26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Етти хазинага нималар киради?

Халқимиз етти хазина деганда, сигир, товуқ, асалари, ипак қурти, обжувоз (мойжувоз), тегирмон ва ўрмонни назарда тутади. Бу бежиз эмас. Масалан, сигирни олайлик. Аждодларимиз асосан чорвачилик билан шуғулланишгани ҳамда дастурхонини мол гўшти ва сути, улардан тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотлари билан безашгани боис сигирни рўзғорнинг баққоли ва булоғига йўйишган.

Бу билан, у ҳар жиҳатдан оила тўкинлигини таъминлайди, демоқчи бўлишган. Ўз навбатида, сигирни танлай билиш ва яхши парваришлаш лозимлигини алоҳида уқтирувчи “Саккиз сигир асрагунча, бир говмиш асра”, “Сигирнинг сути тилида”, “Сигирни ҳам силаса сут беради”, “Сигирнинг сути елинида эмас, охурида”, “Молга берсанг соз емиш, боқар сени  ёзу қиш” каби талай нақлларни яратишган. Қадимги Хоразмда қорамолни уриш, айниқса, оёқ билан тепишни катта гуноҳ ҳисоблашган. Бузоқ туғилса, хурсандчиликдан зиёфат қилиб беришган. Шунингдек, сигир сутини сотишни тақиқлашган.

Кўпинча оёғимиз остида ўралашиб, ҳамма ёқни титкилаб юрадиган товуқни ўзингиз яхши биласиз. У узоғи билан 12 йил яшаса-да, 10 йил маҳсулот беради. Серпуштлари йилига 220-250 та, айримлари 365 тагача тухум қўяди, вазни 1,7-2,2 килограммгача тош босади. Хўрозларидан 2,7-3, тухумдор-гўштдорлари ва гўштдорларидан 2,5-4,5 килогача парҳез гўшт олинади. Қолаверса, бу парранда зарарли ҳашаротларни териб еб, ҳовли-ю томорқаларни тозалайди.

Асалари эса ўта заҳматкаш жонзот. Битта оиласи бир мавсумда 140-150 килограммгача асал тўплайди. Унинг ўндан етти қисми ўзларининг таъминотига сарфланса, қолгани инсон эҳтиёжи учун ажратиб олинади. Энг ҳайратланарлиси, асаларилар бир кило бол йиғиш учун икки миллионта гулга қўниб, нектар сўради. Шунинг баробарида экинлар ва мевали дарахтларни чанглатади. Ишчи асаларилар нектарни организмида қайта ишлаб, ҳосил қиладиган ва уя катакларида ўзлари учун озиқ сифатида ғамлайдиган ширин суюқлик, аниқроғи, асал минг бир дардга даво ва тўйимли неъматлардандир. Ҳар килограммида ўртача 3200 калория энергия бор. Таркиби инсон учун фойдали 70 дан ортиқ модда, кальций, натрий, калий каби минераллар, микроунсурлар, олма ва лимон органик кислоталари, олти хил витаминга бой. Шул боис қадимги тиббиётда дори-дармон ўрнида кенг ишлатилган. Ҳозир ҳам фармацевтикада айни мақсадда қўлланилади, беморларга парҳез ва даво воситаси сифатида тавсия этилади.

Асаларидан олинадиган прополис (яъни, қатрон, мум, эфир мойи ва гул чангидан иборат юмшоқ, ёпишқоқ, хушбўй, нордон, сарғиш-яшил ёки жигарранг модда) тери касалликларида микробларни йўқотувчи суртма малҳам вазифасини ўтайди. Мум тиббиётдан ташқари, пардоз-андоз буюмлари тайёрлашда, озиқ-овқат саноати ва техника соҳасида ишлатилади. Она асаларининг таркибида оқсил, қанд, ёғ, маъданли тузлар, витаминлар ва Д провитамини мавжуд сути болалардаги озиб кетишни, катталардаги қон босими пасайишини, аёлларда сут ҳосил бўлиши бузилишини даволашда ҳамда атир-упа тайёрлашда қўлланилади. Заҳри эса радикулит, бод, зиқнафас, гипертония хасталикларини соғайтиришда, қон томирларини кенгайтириш ва моддалар алмашинувини яхшилашда асқотади. Ана шунинг учун ҳам доно халқимиз асаларини ҳақли равишда оила табиби дейди.

Бундай фикрларни қимматбаҳо тола берадиган ипак қурти, қадимда шолини оқлашда, зиғир, кунжут каби ўсимликлардан шифобахш ёғ олишда қўлланилган обжувозу мойжувоз, ризқ-рўзимизнинг асосий манбаи саналмиш донни янчиб, унга айлантирадиган тегирмон, ёғочи бинокорлик ва дурадгорлик материалларига айланадиган ҳамда об-ҳавони тозаловчи дарахтлар ҳақида ҳам айтиш мумкин.

 

 

 

Абдунаби ҲАЙДАРОВ, 2017-08-08, 10:28 2138
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.