26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Булоқнинг кўзини очиб...

Элбоши Н. Назарбаевнинг “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш” мақоласида таълим соҳаси вакиллари зиммасига улуғвор вазифалар юкланган. Чунки, келажакнинг пойдевори – ёшларни ҳар томонлама билимли ва заковатли, замонага мос ва рақобатбардош қилиб тарбиялаш бугунги куннинг долзарб масаласи. Вилоятимизнинг турли бурчакларида масъулият ҳиссини туйиб меҳнат қилаётган жамоалар талайгина. Сайрам даҳасидаги Юсуф Сарёмий номли лицей мактаби нафақат вилоятимизда, балки республикамизда салмоқли ютуқлари билан довруғ таратган, пешқадам илм масканларидан. Ушбу қутлуғ даргоҳни 1996 йилдан бери бошқараётган соҳанинг билимдони, фидойиси ва жонкуяри Баҳодир Нуралиевни эса кўпчиликка таништиришнинг ҳожати йўқ. У нафақат таълим, балки жамоатчилик соҳасидаги фаолияти билан ҳам эл назарига тушган шахс. У Қозоғистон халқи Ассамблеясининг аъзоси, вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси таълим кенгашининг раҳбари, вилоят маслаҳатининг депутати бўлган. Сир эмаски, ҳар қандай жамоанинг муваффақияти – раҳбарнинг узоқни кўзлаб иш юритишига боғлиқ. Раҳбар қандай бўлса, жамоа ҳам унга қараб бўй тузайди. Шу ўринда сарёмийликларнинг янгиликларни ҳаётга дадил татбиқ этувчи, илғор ғояларни рўёбга чиқаришнинг ҳадисини олган новаторлар эканини эътироф этиш даркор. Биргина мисол, кўп йиллардан бери ушбу билим даргоҳида ЕХҲТ билан ҳамкорликда билингвал таълимнинг пилот лойиҳаси муваффақиятли тарзда амалга оширилган.

 

Шонли тарих

Тарихга эътибор қаратсак, 1985 йили фойдаланишга берилган ҳозирги биносига кўчиб ўтгунига қадар мактаб бешта жойда фаолият юритган. Замонавий типдаги уч қаватли ҳозирги биносининг қурилиши ўз тарихига эга. Мактабнинг ўша пайтдаги директори Йўлдош Нишонбоев яқин дўсти, Самарқанд Давлат университетида бирга ўқиган курсдоши, Ўзбекистон Компартияси Марказқўмининг саркотиби Шароф Рашидовга бу ҳақда кўмак сўраб мурожаат қилади. У ўз навбатида Алмати билан боғланиб, масаланинг ижобий ҳал бўлишига ёрдам кўрсатади...

Мактаб дастлаб пролетариат доҳийсининг рафиқаси – Н. Крупская номи билан аталган. 1936 йилда Калинин номи берилган 1-сонли мактаб Сайрам туманида олдинги қаторда бўлди. Мустақиллик йилларида таълим ўзбек тилида юритиладиган муассасалар орасида дастлаб “кўп соҳали гимназия мактаби”, кейинроқ “гимназия мактаби”, сўнгра эса “лицей мактаби” мақомини олиши ҳам бежиз эмас. Эндиликда ҳам у Шимкент шаҳри мактаблари орасида етакчи мавқеини сақлаб, пешқадамлар қаторида бормоқда.

Лицей мактаби биноси сўнгги марта 2014 йилда тўла таъмирланган. Ҳозирги кунда бу ерда 2300 ўқувчи билим олади, уларга 250 га яқин устоз сабоқ беради. 

Ўтган ўқув йили якунига кўра, лицей мактабини жами 121 ўқувчи тамомлаб, улардан 11 нафари “Олтин белги”га сазовор бўлди, 77 ўқувчи ЯМТ топшириб, шундан 54 нафари турли олийгоҳларга грант асосида ўқишга тушди. Олти ўқувчи – нуфузли Назарбаев университетига кирса, бири Хитойда, яна бири Туркияда таҳсил олади, қолганлари Астана, Алмати, Қарағанди, Тараз, Кўкчетов, Туркистон ва Шимкент каби шаҳарларга боради.

