26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қурбон ҳайитининг савоблари

Биз ҳар йили  Қурбон ҳайитини байрам қиламиз. Дунёдаги барча мусулмонлар бу кунни энг катта байрам деб биладилар. Ҳайит яқинлашганда миллонлаб мусулмонлар Макка шаҳ­рига бориб, ҳаж  амалларини бажарадилар. 

 

Байрам арафасида биз Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг Жанубий Қозоғистон вилояти бўйича вакил имоми  ўринбосари Мухамеджан Естемировни суҳбатга чорладик.

– Умуман, ҳайитнинг келиб чиқиши ва унинг қачондан бери нишонланиши ҳақида айтиб берсангиз?

– Аллоҳга шукр, Элбоши Н. Назарбаевнинг Фармони билан Қурбон ҳайити элимизда расмий нишонланадиган бай­рамлар қаторига киритилиб, унинг биринчи куни дам олиш деб белгиланди. Оқилона қа­рор халқлар дўстлиги ҳамда бирдамлигини ривожлантиришга таъсир кўрсатиб келмоқда. Биз буни анъанавий динимиз – Исломга кўрсатилган юксак ҳурмат деб биламиз.

Тарихий маълумотларга суян­сак, ҳайит намозини ўқиш ҳижранинг биринчи йилидан бошлаб шариатга кирди. Анас ибн Малик(р.а) шундай ривоят қилган: “Аллоҳ Элчиси (Унга ҳамду санолар бўлсин) Мадинага келганда шаҳарликларнинг икки кун нишонлайдиган байрами бор эди. Пайғамбар (с.а.в) улардан: “Бу икки кун қандай кун?”, деб сўраганда мадиналиклар: “Бу икки кунни жаҳолат даврида шундай тўйлар  эдик”, дейишди. Шунда Оллоҳ Элчиси (с.а.в.): “Аллоҳ сенларга шу икки кунни ундан-да хайрли икки кун – Қурбон ҳамда Рамазон ҳайит кунлари билан алмаштирди”, (Абу Довуд, Салат,  239; Аҳмад бин Ханбал III 103, 235) деган.

– Ҳайит намози қачон ўқилади?

– Ҳайит намозини тонгда кун найза бўйи кўтарилгандан сўнг жамоат бўлиб  ўқиш – вожиб. Во­жиб­­­­лигининг оят-ҳадислардаги даллиллари қуйидагидек: Аллоҳ Таолонинг Қуръони Каримда: “Намоз ўқи ҳамда қурбонлик қил” – деб буюриши қурбонликнинг вожиблигини билдиради.

– Умуман олганда, ҳайитнинг маъно-моҳияти нимада, қола­верса, мусулмонлар ҳайит кунлари қандай амалларни бажаргани афзал?

– Ҳайит – қувонч ва шодликка тўла кун, яъни, “байрамлаш”,  “бир-бирларидан ҳол-аҳвол сў­раш”, “хушчақчақликда давра қуриш” деган маънони билдиради. Яратган Эгам ҳар бир яхши амал ва эзгуликнинг савобини бериб, меҳр-мурувватини тўкади.

Эртага ҳайит, деган тунни ибо­дат, зикр, намоз, Қуръон тиловати, дуо, истиғфор билан ўтказган савоб. Ҳайит куни масжидда имомнинг амри-маъруфи тинг­ланиб, жамоат бўлиб ҳайит намози ўқилади. Намоздан сўнг мусулмонлар бир-бирлари билан қўл олишиб, елка қоқишиб “Қурбон ҳайити қабул бўлсин!”, “Ҳайит муборак бўлсин!” деб  қутлашади. Бу кунларда одамлар иложи борича совға-саломлар беришни унутмаслиги керак. Пайғамбаримиз: “Бир-бирингга совға бериб, тотувлашинглар... Берган совғаларинг – орала­рингдаги адоватни бартараф этади”, дея насиҳат қилган.

– Ҳайит намозига бир кўча билан бориб, иккинчиси  билан қайтиш шартми?

