26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Меҳнаткаш оила – эл таянчи

Республикамизда серфарзанд оилаларга Ҳукуматимиз томонидан муайян миқдорда ёрдам кўрсатилмоқда. Тўғри, болаларнинг тўкис, фаровон яшаши учун етарли бўлмаслиги мумкин. Куни кеча Президентимиз “Нур Отан” партиясининг навбатдаги съездида кўп болали оналарга тўланадиган нафақа миқдори оширилишини, шу билан бирга серфарзанд, камхарж оилаларни иш билан, қулай имкониятлар билан таъминлашни таъкидлади. Демак, бундай шароитда болаларни кичкиналигидан ҳалол меҳнатга, қўшимча даромад топишга йўналтириш – давр талабидир. 

Орамизда гарчи фарзанди кўп бўлсада, Ҳукумат мени боқсин, деган боқиманда фикрдан йироқ, фақат меҳнати билан оила тебратаётган, устига-устак, фарзандларини ҳалолликка, меҳнатсеварликка ўргатаётган оилалар кўп экан. Биз “Қазақстан-Шымкент” телеканали журналистлари билан ҳамкорликда Сайрам туманидаги энг улкан қишлоқ – Қорабулоққа уюштирган хизмат сафаримиз давомида бунга амин бўлдик. 

Қишлоқда жами 3117 нафар кўп болали она истиқомат қилади. Улардан 65 нафари ”Қаҳрамон она”, 272 нафари Алтын алқа”, 705 нафари “Кумуш алқа”, 113 нафари эса 1- ва 2- даражали “Ардақты ана” медали соҳибаси. Қишлоқ округи ҳокимининг муовини Бахтиёр Шомуродов ва “Нур Отан” партияси бошланғич ташкилоти раиси Маҳкамбой Убаев ҳамроҳлигида турли даҳаларда истиқомат қилаётган бешта серфарзанд оила ҳаёти билан яқиндан танишдик. Даставвал, “Далабозор” даҳасидаги Сайдикарим Исмоилов хонадонида бўлдик. У турмуш ўртоғи Меҳриниса ая билан етти нафар ўғил-қизни ҳар қандай меҳнатдан бўйин товламайдиган қилиб ўстираётган экан. Буни уй-ҳовлининг тоза-озодалиги, саранжом-саришталигидан ҳам англадик. Кўп йиллар нефть-газ қидирув тармоғида ишлаган Сайдикарим аканинг ўғиллари ҳам ота касбини танлаб, кам бўлмаётган экан. 

Келгуси ташриф Савринисо ая Сайдаҳметова хонадонига бўлди. Онахоннинг турмуш ўртоғи гарчи бевақт оламдан ўтган бўлсада, ёлғиз ўзи беш фарзандни улғайтириб, уларни ҳалолликка, ҳақгўйликка ўргатибди. 

– Ўзим катта оилага келин бўлиб тушганман. Қайнона-қайнотам жуда меҳрибон, дилкаш инсонлар эди. Турмуш ўртоғим 35 ёшида оламдан ўтдилар. Фарзандларимнинг бекамикўст улғайишлари учун тинимсиз ишлашга тўғри келди. Мана, Яратганга шукур, ҳозирга келиб, ўғилларимнинг ҳаммаси ишбилармон. Ҳалол меҳнат қилиб, бойлик орттираман, деганларга Элбошимиз кенг имкониятлар яратиб бермоқда. Айниқса, ёшларнинг тўлиқ билим олишлари учун барча шароитлар муҳайё. Уч неварам Малайзия, Хитой ва Туркия давлатларида таълим олишмоқда. Ниятим, ҳеч бир хонадондан қут-барака кетмасин, юртимиз тинч бўлсин, – дейди Савринисо ая.

Маҳалла қўмитасининг раиси Ирисдавлат ака Исроиловнинг ҳамқишлоқлар фаровонлиги йўлида қилаётган беминнат хайрли, савобли ишлари ибратга арзийди. А. Абдулла кўчасининг бошдан оёқ қишин-ёзин тоза-озода бўлиб туришида, сўзсиз, унинг хизматлари беқиёс. Турмуш ўртоғи Гулкарам ая билан эллик йилдан бери аҳил-иноқ яшаб келишади. Муҳими, гарчи мўйсафид ёшга келиб қолсада, Ирисдавлат ака ҳанузгача жисмоний меҳнатдан бўйин товламайди.

“Ғайрат” даҳасида истиқомат қилаётган Қоракўз ая Мираҳмедова кўп йиллар муқаддам бева қолган. Шунга қарамай, саккиз нафар ўғил-қизни тарбиялади. Ҳозирга келиб, ўғиллари чорвачилик билан шуғулланишади.

Ўша даҳадаги Сайдаҳмат ота Аҳмадов хонадонидаги файзу барака, тўкинчилик фақат оғир ва машаққатли меҳнат эвазига келганига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Салкам саксонни қоралаганига қарамай, ҳануз тетик бу инсон бир умр хўжаликда бош агроном бўлиб ишлаш баробарида икки ўғил, беш қизни меҳнатсевар қилиб тарбиялади. Оила бекаси Ибодат ая ҳам қизларининг ҳалол, тўғрисўз, қийинчиликлардан бўйин товламайдиган бўлиб ўсишларига имкон яратди. Шу боис Бахтиёр ва Ойбек тадбиркорликни касб қилишган бўлса, қизлар ҳам ҳаётда ўз ўринларини топишган. Айниқса, Гулноранинг савобли ва хайрли хизматлари диққатга сазовор. У Шимкентдаги шаҳар ободончилиги билан шуғулланадиган “Жасил қала” ташкилотида фаолият кўрсатади. Ишлабгина қолмай, яна қишлоқдаги юзга яқин ёшларни иш билан таъминлайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, биз кириб борган қарийб барча серфарзанд хонадонларда файзу барака, тўкин-сочинлик ҳукмрон. Бу – бежиз эмас. Чунки, қорабулоқликлар азалдан меҳнатсеварлик, уддабуролик билан донг таратганлар. Халқимизнинг “ишлаган-тишлайди” деган нақлининг нақадар тўғрилигини мана шу булоқлар макони бўлмиш боғ-роғларга бурканган азим қишлоқ аҳли фидокорона меҳнатлари билан исботлаётгандай, назаримда.  

Суратда: Сайдаҳмат отанинг файзли хонадонида.

И. КАРИМОВ, 2019-03-04, 18:22 750
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.