26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ўқувчилар ҳуқуқларини эмас, мажбуриятларини билишса

Навбатдаги ота-оналар мажлисида анчагина оналарнинг юзи қизарди. Мазкур тадбир кўпчиликнинг кайфиятини туширди. 7-синфда ўқийдиган ўғил болалар ўртасида даҳанаки жанг бошланди. Устоз жанжални тўхтатишга улгурмаганида, бу нохуш воқеанинг охири нима билан тугаши номаълум эди. 

Ота-оналар йиғилиб, ҳар биримиз кун мобайнида дарсларда иштирок этиб, фарзандларимизнинг ахлоқи, дарсларни ўзлаштиришини кузатишга қарор қилдик. Устозларидан уялишар, бизлардан ҳайиқар, деган ниятда. Ота-оналарнинг мактабдаги навбатчилиги, яъни, фарзандлари учун ўзига хос назорат вазифасини бажариши, табиий. Бу иш кўпчилигимизга малол келса-да, фарзандларимиз тарбиясини ижобий томонга ўзгартиришга эришиш мақсадида рози бўлдик.

Дипломимда муаллимлик касбини менга тақдим этган қисмат бежиз эмаслигини англаб, дилимнинг бир четида ўша устозлик касбини янгича алфозда амалга татбиқ этиш ҳаваси ҳам йўқ эмасди. 

Фурсатдан фойдаланиб, келинг, азиз муштарийлар, сизлар билан бирга болаларимизнинг дарсларини кўздан кечирамиз. Фарзандим ўқиётган 7-синфдаги иккинчи дарс – биология. Таниқли муаллим, мактаб директорининг таълим бўйича ўринбосари инсон мияси хусусида жуда қизиқ дарс ўтди. Муаллимларимга минг раҳмат, ўша берган билимларини эслаб, унутганларимизни янгилаб, яна анча қизиқарли маълумотларни эсга туширдик. Негадир ўқувчилар ўқитувчининг саволларига сусткашлик билан жавоб беришарди, дарс ярмидан ўтгандагина синфга “жон кирди”. Болалар бегона одамдан уялишяпти, деган ниятда уларнинг ҳолатини яхшиликка йўйдим. Бироздан сўнг улар фаоллашди. Бироқ масаласи кўрилган болаларнинг дарсга алоқадор бўлмаган хатти-ҳаракатлари жонланди. Ўқитувчидан аллақачон ҳайиқмай қўйган болакай муаллим диққатини чалғитавергач сабр косаси тўлди – уни хонанинг бир бурчагига турғазиб қўйди: ўқитувчи ҳаяжонини анча босди, ишонинг анча...

Бироқ хулоса қилишда ҳам анча шошилибман. Болалар асл ҳолатларини ишонч билан, босқичма-босқич намоён қилишга киришишди. Кейинги дарс – физика. Бу фандан фаолиятини яқиндагина бошлаган ёш муаллима дарс беради. Энди ўқувчи эканлигини унутиб қўйган, айнан ахлоқи масаласи кун тартибида турган болаларнинг ҳолатини таърифлашга тил ожиз. Яхши гап билан бир жойда ўтира олмаётган болаларни тинчлантиришга ҳаракат қилиб кўрди. Натижа ўзгармагач, туйғуларини тезда жамлаб, фаол ўқувчилар билан дарсни давом эттирди. Тўполончи болалар (педагог-руҳшунослар мени кечирсину, бироқ аниқроқ тасвирлаш учун аниқловчи топа олмадим) “фаол”лигининг қамрови янада кенгая бошлади. Улар ўқитувчининг саволларига жавоб излаётган болаларни ўз гуруҳига жалб эта бошлашди. Ўша кунги кузатишларимга кўра, қизлар асосан, дарсларда фаол қатнашишга ҳаракат қилишди, ўғил болалар шунчалик сергапки, оғизлари тиним билмаяпти. 

Қадрли оналар, ўғилларимизни кузатайлик, уқтирайлик, дашном берайлик, улар сўзамол бўлиб қолишмасин. Ўқитувчи уларни тартибга чақирса, устози билан бирма-бир баҳслашиб, ўзларини оқлашга ҳаракат қилишди. Ҳамма бир-бирини айблайди, бироқ шу вақтнинг ўзида ҳеч кимда айб йўқ, ўқувчилар дарс пайтида беҳуда мавзулар муҳокамаси билан банд. 

