26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Дунёни фақат савоб иш сақлайди

Яқинда автобусда бир воқеанинг гувоҳи бўлдим. Бир бекатда икки йигит чиқиб, йўловчиларга мурожаат қилди:

– Имкони борлар, шу болага ёрдам беринглар, у оғир касал, жарроҳи қилишга пул зарур!

Йигитларнинг қўлида махсус қутичалар бўлиб, устига бемор боланинг сурати, тегишли ахборот ва ҳисоб рақами ёзилган экан.

Йўловчилар бирин-кетин сумкаларини ковлаштириб, кимдир қоғоз пул, кимдир чақани қутичаларга ташлай бошлашди. 

Ҳалиги йигитларнинг уст-боши ҳам одатдагидек эмас. Бош кийимида ҳам, курткаси устидан кийиб олган жилетида ҳам ёзувлар бор эди. Униформаси ва бўйнидаги бейжикка қараб, уларнинг жамоатчилик фаоллари – волонтёрлар эканини билиб олдим.

Келаси автобекатга етиб келгунча, бир-икки оғиз гаплашиб олдик...

Волонтёрлар исм-шарифларини айтишмади, лекин ниятларини маълум қилишди:

7 ёшли боланинг саломатлиги учун куни бўйи “ишлаб”, автобусма-автобус, кўчама-кўча юриб, пул йиғишмоқда экан. Хушмуомала, одобли ва саришта кийинган ёшларнинг илтимосини одамлар умуман рад этмаяпти. Буни оғзи маҳкам ёпиқ қутичаларда йиғилган пуллардан кўриш мумкин. Кечқурун улар йиққан маблағ ёки садақанинг бир тийинига ҳам хиёнат қилмай, бемор боланинг ота-онасига олиб бориб беришади.

Ана сизга волонтёрликнинг бир тури!

Маълумки, жорий йил Қозоғистонда Волонтёрлар йили деб эълон қилинди.

Кимдир волонтёрлик фаолияти нима эканини яхши тушунса, кимдир ҳали ҳам англаб етмаётгани рост. 

Волонтёр – лотинча сўз бўлиб, “кўнгилли” деган маънони англатади. Яъни жамият учун фойдали иш билан беминнат шуғулланадиган одам. 2020 йилда Қозоғистонда Талабалар Ваучери татбиқ этилди. Бошқача қилиб айтганда, талабалар стипендияси 30 фоизга оширилиб, қўшимча мукофот пули ҳам йўлга қўйилди.

Бундай имкониятни қўлдан бой бермаслик ва энг аввало, инсонларга нисбатан қалбида меҳр-муҳаббат ҳисси ва беминнат хизмат қилиш иштиёқи билан ёнган ёшларимизни давлат шу тариқа қўллаб-қувватламоқда.

Волонтёрлик фақат одамларга хизмат қилиш билан чекланиб қолмайди, унинг таъсир доираси ўта кенг. Масалан, ўз ихтиёри билан ҳарбий хизматга отланган шахслар ҳам волонтёр ҳисобланади.

Бугунги кунда кўнгиллиларни ҳар соҳада учратиш мумкин. Ҳақ тўланишини ёки бошқа бирорта миннатдорчиликни кутиб ўтирмасдан, ихтиёрий ёрдамчилар болалар, қариялар уйлари ва ихтисослашган интернатларда ишлашмоқда. Касал одамларни парвариш қилишда, кекса одамларнинг уй юмушларини бажаришда, болаларни ўқитишда, муҳтожларга маблағ йиғишда, хуллас ҳамма жойда уларни учратиш мумкин. 

Шундай қилиб, чин кўнгилдан қилинаётган хайрли фаолият – кўнгиллиларнинг касби.

Волонтёрлик тарихи 

Бу ижтимоий фаолият ёки ҳаракат дастлаб Ғарбда пайдо бўлган. У 1859 йилда расман вужудга келиб, Жан Анри Дюнан томонидан Қизил Хоч – ярадор ва асирга тушганларга ёрдам бериш мақсадида тузилган. Ўша пайтдаги волонтёрлик тамойиллари бугун ҳам эскиргани йўқ. Аксинча, XX асрга келиб, кўнгиллилар ҳаракати кенг қулоч ёйди. Илк ташкилоти Биринчи Жаҳон урушидан кейинги Европани тиклаш, урушдан зарар кўрганларга ёрдам бериш учун пайдо бўлган бўлса, бугунги кунда ушбу халқаро қўмита ЮНЕСКО томонидан қўллаб-қувватланади ва бутун сайёрага таралган.

Ҳар йили 5 декабрь куни дунё миқёсида Кўнгиллилар куни нишонланади. Бу санани БМТ эълон қилган ва унинг рамзий белгиси – кўтарилган қўл ва очилган кафт. 

Мутахассисларнинг фикрича, ҳамма ҳам волонтёр бўлолмас экан. Атрофидаги одамларга, жониворларга бефарқ бўлмаган, тақдирнинг оғир синовларини ўз бошидан ўтказган, ҳаётида янгича қарашлар бўлишини истаган одамларгина чин волонтёрликка муносиб экан. 

Бугунги кунда жаҳон бўйича волонтёрликдан биринчи ўрин Норвегия (аҳолисининг 57 фоизи), Люксембург (55 фоизи) ва Камерун (53 фоизи)га тегишли. Россия ва Украинада кўнгиллилар ҳаракати унчалик ривожланмаган, бор-йўғи 10 фоиз, йўналиши ҳам болаларга ёрдам бериш билан чекланади, холос. 

Айни пайтда сайёрамизда истиқомат қиладиган аҳолининг 150 миллиони шу хайрли касб билан машғул.

Волонтёр бўлиш ниятингиз борми?

