26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Тарих. Шахс. Туркистон.

Туркистонни куйламаган шоир, Туркистонни ўрганмаган тарихчи, Туркистон ҳақида ёзмаган ижодкор камдан-кам. Бу – кўҳна шаҳарнинг халқ юрагида алоҳида ўринга эга эканлигидан нишон. Бугунги кунда бутундунё Туркистоннинг янги даври бошланишига гувоҳ бўлиб, ўзгача қувонмоқда. Кун сайин, ой сайин ўзгариб, тўлин ойдай тўлишаётган Туркистон алп қурилиш майдонига айланган. Кўҳна шаҳар янги қиёфа касб этди

2018 йилнинг 19 июнида Тўнғич Президент – Элбоши Нурсултан Назарбаев Туркистон вилоятини ташкил этиш тўғрисидаги Фармонни имзолади. Бу қарор “Маънавий янгиланиш” дастурини амалга оширишга жўшқинлик берадиган ҳамда мустақиллик шажарасидаги муҳим воқеалардан бири бўлди.

2019 йили ноябрь ойида Туркистонга махсус келган Элбоши Н. Назарбаев аҳоли билан учрашувда “Мустақилликни қўлга киритгач, Туркистонни пойтахт қилмоқликни мўлжалладим. Бироқ, ўзингизга маълум, вазият бунга йўл бермади. Бугунги кунда ушбу шаҳар вилоят марказига айланди, шаҳарни ривожлантириш ишлари юритилмоқда. Барча режаланган иншоотлар қурилиши тугагандан кейин биз сайёҳларнинг ортишини кутамиз. Шунингдек, қўшимча иш ўринлари очилади. Бунинг барчаси халқимизнинг яшаш даражасига ижобий таъсир кўрсатади”, деганди. Бу сўзлар Тўнғич Президентимизнинг Туркистонга меҳри баланд, режалари бисёр бўлганини англатади.

Шунингдек, 2018 йилнинг 29 сентябридаги сафарида Элбоши Туркистон шаҳрида маъмурий-тадбиркорлик марказининг тамал тошини қўйди. Ушбу тарихий даврга бағишлаб ўрнатилган ёдгорликка Элбошининг “Кўҳна Туркистон янги Қозоғистоннинг гўзал шаҳрига айланади”, деган сўзи ёзилди. Сўз амалда кўрина бошлади.

Туркий давлатлар раҳбарлари билан учрашади

Кечаги кун – тарих. Унга назар солсак, мустақиллик тонги отган чорак асрдан зиёд вақт ичида Тўнғич Президент жанубга элликка яқин сафар қилиб, янги корхона ва бир қатор ижтимоий иншоотларни ишга туширишга ташаббускор бўлган. Мустақиллик солномасини варақласак, Элбоши жанубга келганда хориж раҳбарлари билан Шимкент шаҳрида учрашса, томири бир туғишган туркий юрт раҳбарларини Туркистонда қабул қилди. Бунга Нурсултан Абишулининг ташаббускорлиги билан бирга қардош ўзбек халқининг етакчиси Ислом Каримов, Туркия мамлакати Президентлари Турғут Ўзал, Сулаймон Демирел, Аҳмад Нажат Сезар, Абдулла Гул, Ражап Тойиб Эрдўған билан учрашувлар гувоҳ.

Элбоши давлат тизгинини қўлга олгандан буён Туркистоннинг миллий, минтақавий ҳамда дунёвий миқёсдаги нуфузи ва аҳамиятини оширадиган қарорлар ва тадбирларга қўллов кўрсатиб келди. Илдизи бир туркий оламни бирлик ва ҳамкорликка, тотувлик ва дўстликка даъват этди. Чунончи, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашиб, “Туркистон меморандуми”ни имзолади. 1992 йили Элбоши: “Бундан буён туркий халқлар етакчилари билан муқаддас Туркистонда учрашиб турамиз”, деб, бирликнинг бош масала эканлигини илгари сурса, 1993 йилнинг 10 апрелида Туркия давлати Президенти Турғут Ўзал билан бирга Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасида эҳсон атаб, Дошқозонга садақа солди.