Тажрибали, ёши анча улуғ муаллима ҳар қалай болаларни геометрия фанидан ўтаётган қизиқ мисолларга жалб эта олди. Болалар қизиқиб, масалаларни ечишга ҳаракат қилишди. Кимё фанидан навбатдаги муаллиманинг дарсида ўқувчилар ўзларини бемалол эркин ҳис қилишди. Жон куйдириб, Менделеев кимёвий элементлар жадвалидаги унсурлар хусусиятларига урғу берилди, бутун синф ўша жадвалга термулган ва муаллима уларни бунга фаол равишда жалб эта олган эди. Аёл муаллималарни мазкур синфдаги аксарият ўғил болалар писанд қилмасликлари яққол сезилди, кимё дарсида бутун синф бир масала устида бош қотирса, тўрт нафар синфнинг “етакчилари” ўз оламларида, қизғин мусоҳаба устида. 

Аҳён-аҳёнда мен томонга имлаб, бир-бирига ишора қилишиб, кулиб, бемалол гаплашиб ўтиришибди. Дарсда фаол иштирок этаётган синфдошларининг ҳаракати уларнинг жиғига тегдими, уларни ҳам суҳбатига чорлай бошлашди. Муаллима дарсда жавоб бераётган ўқувчиларни дарс жараёнига қайтариш учун овозини баландлата бошлади, бироздан сўнг бўғилиб гапиришига тўғри келди. Тўғриси, синф “етакчи”лари уни масъул инсон, устоз деб қабул қилаётгани йўқ, дарсни кузатиб ўтирган ота-она сифатидаги “чақирилмаган меҳмон” мен ҳам улар учун ҳеч кимлигимни биринчи дарсдаёқ ўз ахлоқлари билан англатиб улгуришган ва нигоҳлари билан бот-бот менга исботлашаётганди.

... Кейин ҳиссиётлар вазиятга аралашди. Биринчи қаторда ўтирган болалар билан ўрин алмашишни сўраб, муаллимага мурожаат қилдим. Синфда “лидерлик” жиловини қўлида ушлаб турган болага мурожаат қилиб, дарсда ўтирганлигини, китоб-дафтарини очиб, “билим оламан” деб келган болаларга ҳалақит бераётганлигини бутун синф эшитадиган қилиб талаб қилдим. Нима деб ўйлайсиз, боланинг бунга муносабати қандай бўлди? Менга болаларга хос бўлмаган ишонч ва ўрнимни билишим жоизлигига юз ифодаси билан ишора қилиб, бу ишни у қилмаётганлиги, бошқалар уни безовта қилиб, гапга тортаётганлиги, унга бундай гапиришга ҳаққим йўқлигини айтди. Ва, қизиғи, орқа қатордаги шерикларга бурилиб ўтирган алфоздаги ҳолат ҳам ҳеч ўзгармаган, устига устак, афсус, уялиш туйғусига яқин бир ҳиссиёт зоҳир этмаган ҳолда гапирди... Орқадаги руҳланган болалар ҳамон дарсга нимага келганликларини англамай ўтиришибди, тўртовлоннинг биронтасида ижобий ўзгариш сезилмади. Энди бундай шароитда ҳар куни ишлайдиган ўқитувчининг ҳолатини тасаввур қилаверинг. Ишонаверинг, бундай ўқувчилар деярли ҳар синфда топилади ва улар талайгина.

Ҳарқалай, бироз тинчланган синф билан муаллима бир амаллаб дарсини тамомлади. Ундан узр сўраган ҳолда, бундай ҳолатга биринчи бор тушганлигим ва ҳамон вужудимдаги ғазаб аралаш титроқ мени тарк этмаганлигини ҳис қилдим. Муаллиманинг айтишича, устозлар ўғил болаларнинг гап талашишларига ноилож ўрганиб, ҳатто кўникиб кетишган. Обдон руҳияти чарчаган устозлар гап кор қилмайдиган болалар билан баҳслашиб ўтиришмайди. Бир амаллаб, сабр қилиб, дарсини тугатиб, чиқиб кетишади. Бундай шароитда ўқитувчи ва ўқийман деган ўқувчилардан нима кутасиз?! 

