26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Кишининг уволи

(Давоми. Боши ўтган сонларда).

 

Ҳаёт сал изга тушгандай бўлибдию, лекин ногирон қизининг эрталабгача ухламай оғриқдан чинқириб йиғлашлари Ҳурини ва ойисини қаттиқ азобга солар,  қизи йиғлаганда юраги ачишар, эрталабгача мижжа қоқмай чиқишаркан. Қизининг дори-дармонига, муолажасига  мактабдан оладиган  маоши ҳам етмасди. Ҳури мактабдаги дарслари тугаши билан уйига чопар, тўшакка михланган онасига ёки  қизига қарашни  ҳам билмай довдирарди. Шифтга тикилганича ётган онасининг оғзига овқат тутар, қизининг тагларини қуруқлар, эртанги куннинг овқатини тайёрлаб, кирларини ювиб, дазмол босиб, хуллас, тонгга қадар уй ишларини саранжомлаб, сўнг дарс тайёрлашга ўтираркан. Бир-икки соат қизининг ёнида ётиб, яна ишга чопаркан. Бечора Ҳурининг тинка- мадори қуриб, пичоқ суякка бориб тақалибди. Тағинам одам ҳўл экан, бўлмасам, бунақа кулфатлардан ловуллаб ёниб кетармиди. 

Хуллас, дугонам, касал онасини имкон борича парвариш қилди, бироқ волидаси тузалмади. Бояқиш бир ўғил каби онасининг ўлигини кўмди, барча маросимларини  ўтказди. Волидасидан айрилиб, ўтдай куюб юрганида қизчасидан ҳам айрилиб қолди, шўрлик. Қора кийиб, қон йиғлаб, мотамсаро юрганида мен уни ҳозирги “Юқори бозор”да кўриб қолдим, ўшанда гапириб берган эди бошидан ўтганларини. 

Адойи тамом бўлибди, бечора, мени кўриб, қучоқлаб, йиғлаб юборди. Бироқ Ҳурининг бу билан ғам-кулфатлари адо бўлмабди. Кейин эшитсам, бундан баттар ҳаёт кечирибди. 

Орадан қанча ўтганини билмайман, уни яна ўша  “Юқори бозор”да учратдим. Қирққа чиқмай сочлари оқариб, юзларига ажин тушиб кетибди. Мени кўриб, кўрмаганга олиб кетаётувди, қўлидан ушлаб, тўхтатиб, саломлашдим. Гуноҳкор одамдай ерга қараб гапиради, шўрлик. Кўзларидаги маъюсликни кўрсанг, қизим, юрак-бағринг ўртанади. 

Бироқ мени кўриб, дили равшанлашдими, ҳар ҳолда ҳол-аҳвол сўрашгач, оиламни суриштирди. Мен  билим юртидан сўнг иккита институтни тамомлаганимни, кеч бўлса ҳам турмушга чиққанимни, тўртта фарзанд кўрганимни айтдим. У эса бошини бир томонга солинтириб, жимгина эшитди. Рост ҳаётимдаги ютуқларимни  айтишга айтдиму, дугонамнинг кўнгли бузилганини кўриб, ўзимдан нафратланиб кетдим. 

– Менинг эса ҳаётда омадим чопмади, – деди у йиғламсираб. – Ҳу ўшанда кўришганимизда айтганимдай, ёлғон дунёга ғам-ташвиш учун келган эканман.Онам ва қизимнинг вафотидан кейин синглим эри билан келиб, мен билан уй талашди. Бирга тураверайлик, болаларингни елкамда опичиб,  катта қиламан, десам кўнмади. Туғишган синглим, ота-онамдан қолган ёдгорим, деб юрсам, ит кунини бошимга солди. Нимасини айтай сизга, дугонажон. Бир куни ишдан келсам, чемоданимни, китобларимни дарвоза олдига чиқариб қўйишибди. Дарвозани тақиллатиб,  қанча турганимни билмайман, лекин на синглим, на куёв болам, ҳолинг не бўлди, деб сўрашмади. 

Қош қорайганда ҳолдан тойиб, ўз она уйимдан бош олиб кетдим. Анорой, одам учун бундан ортиқ хўрлик, азоб-уқубат бўлмаса керак. Синглимни қандоқ яхши кўрардим, болалигида жуда нимжон бўларди. Ўзим кўтариб, катта қилгандим. Биринчи синфга борганида, онам ишда бўлгани учун катта одамлардай кутиб ўтирардим, ўқиш-ёзишни ўзим ўргатгандим. Онам, боғчага бераман, деганида кўнмай, ўзим қараганман. Ана шу жигарим мени, ғам-ғуссадан адо бўлган шўрпешона опасини итдай ҳайдади. Майли, нима ҳам дердим, ўзим айбдорман, ўз ҳаётимга ўзим болта урдим. Қанча орзуларим бор эди, Анорой, ҳаммаси дўзах ўтида ёниб, кул бўлди. 