Элбоши 1995 йили 13-14 апрель кунлари А. Яссавий мақбарасига атайин келиб, уни қайта тиклаш, таъмирлаш ишларининг юритилиши билан танишса, шу йилнинг 17 июнидаги Туркия мамлакати Президенти Сулаймон Демирел билан учрашув ҳам Туркистон заминида ўтди. “Туркистон – туркий оламнинг маркази” концепцияси доирасида мустақиллигимизни мустаҳкамлашнинг мазмун-моҳиятига тўхталди. 2000 йил 19-21 октябрь оралиғида Туркистон шаҳрининг 1500 йиллигига бағишланган улкан тадбирда Қозоғистон Республикасининг Президенти Нурсултан Абишули Назарбаев ва Туркия Республикаси Президенти Аҳмат Нажат Сезар ва бошқа қадрли меҳмонлар Х. А. Яссавий мақбарасига кириб, ўтганлар руҳига Қуръон тиловат қилдилар. Қардош икки халқнинг раҳбарлари келажакда қад кўтарадиган салобатли масжиднинг ўрнига белги қўйдилар. Халқаро илмий-амалий анжуман ўтди. Унда Элбоши: “Туркистон – миллий эркинлигимиз ва мамлакатимизнинг маркази. Қозоқ халқининг миллий давлатчилигини дунёга олиб келган олтин бешик ва камолатга етказган ибратли мактаб”, деди. 

2002 йил 22-24 октябрь оралиғида Бутундунё халқларининг II қурултойи Туркистонда уюштирилишини айтган Элбоши қардошларни юртимизга таклиф қилди.

2010 йил 23 май куни Туркия Президенти Абдулла Гул Туркистон тўрида Элбошига салтанат ҳассасини топшириб, “Сиз – буюк шахссиз. Туркийзабон халқларнинг етакчиси деб тан олишнинг белгиси сифатида ушбу скипетрни тақдим қиламан”, деб ҳаяжонланиб гапирса, 2015 йили апрель ойида Қозоғистонга илк бор келган Туркия президенти Ражап Тойиб Эрдўғонни Давлат раҳбарининг ўзи хосиятли Туркистонга олиб келди. Биргаликда қад ростлаган Ҳазрат Султон масжидининг очилиш маросимида қатнашдилар.

Қурилиши жадал, муваффақияти кўп қиррали

Ҳозир Туркистон шаҳрининг ҳар бир бурчаги, ҳар бир кўчасида қурилиш ишлари олиб борилмоқда, десак муболаға бўлмас. 2018 йил 29 сентябрда Тўнғич Президент – Элбоши Нурсултан Назарбаев Туркистонга махсус хизмат сафари билан келди. Бу ташрифнинг мақсади бошқа бўлди. Сабаби, у ўзи билан бирга Ҳукумат раҳбаридан тортиб, вазирлар ва мамлакатдаги алп компаниялар етакчилари, хорижлик сармоядорларгача олиб келди.

Ушбу учрашувда Нурсултан Назарбаев “Туркистон шаҳрини туркий оламнинг маданий-маънавий маркази сифатида ривожлантириш Бош режасининг концепциясини тасдиқлаш” ҳамда “TURKISTAN” махсус иқтисодий минтақасини ташкил этиш тўғрисида Фармонини имзолади. Туркистон шаҳрида махсус мажлис ўтказиб, мамлакатимиздаги алп компаниялар ва Ҳукуматга Туркистонни ривожлантиришга ҳисса қўшиш бўйича топшириқ берди. Бугунги кунда Туркистон шаҳрида ижтимоий иншоотлар ва маъмурий бинолар қурилиши жадал суръатларда, икки сменада юритилмоқда. Вилоят ҳокимлари ва йирик компанияларга 26та иншоотни қуриш вазифаси юклатилса, 2019 йилнинг ўзида қатор иншоотларнинг қурилиши якунланди. Чунончи, маъмурий-тадбиркорлик маркази қошида вилоят ҳокимлиги биноси (Туркистон вилояти), медиамарказ (Алмати шаҳри), Нур-Султан майдони (Нур-Султан), мусиқа мактаби (ҒҚВ), олимпиада захираларига ихтисослашган спорт мактаби (ШҚВ), аҳолига хизмат кўрсатиш маркази (Павлодар вилояти)нинг қурилиши битказилиб, бир нечтаси фаолиятини бошлади. Шунингдек, маънавий-маданий марказда мусиқий фаввора (ШҚВ), амфитеатр (Манғистов вилояти), Никоҳ саройи (Қўстанай вилояти) қурилиши талабга мувофиқ бажарилди. Яқинда ташриф маркази (Жамбил вилояти) ва шарқ ҳаммоми (Қизилўрда вилояти) фойдаланишга топширилади, 900 ўринли мактаб ишга туширилди.

