26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ватандошларимизнинг муборак ҳажлари қабул бўлсин!

Мусулмонларни кириб келаётган Қурбон ҳайити (11 август) арафасида ҳаж мавсумига тайёрлаш, ҳаж аҳкомларидан етарли даражада бохабар этиш учун қуйидаги мақола эътиборингизга ҳавола этилади.

Ҳажнинг фарзлиги 

Қуръони Каримда Аллоҳ Таоло шундай деб буюради: “Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун тугал адо этинг” (“Бақара” сураси, 196-оят). Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад саллолоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилади: “Ҳаж қилинглар! Чунки ҳаж худди сув кирни ювгани каби гуноҳларни ювади! “Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, онасидан туғилгандек гуноҳлардан пок бўлган ҳолда қайтади” (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти).

Ҳожилик – ҳам мол-дунё, ҳам бадан билан ибодат қилинадиган фарз амали. Демак, ҳаж ибодати ҳаммага ҳам фарз бўлавермайди. У муайян шартларга мувофиқ келган мусулмонларгагина фарз. Шартлари билан танишинг.

1. Мусулмон бўлиш.

2. Ақл-ҳуши жойида бўлиши ҳамда балоғат ёшига тўлиши.

3. Мустақил ва озод бўлиш.

4. Вақт. Бу узоқ вақт талаб этадиган ибодат.

5. Ҳаж қилишга қурби етадиган бўлиш.

а) Соғлом бўлиш. Саломатлиги ночор, узоқ йўл юришга чамаси етмайдиган одамга, кўзи кўр, оёғи оқсоқ, фалажлик дардига мубтало ҳамда машинага бировнинг ёрдамисиз мина олмайдиган кекса одамларга ҳаж фарз эмас.

б) Борадиган йўлининг ишончли бўлиши. Яъни ҳажга олиб борар йўлда уруш ёки бошқа хавф-хатарлар пайдо бўлса, ҳажга бориш фарз эмас.

Каъба – мусулмонларнинг энг муқаддас зиёратгоҳи

У Масжиди Ҳарамнинг марказида жойлашган. Каъбага “Байтуллоҳ” – “Аллоҳнинг уйи” деб ҳам ном берилган. Қуръони Каримда: “Одамларга муборак, оламларга ҳидоят қилиб қўйилган (Каъба) Маккадаги уйдир” (“Оли-Имрон” сураси, 96-оят).

Каъба тоши ёки Ҳажарул- асвад

 “Қора тош” деган маънони англатади. Тавоф ўша тошдан бошланиб, ҳар айланишда унга салом берилади. Тавофдан сўнг унинг яқинида 2 ракаат намоз ўқилади. Тавоф – Каъба атрофида 7 марта айланишдир. Имкон бўлганда, зиёратчилар Каъба тоши (Ҳажарул асвад)га қўлларини теккизишади ёки ўпишади. Ушбу тош Худо Таоло томонидан Одам Ато ва Момо Ҳаввога совға қилинган. Кейинчалик Иброҳим алайҳиссалом Каъбани тиклагандан сўнг одамларни ҳаж қилишга чақирганда айнан шу жойда турган. 

Арофат 

Арофат – барча ҳожиларнинг Арафа куни тўпланиб, дуо-ибодат қиладиган жойи. Севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) сўнгги хутбаларини ўқиган жой. Арофат тоғида куну тун намоз ўқилади ва дуо қилинади. Ҳазрати Расулуллоҳ (с.а.в.) “Ҳаж қилиш – Арофат” деганлар. (Термизий, “Ҳаж”, 57). Арофат тоғи Жаннатдан ҳайдалган Одам алайҳиссалом ва Ҳавво онамиз ер юзида топишган азиз жой ҳисобланади. 

Муздалифа 

Арофат ва Мино орасидаги водий. Унда Арафа кечасида тунаб, Қурбон ҳайити кунлари шайтонга отиладиган тошлар йиғилади. Яъни Муздалифада бомдод намози ўқилиб, Мино водийси томон йўл олинади. Кетиш олдидан еттита тош териб олинади. 

Мино 

Қурбон ҳайити кунлари қурбонлик қилинадиган ва шайтонга тош отадиган жой. Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом ўғли Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилиш учун Минога олиб келган. 

Сафо ва Марва

«Албатта, Сафо ва Марва Аллоҳ (буюрган) маросимлардандир. Бас, ким ҳаж ёки умра қилса, у икки тоғ орасида саъй қилишнинг гуноҳи йўқдир. Ва ким ўз ихтиёри ила яхшиликни ният қилса, бас, албатта Аллоҳ шукр қилгувчи (тақдирловчи) ва билгувчидир».  (Бақара сураси, 158-оят).

Бу икки тепалик Қуръонда келтирилади ва улар орасидан юриб, ибодат қилиш беҳад савобларга ноил қилади. 