Сўнгра Ҳури мактабда бирга ишлайдиган дугонасининг уйида яшабди, бу ерда ҳам тинчлик беришмагач, мактабнинг олдидаги кўп қаватли уйлардан бирида рус кампирнинг уйида ижарада тура бошлабди. Бечоранинг эри Улуғ Ватан уруши йилларида фронтга жўнаб, дом-дараксиз кетган экан. Битта қизи Москвада ўқиб, ўша ерлик йигитга турмушга чиқибди. 

– Ўзингиз биласиз, русча яхши гапиролмасдим. Лекин ҳаёт ҳамма нарсани ўргатиб қўяркан. Кампир мендек шўрпешона фарзандга, қаровчига зор бўлганидек, мен ҳам бир кишига зарурат сезардим. Онахон жуда мулойим, ширин сўз бўлиб, “доченька,  доченька”  деб еру кўкка ишонмасди. Онамдан, қизимдан айрилганимдан кейин рус кампирининг бундай меҳрибонлиги совуган танамга илиқлик олиб киргандай бўлди. Ёшлигимдан меҳнат билан ўсмаганманми, икки хонани кунига артиб-суртаман, оғзига ёққан овқатларни пишираман, у эса мени ўз фарзандидай  алқайди. Мен эса бир меҳрибон топилганидан хурсанд бўлиб, кампирнинг доғ босган,  дағал қўлларини юзимга босиб, “спасибо, бабушка” деганимча шашқатор ёшларимни жиловлай олмайман. У эса ана шу меҳрибон қўллари билан бошимни силайди. Гоҳида ўйлаб қўяман, Анорой, балки онамнинг руҳлари юборгандир бу кампирни, деб. 

Уйқули кўзларимни ишқалаб:

 – Ойи, дугонангизни бошқа учратмадингизми, турмуш қурмабдими?– дейман сабрсизлик билан.

– Турмушга чиқибди, нафақадаги ҳарбий кишига, – деди ойим паст овозда. – Бир ўғил, бир қизнинг онаси бўлибди, рус кампир вафоти олдидан уйини Ҳурига хатлаб берибди.

Ҳури  олийгоҳни сиртдан тамомлабди. Ҳаёти эндигина изга туша бошлаганда,  фарзандлари 13-14 ёшга келганда юрак хуружи туфайли оламдан ўтибди. Бечора, ёлғон дунёнинг азоб-уқубатларини торта-торта, Яратгандан тилаб олган болаларининг ҳам роҳатини кўролмай бу ёруғ дунёни тарк этибди. Дугонамнинг аччиқ қисматига фақат Фахринисо сабабчи деб ўйлайман, – деди онам пешонасини ушлаб. 

– Ойи, тинчланинг, ҳаммаси Оллоҳнинг қўлида, айтадиларку, пешонага ёзганидан ортиғи бўлмайди, деб. 

– Йўқ, қизим, инсоннинг тақдири ўз қўлида, – деди онам қатъий оҳангда. – Юввошлиги, мўмин-қобиллиги, ишонувчанлиги, оқкўнгиллиги панд бериб, ҳаёти остин-устин бўлди-да, Ҳурининг... Учрашганимизда,  икки қўлим Фахринисонинг ёқасида, уволим шунга урсин. Мени қон йиғлатиб, қақшатган ҳам ўша, майли, Худога солдим, девди. 

– Ойижоним, – дедим қўлларини ушлаб, – сиз куйиб-пишганингиз билан дугонангиз қайтиб келмайди, илойим, охиратлари обод, жойлари жаннатдан бўлсин. Фахринисо опага келадиган бўлсак, бу дунё – ажрим дунё, онажоним! Ҳаммаси Оллоҳнинг ҳисоб-китоб дафтарида, навбати билан жазосини олаверади. 

Ойим юзимдаги қаҳрни кўриб, қўрқиб кетди:

– Қўй, унақа дема, Фахринисо ҳам шундай бўлсин дебдими?! 

– Ҳеч кимга, ҳеч қачон бировлар тақдири билан ҳазиллашиш ҳуқуқи берилмайди. Фахринисо опа инсон қилмайдиган ишни қилган. Устига устак, Ҳури опадан хабар ҳам олмаган, тинч-осуда ҳаёт кечирган. Бир кишининг ҳаётини яксон қилиб, шунча йил индамай юраверган, – дердим мен қизишиб. 

– Қаҳринг шунчалик қаттиқми, қизим! Фахринисонинг қилган ишини мен ҳам оқламайман, лекин касал одамни шундай қоралайсанми-а?! – деди онам титраб. 

 

(Давоми бор).

 

Саодат МЎМИНБОЙ қизи., 2017-06-30, 10:56 688
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.