Келгуси бир-икки йил мобайнида бошқа бинолар режа асосида қурилиб, шаҳарга янада чирой бахш этади. Ҳадемай, аэропорт ҳам битиб қолади.

Вилоят ҳокими Ўмирзақ Шўкеев минтақани ҳар томонлама ривожлантиришда 5та йўналишни белгилаб берди. Булар – Туркистон шаҳрини ривожлантириш, Туркистон вилоятининг маданий-маънавий соҳасини ривожлантириш, туман, шаҳар ва қишлоқларни ривожлантириш, агросаноат мажмуаси ва индустриявий минтақаларни ривожлантириш.

Ўмирзақ Естайулининг бевосита топшириғига биноан Минтақани мажмуавий ривожлантириш режаси қайта кўрилиб, унга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилди. Режалар белгиланиб, инфратузилмани яхшилаш йўналишида аниқ ишлар йўлга қўйилди. Минтақа раҳбарининг топшириғи билан шаҳарнинг эски қисмини ривожлантириш масаласи ҳам пухталаниб, Туркистоннинг эски кичик мавзеларида таъмирлаш ишлари бошланди. Артезиан тармоқлари тортилиб, ариқларда сув оқа бошлади. Кўчалар таъмирланиб, ёритиш чироқлари ўрнатилди. Бу яхшиликларни халқ кўра бошлади.

Энг асосийси, ўтган йили бир ой ичида Ҳукумат томонидан вилоят учун жуда муҳим 5та қарор қабул қилиниб, Туркистон аҳолисини жуда қувонтирди. Жумладан, “Туркистон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2024 йилгача бўлган мажмуавий режаси” жуда муҳим. Буни Туркистон вилояти ташкил этилганлигига 1 йил тўлиши муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида вилоят ҳокими Ўмирзақ Естайули шундай ифодалади: “2018 йилнинг 29 декабрида Туркистон вилоятини ривожлантириш бўйича мажмуавий режа тасдиқланган эди. Яқинда иш жараёни мобайнида мазкур режада кўплаб масалалар қамралмагани аниқланиб, унга ўзгаришлар киритилиб, қайта тасдиқладик. Унга киритилган лойиҳаларни амалга оширишнинг Туркистон вилояти учун мультипликатив таъсири жуда улкан. Мамлакат раҳбари томонидан вилоятга алоҳида эътибор берилмоқда. Минтақага 5 йил ҳажмида йўналтириладиган маблағ ҳажми 1 трлн. 200 млрд. тенгедан ошади”.

Бир йил мобайнида Туркистон вилояти қишлоқ хўжалик, қурилиш, маданият, спорт, сармоя жалб қилиш ва бошқа соҳаларда ҳам ютуқларни қўлга киритди. Уй-жой масаласига келсак, 2019 йили Туркистон вилоятида “Нурли ер” дастури доирасида уй-жойни фойдаланишга топшириш режаси 550,6 минг квадрат метр деб белгиланган бўлса, йил охиригача 620, 4 минг квадрат метр уй-жой, яъни 5846та квартира фойдаланишга берилди.