Макка шаҳридаги зиёратгоҳлар

Ҳиро ғори. Илк ваҳий тушган ғор. Уни араблар “Жабал-и Нур” дейишади. Каъбадан 5 км. узоқликда, шимоли-шарқий томонда жойлашган. 

Савр ғори. Ҳазрати Пайғамбар (с.а.в.) дўсти ҳазрати Абу Бакр билан яширин равишда Маккадан чиқиб, Савр тоғида уч кун яширинишган. Маккалик мушриклар уларни қидириб келганда, шу ғор оғзига ўргимчак уя қурганини, икки ёввойи кабутар инини кўриб, ортига қайтиб кетишади. 

Мадинаи Мунаввара шаҳри, яъни “ёруғ, нурли” шаҳарда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг қабри, Набий масжиди, Ҳазрат Абу Бакр (р.а.) ва Умар (р.а.) қабрлари зиёрат қилинади. 

Жаннатул Боқий – Пайғамбаримиз (с.а.в.) масжидига қарама-қарши турган қабристон. Саҳобаи киромлар шу ерга дафн этилган. Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг аҳли аёллари, машҳур Ислом намояндалари шу мозорга қўйилган.

Қуба масжиди. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилганида қурдирган илк масжиди. 

Уҳуд жангида шаҳид бўлган саҳобаларнинг қабристони ҳам муқаддас қадамжолардан ҳисобланади. 

Қайси ҳужжатлар керак?

Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ҳажга кетаётган фуқароларга қайси ҳужжатлар кераклигини яна бир карра ёдга солади:

1. Чет элга чиқиладиган ҚР паспорти (фойдаланиш муддатига қаралсин).

2. Паспортда Исроил визаси бўлмаслиги керак.

3. Оқ рангли фонда туширилган 3х4 ёки рангли фотосурат. Аёллар суратга бош кийим, яъни рўмол билан тушиши шарт.

4. Барча йўналишлар бўйича кафолат бўла оладиган махсус ваучер. Бу ҳужжат хизмат кўрсатилишга ҳақ тўланганини тасдиқлайди ва ундан тўлақонли фойдаланишга ҳақ-ҳуқуқ беради. Шунингдек, меҳмонхонада фуқаро учун ўрин ажратилганини далиллайди. Ваучерлар ҳажга бориб-келишни таъминлайдиган фирмалардан олинади. 

5. Менингит ва дифтерияга қарши эмлашдан ўтганни тасдиқловчи давлат намунасидаги гувоҳнома.

6. 45 ёшга тўлмаган аёлларни яқин эркак қариндошларидан, 18 ёшга тўлган маҳрам эркаклар кузатиб боради.

7. Ҳажга турмуш ўртоғи билан борган аёлнинг никоҳни тасдиқловчи шаҳодатномаси бўлиши талаб этилади.

8. Ҳаж сафарига маҳрам қариндоши билан борган аёл кишининг қариндошчилигини тасдиқловчи ҳужжатнинг асл нусхаси керак. Ҳужжатлар кўчирмаси ўзида ҳамда гуруҳнинг бошқа аъзоларида ҳам бўлгани маъқул. 

Ҳажга дори-дармон керакми?

Имкон қадар йўл сафарига зарур дори-дармоннинг озроқ қисмини олиш тавсия этилади. Жумладан, улар рўйхати қуйида кўрсатилган:

- оксолин малҳами;

- тиббий ниқоблар (бир эмас, икки-учтасини олган маъқул);

- шамоллашга қарши дори;

- томоқ оғриганда ёки тумовда керакли дори;

- ич ўтиш, юрак ўйнаш ва қайт қилишга қарши дори;

- ошқозон дорилари (антибиотик билан қўлланишга яроқли);

- ёпиштирадиган пластирь ва дока;

- левомеколь – очиқ жароҳатга суриладиган мой;

- қўлда кўтариб юрадиган соябон.

Дарвоқе, ҳаж қилувчилар ёнида доимий равишда шифокор бўлади. Йўлда ҳар доим ичимли сув олиб юриш тавсия этилади. Айниқса, Арофат ва Муздалифа водийларида сув жуда асқотади. 

Ҳажга қандай кийимлар олиниши керак?

Эркакларга бир-иккита футболка ва битта кўйлак олишса, кифоя. Бундан ортиқ кийим-кечакнинг кераги йўқ, сабаби маҳаллий кийим ёки эҳром (ҳаж вақтида кийдириладиган махсус кийим) сотиб олинади. Сафарда алмаштирадиган битта шим ва бир нечта пайпоқ олиш тавсия этилади. Очиқ пойафзал билан кўп юришга тўғри келади, шу боисдан пайпоқлар зарур. 

