26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қабристондаги ёғду

Эрим билан севишиб турмуш қургандик. Қайнонамнинг уйида олти йил яшагач, aлоҳида уй қилиб кўчиб чиқдик. Уйимизнинг ҳали битмаган, чала жойлари жуда кўп бўлса-да, аммо бизнинг ҳам алоҳида уйимиз борлигидан ниҳоятда шодланардик.

Шу шинамгина ҳовлимизга гоҳ эрим кўчат олиб келиб ўтқазса, гоҳ мен қўни-қўшнилардан ҳар хил гул топиб келиб экардим. Тўртинчи фарзандимиз янги уйимизда туғилди.

– Ҳам суннат, ҳам уй тўйи қиламан, – дея орзу қиларди эрим. Аммо тўсатдан унинг орзулари армонга айланди. Ўғлимиз бир ярим ёшлигида турмуш ўртоғим автоҳалокат туфайли бу ёpyғ оламни тарк этди. Аввалига бу воқеалар гўё тушимда рўй бераётгандек қаттиқ гангиб қолдим, карахт ҳолда юрдим. Эримнинг маросимлари ўтиб, тўрт бола билан ҳувиллаган уйда мунғайиб колгач, бу мен учун нақадар катта йўқотиш эканлигини англаб, телбага айландим гўё. Турмуш ўртоғим автоҳалокатга йўлиққан куни ярим тунда уни уйга олиб келишганди. Боши мажақланиб кетган, юзини таниб ҳам бўлмасди. Шу боис бўлса керак, қоронғилик чўкиши билан ўша манзара кўз олдимда гавдаланади-ю, юрагимни қўрқув босар, нафасим сиққанидан ўзимни қўярга жой тополмай қолардим. 

Бора-бора тунлардан ўлгудек қўрқадиган, қоронғилик чўкиши билан қайларгадир бош олиб кетгим келарди. Тўртта болам ҳам кўзимга кўринмасди, ҳатто. Бу аҳволимдан ташвишга тушган яқинларим ҳар хил табибларга олиб боришиб, касалхоналарда ҳам даволатишди. Аммо бу дарддан қутулай демасдим. Ота-онам ёки опаларимнинг олдида бўлсам, дардим унчалик билинмас, ўз уйимда болаларим билан қолдим дегунча яна хуруж қиларди. Охир-оқибат уйимдан беза бошладим. Ҳар куни шом тушай деганда тўрт боламни етаклаб, яёв бўлса-да, қўшни қишлоқда яшайдиган ота-онамнинг уйига бориб олардим. Тонг отиши билан бешовлон тизилишиб, яна ортга қайтардик. Болаларимнинг сарсон-саргардон бўлаётганлигидан юрагим ачишсада, бу дарддан халос бўлишнинг чорасини тополмасдим. Икки қишлоқ, ўртасида қабристон бор эди. У ердан ўтсам ҳам, қайтсам ҳам эримнинг қабри кўриниб турарди. Йиғлаб-йиғлаб, нола қилиб ўтардим.

“Бундай яшагандан кўра, мени ҳам ёнингизга чақиринг”, дердим Худога шак келтириб. Бора-бора менинг ҳар куни тўрт болам билан ота-онамникида пайдо бўлаверишимдан янгаларим безиллаб қолишди. Ўртада ҳар хил қочириқ ва пичинг гаплар кўпая бошлади. Ҳар гал бўлди, энди ота-онамникига бормайман, дердиму, аммо шом тушиши билан юрагимни номаълум қўрқув босиб, ўзим билмаган ҳолда яна қўшни қишлоққа отланардим.

– Бундай юришингни бас қил, – деди бир куни отам узоқ насиҳат қилиб.

– Кап-катта хотинсан. Ўзингни қўлга ол-да энди. Эри ўлган аёл бир сенми?

Отамнинг гапи юрагимга қаттиқ ботди. Ўлсам ҳам энди бу уйга келмайман, дедиму болаларимни судраб, ўз уйимга отландим. Ўша куни то қош қорайгунча зўрға чидадим. Нима қилиб бўлса-да, шу уйдан кетишни истардим. Болаларимга қарадим. Иккитаси аллақачон ухлаб қолишган. Катта қизим билан ўғлим телевизорга термулиб ўтиришибди.

– Мен бир жойга бориб келсам, қўрқмайсизларми? – дедим ҳеч нарсани ўйламай.

– Йўқ, – деди телевизорга қизиқиб кетганиданми, ўғлим менга қарамай. Аммо қизимнинг юзида ташвиш кўринди.

– Тез қайтасизми? Бувимникига бормайсизми? – деди хавотирланиб.

– Тез қайтаман, – дедим ва ўзимни эшикка урдим. Болаларимни ёлғиз ташлаб кетаётганлигимни ҳам ўйлаб ўтирмай, ота уйимга пою-пиёда жўнадим. Хаёлимда фақат уйимга тезроқ етиб борсаму, тунги қўрқувлардан халос бўлсам, деган ўй бор эди. Ярим йўлга етмасимдан атрофни зулмат қоплади, қўрқувим баттар кучайди. Қабристон олдидан ўтаётганимда ўша томондан таралаётган аллақандай ёғдудан кўзим қамашиб кетди. Қабристон гўё яхлит, бир бутун думалоқ шардек ял-ял товланарди. Анқайиб, турган жойимда қотиб қолдим. Эримнинг қабри устида жуда узун бўйли бир кимса қаққайиб тургандек туюлди. Синчиклаб тикилсам, эримга ўхшайди. Аммо бўйи ниҳоятда узун. Ич-ичимдан ўша томонга югуриб бориш, эримнинг қўлларидан тутиш истаги туғилди. Ҳеч нарсани ўйлаб ўтирмай ўша томонга талпиндим. 

