатли ҳамда замон талабларига жавоб берадиган маҳсулотларни таклиф этишимиз керак. Зеро, рақобатбардош маҳсулотларгина харидоргир бўлади. Яқинда эса қўзини бутун ҳолида пишириш бўйича маҳорат сабоғини ўтдим, ўйлайманки, мижозларимизни яна бир янги таом билан қувонтирамиз. Корхонамизни кенгайтириб, ишсиз ҳамюртларимни иш билан таъминласам, уларнинг оилалари фаровонлигига ҳиссамни қўшсам, дейман.
– Тадбиркорликни бошлаётган ёшларга қандай тилакларингиз бор?
– Мақсадни аниқ белгилаб олиш керак. Ҳеч бир лойиҳа, ҳар қанча уринманг, тезда даромад келтирмайди. Тақдиримда шундай кунлар бўлганки, оёғимга пийма кийиб, тузланган карам сотганман, ижара уйда яшаб, фарзандларни вояга етказдим. Бир тўсиқдан ошиб ўтдим, бўлди, деб ўйламанг. Ҳаёт тўсиқлардан иборат. Тўсиқлардан ошиб ўтиш учун кетган вақтни умр дейдилар. Пулингизни йўқотсангиз, ачинманг. Изланиш, саъй-ҳаракат, шижоат, энг муҳими, эзгуликка чоғланган ният баракани чорлайверади. Умуман олганда отган ҳар бир тонг шижоат кўрсатиш учун имконият.
– Суҳбатингиз учун раҳмат!