26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Лотин алифбоси ва қардошлик ришталари

Элбошимиз Н. Назарбаевнинг қозоқ тилини лотин алифбосига ўтказиш тўғрисидаги ташаббуси замонавийлашув сари йўл тутган Қозоғистон халқининг келажаги учун жуда муҳимдир. 

Ўтган асрнинг 20-30 йилларида Қозоғистонда ҳам лотин алифбоси қўлланилгани тарихдан маълум. Қўшни Озарбайжон давлати 1990 йилда, Ўзбекистон ва  Туркманистон 1993 йилда янги алифбога ўтишди. Мустақиллик йилларида бу масала бизда ҳам кун тартибидан тушмади, доимий баҳс ва мунозараларга сабаб бўлди. 

Туркий тилли қардош мамлакатларнинг лотин алифбосига ўтиши – тарихий ҳақиқатнинг тикланишидир. Дарҳақиқат, шу алифбо орқали Марказий Осиёдаги давлатларнинг ўзаро яқинлашуви, интеграция жараёни янада жадаллашади.

Тошкент ва Астанада ўтган Марказий Осиё халқлари маданияти вакилларининг биринчи ва иккинчи қурултойларида ҳам алифбо масаласига алоҳида эътибор берилганди...

***

Ёдимда, 1995 йилнинг кузи эди. Алматилик бир гуруҳ ижодкорлар – шоир ва ёзувчилар, маданият ходимлари ва санъаткорлар юқорида тилга олинган анжуманда қатнашиш учун Шимкент орқали Тошкент шаҳрига йўл олишди. Вилоят раҳбариятининг топшириғига кўра, меҳмонларни кутиб олиш, қўшни давлатга кузатиш учун жавобгарлик атоқли ёзувчи Мархабат Байғут зиммасига юкланди. Вилоят Тиллар бошқармасида бирга ишлардик – Тошкентга боришни таклиф этди ва шу аснода тарихий воқеанинг иштирокчисига айландим.

20 ноябрь куни тонг саҳарда республикамизнинг турли бурчакларидан йиғилган адабиёт, маданият ва санъат намояндаларини темир йўл вокзалида кутиб олдик. “Ўрдабаси” меҳмонхонасидаги нонуштадан сўнг, автобусда йўлга чиқдик.

Азим шаҳарга мустақилликдан сўнг илк ташрифим. Бир томондан – соғинч ҳисси кўнгилга ҳаяжон солар, иккинчи томондан – автобусдаги машҳур шахсларнинг салобати босарди. Йўлда Қалаубек Турсинқулов, Исраил Сапарбай каби ҳамюрт ёзувчи ва шоирлар, Ақжўл Мейирбеков, Мадина Ералиева каби машҳур қўшиқчилар билан яқиндан танишиб, суҳбатлашдим.

Қозоғистон делегацияси “Жибек жўли” чегара бекатида карнай-сурнай садолари остида тантанали кутиб олинди. Бошқа давлатлардан келганлар қатори, ҳашаматли “Ўзбекистон” меҳмонхонасига жойлашдик. Келаси куни “Туркистон” саройида маданият ва санъат арбоблари иштирокидаги тадбир бошланди. 

Марказий Осиё ва Қозоғистон халқларининг атоқли маданият арбоблари форумида ҳар мамлакатдан 50 нафардан вакил иштирок этди. Ўзбекистон – мезбон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистоннинг атоқли зиёлилари ташриф буюрган мазкур анжуманга фақат Туркманистондан делегация келмади. Қурултойнинг очилиш маросимида Президентлар И. Каримов, Н. Назарбаев, А. Ақаев, Э. Раҳмоновларнинг анжуман иштирокчиларига табриклари ўқиб эшиттирилди.

Марказий Осиё халқларининг муштарак тарихи, келажаги ҳақида салмоқли ўй-фикрлар билдирилди, амалий таклифлар айтилди. Тадбир сўнггида уюштирилган концертда қардош элларнинг машҳур санъаткорлари саҳнага чиқиб, куй, қўшиқ, рақслари билан даврага файз бағишлашди.

