26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Декабрь ойидан ҳаракатни бошланг!

2020 йил 1 январдан бошлаб, 340 мингдан зиёд кўп болали оила янги давлат нафақасини олади. 

Қозоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги мутахассисларининг тахминига кўра, 4 ёки ундан кўп боласи бор 346 минг оила серфарзанд ҳисобланиб, давлатдан ёрдам олишга ҳақли. 

Табиийки, таъкидланган нафақа берила бошланган пайтда Қозоғистондаги серфарзанд оилалар сони янада ортиши мумкин.

Ушбу давлат нафақасини татбиқ этиш Давлат раҳбарининг жорий йил 2 сентябрдаги Қозоғистон халқига Мактубида берган топшириғига биноан ҚР Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тайёрлаган манзилли ижтимоий ёрдам (МИЁ)нинг янги механизмида кўзланган кам даромадли ва кўп болали оилаларни қўллаб-қувватлашнинг асосий уч йўналишидан биридир. Яқинда ушбу қонун лойиҳаси ҚР Парламенти эътиборига ҳавола этилди.

Ушбу нафақа тури 4 ёки ундан ортиқ балоғат ёшига тўлмаган ёки кундузги бўлимда ўқийдиган 23 ёшгача бўлган болаларга эга барча оилаларга даромадига қарамасдан тўланади.

Нафақа миқдори болалар сонига қараб белгиланади. Яъни, 4 боласи бор оилаларга 42 496 тенге, 5 болага – 53127 тенге, 6 болага – 63757 тенге, 7 ёки ундан ортиқ болага 74388 тенге тўланади.

Нафақа миқдори ўрта ҳисобда ҳар болага 10-11 минг тенгедан тўғри келмоқда. Бу 2018 йилдан бошлаб тайинланмай қўйилган худди шу каби нафақа туридан 4-7 ҳисса кўп.

Маълумки, жорий йил 7 октябрда ҚР Ҳукуматининг мажлисида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Биржан Нуримбетов Қозоғистонда 2020 йил 1 январдан бошлаб амалга татбиқ этиладиган МИЁнинг янги механизмларини тушунтириб берган эди. 

“Асосий устуворлик – давлат ёрдамига муҳтож одамлар, хусусан болалар ва кўп болали оилаларга берилади. Меҳнатга лаёқатли фуқаролар ишлаши керак. Давлат ишга жойлаштиришга ёки кичик бизнес билан шуғулланишига кўмаклашади. Давлат ёрдамига – серфарзанд оилаларни қўллаб-қувватлаш, даромади оз хонадонларга манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш, кам таъминланган оилалардаги болаларга бериладиган кафолатланган ижтимоий пакет киради”, – деди Б. Нуримбетов.

Вазирнинг айтишича, серфарзанд оилаларга кўмак республика бюджетидан давлат нафақаларини жорий этиш орқали амалга оширилади. 

МИЁ эса даромади оз, кўп болали оилаларга тўланади. Яшаш минимумининг 70 фоизи нафақа тайинлашда сўнгги чегара бўлиб ҳисобланади. Агар меҳнатга лаёқатли оила аъзоси тавсия этилган ишдан, иш билан таъминлашга ёрдамлашадиган бошқа тадбирлардан бош тортса, унда МИЁ тўлови нафақат унга, балки бутун оиласига ҳам берилмайди.

Кам даромадли оилаларнинг болалари учун кафолатланган ижтимоий пакет жорий этилади. 1 ёшдан 6 ёшгача бўлган болалар озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиенавий воситалар, 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар мактабларда иссиқ овқат, ўқув қуроллари ва мактаб формаси билан таъминланади, уларнинг йўл харажатлари қопланади. Тиббий, шу жумладан стоматологик ёрдам 18 ёшгача бўлган болаларга бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган миқдори ва мажбурий ижтимоий тиббий суғурта доирасида кўрсатилади. 

Айни кунда мамлакатда 246 мингдан зиёд оила серфарзанд оила сифатида давлатдан 10504 тенге миқдорида махсус давлат нафақасини олиб келмоқда ва бу нафақа тури уларга 2018 йил 1 январга қадар тайинланган. Бу – биринчи тоифа.

2020 йил 1 январдан яна 100 минг оила янги нафақа олишга ҳақли бўлади. Бу иккинчи – тоифа. 

Шундай қилиб, Қозоғистонда 346 минг оила МИЁ олиш ҳуқуқига эга бўлади. 

Биринчи тоифадаги оилаларга тўғридан тўғри янги нафақа тайинланади. Ва бу ишга давлат мутасадди органлари жорий йилнинг 23 ноябридан киришади.

Бу тоифа билан ишлаш чоғида 2018-2019 йилларда ушбу оилаларда туғилган бешинчи ёки ундан кейинги болалар сони ҳам инобатга олинади. Бундай оилалар сони ҳозирча 43,6 мингта. 

31 мингта оилада эса оила аъзоларининг биргаликда яшашини тасдиқловчи ҳужжатлар йўқ, бу эса уларнинг янги нафақага даъвогарлик ҳуқуқини чеклайди.

Шу боис ҳар бир оиладан жорий йилнинг 5 декабрига қадар болаларнинг яшаш жойига оид ҳужжатларни тартибга келтириш талаб этилади. Агар, хонадонда оила аъзоларининг ҳаммаси биргаликда яшаётганларини тасдиқловчи ҳужжатлар ўз вақтида топширилса, нафақа янги йилдан тайинланади. Бу иш айни кунларда Давлат корпорацияси (Аҳолига хизмат кўрсатиш маркази – АХМ)нинг бўлимларида бошланиб кетди. 

Иккинчи тоифадаги оилаларни таҳлил қилиб, соҳа мутахассислари ахборий тизимлардаги маълумотлар, ҳужжатлар жойида эканлигини эътироф этишмоқда. Фақат даъвогар ариза билан мурожаат этса, кифоя.

Бугунги кунда кўп болали оилаларда маҳаллий АХМга мурожаат қилиб, ариза бериб қўйиш талаб этилмоқда. Буни декабрь ойининг бошларида қилиш керак. Сабаби, янги йилнинг дастлабки кунларида АХМда катта тирбандликлар вужудга келади. 

Керакли ҳужжатлар:

*  даъвогарнинг шахсий гувоҳномаси;

* болаларнинг туғилганлиги ҳақидаги шаҳодатномалари;

* болага васийлик қилаётганларга тегишли ҳужжатлар;

* даъвогар шахснинг никоҳдан ўтганлиги ёки ажрашганини тасдиқловчи ҳужжат;

* ариза ёки ҳужжатларни учинчи шахс берган ҳолда, нотариал тасдиқланган ишонч қоғози;

* банк ҳисоб рақами.

Оила аъзоларининг биргаликда яшашини тасдиқлаш жараёни АХМдаги “Хусусий шахсларнинг давлат базаси” ахборий тизимида тўғридан тўғри тасдиқланади. 

Аризалар жойлардаги Аҳолига хизмат кўрсатиш марказларида алоҳида ажратилган бўлимларда қабулланади. 

Яна бир муҳим ахборот – янги туғилган бола яшаш жойи бўйича давлат рўйхати (прописка)дан ўтган бўлиши, яъни оила аъзоларининг ҳаммаси бир уйда яшаши керак. 

Н. Мавлонова, 2019-11-28, 04:42 539
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.