26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Оила хотиржамлиги – юрт фаровонлиги

Шимкент шаҳри бўйича Судлар маъмурининг ташаббуси билан Медиация институтини янада ривожлантиришга бағишланган учрашув ўтиб, Меморандум имзоланган эди. Унда, чунончи, махсус хизматлар кўрсатадиган “Самғау ишонч маркази” раҳбарияти Фарида Байзахова билан ҳамкорлик қилиш мақсадида меморандум имзолаган эди. Қуйида мазкур марказ директори билан мусоҳабани эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Шимкентнинг 4-кичик туманида жойлашган мазкур муассаса оилавий-маиший зўравонлик қурбонлари учун бошпана вазифасини адо этар экан. Махсус ижтимоий ёрдам маркази 3 йил муқаддам ташкил этилган.
Унинг директори билан амалга оширилаётган ишлар, оилавий-маиший зўравонлик қурбонларига ходимлар томонидан қандай ёрдам берилаётгани ҳақида суҳбатлашдик.

– Фарида Сатан қизи, суҳбатимизни марказнинг мақсади ҳамда фаолиятидан бошласак.
– Муассасамиз 2018 йили фаолиятини бошлади. Оилавий-маиший зўравонликка учраётган аёллар сони йил сайин ўсиб бораётганлиги туфайли ҳам шундай ижтимоий марказ очилди ҳамда тазйиққа учраган оналарга ҳар томонлама ёрдам беришга киришиб кетдик. Марказимизда 70 кишига мўлжалланган тўшак-ўринлар мавжуд. Уларнинг 50 нафари оилавий зўравонликка учраган кишиларга, қолган 20 нафари эса одам савдоси қурбонларига мўлжалланган. Карантин чоралари туфайли ҳам 5-6та аёллар фарзандлари билан муассасамизда жойлашишган. Пандемия бошланганидан буён бегоналар бу ерга киритилмайди. Уларнинг ҳатто таомлари ҳам хоналарига етказиб берилади. Оилада қандай шароит ҳукмрон бўлса ҳам, бунинг болага зарари тегмаслиги керак. Болалар билан муаллимлар шуғулланишади. Қайси синфда таълим олаётганидан қатъиназар уларга дарслар ўтилади. Ҳозир уларнинг аксарияти онлайн таълим олишмоқда.
– Оилавий зўравонликка учраган аёллар сизларга мурожаат қилишадими ё уларни муассасаларингизга полиция ходимлари олиб келишадими?
– Асосан, уларнинг ўзлари марказимизга келишади. Қабул қилиш пайтда эса участка нозири, руҳшуносларимизни таклиф қиламиз. Учинчи қаватда изоляторимиз жойлашган. Оилани бир-икки кун мобайнида ПЗР синов ва флюорографиядан ўтказамиз. Бундан буён аёллар бизга ПЗР тест натижаларини олиб келишлари жоиз. Айни дамда 8 нафар аёл ҳамда 18 нафар бола ижтимоий муассасада қўним топган. Уларга бу ерда бошпана бериш билан бирга, таомланиши, болаларнинг таълим олиши учун ҳам барча шарт-шароитлар
муҳайё. Энг муҳими, ярим йилга қадар аёллар бу ерда яшаш имконига эга. Бу вақт мобайнида мутахассислар уларнинг оиласини сақлаб қолиш устида тинмай меҳнат қилишади. Бу ерда руҳшуносга ҳам, ижтимоий ходимлар, полициячиларга ҳам иш етарли.
 Муассасада карантин чоралари кучайтирилганлиги боис, бу ерда истиқомат қилаётган аёллар билан суҳбатлашиш имкони бўлмади. Шундай бўлишига қарамай оилавий зиддиятлар масаласида кўп йиллар ички ишлар органларида меҳнат қилган, айни дамда эса ижтимоий соҳа мутахассиси бўлиб ишлаётган Гулчеҳра Мўминованинг ўз касбининг устаси эканлигига амин бўлдим.
