26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Устозларим – мумтозларим

Убайдулла Алиқулов 1932 йил Чимкент шаҳрида Алиқул ота ҳамда Офият ая хонадонида таваллуд топди. 

Улар рисоладагидек умргузаронлик қилаётганларида даҳшатли уруш бошланди. 

Эл қатори Алиқул ота ҳам урушга сафарбар этилиб, оила боқувчисиз қолди. Унинг оғир, залворли аравасини тортиш ёлғиз Офият онанинг гарданида қолди. Устига-устак Тошкентда яшайдиган қайнсинглиси эридан “қорахат” олгач, уч боласини етаклаб, ота уйига қайтиб келди. 

Орадан кўп вақт ўтмай Алиқул отадан ҳам мудҳиш хабар келади.

Офият келиннинг зиммасида кекса қайнонаси, тўрт фарзанди, ҳамда қайнсинглисининг оиласи ҳам бор эди. 

Болалигидан хаёл оғушида сайр этишни ёқтирадиган Убайдулла баъзан аммасининг тўполончи болалари билан ҳам уришиб-жанжаллашиб қоларкан. Ўшанда онаизор ўғлига танбеҳ бериб, кўпга келган тўй, меҳр-оқибатли бўл, ўғлим, дея насиҳатлар бераркан.

Офиятхон қайнонасидан дуо олган келин: “Илойим, бола-чақангни роҳатини кўр, тупроқ олсанг олтин бўлсин”, – деб алқаб дуо қиларкан.

Болалиги уруш даврига тўғри келса ҳам Убайдулла билимга чанқоқ бўлди. У лампа ёруғида бадиий китобларни кўп ўқиди.

1949 йили Тошкент “Театр – рассомчилик” институтига кириб, уни 1953 йили муваффақиятли тамомлади.

Убайдулла институтнинг биринчи босқичидаёқ Ҳамза номли драма театрига ишга кириб, ҳам ўқиб, ҳам ишлаб, актёрлик санъати сирларини ўргана бошлайди. 

У санъат оламига қанчалик ошуфта бўлмасин, оилавий шароити туфайли уни тарк этишга мажбур бўлади. Она шаҳрига қайтиб келгач, меҳнат фаолиятини Алишер Навоий номли 16-сонли мактабда ашула ва расмдан дарс бера бошлайди. Шу йилдан бошлаб Улуғбек номли 3-сонли ўрта мактабда ҳам фаолият юритади. Мазкур мактабларда 1953 йилдан 1961 йилгача, 1961 йилдан 1972 йилгача Улуғбек ва А. П. Чехов номли 21-сонли мактабда, 1972 йилдан нафақага чиққунга қадар 42-сонли ўрта мактабда ишлайди. 

Убайдулла Алиқулов билимдон устозлардан эди. Юксак дид ва салоҳият соҳиби бўлган устознинг истеъдодлари олмосдек серқирра эди. У нозиктаъб мусаввир, моҳир созанда, адабиётга чин ошуфта бўлган ҳассос шоир, яхшигина бастакор, дилкаш сухандон, нотиқ ва руҳшунос, истеъдодли актёр, режиссёр, гримчи, суратчи ҳам эди. Устоз чизган расмлар, портретлар мактаб деворларини яшнатарди, дарсларидан маънавий ором олардик, ўтказган бадиий кечалари шаҳар, вилоят миқёсидаги олимпиадалари юксак олқиш ва таҳсинларга сазовор эди. У киши ҳақиқий санъат дарғаси эди.

Устознинг буюк хизматлари давлатимиз томонидан юксак даражада тақдирланди. Ўттизга яқин турли фахрий ёрлиқ ва дипломлар билан мукофотланди. 1981 йили Қозоғистон ССР Халқ маорифи аълочиси, 1985 йилда эса СССР Халқ маорифи аълочиси, 1986 йил услубиятчи – ўқитувчи унвонларини олишга муваффақ бўлди. Устоз агар санъат соҳасида қолганларида у ерда ҳам юқори чўққиларни забт этишларига ишончим комил эди. Тақдири азалнинг қисмати шу экан. Лекин устозимизнинг қалб тубида қолиб кетган армонларини севимли шогирди Ўзбекистон халқ артисти, таниқли актёр ва режиссёр Исамат ака Эргашев орқали рўёбга чиқди.

