26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
“ЖАНУБИЙ ҚОЗОҒИСТОН”ГА­ МУШТОҚЛАР КЎП ЭКАН

*Журналист касбини ўзгартиради

Газета саҳифаларида ахборот қанчалик кўп бўлмасин, у муштарий қўлига етиб бормас экан, у оддийгина ахборот жамланмаси бўлиб қолаверади. Уни муштарийларимизга етказиб беришдек масъул вазифа эса фидойи почтачилар зиммасида. Почтачи муштарий қўлига газетани топшириши биланоқ, у ўз вазифасини адо эта бошлайди. 2-синфда “Ғунча” журналига обуна бўлганимда, уни нечоғлик интиқлик билан кутганимни, почта қутисида журнални кўргач, нақадар севинганимни тасаввур ҳам қилолмайсиз. Шундай экан, газетаю хат-хабарларни деярли 10 чақирим масофадаги уйларга тарқатаётган ходимлар меҳнатларидан рози бўлинг – улар том маънода оммага ЗИЁ УЛАШИШЯПТИ. 

Тулкибош туманининг Озодлик қишлоғидаги почта бўлимида меҳнат қилаётган Насиба Анорматова ва Бағила Аманжўловалар билан учрашиб, бу касб машаққатларини ўзимда ҳис этиб кўриш мақсадида, ходимлар билан бирга “Жанубий Қозоғистон” газетасини уйма-уй тарқатишда ҳамроҳлик қилиш ниятимни билдирдим. Улар мени қўллаб-қувватлашди ҳамда “бизнинг тажрибамизда илк бор журналист билан бирга газета тарқатар эканмиз-да, у ҳолда тез-тез келиб туринг”, дея ҳазиллашишди. 

“Жанубий”нинг пайшанба кунги сони Озодлик қишлоғи почтасига аллақачон етиб келибди.

– Демак, “тандирдан янги узилган” сонни тарқатар эканмиз-да? – дейман ҳамроҳларимга юзланиб.

–Газетани доимо вақтида оламиз. Шунда ҳам баъзилар вақтидан сал кечиксак, бизни кўчада кутиб олишади, – дейди Насиба опа.

 Муштарийлар оладиган ҳамда мен қўшимча олиб келган газеталарни почтачиларнинг махсус сумкаларига жойлаб, уларнинг нимчасини кийиб, кўча оралаб кетдик. А. Навоий кўчасидаги почта биносига энг яқин уйда истиқомат қиладиган Раҳмонбердиевлар дўконига кирдик. Ҳамкасбларим Шавкат Раҳмонбердиевга “Бу галги газетани журналистнинг ўзи тарқатяпти, нашр ҳақидаги фикр-мулоҳазаларингизни билдирсангиз бўлади", деб ташаббусимга изоҳ бериб ўтишди. 

–1991 йили “Дўстлик байроғи” чиққанидан буён уни ўқиймиз. Ота-онам ҳам бирорта сонини қўймай ўқишарди. Турли мавзуларни ёритишга ҳаракат қиляпсизлар, фидойилигингиз учун сизларга раҳмат, – деб миннатдорчилик билдирди. 

А. Навоий кўчасидаги 81-уйда истиқомат қиладиган Собиржон Муҳаммаджонов оиласи сўнгги етти йил мобайнида “Жанубий”ни узлуксиз олиб ўқир экан. Собиржон ака кейинги пайтларда газета саҳифаларида одамни мушоҳадага чорлайдиган мақолалар бериб борилаётгани ва бу муштарийлар учун айни муддао эканлигини айтди. 

– Яна бир обуначимиз бор, мана шу кўчада истиқомат қилади. Сал кечикиб қолсак, мени ҳар доим кўчада қарши оладилар. Мана, у киши ҳозир ҳам кўчада турибди, – деди Насиба опа.

83-уй соҳиби Комилжон ота Муҳаммаджонов кийимларимиздан бизни таниб, хурсанд бўлиб кетди.

 Ўзимни таништириб, газетанинг янги сонини узатар эканман, ҳали саломимга алик олишга улгурмасдан, эътиборини газетага қаратди, унинг санасини кўздан кечирди ва биринчи айтган гапи шу бўлди:

–Ҳа, шунга эканда, сешанба сонини олиб келмаганинглар, икки сонини битта қилиб чиқариб, саҳифаларини кўпайтирибсизларда,– деди. 

 72 ёшдаги отахон Тошкентдаги тўқимачилик институтини тамомлаган экан. Кўп йиллар давомида савдо соҳасида меҳнат қилибди. Ҳозир эса пенсияда кексалик гаштини сураётган экан. 

– Иттифоқ давридан буён газеталарга узлуксиз обуна бўламан. Бу бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган. “Жанубий Қозоғистон”ни олаётганимга 25 йилдан ошди. Мен учун ўта қадрли нашр. Борди-ю Насиба қизим кечикиб қолса, вақти-вақти билан дакки ҳам эшитади. Ишингларга омад. Халқни қизиқтирадиган, дардимизни ифодалайдиган мақолалар беряпсизлар, уларни кўпайтираверинглар, – деб кулди отахон. 

Навбатдаги хонадон Ҳуриниса ая ва Худойберган ота Мадалиевларга тегишли экан. Очиқ дарвозадан аравамизни судраб киравердик. Ўзимизни таништиргандан кейин кексалар бизни қувониб қарши олишди. Насиба опа яна аниқлик киритди: “Газетангизда авваллари мақолалари чиқиб турарди-ку, ўша Ёрмуҳаммад Мадалиевнинг ота-оналари бўлади” деб изоҳ берди. Ҳа, Ёрмуҳаммад ака бир неча йил бизда мухбир бўлиб ишлаган эди. Айни вақтда М. Ауезов номидаги ЖҚДУ ўзбек тили филологияси факультетида фаолият юритади.

