26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Оқпадар

 ...Онаизор яна фарзандининг ялиниб-ёлворишларига ишонди. Кўнгли бўлмади. Сўраган пулини берди. «Қайтиб ичмайман», деган ўғил онасидан: «Қарзимни тўламоқчиман», деб олган пулига яна арақ олиб ичди. Бу ҳам етмагандай яна бир ҳурматсизлик қилди: кечқурун қўйнига солиб келган бир шиша арақни дастурхон атрофида чой ичиб ўтирган ота-онаси олдига қўйди.

 –  Бу нима деган гап? Бу қандай ҳурматсизлик! – деди ота дарғазаб бўлиб. – Ахир шу арақнинг дастидан бир эмас, икки марта қамалиб чиқдинг. Гулдек оиланг, фарзандинг бор. Ҳеч бўлмаса шуларни ўйла!

 Ота арақни олиб қўймоқчи бўлди. Ўғил отасининг қўлини қайириб, чаққонлик билан шиша қопқоғини тиши билан очди. Пиёлага  ҳам  қуймай, шишанинг  ўзидан ичди. Сўнг... Ота-онасига юзланди: 

– Сизлар мени дунёга кел­­­­­­­­­тир­ган энг азиз одам­­сизлар. Мен ҳозир сизлар билан ичишим керак. Ичишим шарт. Сизлар ҳам менинг соғ-саломат тур­мадан чиқиб келганим учун ичишларингиз керак. «Дўстинг учун заҳар ют!», деганлар. Дунёда ота-онадан азиз дўст йўқ! Қани, олинглар, олинглар дейман! Тез!.. 

Ота бу аянчли воқеани биров кўриб қолмасин, деган хавотирда ён-атрофга назар ташлади. Хайрият, ҳеч ким йўқ. Фарзанд ўз ота-онасини арақ ичишга мажбурлаб, қўлларини мушт қилиб, ҳатто уришга ҳозирланиб турса-я! Бундан ортиқ кўргулик бормикан? Бу даҳшатли ҳолат устига келиб қолган акаси укасининг қўлидан арақ солинган косани олиб, дуч келган томонга улоқтирди. 

Яримлаб қолган арақ шишани син­дириб ташлади. Укасини тартибга чақирмоқчи бўлди. Бироқ укасининг кутилмаган зарбасидан кўз олди қоронғилашди. Ака-ука ота-онасининг дод-фарёдига қарамай, муштлашиб кетишди. Акаси кучли эди. Меҳнатда чиниққан, тобланган. Укасининг иккала қўлини орқасига қайириб, ота-онасидан кечирим сўрашни талаб қилди. 

– Сўрамайман, – деди укаси ҳовлини тарк этаётиб. – Бироқ сени шу бугун ўлдираман. Ким билан рози-ризолашмоқчи бўлсанг , тезлаш, улгура олмайсан.

 Шундай деди-ю, қоронғулик қўйнига шўнғиди. ...Уйига келди. Ўзи бола-чақаси билан яшайдиган ҳовлининг тўрт томонини титкилаб, ов милтиғини топа олмади. Ўғли дадасининг шум ниятларини пайқаб, милтиқни яшириб қўйган жойидан топди. Яна изига қайтди. Бу пайт акаси: «Турмадан пушаймон бўлиб келган. Ўзига келиб, ҳали ҳаммамиздан кечирим сўрайди», – деб ота-онасига тасалли бериб, энди уйқуга кетган эди. Шаштидан қайтмаган ука эса у ётган хонага кириб, акасига қарата ўқ узди. 

Вафодор ит бу даҳшатли воқеанинг олдини олишга уриндими, ўзини деразадан ичкарига отиб, хўжайинининг қотилига ташланди. Нишонга олиб отилган ўқдан ит ҳам ер тишлади. «Қочиш керак! –  ўйлади қотил ука. – Вақт ғанимат!» Аксига олиб биронта машина кўринмади. Ниҳоят битта автобус кўзга ташланди. Автобусни тўхтатгунча милтиқни яшириб қўйди. Тўхташи билан яна қўлига олиб, автобус ичкарисига бостириб кирди. «Тур ҳамманг! Сен эса мен айтган томонга ҳайда!» Бироқ қотилнинг уринишлари бекор кетди. Ички ишлар бўлимига хабар бериб улгуришган эди. Қотил қўлга олинди.

Ўз акасининг қотили 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Турмада кўрган азоб-уқубатлар, изтироблар, пу­­­шаймон ичида ёниб-ўртанишлар бир Худога, бир ўзига аён.  У  жазони ўтаб, турмадан қайтиб келди. Тавбасига таянган, ёши ҳам улғайган,  энди жиноят кўчаси яқинига ҳам йўламас, деб ўйлашган эди. Афсуски ўрганганидан  қолмади. Ўзини хон, кўланкасини майдон ҳис қилди. Одамларни гоҳ алдаб, гоҳ қўрқитиб, мол-мулкини ўмара бошлади. 

...Ярим тун. Атроф қоп-қоронғу. Тўйдан ширакайф бўлиб қайтаётганда хаёлига келган фикрдан кўнгли осмон қадар кўтарилиб, ўзини дунёдаги энг мард, ақлли йигит сезди. «Қасд олмаган йигит мард эмас. Акамнинг дастидан шунча йил турмада ўтирдим. Азоб чекдим. Ўзи ўлган бўлса ҳам, қасдимни фарзандларидан оламан!» Акасининг уйига яқинлашди. Боғ томондан ҳовлига ошиб ўтди. Уйдан чиққан жиянига пичоқ урдию, яна қочиб қолди. 

Орамизда шундай одамлар ҳам  учрайдики, уларни инсонлар сафи­га қўшишдан орланасан. "Одам қиёфасидаги маҳлуқ", дегингиз келади ундайларни. 

Ҳикоя қилганимиз юқоридаги во­қеалар Тўлебий туман суди мате­риаллари асосида тайёрланди. Сезгандирсиз, воқеа жойи, қатнаш­­чилари номларини келтирмадик. Бўрисифат бир кимсани  деб оила шаъни, маҳалла-кўй обрўсига путур етмасин, деган истиҳолага бордик. 

Баъзан касбимиз тақозоси шуни талаб этади. Бу сиз, азиз ўқувчи чиқарадиган холис хулосага заррача халал бермайди, деган умиддамиз.

Тубанлик илдизлари

Куни кеча вилоятимизда юз берган воқеа – 45 ёшли фарзанднинг 70 ёшдаги онасини болта билан чопиб ташлагани ҳақидаги хабар муносабати билан Тўлебий тумани, 1 Мамир қишлоғида кўп йиллар имом бўлиб ишлаган отахон Жанобул Манасовдан ота-онага оқ бўлишнинг баъзи кўринишлари ҳақида гапириб беришни илтимос қилдик. 

 

2017-08-14, 19:22 664
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.