Аёлларга оқ рангли, табиий пахтали, майин матодан бир нечта кўйлак тикдириш ёки сотиб олиш тавсия этилади. Кўйлак тагидан кийиладиган кенг ва оқ рангли лозимлар ҳам талаб этилади. Айтганча, аёлларнинг бундай русумдаги кийимлари Макка ва Мадинада оммавий равишда сотилади. Қора рангли кийимларни олиш тавсия этилмайди. Сабаби, Саудия Арабистонида об-ҳаво жуда иссиқ, қора ранг эса офтобни ўзига тортади. 

Бўлажак ҳожи ўзини қандай тутади?

Ҳаж сафарида ҳамиша йўл бошловчи бўлади, лекин мабодо фуқаро гуруҳдан ажраб, йўқолиб қолса, нима қилиши керак?

Арабча бир нечта сўз ибораларини ёдлаб олиши зарур. Миллион-миллион халқлар оқими ичида адашиб кетмаслик учун гуруҳ аъзолари белгиланган автобусда бўлишлари шарт. Агар автобусга бирор сабаб билан кечикиб кела олмай қолса, энг яхшиси, маҳаллий такси ёллаб, автобус тўхтайдиган жойга бориб туриш талаб этилади. Шунинг учун доимо озроқ миқдорда пул олиб юриш зарур. Ўтган йили ўзлари жойлашган меҳмонхонани тўғри топиб келишлари учун махсус билакузуклар қўлланилган. 

Шундай эса-да, гуруҳбоши ёки меҳмонхонанинг телефонини ёзиб олган дуруст. Назорат тадбирлари кучайтирилган бўлса-да, бир-бирини қисиш ёки бошқа сабаблар билан ҳаж сафарида ўлим ҳолатлари кўп бўлади. Ўғрилик ҳолатлари ҳам учраб туради. Шу боис одамлар оқими орасига кирганда, қимматбаҳо буюмларни олмаслик керак.

Ҳажда қайси рўзғор буюмлари керак бўлади?

Электр чойнаги керак бўлади, уни уйдан олган маъқул. Чой дамлайдиган чойнакни эса ўша ёқдан сотиб олиш мумкин. Агар кун ҳаддан ташқари иссиқ бўлса, ёпинчиқ ёки соябон олишга бўлади. 

Саудия Арабистонида қандай таом ейилади?

 Одатда ҳажга келганларни овқатлантиришади. Лекин айрим фуқаролар ўзлари овқат тайёрлаб, ейишни маъқул кўришади. Шу боисдан уларга озиқ-овқат маҳсулотларини савдо дўконларидан сотиб олиш тавсия этилади. Фақат қайнатилган ёки бутилкадаги сувдан истеъмол қилиш лозим. Кўчадан муз парчаларини сотиб олиш тавсия этилмайди. Спиртли ичимлик ва тамаки маҳсулотлари қатъиян тақиқланади. Замзам – Масжид ал-Ҳарамдаги муқаддас чашманинг суви. Тўрт минг йилдирки, бу муборак сувдан минг-минглаб ҳожилар ва зиёратчилар тўйиб ичадилар, юртларига олиб кетадилар. Унинг таркиби барча дардларга даво. Шу боисдан ҳожилар фақат шу сувдан ичадилар. Шаҳарларда кўплаб чойхоналар мавжуд, уларда чой ва печенье берилади. Қолаверса, масжидлар олдида ширинликлар ҳам сотилади. 

Диққатга сазовор жойлар ёки савдо-сотиқ масаласи

 Юқорида таъкидланганидек, ҳажда барча муқаддас жойлар зиёрати, Қуръон тиловатига асосий эътибор берилади. Лекин Абраж ал-Байт – меҳмонхоналарнинг марказий қисми ва шаҳарнинг хизмат кўрсатиш мажмуаси ҳам ҳажга келувчилар диққатига ҳавола этилади. Жумладан, минора, улкан соат, Ислом музейи ва Ойни кузатадиган марказни томоша қилиш имкони бор. Маҳаллий дўконларда савдо-сотиқ ишлари ҳамиша қизғин.

Ҳаж сафаридан нималарни олиб келиш мумкин?

Албатта, унутилмас таассуротлар ва Замзам суви (айрим самолётларда ҳар одамга 10 литрдан олиб кетишга рухсат берилади). Бебаҳо хурмодан олиш мумкин. Шунингдек, Яқин Шарқда кенг тарқалган мушки анбар, ифорли мойли атирларни оласиз. 

Аллоҳ Таоло барчамизга ҳожи бўлишни ва Ўзи рози бўладиган амаллар қилишни насиб этсин! Омин! 

Мухамеджан ҳожи ЕСТЕМИРОВ, ҚМДБнинг Шимкент шаҳри бўйича вакил имомининг ўринбосари, магистр, 2019-07-24, 16:37 768
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.