Болалар билан, айниқса, тарбияси оғир болалар билан ишлаётган муаллимларга ҳаётлигидаёқ ҳайкал ўрнатиш керак. Устозликнинг нони қаттиқ, уларнинг топганлари ҲАЛОЛ деб алоҳида урғу билан эҳтиромимни кўрсатаман. Фарзандига сал қаттиқ гапирган устоз билан ҳақ талашиш мақсадида мактаб раҳбарияти эшикларини бузадиган ота-оналар, сиз учун азиз бўлган ўғлингиз ёки қизингиз замонанинг Суқроти бўлса ҳам, аксинча, муаллим билан муносабатда кичкина “иблис”га айланиб қолаётганидан хабарингиз йўқ. Иш жараёнида айнан ўқитувчилар бунга гувоҳ бўлишади. Ота-она сифатида дарсда иштирок этганлар қаторида мен ҳам бунга гувоҳ бўлдим. Руҳий ўзгаришлар исканжасида улғаяётган, ўсмирлик даврини бошидан ўтказаётган фарзандларимиз учун ўқитувчилардан ҳам кўра кўпроқ биз, ота-оналар масъулмиз ва афсуски, ўқитувчидан яхши натижа кутамиз. Фарзанд бизга (урғу айнан ушбу сўзда) омонат қилиб берилган, улар билан бирга ота-оналик масъулияти ҳам зиммамизга юкланганини унутмайлик.

Болаларнинг руҳий ҳолатига аниқлик киритиш мақсадида муштарийларимизга яхши таниш бўлган руҳшунос Феруза Низомовага мурожаат қилиб, бу борада фикр-мулоҳазаларини билдиришини сўрадим. Ахборот оқимида яшаётганлигимиз, аниқроғи, ахборий уруш тартиби руҳиятимизга аллақачон ўрнашиб олганлиги туфайли ота-оналар имкон қадар фарзандларига уяли телефонлар билан мулоқотларга эркин рухсат бериб қўйишганлиги бош сабаб бўлаётганлигини таъкидлади. Бир дастурхонда ўтиришса ҳам, ҳар бир оила аъзосининг телефонидан кўз узмаган ҳолатда таомланиши аллақачон одатий ҳолатга айланган. Катталарнинг ўзлари фарзандларига ибрат бу ишда. Ҳозирги пайтда ижтимоий етимлик деган янги тушунча руҳиятшуносликда кенг қўлланилмоқда. Ажрашган ота-она фарзандлари ё отада ёки она қарамоғида тарбияланиши, ёки боланинг энг яқин инсонлари хорижий мамлакатларга рўзғор тебратиш мақсадида кетганлиги ҳам улар руҳиятига салбий таъсир ўтказади. Бундай шароитда яшаётган ўқувчилар ижтимоий етимликни бошидан ўтказишади. Ота-онаси олисда бўлган болалар ўша ўзларига аталган, уларга ризқ қилиб берилган меҳрни, эътиборни қаердандир, кимдандир олишлари керак-ку. Бизнинг бу ҳолатимизда эса ўқувчилар ўз жамоадошларидан, устозларидан олади, бошқа имкон йўқ. Натижада, эътиборталаб болалар бошқа синфдошлари ҳаётидаги оилавий муносабатларидаги тўкисликка қарши ўз норозиликларини ҳам шундай кўринишда ифодалашади. Унинг салбий таъсири изланувчан, олдига аниқ мақсад қўйган ўқувчиларга ҳам, албатта, салбий таъсирини ўтказмай қолмаяпти. 

Ачинарлиси, бундай ҳолат бизнинг синфда иккинчи йил давом этяпти. Ўзбекчиликка хос бўлган, “кўзи иссиқ, юзи иссиқ” қабилидаги муносабат чок-чокидан узиладиган ҳолатга тўғри келган. Ниҳоят бу ҳолатга нисбатан чора кўриладиган бўлди – мактаб раҳбари, мутасадди соҳа вакиллари, йўриқчи ҳамда қонуний вакиллар тарбияси оғир ўқувчилар хонадонига боришиб, иш ижобий томонга ўзгармаса, қандай ҳал қилинишини баён қилишди. 

Деярли ҳар бир мактабда бу одатий ҳолат эканлигини эшитиб, ҳайрон қоламиз. Аввал ҳам ўзлаштириши ночор ўқувчилар ҳам бўлишган, бироқ улар бошқа тенгдошларига халақит беришга ботина олмаган. Айни дамда эса болалар ўз тенгдошларига зулм ўтказаётганини хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ҳар қандай зулм соҳибига ҳиссалаб қайтишини болаларимиз билмаса ҳам, ота-оналар – бизлар биламизку. Шу боис ҳам, қани энди, фарзандларимизга уларнинг ўқувчилик ҳуқуқларидан аввал, уларнинг таълим муассасаларидаги шогирдлик мажбуриятларини ўргатсак.

М. САЪДУЛЛАЕВА, 2024-02-17, 04:09 1138
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.