Аммо шу пайт кутилмаганда икки киши шахд билан қўлтиғимдан ушладида, мени орқага – уйим томонга шиддат билан судраб кета бошлади. Мен уларнинг қўлида деярли осилиб қолгандим. Бошимни кўтариб, юқорига қарашга қанчалик уринмай, уларнинг юзини кўролмасдим. Билганим шу эдики, уларнинг ҳам бўйи жуда узун. Ўша номаълум кишилар тун қоронғисида деярли мени судраб уйимга олиб келишди-да, дарвозани очиб, ҳовлига киритиб юборишди. Бор бўйим билан бетон йўлакка йиқилиб тушдим. Юзим шилиниб, бурним қонай бошлади.

3ўpғa ўрнимдан туриб, уйга кирсам қизим билан ўғлим қўрқиб, йиғлаб ўтиришган экан. Мени кўришлари билан бағримга ўзларини отишди.

– Нега ҳамма жойингиз қон? – деди қизим хайрон бўлиб.

– Қоронғида йиқилиб тушдим, – дедим ёлғон гапириб. Аммо бояги воқеалар тушимда рўй бердими, ўнгимдами, англолмай карахт эдим. Ҳамон нур сочаётган ёғду ичида эрим гоҳ жилмайиб, гоҳ хўмрайиб тургандек туюлар, унинг ўлганини сира-сира тан олгим келмасди. Қизим билан ўғлимга жой тўшаб, ўрнига ётқиздим-да, ташқарига чиқиб юз-қўлимни ювдим. Аммо мени ҳайрон қолдирган нарса – энди юрагимни ваҳм босмас, тун-зулмат вайрон бўлган кўнглимни қўрқувга солмаётганди. Ўша куни жуда тиниқиб ухладим. Аммо эртаси куни ўрнимдан турай десам, оёқ-қўлимда мажол йўқ, танам гўё бошқа бировга тегишлидек ўзимга бўйсунмасди.

– Қизим, – дедим бақириб. Аммо овозим ҳам чиқмади. Ҳатто тилим номига бўлса-да, бир кўтарилиб тушмади. Кўз ёш тўкканча то қизим олдимга келмагунча индамай ётавердим.

– Ойи, мен мактабга кетяпман, яхши қолинг, – деди қизим ҳеч нарсани билмай. Кўзим билан имо қиламан, қани энди тушунса.

– Нега бошқача бўлиб қолдингиз? – дейди қиқир-қиқир кулиб. Яхшиям шу пайт овсиним келиб қолиб, ҳолимдан хабар топди. Дарҳол уйдагиларимга хабар бериб, мени касалхонага олиб боришди.

– Жуда қаттиқ қўрқув натижасида шундай бўлган, – дейишди докторлар ташҳис қўйишиб. 

– Аста-секин тузалиб кетади.

Шундан сўнг касалхонада бир қанча вақт даволандим. Кейин уйга жавоб беришди. Мен жуда секинлик билан ўзимга кела бошлагандим. Орадан икки ой вақт ўтган бўлса-да, энди-энди қўлларимни қимирлатиб, зўрға қаддимни кўтариб ўтирардим. Жуда секинлик билан тузалаётганимдан юрагим сиқилган пайтларда «уйдан безор бўлганим учун Худо мени шундай қилиб уйга боғлаб қўйдимикан ё?» деган хаёлга ҳам борардим. Аммо нима бўлганда ҳам дилимдаги қўрқув, хавотир, ваҳима ўрнини осудалик, тақдирга тан бериш ва шукроналик ҳисси эгаллаганди.

Агар ўша куни қабристондаги ёғду ва бўйи баланд шарпа-кишилар мени қайтаришмаганда, уйда ёлғиз қолган болаларим бирор фалокатга йўлиқиши ёки ўзим ҳам бирор кўнгилсизликка мубтало бўлишим мумкин эди. Ахир бир яхшининг ёмони, бир ёмоннинг яхшиси бор, деб халқимиз бежиз айтмаганда. Энг муҳими, тундаги қўрқув мени бутунлай тарк этганди. Оёққа тура бошлагач, болаларимни олиб, эримнинг қабрини зиёрат қилиб келдик. Қизим унинг бош томонига бир туп атиргул экиб қўйди. Ҳайрон бўлиб қарагандим.

– Дадам шу атиргулни яхши кўрардилар, – деди мўлтираб. Ҳа, ростдан ҳам эрим мен қўшни қишлоқдаги дугонамдан топиб келган мана шу тўқ қизил атиргулни жуда яхши кўрарди.

– Шу атиргулдан ҳовлимизга айлантириб экамиз, – дерди орзу қилиб. Ўзим билан ўзим бўлиб, эримнинг шу орзусини ҳам унутай дебман. Энди у ҳавас билан қурган уйимизнинг ҳовлисини севган атиргуллари билан тўлдириб ташлайман. Энди ҳеч қачон эримнинг руҳини безовта қиладиган ишлар қилмайман.

Чунки ўша мен телбадек уйдан чиқиб кетган куни эрим болаларимиздан қаттиқ хавотир олиб, мени огоҳлантирган ва кўзларимни мошдек очиб қўйганди. Бунинг учун ундан бир умр миннатдорман.

 

Озоданинг сўзларини ГУЛРУҲ оққа кўчирди., 2017-07-20, 11:43 854
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.