26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Улар борки, ҳаёт гўзал

Қаҳрамоним бошқараётган хонадон вилоятимиздаги пири бадавлат оилалардан бири. Бу ерга ташриф буюрар эканман, соҳиб ва аъзоларининг ҳам меҳмондўст, кўнгли очиқ эканлигига амин бўлдим. Оила раҳбари – Сайдазим Отабоев меҳнати билан фарзандлари, ҳамқишлоқларига ибрат, унинг ҳаётда тутган йўли кўпчиликка намуна, десак муболаға бўлмас. Миллатимиз жонкуярларидан бири Мирсобир ака Миразизов мени Отабоевлар хонадонига олиб бора туриб, “нафақат туманимизда, вилоятимизда ҳам ҳавас қилгулик, мақолангизга муносиб қаҳрамонлар” деб бежиз айтмаган экан. У билан Тулкибош туманининг Озодлик қишлоғидаги сўлим ҳовлида суҳбатлашишга муваффақ бўлдим.

Сайдазим ака Отабоев 1956 йили Озодликда туғилган. Ўрта мактабни тамомлаб, Армия сафида йигитлик бурчини адо этиб қайтгач, “Озодлик” жамоа хўжалигига ишга кирган. Колхоз хирмонида меҳнат қилиб, қишлоқ хўжалиги тараққиётига муносиб ҳисса қўшибди. 1979 йили боғчада ошпазлик қилаётган Насиба билан оила қуришди. Яратган уларга 2 ўғил ва 2 қизни ҳадя этди.

–Колхозлар тарқатилиб, ширкатлар тузилаётган даврда аъзоларга даладан ер-мулк улуши ажратилди, биз 1–сут-товар цехини олиб, қорамолни бўрдоқилашга киришдик. 5-6 бош йилқи билан бошлаган фаолиятимиз ёмон бўлмади. Фарзандларим ҳам изимдан бориб, чорвачиликни танлашди. Ўғилларим – Аҳмаджон, Аҳаджон билан биргаликда деҳқон хўжалигини ташкил этиб, унга “Ат” деб ном бердик. 16 гектар ерда қорамол учун ем-хашак етиштирамиз. Йиллар бўйи қилган меҳнатимиз самарасиз кетмади, хўжалигимиз ҳам анча кенгайди. Айни кунларда 50 бошдан зиёд қорамол ва 100 бошдан зиёд йилқимиз бор, – дейди оила саркори Сайдазим ота.

Ота бошқараётган оилавий хўжаликка четдан бошқа бирорта мутахассисга эҳтиёж йўқ, Аҳмаджон хўжаликнинг ветеринари. 

–Ҳамқишлоқларимизга ой сайин 2-2,5 тонна гўшт етказиб беряпмиз, мол гўштини 1850 тенгедан, йилқи гўштини эса 1900 тенгедан сотяпмиз. Молни Қорабулоқ бозоридан харид қиламиз, сўнг бўрдоқилаймиз, – дейди Аҳаджон.

Хонадон соҳиблари билан бўлган суҳбат чоғида меҳнат қилган одам элда обрў-эътибор топишига амин бўлдим. 

–Туманда “омадли фермер” деб ном олган чорвадорлар хайрия тадбирларини ҳеч канда қилишмайди, – дейди Мирсобир ака. – Қишлоқдаги камхарж оилалар фарзандларидан 17 нафарига йил сайин моддий ёрдам бериб келишади. 

Элбошимизнинг “Буюк даштнинг етти қирраси” мақоласида етти хазинанинг бири – йилқичиликка ҳам алоҳида аҳамият берилаётганлиги бежиз бўлмаса керак. Фарзандларининг ишбилармон бўлишига замин яратиб берган хонадон соҳибларига ҳожилик амалларини бажариш ҳам насиб этибди. 

Эркакларнинг топганини жой-жойига қўйиш, тежамли, шу билан бирга ўринли тутум юритиш, исрофга йўл қўймаслик уй соҳибаси Насиба опа бошчилигидаги келинлар зиммасида. Опанинг ўзи ўчоқда ёпган мазали патир ҳамда келинлари билан биргаликда тайёрлаган қимиз, мазали қовурдоқни тановул қилгандан сўнг, тадбиркорлар фаолиятига барака тилаб, Отабоевларнинг йилқи фермасига йўл одик. 

Юзга яқин йилқи тоғ ҳавосидан баҳра олиб, ферма ҳовлисида эркин юришибди. Ака-ука Аҳмаджон ва Аҳаджонларни узоқдан кўрган жониворлар, уларга қараб кишнашади. Отбоқар уларга емини бераётган экан. Ишбилармонларнинг бугунги фаолияти, халқимиз дастурхонининг баракаси, файзли эртаси. Мен томоша қилаётган ақлли жониворларнинг ҳозирги ҳолати, фермадаги шароит йиллар мобайнида шаклланганини ва бунга эришиш осон бўлмаганини кўз ўнгимда гавдалантиришга ҳаракат қилдим. Ҳа, интилганга толе ёр, деб бекорга айтишмаган экан. Ҳар бир эзгу иш ниятга, қўйилган мақсадга боғлиқ. 

 Пири бадавлат хонадоннинг турмуши, фаолиятига бир томондан ҳавас қилиб, бир томондан ҳайратланиб, бу очиқкўнгил одамлар билан қиймай хайрлашдим. Уларнинг муваффақияти ортида залворли меҳнат, уйқусиз тунлар борлигини ич-ичдан туйдим. Орамизда шундай омилкор ва файзли оилалар бор экан, турмушимиз фаровон, ҳаёт чиройлидир.

М. САЪДУЛЛАЕВА., 2019-11-21, 04:24 570
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.