26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Мен дардимни кимга айтаман...

Дераза ортидан эшик томонга тикилиб ўтирган Ваҳоб отанинг кўзлари бироз толди. Эрталаб келиб, хабар оламан, деган ўғлидан дарак йўқ. Ҳамхонасининг туни билан безовталанишидан яхши ухлолмади. Аҳволи анча оғирлашиб қолган, ўзидан икки-уч ёш катта бу инсон билан кечадан бери тузукроқ гаплаша олмади. Ҳолидан ҳабар олаётган ҳамшира қиз дори-дармонларини бериб, чиқиб кетгач, Назиржон ота пиёлага чой қуйиб, шеригига узатди.

– Олинг, ҳамхона, чойдан ичинг. Кечадан бери мен туфайли яхши ором ҳам ололмадингиз. Кексалик қурсин, ўз уйингиздай бемалол жойлашаверинг, – деди Ваҳоб отага юзланиб. 

– Биз бир-икки кунлик меҳмонмиз, сизга ноқулайлик туғдириб қўйсам, узр. Ўғлим ҳали замон келиб қолади. Бу ер яхши дам олиш оромгоҳи, бир-икки кун шу ерда дам олиб туринг, деб ўғлим ташлаб кетганди, – деди Ваҳоб ота ҳам бироз жонланиб.

– Ҳа, биродар! Жуда ҳам яхши оромгоҳ. Келсангиз, ортингизга қайтаришмайди. Ширин сўзлаб, дардингизга малҳам бўлишга ҳаракат қилишади. Лекин уларнинг меҳрибонлигидан дилингиз яйраб, юрагингиздаги дард ариб кетмайди. Аксинча, тушкунлик ҳамроҳ бўлиб, касалингиз янада оғирлашади, – деди оғир хўрсиниб .

– Нега ундай деяпсиз? Кайфиятингиз шунчалик тушиб кетганига нима сабаб? Бировга бироз ичингиздагини тўксангиз, анча енгиллашиб қолардингиз, – деди Назиржон отага юзланиб.

Назиржон ота кўзларидаги ёшларини артиб олди-да, ҳикоясини бошлади. Тўртта ўғли, битта қизи бор экан. Ўзи ҳалол меҳнат билан вояга етказган болаларини жуда яхши кўраркан. Лекин, “ўнта фарзанд ота-онага оғирлик қилмайди, битта ота-она ўн фарзандга оғирлик қилади”, – деган нақл шу инсонга қарата айтилгандай эди. Ҳамма фарзандларини уйли-жойли қилганларидан кейин, кенжа ўғил билан уйида қолди. Ойзода хола турмушидан ҳеч қачон нолимай яшаган аёл эди. Назиржон отанинг бор топганини режаси билан ишлатиб, болаларининг ҳаммасини ўқимишли, яхши касб эгалари қилиб вояга етказди. Лекин, бундан икки йил аввал аёли тўсатдан вафот этгандан кейин, Назиржон ота ўзини ёлғиз ҳис эта бошлади. Йўлнинг ярмида отингдан, умринг ярмида хотиндан айирмасин, деганлари рост экан. Тўрт ўғил, тўрт келин навбатма-навбат отасини уйларига олиб бориб, қарадилар. Орадан бироз вақт ўтгач, улар ўртасида келишмовчилик юзага келди. Кунларнинг бирида ўғил ва келин ўртасидаги суҳбатнинг гувоҳи бўлиб қолди.

– Отангизни боқиш жонимга тегди. Катталарингиз бир амаллаб қутулиб қолдилар. Энди бир умр уларнинг хархашасига чидаб яшаш менинг зиммамга тушди. Бириси у деб, бириси бу деб, сизнинг қарамоғингизга ташлаб кетишди. Ўзи етмаганидек, келган меҳмонларини кутавериш ҳам ҳиқилдоғимга келди, – дерди келини.

– Нима қил, дейсан. Отамни кўчага чиқариб қўёлмайман. Элу юрт нима дейди. Отасини боқолмай, қувиб юборишибди, дейишадику, – деди ўғли куюниб.

– Нега кўчага чиқариб ташлар экансиз. Ана, “Қариялар уйи” бор. Сизданам, менданам яхши боқишади, – деди келин ҳам жаҳл билан.

Бу сўзни эшитиб отанинг юраги сиқилди. Тонг саҳардан хужжатларини олиб, айтилган манзилга ўзи етиб келди. Мана, шундан бери уч йил ўтди. Ҳар замонда қизлари хабар олиб туради. 

Отанинг ҳикоясидан Ваҳоб отанинг ҳам кўнгли бузилди. Назиржон ота билан нафақат ҳамхона, балки бир умр шу хона соҳиби, бир тақдир эгаси бўлиб қолганини ич-ичидан ҳис этди...

Шундай экан азизлар, ота-оналаримиз хонадонимизда меҳмон эканлигини унутмайлик! Меҳмонни ёқтирмаганлар, ўзлари ҳам бу дунёга меҳмон эканликларини унутмасинлар, деган донишмандларимиз. Рўзаи Рамазон ойидаги энг табаррук дуо, шу азиз инсонларнинг сизга қилган дуосидир.

 

            

Гулбаҳром ОБОДОВА, жамоатчи мухбир, 2017-06-07, 18:56 804
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.