Бугунги турмушимизни яхшилаш учун ижтимоий аҳамиятга молик турли лойиҳаларда қатнашсангиз, ниятингиз рўёбга чиқади. 

Масалан, экологик акциялар. Ҳар йили эрта кўкламда вилоятимизда дов-дарахтлар, гул кўчатлари ўтқазилади. Демак, шаҳарлар обод, каттаю-кичик, тоза ҳаводан баҳраманд, табиатни асраш имконияти мавжуд. Ҳеч иккиланмай, шу хайрли ишда қатнашаверинг. 

Мабодо, бунга ҳушингиз бўлмаса, унда футбол матчлари ёки халқаро форумлар каби тадбирларни ўтказиш ишларида ўзингизни синаб кўринг. Жорий йилда вилоятимизда бундай тадбирлар жуда кўп.

Чет элга бориш имконияти ҳам пайдо бўлади

Талаба ёшлар волонтёр бўлиш учун ўзлари ўқиётган муассасалардаги ҳар хил талабалик ўйинлари, спорт мусобақаларида қатнашишса, кифоя.

Бора-бора бу маҳаллий тадбирлар доираси кенгайиб, чет элларга сафар қилиш имконияти ҳам пайдо бўлади. Масалан, халқаро даражадаги Олимпиада ўйинлари, Бутунжаҳон талабалар ўйинлари, чемпионатларга бутун дунёдан волонтёрлар таклиф этилади. Уларга яшаш учун жой, озиқ-овқат ва махсус уст-бош берилади.

Замонавий волонтёрдан инглиз тилини яхши билиш талаб этилади. Сабаби, улар қатнашаётган лойиҳалар турли мамлакатларда амалга оширилади. 

Маълумки, хориждаги умумий мулоқот тили – инглиз тили. 

Волонтёрликнинг яна бир афзал томони – ёшларнинг ишга жойлашишига ижобий таъсир кўрсатади. Ёш мутахассиснинг олган маълумоти ва иш жойидаги тажрибасидан ташқари, унинг ҳаётда яна қандай ишлар билан шуғулланиши ҳам муҳим. Шахсий фазилатлари – одамларга меҳр улашиши, самимийлиги, беминнат ёрдам бера олиши, масъулияти, билсангиз – бу энг яхши резюме. Халқаро андазалар билан ишлайдиган нуфузли компаниялар волонтёрлик қилган ёшларни жон-жон деб ишга қабул қилар экан. 

Волонтёрликнинг афзалликлари

Хорижда ўқиш учун бериладиган грантлар олишга кўнгиллиларнинг “имкони” кўпроқ бўлади. Сабаби, грант берувчиларнинг ўзлари волонтёрларни излаб юришади.

Янги дўст орттиришнинг энг самарали йўли.

Турли миллат, турли касб, турли ёш эгалари билан танишиб, дунёқараш, фикрлаш доираси кенгаяди. Жамият учун фой­дали иш қилиб, ҳеч бўлмаганда, “Болалар уйи”га ўйинчоқлар йиғишнинг ўзи, билсангиз, қанчадан-қанча бахтли, қувончли онларга сабаб бўлади. Болажонларнинг хурсандчилигини кўришдан ортиқ лаззат бормикан бу дунёда?! 

Волонтёрлик лойиҳаларининг яна бир яхши томони – одам спорт билан ҳам шуғулланади, рассом, таржимон, сураткаш ҳам бўлади, хуллас, илҳом, ижод билан “дўстлашиб” ривожланади, изланади, истеъдоди ортади, обрўси юксалади.

 Бугунги кунда французлар, немислар, японлар, ирландияликлар кўнгиллилар ҳаракатида ўта фаол. Шунинг учун бу мамлакатларда тараққиёт жадал бормоқда. Сабаби, давлат одамларга пул тўлаб, ижтимоий лойиҳаларини амалга оширишига ҳеч ҳожат йўқ, бу ишларни одамларнинг ўзлари беминнат бажариб кетаверади. 

Ўзбек ёшлари орасида волонтёрликни кенг ёйишда Достон Маҳкамбоев, Шаҳзод Ҳамариддинов, Ҳурматой Абдуҳамидова, Диана Азаматова, Сурайё Пирметова, Малика Асановаларнинг ҳиссаси катта. 

Учинчи мегаполисдаги “Ёшлар қаноти” раисининг ўринбосари Шаҳзод Ҳамариддинов бу ҳақда шундай дейди:

– Юртимизда Волонтёрлик йили эълон қилингач, 6 январь куниёқ кўнгиллилар хизматини йўлга қўйдик. Севинч Расулова, Шаҳло Ҳожиметова, Акмалжон Деҳқонов, Улуғбек Ҳусанов, Мунира Ирисқулова, Диана Ҳодиметова, Нигора Мирбобоева, Шоҳсанам Қурбоналиева каби фаол аъзоларимиз кам таъминланган оилаларни аниқлашга киришдилар. Ижтимоий аҳволи ночор 10та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотларидан тузилган ёрдамимизни ташкил этишда вилоятимиздаги ёш тадбиркорлар кўмакка келишди, қолаверса, савдо дўконларининг раҳбарлари ҳам беминнат ёрдамини аяшмади. Ногирон ва имконияти чекланган болаларга ҳам шундай ёрдам ташкил этдик, уларнинг китоб ўқишни яхши кўришларини билиб, айни кунларда уларга китоб етказиб бермоқдамиз. 

Чеҳрасидан кўнгил поклиги акс этиб турган хокисор ёшларимизни кўриб, беихтиёр кўз қувнайди, бўш вақтларини мазмунли ташкил этаётганини кўриб, “баракалла” деб, дуога қўл кўтарганингизни билмай қоласиз.

Н. МАВЛОНОВА, 2020-02-25, 04:53 428
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.