26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қорачиқда байрам шукуҳи

*Қорачиқ – 2000 ёшда

Газетамизда йил бошидан буён босилган ўнлаб мақолаларда Кентов шаҳар Қорачиқ қишлоғининг тарихий 2000 йиллигига тайёргарликнинг бориши, олимларнинг илмий мақолалари, хулосалари, режалар, ҳамда тўйнинг шу йил кузда – 19 октябрь куни нишонланиши эълон қилинганди. Тўйнинг бўладиси қизиқ. «Жанубий Қозоғистон» зиммасига олган оммавий-ахборий вазифани холисанилло бажарди. Саҳардан шаҳар марказидаги «Евразия» кўп қаватли меҳмонхонаси олдидаги майдонга келдик. Фаоллардан Тўлқин Саидмуродов, Тойир Абдувалиев, унинг Тошкентдан келган укаси Эркин ака, Қўшқўрғондан Поччахон Бобожоновлар билан биргаликда Нурбўлат Ахметжанов раҳбарлик қилаётган «Ҳазрат Султон» давлат тарихий-маданий қўриқхона музейи олимлари, Нур-Султан шаҳридан келган тарих фанлари доктори Жакен Таймағанбетов билан биргаликда Қорачиққа йўл олдик. 

Сайдан Жамолов номидаги қишлоқнинг марказий кўчаси ўнг тарафидаги майдон байрамона безатилган, одамлар гавжум. Янгидан бунёд этилган «Қорачиқ тарихий этнография музейи» ёнида қишлоқ округи ҳокими Фурқат Ирисқул ўғли ҳамда «Турон» ДҲБ раҳбари, депутат Ҳабибулла Азимов билан қишлоқ ўзбек маданият бирлашмаси раиси Мирзахон Адҳамовлар қарши олишди. Фахрий ҳуқуқшунос Маҳбуба Айметова, Қозоғистон Олий Кенгашининг собиқ депутати Маҳфират Ҳаётова, Абдулла, Хўжаҳмад, Муҳаммаджон исмли ҳимматли тадбиркор фарзандлар тарбиялаган нуроний отахон Жаъфар Исматуллаевларни байрам билан табрикладим. 90 сари одимлаётган қишлоқнинг собиқ имоми, Асадулла Тўрахоновни фарзандлари аравачада байрамга олиб чиқишган экан - элу юртга барокат тилаб, дуо қилди. 

Тадбиркор Шуҳрат Набиев 300 кишини янги иш ўрини билан таъминлайдиган йирик корхонани қишлоқнинг тўйига муносиб тўёна сифатида ишга туширишини айтди. 

Кентов шаҳри ҳокимининг ўринбосари Расул Самат, Қозоғистон Парламенти Мажлиси депутати Фахриддин Қоратоев, Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчиси Саидикром Ниёзхўжаев, элчихонанинг бош консули Аброр Фатҳуллаев, Қозоғистон ўзбеклари «Дўстлик» ҳамжамияти раиси Икромжон Ҳошимжонов, Қозоғистон халқи Ассамблеяси раисининг ўринбосари Шерзод Пўлатов, «Жанубий Қозоғистон» вилоят газетаси директор-бош муҳаррири Алишер Сотволдиев, Кентов шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Ҳошим Абдувалиев ва яна ўнлаб ҳурматли инсонлар барчани муборакбод этишди. 

Тарихий этнография музейи тантанали очилди. Мукаррам Қулжонова меҳмонларга ҳовуч-ҳовуч сочув сочди. Тарих фанлари номзоди, археолог олим Марат Туяқбаев музей экспонатлари ҳақида батафсил маълумот берди. Бу ерга экспонат сифатида қўйилган савлатли қўқон аравани бундан 20 йиллар муқаддам Шимкентга, Абай номидаги истироҳат боғига Ирисқул Айтметов билан олиб борганимиз, ҳамма ҳайрат билан томоша қилгани ёдимга тушди. Музей очилганидан сўнг барча меҳмонлар янгидан таъмирланган, янги ўриндиқлар билан жиҳозланган 400 ўринли қишлоқ Маданият уйига «Тарихи теран Қорачиқ» халқаро илмий-назарий конференциясига келишди. 

Шаҳар ҳокими ўринбосари Расул Самат ва асли қорачиқлик Тошкентдан келган олим Аширбой Юсуфалиев бошқарган тадбирда Туркия, Ўзбекистон ва Қозоғистон олимлари илмий маърузаларини қозоқ, ўзбек, рус, турк тилларида ўқидилар. Туркиядан Хикметулла Яссавий, Қозоғистондан Жакен Таймағанбетов, Ўзбекистондан Шамсиддин Камолиддин каби тарих фанлари докторлари маърузалари мароқли бўлди. 

