26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ўчмас из

Одамларни яхшилик қилишга ундовчи, яхшилик қилишга чорловчи Раҳмон сурасининг 60-оятида келтирилган “Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир” иборасини такрор-такрор айтишдан толиқмаган, 36 йил Сайрам бош имоми вазифасини аъло даражада бажарган Ибодулла Исмоил ўғли Тожиматовнинг ёрқин сиймоси сайрамликлар хотирасида мангу сақланиб қолади, десак муболаға бўлмайди.

Қорабулоқ қишлоғида дин уламоси Исмоил ота хонадонида таваллуд топган Ибодулла ёшлигидан диний илмга меҳр қўйди ва араб алифбосини ўрганди. Болалигидаги қизиқиш устун келиб, Бухорои Шарифдаги кўплаб дин пешволари таҳсил олган Мир Араб мадрасасида ўқиди. 1979 йилда эса собиқ Иттифоқда ягона бўлган Тошкентдаги Ислом университетида билимини теранлаштирди. Буюк устозлар қўлида дин илмидан баҳраманд бўлган Ибодулла Тожиматов йўлланма бўйича она юртига қайтди. Ўша вақтдаги вилоят бош имоми, миллатимизнинг ардоқли фарзанди Шукруллоҳ ҳожи Муҳаммаджонов Ибодулла Исмоил ўғлини ёш бўлишига қарамай, Сайрам қишлоғига бош имом этиб тайинлади. Ёшларга диний таълим беришдан чарчамаган Ибодулла домла муқаддас маконга бир умр зиё таратгани айни ҳақиқат. Қишлоқдаги марказий масжид қурилишига бош-қош бўлган Ибодулла Исмоил ўғли азиз қадамжоларни обод қилиш, одамлар орасида меҳр-оқибатни кучайтиришда ҳам беминнат хизматини аямади. Ўзининг халқпарварлиги, ҳақиқатпарварлиги билан сайрамликларнинг меҳрини қозонди, шу сабабли доимо иззат-икромда бўлди. 

Кўҳна ва қадимий Сайрамда унинг номидаги масжид борлиги, ёши улуғ отахонларнинг Ибодулла домлани ҳамиша яхши гаплар билан эслаши, эъзозлаши имомнинг ҳаёти бесамар кетмаганидан дарак беради, албатта.

Баҳодир НУРАЛИЕВ: 

– Ибодулла домланинг ўғли Ҳаётилло Халқаро қозоқ-турк университетини тамомлагач, Туркия Республикасида инглиз тилини мукаммал ўрганиб келди. Етук мутахассис бизнинг мактабга ишга кирди. Олижаноб домла қаршилигимизга қарамай, миннатдорчилик сифатида ош қилиб берди. Унда қорабулоқлик дўсти, республикага таниқли волейболчи Ҳайдар ака ҳам иштирок этганди. Суҳбат асносида Ҳайдар ака ёшларга волейбол сирларини ўргатаётганини айтиб қолди. Шунда Ибодулла домла ҳозиржавоблик билан: “Биз ҳам ҳар куни беш марта машғулот ўтказамиз. Афсуски, бизнинг “тарбияланувчиларимиз”нинг аксарияти қариялар”, деганди.

Ҳавазмат ТЎЛАМЕТОВ, тадбиркор:

– Ибодулла домла адам билан жуда яқин эди. Ёш бўлишимга қарамай, домланинг илмидан баҳраманд бўлишга интилардим, ҳурмати жуда баланд эди. У ҳам мен билан яхши муносабатда бўларди. Қисқаси, домлага ихлосим баланд бўлган. 