 – Ишлаганимга ўн икки йил бўлса, шунча йил мобайнида бу хонадонга газета ташийман. Ундан аввалроқ обуна бўлишган экан, – дейди Насиба опа. 

– Невараларимнинг ҳаммасини узатиб бўлдик, 16 эварам бор. Дода 80 ёшни, мен эса 77 ёшни қаршиладим. Набира келин кўрдим, Аллоҳга шукр! Бироқ келинларим “ҳўкимат”, ишга кетишган. Марҳамат, дастурхонга қаранглар, – дея бизни чойга таклиф этди Ҳуриниса ая.

 Қарияларнинг дуосини олиб, газетанинг янги сонини топшириб, йўлга отландик.

Юнусали Юсуфалиев авваллари “Жанубий”нинг ашаддий мухлиси бўлган экан. Раҳматли умр йўлдоши Матлуба опа почтада раҳбар бўлиб ишлаган экан. Туманга таниқли оилалардан. 2020 йилнинг биринчи ярми учун обунани расмийлаштиришга ваъда берди, унга ҳам газетамизнинг янги сонини тақдим этдим. 

Умид Сайдазимовлар хонадони ёш бўлишига қарамай йил сайин обуна бўлар экан. Ашаддий муштарийимиздан. Умиднинг касби – дурадгор. Оила яна бир меҳмон – тўртинчи фарзанд дунёга келишини кутаётган экан, рафиқасига соғлик, омонлик тилаб, газетани бердим.

Навбатдаги хонадон – Ағзам Маманов оиласи. 1945 йили таваллуд топган отахон ҳам бизни кўчада қарши олди. 1991 йилдан буён газетхонимиз “Жанубий”нинг бирор бир сонини узмай ўқийди. Ундан кейин уни умр йўлдоши ўқирди, кейин эса ёшларга гал тегар экан. 

Шу маҳаллада янги очилган тамаддихоналардан бирига кириб, тадбиркор билан танишишга жазм этдим. Почтачининг махсус кийимида судраб кетаётган сумкамни кўрган хўрандалардан бири “почта ходими” деб тушунмади, чоғи: “Опа, сумкангизда сотиладиган тамакингиз борми? “ деб мурожаат қилди. 

– Йўқ, тамаки, йўқ, фақат газета, – дедим пинагимни бузмай, тамаддихона соҳиблари ўз хонадонларига обуна бўлишганини айтиб, газета вақтида олиб келинаётгани учун миннатдорчилик билдиришди.

 Навбатдаги хонадон – Насиба опа Султонова нафақадор бўлса-да, анча йиллардан буён газетамизнинг муштарийси экан. 

 – Адашим истиқомат қиладиган ҳавас қилгулик оила, умр йўлдоши Ғофир ака маҳалладаги ҳурматли кишилардан. Фарзандлари олий маълумотли, – деб изоҳ берди Насиба опа.

Насиба опа чиққунга қадар унинг чиройли, файзли боғида эсдалик учун суратга тушишга ҳам улгурдик. Ҳамроҳларим опани таништириб, ниятимизни билдирди.

– Газетангизнинг  бу сони жуда эсда қоладиган бўлди-да. Таҳририятдан журналист шахсан келиб, газета тарқатгани ажойиб иш бўлибди, – дейди кулиб Насиба опа. 28 йилдан бери газетани ўқийман. Хонадонимизнинг дўстига айланиб қолган. Бир неча йил аввал сизларда кўп йиллар меҳнат қилган шоир Ҳавазмат Қўчқоров ҳамда Ислом Абдунабиев келиб, А. Навоий номли мактаб обуначи-муаллимлардан лотерея ўйини ғолибларини тақдирлаб кетишган. Ўшанда мен таҳририятингизнинг видеомагнитофонини, ҳамкасбим Саодат Бекпўлатова эса телевизорини ютиб олганмиз. Шу боис сизлар биз учун қадрдонсизлар, – деди кулиб.

 Бу мен учун ажойиб янгилик эканлигини яширмадим. Ҳамкасбларимни ҳам ёрқин хотиралар билан қувонтираман, ҳис-ҳаяжонларимни борича етказаман, деб дилимга тугиб қўйдим. 

– Насиба опа, сиздек зиёлилар бор экан, қишлоғингиздаги ўзбек хонадонларининг барчасига “Жанубий Қозоғистон” кириб боради. Сизлар қўлласангиз, Озодлик газетамизнинг қадрдон гўшасига айланади, – дедим. 

 Уч соат мобайнида А. Навоий кўчасидаги хонадонларни зўрға оралаб улгурдик. Ҳали буёқда яна қанчадан-қанча хонадонлар газетани кутишяпти. Почта ходимлари машаққатли меҳнатининг бир парчасигина менга аён бўлди. Кунига 10лаб чақиримни пиёда босиб ўтадиган почтачиларнинг савобли ишларига муваффақият, оилаларига барака тиладим. Мени энг хурсанд қилгани – Насиба ҳамда Бағила опаларнинг “Обуначилар сонини кўпайтираверайлик, қанча хонадон бўлса ҳам етказиб берамиз”, деган жавоблари бўлди. Аллоҳ сизлардан рози бўлсин, сизлар бор экансиз, маънавиятимиз тараққий этаверади.

 

 

 

М. САЪДУЛЛАЕВА., 2019-11-12, 04:57 994
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.