Ушбу анжуман арафасида шу замин фарзанди, тадбиркор Нодир Қодир ўғли ҳомийлигида олимларнинг илмий асарлари тўплами сифатли чоп қилинди. «Шарқ юлдузи» журнали бош муҳаррири Сирожиддин Рауф раҳбарлигида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидан вакил бўлиб келган адибларни ҳамма ҳурмат билан олқишлади.

Қишлоқнинг тўйи муносабати билан бунёд этилган марказий майдонга Собир Отаев раҳбарлигидаги «Ақ жол» ташкилоти асфальтлаб, савлатли замонавий баланд саҳна бунёд этилди. Марказий майдондаги улкан саҳнада ҚР ўзбеклари «Дўстлик» ҳамжамияти раиси Икромжон Ҳошимжонов ҳамда Кентов шаҳар ҳокимлиги, Қорачиқ қишлоқ округи ҳокимлиги мукофотлари илғорларга топширилди. Қорачиқнинг тўйи муносабати билан ҚР Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Абдураҳим Пратов ва Зокиржон Мўминжоновлар иштирокида ташкил этилган вилоят миқёсидаги мушоира ғолиблари «Жанубий Қозоғистон» таҳририятида аниқланган эди. Қишлоқ ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Мирзахон Адҳамов ғолибларга – Долимжон Сайфуллаев, Қодир Аҳмедов, Баҳром Ғойиб, Аширмат Толиб ва Кумуш Отабоеваларга таҳририятнинг «Ташаккурнома»си ҳамда пул мукофотларини тантанали топширди. «Улес» хайрия жамғармаси раиси Райимжон Қўчқоров эса мушоиранинг барча иштирокчиларига нодир адабий китоблар тақдим этди. Тадбирда Эски Иқон қишлоғи ҳокими Ҳасан Муслимов, вилоят маслаҳати депутати Зуппархон Чолдонов, нафақадаги тадбиркор Дониш Маннатовлар ҳам иштирок этдилар. Шунингдек, Югнак қишлоқ округидан келган Баҳодир Ҳабибуллаев, Фарҳод Абдуллаев, Тошпўлат Зоитхонов, Жумадулла Абеновлар ҳам ўтмишини қадрлайдиган аждодлар вакиллари. Бу заминда ҳам кўп тарихий ишлар бўлган. Чўрноқлик Хайрулла Жумадуллаев, ўранғайлик ҳамкасблари Абдумуталлиб Носиров, Обиддин Фахриддиновлар байрамнинг фаол иштирокчиларига айланишди. 

Энди Қорачиқ қишлоғининг 2000 йиллиги мавзусига келсак, қишлоқ марказидан 6 чақирим масофада жойлашган тарихий Аҳмад ота сағанаси давлат томонидан муҳофазага олинганлигига қарамасдан, деҳқон хўжаликлари экинзорлари орасида қолиб кетган, борадиган йўл йўқ. Бу масала ҳал бўлиши керак. Иккинчидан, Ҳазрат Аҳмад Яссавийнинг суюкли невараси Сузук ота Қорачиқда туғилиб, Тошкентда дафн этилган. Яъни унинг шонли тарихи теги бир Қозоғистон ва Ўзбекистон давлатларини маънавий боғлаб турувчи мустаҳкам ришта. Қорачиқ қишлоғида улкан йўл ёқасида Сузук ота номидаги масжид қурилиши учун давлат томонидан ер ажратилиши тўғрисида таклифлар кўп. Бу хайрли иш амалга ошса, Туркистондан Ҳазрат Яссавий мақбарасини зиёрат қилган туристлар Уккоша ота мақбарасига йўл олганларида йўл-йўлакай Қорачиқдаги Сузук ота масжидида тўхтаб, тоат-ибодат қилишса, шу орқали шингил тарихдан хабардор бўлардилар. 

Қишлоқнинг 2000 йиллиги тантанали нишонланди. Меҳмонлар Боботой Муютовнинг «Қорачиқ» тўйхонасида тушлик қилишгач, қишлоқ марказидаги янги майдонда Кентов шаҳар маданият бўлими ҳамда қўшни Ўзбекистондан келган таниқли санъаткорлар Каримбой Раҳмонов, Илҳом Фармонов, Ислом Фармонов ҳамда Маҳфуза Шербоевалар минглаб меҳмонларга куй-қўшиқлар армуғон қилишди. Қишлоқ Маданият уйида эса Икромжон Ҳошимжонов раҳбарлигидаги Шимкент шаҳар драма театри актёрлари ажойиб саҳна асарини намойиш этишди. Барчанинг кайфияти кўтаринки, байрамона. Аҳмаджон Аҳмедов раҳбарлигидаги «Турон», Музаффар Умаров раҳбарлигидаги «Қорачиқ» ўрта мактаблари жамоалари, маҳалла қўмиталари, масжидлар намозхонлар аҳли – барча-барча ушбу тўйга ўз ҳиссаларини қўшдилар.

 

 

 

 

 

Ш. МАДАЛИЕВ., 2019-10-22, 23:00 578
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.