Тошкент шаҳри — ташкилотнинг Бош қароргоҳи деб қабул қилинди, машҳур қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов унинг Президенти этиб, шунингдек, ҳар бир мамлакатда филиал бошқарувчиси сифатида вице-президентлар сайланди, Бош Кенгаш ва тафтиш комиссияси тузилди.

Мустақил давлатлар миллий маданиятини ўзаро ривожлантириш ва интеграциялаш мақсадида «Туркистон – умумий уйимиз» шиори остида ўтган илк анжумандан барча қатори улкан таассурот олиб қайтгандим.

***

1999 йил. Одатдаги иш кунларининг бирида “Жанубий Қозоғистон” газетасининг бош муҳаррири Собиржон ака Юсуфалиев чақириб қолди. Астана шаҳрида халқаро миқёсда йирик анжуман ўтаётгани, унинг материалларини тайёрлаш учун таржимон сўрашаётгани, рози бўлсам, боришим мумкинлигини айтди. Бажонидил рози бўлдим. Чунки, тақдир иккинчи бор туҳфа тайёрлаган эди. 

Белгиланган куни Астанага етдим. Меҳмонхонада Тожикистон ва Қирғизистондан келган таржимонлар билан танишдим. Ҳаммамизнинг мақсадимиз, ниятимиз бир – зиммадаги улкан масъулиятни оқлаш!

Енг шимариб, шижоат билан Элбошининг “Янги минг йилликда – ҳамжиҳатлик билан” маърузасини таржима қилишга киришдик. Биз – уч таржимонга сабр-тоқат билан, тун-кун демай ишлашимизга тўғри келди. Бир неча кун маърузани ўгиришга кетса, бирмунча муддат матнни таҳрир қилдик. Эсимда қолгани, анжумангача унинг айрим қисмлари қисқарди, янги фикрлар қўшилди, бироз жойи ўзгарди. Масалан, маърузада қирғиз, тожик ва ўзбек халқларининг мақоллари келтирилганди. Сўнгги нусхада уларнинг дастлабки варианти ўзгарди.

Иш якунлангач, енгил нафас олиб, қайтишга тайёрлана бошладик. Аммо форумдан олдин, кутилмаганда, маърузани тадбир мобайнида синхрон таржима қилишни сўрашди. Бу борада етарли тажрибамиз бўлмаса-да, рози бўлдик. Чунки, бу – анжуманда бевосита иштирок этиш дегани эди!

Бир кун аввал Астана шаҳрига ташриф буюрган меҳмонлар орасида ҳамюртимиз, таниқли шоир Мирпўлат Мирзонинг борлигидан воқиф бўлгандим. Фурсат топиб, меҳмонхонада суҳбатлашдик. У меҳмонлар учун Астана шаҳри бўйлаб экскурсия уюштирилгани, шу куни  Чингиз Айтматов раислигидаги ассамблея раҳбарияти ва қўшни давлатлардан ташриф буюрган адибларни Элбоши Н. Назарбаев қабуллаганини гапириб берди.

Қурултой Қозоғистон Республикаси Парламентининг собиқ биносида ўтди. Президент Н. Назарбаев маърузасини бошлаганида юрагимни ҳаяжон босиб, уни ўзбек тилида ўқиб турдим. Элбошининг маърузаси қарсаклар билан кутиб олинди. Биз, таржимонлар, енгил тин олдик...

Орадан шунча йил ўтиб, қурултой таассуротларини ёдга олганимнинг сабаби бор. Чунки, ўша маърузада айтилган фикрларнинг бир қисми Элбошининг “Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш” дастурий мақоласида ўз аксини топди. Қолаверса, унутилмас лаҳзалар инсонга куч-қувват инъом қилади, ширин хотиралар эса унга мадад ва руҳ беради. Бу – доимо олға юриш ҳамда   курашиш учун зарур бўлган илҳом манбаидир. Шундай онларимиз сероб бўлгай!

 

 

Зокиржон МЎМИНЖОНОВ, 2017-09-18, 19:55 794
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.