Устознинг рафиқаси Рихсибуви Алиқулова ҳам заковати, салоҳияти, фидойилиги, олижаноблиги билан турмуш ўртоғидан сира қолишмасди. Опа ҳам Убайдулла ака каби 1954 йилдан 16-сонли мактабда, 1961 йилдан 21-сонли мактабда, 1977-1988 йилларга қадар (нафақага чиққунга қадар) 42-сонли мактабда фаолият юритди.

Унинг дарсларида қатнашсангиз ёш томошабинлар театрига киргандек қалбингиз яйраб, латиф муомалаларидан маънавий озуқа олиб, руҳиятинггиз ором оларди.

Қозоғистон халқ таълими вазирлиги кўкрак нишони билан, 1970 йил Олий Совет Президиуми қарори билан “Шавкатли меҳнати учун” медали билан тақдирланди.

1969 йили дарсларни янги услубда ўтиш масаласида Тошкентда ўтган ўқитувчиларнинг Бутуниттифоқ анжуманида иштирок этди.

Бу икки илм дарғаларининг нафақат таълим-тарбия соҳасидаги фаолияти, ҳатто уларнинг шахсий ҳаётларининг ўзи ибрат, намуна. 

Азиз устозларимиз Убайдулла ака билан Рихсибуви опалар 1953 йил институтни  тамомлаган йили турмуш қуришган эди.

Улар бир-бирларини бир имо-ишора билан тушунишар, илоҳий туйғу билан дилидагини юракдан ҳис этардилар.

Шу билан бирга ёш оиланинг гарданида катта рўзғор ташвиши ҳам бор эди. Сабаби Убайдулла ака оиланинг тўнғичи бўлгани учун у онаси ва ука-сингилларига ҳам ёрдам бериши керак эди. Шу туфайли улар ҳаёт сўқмоқларида, қийинчиликларида елкама-елка туриб, бир-бирларига мадад бериб яшадилар.

Гўзал оиланинг Аллоҳ берган тўрт фарзанди Адибахон, Зулфияхон, Маъмуржон ва Фаридахонлар ота-онанинг қувончи эдилар.

Опа ишбилармон, зукко, саранжом бўлиш баробарида беқиёс пазанда ҳам эдилар. 

Устозни нафақага кузатиш тадбирида опанинг айтган гаплари ҳануз қулоғимда жаранглайди: “Мен ўтган умримга шукр қиламан. Ҳаётимда уч марта ўлимдан қутқарган, она бўлиб манглайимни силаган, ҳаёт сўқмоқларида қоқилганимда ота бўлиб насиҳат қилган, меҳнат йўлида энг яқин суянчиғим бўлган, катта анжуманлар иштирокчиси бўлишимга сабабчи бўлган, мана бугун кексаликнинг дастлабки онларини шўх кулгу, шодиёна билан бошлаб берган, бахтиёр умримнинг таянчи, болаларимнинг отаси – сизга қўлимни кўксимга қўйиб таъзим қиламан”, деган эдилар.

Азиз ва мўътабар устозларим Убайдулла ака ва Рихсибуви опа, сизларнинг сифатларингиз, хислатларингизнинг адоғи йўқ. 

Руҳларингиз шод, охиратингиз обод бўлсин. Ушбу номам сизларнинг буюк хизматларингиз олдида бир чироғ бўлсину ул дунёингизни нурафшон айласин, азиз устозларим – мумтозларим.

Назира ЙЎЛДОШЕВА, меҳнат фахрийси. Шимкент шаҳри, 2020-10-16, 20:14 757
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.