– Жабир (Аллоҳ раҳматига олсин) шундай деган: “Байрам куни Пайғамбар (Унга ҳамду санолар бўлсин) ҳайит на­мозидан қайтганда келган йў­ли билан эмас, бошқа йўл би­лан юрар эди” (Ал Бухорий, 986). Бунга сабаб, дўстларимиз, қариндош-уруғларимиз, қўни-қўшниларимизнинг уйларига кириб, ҳайитлаб, байрамлаш дегани. Шу куни болаларга янги кийим, ширинликлар ва совғалар бериб, қувонтирсак, улар ҳам бу байрамни  йилда интиқлик билан кутишади.

– Бу кун яна қандай  чиройли амалларни бажариш мумкин?

– Бу кун ўз оила аъзола­рингизга совғалар улашинг. Одатдагидан кўпроқ садақа беринг.  Бир-бирингизга чиройли тилаклар айтиб, омонлашинг. Туғишганларнинг уйларига бо­риб, ҳол-аҳвол сўранг. Ҳаётдан эрта кетганларнинг уйларига бориб, Қуръон тиловат қилиш лозим. Беморлардан кўнгил сўраб, аразлашганлар ярашиб, тотувлашсалар, жуда катта савоб оладилар.

– Қурбонлик қилиш фақат­гина мол бўғизлаш билан чекла­надими?

– Йўқ. Қурбонликда инсоннинг чин нияти, динга бўлган муносабати, тақводорлиги, бошқа инсонларга нисбатан жонкуяр ва одил бўлиш каби хислатлар тарозига солинади. Шунингдек, ҳар банданинг мардлиги, сахийлиги ва олижаноблиги юзага ошади. Бундай  мусулмон инсон фақат ўзини ўйлаб, ўзим ичиб, ўзим еб, ўзим кийсам бўлди, деб кун кечирмайди ва бундай одатлар унга бегона. Чунки, “Қўшниси оч вақтида ўзи тўқ ухлаган одам бизлардан эмас”, “Ўзингга раво кўрган яхшиликни бировга ҳам раво кўрмасанг, сен мусулмон эмассан”, “Мусулмонлар бирон жойи оғриса, бошқа аъзоларида ҳам дармон тугаса, бир тану бир жон бўлиб, уйқуси қочади” дейилган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўз ҳадисларида барча мусулмон аҳлини бир-бирларига меҳрибон бўлишга, ғамхўрлик кўрсатишга, ёрдамга муҳтожларга ёрдам қўлини чўзишга, турмуш шароити ночорларга кўмаклашишга, ўзаро меҳр-оқибатли бўлишга чақиради. 

– Қурбонлик қилиш ҳукми ҳақида айтсангиз...

– Шароити етарли инсон Қур­бон ҳайитида мол бўғизлаши – Ҳанафия мазҳабида (имконияти борларгина) вожибдирлар. Вожиб­лигининг оят-ҳадислардаги далиллари қуйи­дагича: Аллоҳ Таолонинг Қуръони Каримдаги ушбу ояти қурбонликнинг вожиб амал эканига далилдир: «Бас, Роббингиз учун намоз ўқинг ва (жонлиқ) сўйиб қурбонлик қилинг!» (Кавсар, 2).

Пайғамбаримиз (с.а.в) “Қур­бонлик қилинглар! Чунки у Ибро­ҳим боболарингнинг суннати!” – де­йилган  сўзи фикримизнинг исботи. Чунки ҳадисда баён этилган “суннат” – йўл деган маънони билдиради. Яъни, бизга  вожиб тариқасида юкланган қурбонлик қилиш – Ибро­ҳим (а.с.)дан бери давом этиб келаётган йўл деган маънони билдиради.

– Қурбонлик қилиш ким­ларга вожиб экани ҳақида ба­таф­силроқ маълумот бериб ўтсангиз...

– Мусулмон, эс-ҳушли ва балоғат ёшига етган, муқим ҳамда нисоб миқдоридаги молга эга бўлган кишига қурбонлик қилиш вожиб.