– Оилада кўп зиддиятлар етишмовчилик ва ишсизликдан чиқади, – дейди Гулчеҳра Ўктамбек қизи, – банд бўлган инсон турли машмашаларга, жанжалларга ҳам хуши келмайди. Тасаввур қилинг, эркак ва аёл оила қуришган, иккисининг ҳам қўлида на тайинли ҳунари бор, на маълумоти бор. Бироқ вақт ўтиши билан улар кўз очиб юмгунча кўп болали оила бўлиб улгуришади. Болаларни мактабга тайёрлаш, оилани моддий таъминлаш масъулияти отага юкланади. Отанинг эса тайинли иш жойи йўқ. Оила жанжал уясига айланади. Деразадан қашшоқлик мўраласа, оиладан муҳаббат қоча бошлайди, бу азалдан келаётган нақл. Марказимиз айнан шундай оилаларга ёрдам беришга мўлжалланган. Биз, нафақат уларни вақтинча бошпанали қилиб, таомлантирамиз. Уларни яраштириб, ҳунарли қилишга ҳам шароит яратамиз. Масалан, аёлларимизнинг ҳунар ўрганишлари учун ошпазлар, қандолатчиларни тайёрлайдиган коллеж билан шартнома тузиб, улар учун бепул маҳорат сабоқларини ўтказамиз. Ҳаёт тақдим этаётган имкониятлардан фойдаланишга ҳаракат қилиш керак.
Мижозларимиз, асосан ҳужжатларини расмийлаштиришда, муаммога дуч келишмоқда. Орамизда ҳужжатларига шундай бефарқ одамлар бор эканки, 17, 19 ёшли фарзандларининг туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси олинмаган ёки йўқолган. Ва йиллар мобайнида унга бефарқ қараб келишган. Табиийки, улар давлатнинг ижтимоий ҳимоясида бўлолмайди. Уларнинг ҳужжатларини расмийлаштиришга ёрдам беряпмиз.
Оилада, асосан, дунёқараши тор, на тайинли маълумоти, на тайинли касби бор аёллар бундай муносабатга дуч келишади. Даставвал, улар билан марказимизнинг руҳшунослари ишлашади, болаларга ҳам эътибор берилади. Ваҳоланки, оилавий низолар тез-тез бўлиб турган хонадонларда болалар ҳам ўзига анча ишончсиз ва қўрқоқ бўлиб вояга етишади. Бизда қўним топган аёллар энг кўпи билан ярим йил истиқомат қилишади. Бу вақт мобайнида уларни яраштириб юборишга ҳаракат қиламиз. Агар эр-хотин бунга қарши бўлса, уларга барча ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади. Манзилли ёрдам олишлари учун ҳужжатларини расмийлаштиришда кўмак берамиз. Аксарият ҳолларда оилалар ярашиб кетишади.
Одам савдоси жабрдийдаларига ҳам ёрдам беряпмиз. Улардан бири ота-онасидан айрилгач, қариндошлари томонидан Ўзбекистондан Қозоғистонга “сотиб юборилган” ўсмир қиз бўлиб, ишратхона эгаларига “хизмат қилган”. Унинг оғир тақдири туфайли дунёга келтирган фарзандига ҳам ҳамон ҳужжатлар расмийлаштирилмаган. Айни пайтда ушбу ишларда жабрдийдага ёрдам беряпмиз. Ишимиз самара берса, мазкур жабрдийданинг ҳаёти ҳақида ҳам мақола ёзиш имкони пайдо бўлади. Токи бошқалар бундай вазиятлар учрамасин.
– Оилада нафақат эридан, аёлидан ҳам зўравонлик кўришади. Сизларнинг марказингизда эркаклар ҳам ёрдам олиш имконига эгами?
– Албатта. Зўравонлик кўрган эркаклар ҳам учраб туради. Бироқ, улар бизга келишмайди. Тажрибамда фақат бир эркак шундай муносабатга дуч келган. Аёли бошпанасини кредит олиш учун банкка расмийлаштириб, бор маблағидан айириб, фарзандларини эрига қолдирган ва дом-дараксиз кетиб қолган эди. Ўшанда эркакка руҳий, ҳуқуқий ёрдам берилган. Болаларини вояга етказиш учун ижтимоий ёрдамга муҳтож эркакка ҳужжатларини расмийлаштириб бердик. Кўриб турганингиздек, аёллар томонидан ҳам шундай бебурдликлар содир этилиб туради. Бундай ҳолатда эркаклар бошидан ўтган воқеаларни яширишга ҳаракат қилишади. Лекин, жамиятимизда зўравонлик кўраётганларнинг аксарияти аёллар.
– Оиласида тинчлиги, хотиржамлигини йўқотган инсонлар паноҳ топаётган марказнинг янада самарали ишлашига тилакдошман. Суҳбат учун ташаккур!

М. САЪДУЛЛАЕВА суҳбатлашди, 2021-06-08, 03:56 380
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.