2009 йилда ташкил этилган “Париз” хайрия жамғармаси мактаб раҳбариятини бинони жорий таъмирдан ўтказиш учун маблағ излаш, шунингдек, турли тадбирларга кетадиган харажатларга “бош қотириш” ташвишидан озод қилди. Жамғарма ота-оналардан ихтиёрий тарзда тушган маблағлар ҳисобига тўлдирилади, шунингдек, тадбиркорлар томонидан берилган хайр-эҳсон ҳам жалб этилади. Унга ўз ишининг фидойиси Зариббой Ҳавазматов мутасадди. 

М. Ауезов номидаги ЖҚДУ профессори, педагогика фанлари доктори Н. Алметов етакчилик қилаётган мактаб “Ота-оналар университети”нинг фаолияти ҳам самарали. Мактаб ота-оналар қўмитасига Бойаҳмад Шерметов раислик қилади. 

Бу даргоҳда бошқа мактаблар ибрат олса арзигулик янгиликлар бисёр. Масалан, бир неча йил муқаддам ташкил этилган “Устозлар хиёбони”да билим масканида узоқ йиллар меҳнат қилган устозларнинг исм-шарифлари қайд этилган тахтачалар ўрнатилган. 1998 йили асос солинган мактаб музейида таълим масканининг бой тарихи жамланган. Жорий ўқув йили арафасида Б. Нуралиев ташаббуси билан “Мактаб тарихи зали” ташкил этилиб, “Париз” хайрия жамғармаси ёрдамида янгидан жиҳозланди. Бежирим ва юксак дид билан ишланган стендлардаги нодир фотосуратларда (айтиш жоизки, уларнинг аксарияти фахрий устоз Низомиддин Тошпўлатовнинг шахсий архивидан олинган) ушбу даргоҳнинг раҳбарлари ва устозлари акс эттирилган, шунингдек, турли йилларда мактаб жойлашган иморат ва бинолар билан яқиндан танишиш мумкин. 

 

Ҳамкорлик самараси

Жорий йилги август педагогика анжумани “Global Edukation Sayram” ўқув маркази билан ҳамкорликда “Global Edukation Sayram” ўқув маркази билан дунёвий рақобатбардошликка” мавзусида уюштирилди. Бундай ҳамкорлик эса янада юксак натижаларга эришишга имкон яратмоқда. Унинг раҳбари Дилором Мирсолиеванинг “Ўқув марказининг ҳозирги аҳволи ва режалари” мавзуидаги сермазмун маърузаси, марказ фаолиятига оид видеолавҳа иштирокчиларнинг эътиборини қозонди. Бугунги кунда Назарбаев университетининг талабалари бўлишган Мафтуна Жўрабекова, Адҳамжон Йўлдошев, Алина Маркова, Диана Тўламетова, Зиёда Ирисқулова, Соибжон Ҳожихонов каби битирувчиларнинг саҳнадаги қозоқ, рус ва инглиз тилларидаги бийрон нутқини тинглаб вилоят ўзбек драма театрига йиғилган меҳмонлар давомли қарсаклар билан олқишлашди. 

Дарҳақиқат, мазкур марказ даҳадаги ўқув муассасалари шогирдлари учун кўпгина фойдали ишларни амалга оширмоқда, айниқса, уларнинг инглиз ва рус тилларини ўзлаштириш борасидаги фаолияти ибратлидир. Тингловчилар турли лойиҳаларда қатнашиб, анча ютуқларга эришган. Шу кунгача улар орасидан 6 ўқувчи “Назарбаев заковат мактаби”га қабулланса, 1 ўқувчи “FLEX”, 18 ўқувчи “IELTS” лойиҳаларининг ғолиби бўлиб, АҚШда таҳсил олмоқда.