2015 йилда домла оламдан ўтди. Шу йили Рўзаи рамазон июль ойига тўғри келган эди. Оилавий рўза тутардик. Бир куни тушимда гўё масжид қурган эмишман. Уни бировга айтишга ҳам истиҳола қилиб юрдим. Кунлардан бир куни маслаҳатдошим Абдуллоҳ акага тушимни айтиб бердим. Ҳожи ака шунда “Астағфируллоҳ. Кеча менинг тушимда сен жомеъ масжидида имомлик қилаётган эдинг”, деб қолди. Мен унга масжид қуришга маблағим йўқлиги, ундай иш хаёлимдан ҳам ўтмаганлигини айтдим. Ўша пайтда эндигина Ҳаж сафарига бориб келиб, тадбиркорлик ишларимни бошлаётган эдим. Дўкон ёки уй қуриш режамиз бор эди. Шунда онам амални савоб ишдан бошлашни, яъни аввал масжид қуришни маслаҳат бердилар. Маблағимизни чамалаб кўрсам, масжид қуришга етар экан. Ҳозирги масжиднинг ўрнида дўконимиз бўларди. Шаҳар имоми Ахметжан билан маслаҳатлашиб, унинг ўрнида масжид қуришни бошлаб юбордик. Йилнинг охирида у битди. Энди унга ном қўйиш масаласи олдимизда кўндаланг турарди. Сизга ёлғон, менга чин, қурилиш битгандан кейин тушимга яна бир масжид кирди. Унинг пештоқига “Ибодулла ота номидаги масжид”, деб ёзиб қўйилганди. Шунда масжидга устознинг номини беришга қарор қилдим. Билсам, масжидларга одамларнинг номини бериш тақиқлаб қўйилган экан. Шунда яна шаҳар бош имоми Ахметжан Керимбекка маслаҳатлашиш учун бордим. У ўрнидан туриб, мени бағрига босганча, “шу пайтгача сиздек одамни учратмаган эдим”, деб, беихтиёр кўзига ёш олди. Ва, Ибодулла домла унга ҳам устозлик қилганини, араб алифбосини ўргатганини гапириб берди. Унинг айтишича, баъзи масжид қурдирганлар 5000-10000 доллар кўтариб келиб, отаси ёки бобосининг номини қўйишга ёрдам беришни сўрар экан. У 22 декабрда қурултойда ушбу масалани кўтаришга ваъда бериб, мени кузатаркан, одамлар номини қўйишга мораторий эълон қилинганини яна бир эслатиб қўйди.

Бир куни у Астанадан қўнғироқ қилиб, Ибодулла домланинг номи берилишини ҳамма бир овоздан қўллаганини мамнуният билан билдирди. Пойтахтдагилар бу ишим учун дуо қилишганини айтганда, йиғлаб юборганим рост... Лекин у домланинг фарзандлари билан маслаҳатлашишимни айтди. Устознинг ўғли Шукруллога айтсам, кўзига ёш олиб, миннатдорчилик билдирди ва ёрдам керак бўлса, тортинмай айтишимни сўранди. 

Масжиднинг очилиш маросимида қатнашган домланинг қорабулоқлик қариндош, биродарлари бизни дуо қилиб, раҳматларини айтишди. Қилаётган амалларим ёққан бўлса керак, Сайрамнинг “Чимкент қопқа” мавзесига бий этиб сайлашди. Ишни масжиднинг олдидаги уйимни “Маҳалла уйи” қилишдан бошламоқчимиз. У ерда хотин-қизлар, ёшлар қўмиталари фаол ишлашини хоҳлайман. Тўй-томошалар, таъзия-маъракаларни ихчамлаштириб, тартибга келтириш бош мақсадларимиздан. 

Ирисали МАҲКАМБОЕВ, қўшниси:

– Ибодулла домла билан қўшни бўлиб яшадик. У динимизда ёзилган қўшничилик амалларига тўлиқ амал қиларди. Ундан Аллоҳ рози бўлсин! Ибодулла бош имом бўлиб 36 йил ишлади. Яхши инсон бўлгани, одамгарчилиги кучли экани учун шунча муддат ишлади. Қишлоғимиздаги янги марказий масжид Ибодулла бошчилигида, ҳашар йўли билан қурилган. Бош усталар Самарқанднинг Ургутидан эди. Деворнинг ярми кўтарилганда самарқандлик ОБХСС ходимлари келиб, ўзимизда ҳам иш кўп, деб беш нафар устани олиб кетиб қолишганди. Шундан кейин Ибодулла домла, Эргаш Юнусметов ва мен Самарқандга отландик. Ҳамқишлоғимиз, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Расулмат Ҳусановга М. Мирхолдоров хат ёзиб берди. Р. Ҳусанов мактуб билан танишгач, Самарқандга бир энлик нома битди. Шаҳардан 40 чақирим узоқликда жойлашган Ургутда бизни қишлоқ имоми кутиб олди. У Ибодулла билан бирга таҳсил олган экан. Эртаси куни тадбирда туман ижроия қўмитаси раиси билан учрашдик. У беш нафар устамизни бизга қўшиб, масжид битгунча шу ерда ишлашларига рухсат берди. 