Нисоб ҳажми 85 грамм ол­­­тин ёки шунинг қийматига тенг келадиган пул. Қурбонлик қилишда нисоб миқдори фитр садақасининг шарти билан бир хил. Қурбонлик вақтида, албатта ният билдириш шарт. Чунки, молни ибодат учун сўйиш каби, уни гўшти учунгина сўйишга бўлади. Бу амал Аллоҳга  сиғиниш туфайли Яратганнинг элчилари орқали неча юз йиллардан буён, Иброҳим(а.с.) давридан бугунги кунга қадар давом этиб келмоқда.

– Ниятнинг ҳам савоби бор,  дейдилар...

– Тўғри, мусулмон одам амал­лари билан ета олмаган савобга нияти орқали етади. “Ҳар кимнинг иши ниятига қараб баҳоланади. Мўминга ният қилган нарсасининг савоби берилади” ҳамда “мў­­мин­нинг нияти амалидан хайр­ли” каби ҳадислар ҳар бир мусулмон инсонни ниятларини чин дилдан қилишга чақиради. Шунинг учун имконияти йўқ мусулмон одам: “Яратган Эгам, шароитим бўлганида мен ҳам қурбонлик қилар эдим”, – деб ният билдирса, раҳмдил Аллоҳ унга ҳам қурбонлик қилган кишининг савоби каби савоб берадилар. 

– Қурбонликка аталган мол ва уларнинг ўзгачалиги ҳақида айтсангиз... 

– Қурбонлик қилинадиган ҳай­вонлар турига қўй, эчки, қорамол, туя киради. Қўй ва эчкиларнинг бир ёшга тўлгани қурбонлик қилинади. Ғоз, товуқ, ўрдак каби паррандалар ярамайди. Қорамолнинг икки яшари, туянинг беш яшарини қурбонлик қилиш керак. 

Қурбонлик қилинаётган мол соғлом, тана қисми ши­каст­­ланмаган, барча аъзоси бутун бўлиши шарт. Уларда ҳеч қандай камчилик бўлмаслиги керак.

Аллоҳ бандаларининг сиғи­ниши ва қурбонлик қилишига эҳтиёжманд эмас. Унинг бизга маълум ва но­маълум кўплаб фойдаси ва ҳик­матлари бор. Яратганнинг розилиги  асосий мақсад ҳисобланади. Қуръони Каримда: “Ёдингиздан чиқарманг, улар­­­нинг гўшти ҳам, қони ҳам ҳеч қачон Аллоҳга етмайди. Унга етадиган ёлғиз нарса – юрак­ла­рингиз тубидаги тақволик, Аллоҳга бўлган чексиз ҳурмат” (Ҳаж сураси, 37). 

Пайғамбаримизнинг қурбонлик қилинган молни қандай тақсим­лагани тўғрисида Ибн Аббос шундай ривоят қилади: “Пай­ғамбаримиз (с.а.в.) қурбон бўлган молнинг учдан бир бўлагини – оиласига, учдан бир бўлагини – камбағал қўшниларига берганлар, қолган учдан бир бўлагини садақа қилганлар”.

Қурбонлик қилинган  молнинг терисини камбағалларга, хайрия жамғармаларига бериш мумкин. 

– Қурбонликка аталган мол қачон сўйилади?

– Қурбонлик қилинадиган мол (қўй, эчки, сигир, туя) ҳа­йит намози ўқилиб бўлингач, сўйилади. Хуллас, бу кунлари яхши амаллар бажариш – сиз ва бизни Аллоҳ Таоло раҳмига белайдиган амаллар, иншаоллоҳ.

Қурбон ҳайит намози бугун соат 7.30да Жанубий Қозоғистон вилоятининг барча масжидларида бир вақтда ўқилади. Бу кунда Буюк Аллоҳ Таоло барча ниятларимиз ва тилакларимизни қабул этсин! Элимиз тинч, юртимиз обод бўлсин! Омин!

– Суҳбатингиз учун ташаккур! 

Мухтабар УСМОНОВА ва Дилбар ЗИЁМАТОВА суҳбатлашди, 2017-08-31, 18:08 631
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.