Ўтган йилдан бошлаб Туркистонни яшил шаҳар ҳамда иқлими қулай минтақага айлантириш мақсадида шаҳар атрофида “яшил белбоғ” шакллантириш ишлари олиб борилмоқда. Унинг умумий майдони 7700 гектарни ташкил этади. Вилоят бўйича 2021 йилгача жами 3,5 млн. туп кўчат экиш мўлжалланмоқда.

Туркистон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўналишида озиқ-овқат белбоғини шакллантириш ҳамда сув иншоотлари лойиҳаларини йўлга қўйиш бошланди. Ёмғирлатиб суғориш бўйича АҚШдан 18та суғориш машинаси ҳамда 27та қишлоқ хўжалиги техникаси сотиб олинди. 2019 йили вилоятда агросаноат маҳсулоти ҳажми 370,2 млрд. тенгени ташкил этиб, 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 106,1 фоизни ташкил этди. Қишлоқ хўжалигининг умумий маҳсулоти ҳажми 447,5 млрд. тенгени ташкил этса, сармоя ҳажми 248,9 млрд. тенгега етди. Чакана савдо ҳажми 119,5 млрд. тенгени ташкил этиб, юк ташиш 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 4,8 фоизга ортди. Йўловчилар 773,5 млн. кишини ташкил этиб, ўтган йилгидан 5,6 фоизга ортди. Ушбу фактларданоқ минтақада силжиш борлиги сезилади.

Туркистоннинг маънавиятини юксалтирадиган 4та йўналиш

Вилоят ҳокими Ўмирзақ Шўкеев вилоят маслаҳати сессиясида Туркистоннинг 4та мафкуравий йўналишини халққа эълон қилди. Булар: 

Туркистонни туркий оламнинг энг йирик зиёрат ҳамда туризм марказига айлантириш; 

Туркистонни жаҳон даражасидаги ҳунармандчилик ва усталар марказига айлантириш;

Туркистон – Буюк Ипак йўли бўйидаги йирик савдо маркази;

Х. А. Яссавий – маънавий шахс.

Бу мафкуравий тамойилнинг биринчи йўналишига биноан, ушбу шаҳарга келган ҳар бир киши бутун Қозоқ давлатининг бошидан ўтган тарихий воқеалардан хабардор бўлиши шарт. Иккинчидан, мафкуравий йўналиш бўйича бугунги кунда Туркистонда ҳунармандчилик маркази қурилиши режага киритилди. Келгусида қозоқ халқининг унутилган ҳунармандчилик ва заргарлик санъати, миллий қадриятлари ва касб турлари қайта тикланиб, йирик корхоналар очилади. 

Учинчи, мафкуравий йўналиш бўйича Туркистон маданият, савдо ва ишлаб чиқариш маркази сифатида ривожланади. Тўққиз йўлнинг чорраҳасида жойлашган, йирик савдо маркази бўлган Туркистон шаҳрини йирик савдо, санъат, туризм марказига айлантиришнинг мажмуавий дастаклари тайёрланади.

Тўртинчидан, “Х. А. Яссавий – маънавий шахс” йўналиши бўйича ҳам Туркистонда республика ҳамда халқаро даражадаги тадбирлар йўлга қўйилади. Элбоши топшириғига биноан янги Туркистонда Яссавий музейи қурилади.

Бу ерга мутафаккир ва унинг хориждаги шогирдларининг асарлари қўйилади. Яссавий феноменини юксалтириш, номини улуғлаш орқали нафақат фанни, балки туризмни ҳам ривожлантириш имкони бор.

Тарихий Фармон чиққан 2 йилга яқин вақт ичида Туркистон тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. Қадимий Турон тамаддуни вориси, Евроосиёнинг энг ажойиб шаҳарларидан бири энди жаҳон маданияти маркази сифатида қайта янгиланишга қадам қўйди. 

Қадаминг қутлуғ бўлсин! Яша, Туркистон!

Бейсенбай ТАЖИБАЕВ, Nur Otan партияси Туркистон вилоят филиали раисининг биринчи ўринбосари, 2020-02-08, 02:37 477
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.