26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ҳунарлининг ризқи бутун

Касби яхшининг асаби яхши, деб бежиз айтмайдилар. Мақоламиз қаҳрамони этикдўз  Улуғбек Ҳожиматовни таниганимга, унинг беминнат хизматидан фойдаланаётганимга ҳам 5-6 йил бўлиб қолди. 

Дарҳақиқат, косибга ноиложликдан борасан, киши. Қимматбаҳо этик олиб, энди насиб қилса, 3-4 йил кияман деган ниятим, бир мавсумдаёқ чиппакка чиқди. Асабийлашиб ишга келдим. Ҳамкасбим Мунира шаҳардаги энг зўр этикдўзнинг манзилини айтди. У киши ҳожатимни чиқариб, этигимни кўнгилдагидек таъмирлаб берди. Шундан буён нафақат ўзимники, балки оила аъзоларимнинг 

пойафзалларини ҳам олиб бориб тураман. Бу йил яна этигимнинг пошнасини пасайтириш учун косибхонасига бордим.  У ерда  Алишер ака кичик ўғли, шогирди Шаҳзод ва  ёрдамчи уста Ихтиёр Содиқов (тасвирда) билан қизғин иш устида экан.  Бирин-кетин кириб келган тўрт нафар мижознинг ҳаммаси “олисдан келдим, ҳозир ишлаб беринг, кутиб тураман,” деб илтимос қилиб туришибди. 

Салмоқли, камгап Алишер ака олдида уюлиб ётган пойафзалларнинг бири лой, бири чанг, яна бири мой. Ана шу оёқ-кийимларни сабр билан тозалаб, яп-янгидек қилиб,  мижозига тақдим этиш унинг ҳар кунги иши. Устанинг айтишича, Шимкентда яшаб, бошқа шаҳарларга кўчиб кетган мижозлари ҳам йўқлаб келиб туришаркан. Яна ҳайратланарлиси, 3-4 йиллик пойафзаллар ҳам унинг сўрисида эгасини кутиб, қаланиб ётибди.

Ўктам ота ва Дилбар аялар оиласида дунёга келган фарзандлар – Алишер, Улуғбек, Отабек ва Клара меҳнатсевар ота-она тарбиясини олиб, вояга етишди. Отасининг эрта вафоти оиланинг тўнғичи Алишер зиммасига анча масъулият юклади. Ҳарбий хизматгача дўконда сотувчи ёрдамчиси бўлди. Йигитлик бурчини ўтаб қайтгач,  1988 йили  довруғи оламга таралган “Заря” пойафзал фабрикасида оддий ишчи бўлиб ишлай бошлади. Касбга қунт ва сидқидилдан ёндашиши туфайли,  фабриканинг етакчи ходимига айланди. 90-йиллардаги иқтисодий инқироз туфайли  корхона  ёпилди.  Алишер табиатан қатъиятли, сабр-қаноатли бўлгани боис, ўз  касбининг бошини маҳкам тутди. Дастлаб, таниш косиблар устахонасида ишлаб юрди. Вақт ўтган сари унинг ишидан миннатдор мижозлар сони ортгач,  шахсий этикдўзлик устахонасини очди. Устозлари Турсунқул Маманов, Федор  Сидирупололарни мамнуният билан эсга олади. Ҳозир ўзи ҳам кўп шогирдларга этикдўзлик  сирларини ўргатаётган устоз.

Алишер рафиқаси Муқаддас билан турмуш қурганига 31 йил бўлди. Қизлари Малика ва  Гулмира – турмушда, тўнғичи Ойбек турмуш ўртоғи Элмира билан ширин-шакар фарзандларнинг ота-онаси, Шоҳруз автомашина таъмирлаш устахонасида моторчи, Шаҳзод 3-сонли Улуғбек номли мактаб ўқувчиси. Турмуш  синовларини матонат билан енгиб, ибратли  оилага бош бўлиб, элимизга астойдил хизмат қиладиган муносиб фарзандларни тарбиялаган Алишер ва Муқаддас саккиз нафар набиранинг меҳрибон бува ва бувижониси.

Муқаддаснинг айтишича, Алишер табиатан камгап, оғир-вазмин, ростгўй, меҳрибон, камтарин инсон. Фарзандлари ота сўзини икки қилишмайди, вақти-соати келиб ота касбининг давомчилари бўлишади. Алишер  нафақат оиласига меҳрибон, балки жигарлари, дўсту-яқинларининг ҳам жонкуяри.

Дарҳақиқат,  “Бир йигитга қирқ ҳунар оз”, деган ҳикматда олам-олам маъно мужассам. Ҳар бир ҳунарни ақл, меҳр ва фидойилик билан ўрганиш учун ихлос  керак.  Алишер Ўктам ўғлининг чеварлигига қойил қолади кўплар. Унинг устахонасига  бутун шаҳардан келадиганлар қанча. Бугунги кунда талаб юқори касблардан бири – косибчилик.  Ҳунар барча бойлик ва мартабадан аъло ва улуғ, шу боис, соғ-саломатликда,  ҳалол меҳнат билан даромад топиб, оила тебратишдан ортиқ бахт борми?

Мухтабар УСМОНОВА, Муаллиф тасвирлари., 2021-01-22, 06:30 538
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.