Лицей мактаби раҳбарияти бошқа илм даргоҳлари билан тажриба алмашишга жиддий эътибор бериб келади. Жумладан, Шимкент шаҳридаги 89-сонли лицей мактаби, Алматидаги уйғур тилида ўқитадиган Рўзибоқиев номли гимназия мактаби жамоалари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ўзаро ташриф ва учрашувларда ўқувчилар орасида қозоқ, инглиз, рус тилларида мунозаралар ўтказилади, турли спорт мусобақалари, фан бўйича олимпиадалар, бадиий ҳаваскорлик тўгараги қатнашчилари иштирокида концертлар уюштирилади.

Бу масканда спорт ва маданий тадбирлар доимий эътиборда. Лицей мактабининг ёш спортчилари турли даражадаги мусобақаларда фаол иштирок этиб, совринли ўринларни эгалламоқдалар. Бошқа муассасалар учун ибратга арзигулик ташаббус – мактаб директори раҳбарлигида устозларнинг жамоавий тарзда вилоят ўзбек драма театрига ташриф буюриши йўлга қўйилган. Ўтган ўқув йили мобайнида ташкил этилган “Қувноқлар ва зукколар” беллашувлари, синфлараро мусобақалар, “100 китоб” акцияси ўз самарасини берди. Пешқадам ва илғор ўқувчилар учун Астана, Алмати, Туркистон шаҳарларига бепул саёҳатлар уюштириш анъанага айланган. Жорий йилги сафар чоғида жами 53 ўқувчи устозлари билан бирга ЭКСПО-2017 кўргазмасига бориб, бир олам таассурот билан қайтди.

2006 йилдан буён уюштириладиган анъанавий “Оқ йўл, битирувчи!” тадбирида грант соҳиблари, уларнинг ота-оналари, устозлар олқишланади. 

Жамоа жорий ўқув йилида ҳам замонага муносиб тарзда креатив фикр юритадиган, чуқур ва пухта билимга эга, кўп тилни эгаллаган рақобатбардош ёшларни тарбиялаш иштиёқида меҳнат қилиб, барча жабҳаларда юксак натижаларга эришиш ниятида.

Таълим масканида бўлганимда бир қанча ота-оналар билан суҳбатлашдим. Ажабланарли жойи йўқ, ютуқларнинг сабаби ҳақидаги фикримиз бир жойдан чиқди. Улардан бирининг: “Бу даргоҳда ўқувчиларнинг қизиқишини уйғотишни билишади”, деган сўзини иккинчиси: “Ҳа, булоқнинг кўзини очгандек...” – деб маъқуллади. Топиб айтилган гап!

Б. ШЕРМАТОВ, ота-оналар қўмитаси раиси:

– Лицей мактаби ўқувчилари бу йилги ЯМТ натижалари бўйича юқори кўрсаткичлари билан эътибор қозонишди. Биз, ота-оналар мактаб маъмурияти ва устозлари билан ҳамжиҳатликда бу борада кўп режаларни амалга оширамиз, деб ишонаман. Энг муҳими, фарзандларимизнинг мактабга эътибори сўнмаслиги керак. 

И. РЕЖАБАЛИЕВ, тадбиркор, “Алтин май” МЧБ директори:

 

– Ю. Сарёмий номли лицей мактаби Сайрам даҳасидаги пешқадам билим даргоҳи, ҳар йили ҳудуддаги энг кўп грант соҳиблари шу маскандан чиқяпти. Жамоанинг бу йилги ютуқларидан ҳам хабарим бор. Келажакда нуфузли олий ўқув юртларига кираётганларнинг сони янада кўпаяверсин, академик, профессор, фан докторлари чиқсин, биз фахрланиб юрайлик. 

 

Тасвирда: “Global Edukation Sayram” ўқув маркази билан дунёвий рақобатбардошликка” тадбирида.

 

З. МЎМИНЖОНОВ, 2017-08-31, 17:42 781
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.