Абубакир ХОНХЎЖАЕВ, дўсти:

– Ибодулла ҳожини Сайрамда жуда эъзозлашади, қадрлашади. Ҳар бир одамга руҳиятига қараб муомала қиладиган домламиз ўта маданиятли, маънавиятли эдилар. 

Сариоғочда сув тошқини рўй берганда, Ибодулла домла бошчилигида Қозоғистон Республикаси Парламенти депутати Сотиболди Ибрагимов, қишлоқ оқсоқоли Қувонч Абдураҳмонов, тадбиркор Йўлдош Бозорбоев тўртовимиз у ерга хайриядан тўпланган пул ва озиқ-овқат маҳсулотларини олиб боргандик. Одамнинг кимлигини билмоқчи бўлсанг, у билан йўлдош бўлиб кўр, дейди доно халқимиз. Сариоғоч сафарида бўлган мароқли суҳбатларимизни ҳозир ҳам эслаб юрамиз. У ерда сув тагида қолган уйларни кўриб, ачиндик, лекин уларнинг орасида бус-бутун турган масжиднинг ҳолати бизни ҳайрон қолдирган эди. Чунки, сув тошқини унга ҳеч қандай зарар келтирмаган эди-да. Шунда Ибодулла домла Парвардигорнинг қудрати ҳақида маъруза қилганда, маҳаллий аҳоли унинг илми олдида бош эгганди. Қурилаётган ҳар бир уйга кириб, қилган дуоси ҳам талафот кўрган сариоғочликлар қалбига таскин бағишлаган эди.

Турсунхўжа ҳожи ХОНХЎЖАЕВ:

– Ибодулла Тожиматов Сайрамга бош имом бўлиб келганини амаким Сайдирасул отадан эшитган эдим. У ўша вақтларда ҳам беш вақт намозини масжидда ўқирди. Бизга имомнинг ёш бўлишига қарамай илмли, билимли эканлигини мамнуният билан айтди. У пайтларда Сайрамда Сидиқхон домла ва мулла Икромжон бўларди. Юсуф Сарёмийнинг шеърларини оққа кўчириб юриб, кейин қувғинга учраган мулла Икромжон Тошкентга кўчиб кетиб, у ерда фидокорона меҳнатлари учун Ленин ордени олганлигини ҳамма ҳам билавермайди. Ибодулла домла Икромжон ота ҳақида эшитиб, у билан учраштиришни илтимос қилди. Учрашувда Икромжон ота Ибодулла домлага иккита савол бериб, жавобидан қониқди. Ва мендан уни қўллаб юришни сўранди. Ҳақиқатан, Бухоро, Тошкент алломалари қўлида диний таълим олган Ибодулланинг билими кучли эди. Домламиз халққа яқин, ҳозиржавоб ва ҳазил-мутойибага яқин бўлгани учун сайрамликлар уни ҳурмат қилишар, яхши кўришар эди. Шуни ҳам айтиш керакки, Ибодулла имомни баъзи сабабларга кўра икки марта ишдан четлатишганда, унинг ўз ўрнида қолиши учун холисона ҳаракат қилганман. У чуқур билимга эга бўлишига қарамай, изланишдан, ўзи устида ишлашдан тўхтамаган. 

Унинг Сайрам марказий масжидининг қурилишига бош-қош бўлганини халқимиз ҳеч қачон ёдидан чиқармайди. Масжид осонликча қад кўтаргани йўқ. Иш пухта уюштирилгани учун ҳам салобатли масжид қисқа вақтда битди. Самарқандлик усталарга Ирисали Маҳкамбоев ҳомийлик қилди. Эргаш Юнусметов иқтисод ишлари билан машғул бўлган. Мирзаҳмад ота Ризаевнинг ҳиссаси ҳам катта. У пайтда мен Калинин номли мактабда илмий мудир бўлиб ишлардим. Масжид қурилишида мактаб ўқувчилари ҳам беминнат хизмат қилишган.

Масжидимизнинг гумбази ўрнатилганда Шайх Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқ Сайрамга зиёратга келган, масжидимизни кўриб, ижобий баҳо берганди.

Хуршид ҚЎЧҚОРОВ., 2020-02-06, 03:34 1393
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.