26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Дўстлик боғидаги учрашув

Шимкент шаҳрининг Сайрам даҳасидаги А. Байтурсинули номли хусусий мактабда “Ижодкор” адабий бирлашмаси ва “Шимкент” ижодий уюшмаси ташаббуси билан таниқли шоира ва таржимон Робия Қамчибек қизининг “Дўстлик боғи”, “Ўлан – сўзнинг подшоси” ва “Қучоғимга сиғдираман оламни" китобларининг тақдимоти ўтди. Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасининг Шимкент шаҳридаги ваколатхонаси шафелигида уюштирилган ушбу тадбирдан кўзланган мақсад – қардош халқлар дўстлигини тараннум этиш, икки давлат Президентларининг бу борадаги вазифалари ижросини таъминлаш, қозоқ ва ўзбек шоир-ёзувчиларининг адабий алоқаларини мустаҳкамлашдан иборат эди. 

Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Зулфия Мўминова, журналист Ҳанифа Зокирова, жамоат арбоби Фахриддин Қоратоев, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Ҳавазмат Қўчқоров, Соатой Камолова, Суннатилла Акромов, Шимкент шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Тоҳирбек Нишонбоев, стол теннисидан спорт устаси, халқаро мусобақалар ғолиби ва совриндори Тўймурод Эшимов, шунингдек, маҳаллий шоир-ёзувчилар, зиёлилар, устоз-мураббийлар, талабалар иштирок этишди. 

Бошловчи Зокиржон Мўминжонов ўзбекистонлик меҳмонларни учрашув иштирокчиларига таништирди. Чунончи, Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида туғилган Зулфия Мўминова Тошкент давлат университетида таҳсил олган. Шоиранинг “Самога сочилган юлдузлар”, “Истиқлол – олтин гулим”, “Биринчи ўқитувчим”, “Аёлга гул беринг”, “Аёлга бахт беринг”, “Сурхоннинг тадбиркор ўғлони”, “Ассалом, саодат тонги” каби шеърий, бадиий публицистик, шунингдек, “Хўроз нега учолмайди?”, “Донишманд тошбақанинг кўзойнаги”, “Болаларга китоб беринг”, “Юмшоғой исмли типратиконча” каби болаларга аталган китоблари нашр қилинган. У Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвони, “Дўстлик”, “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан тақдирланган.

Ҳанифа Зокирова – таниқли журналист, Ўзбекистон Журналистлар ва “Маърифат” тарғиботчилар уюшмаларининг аъзоси.

Дастлаб сўз олган Зулфия Мўминова қозоқ-ўзбек адабий алоқалари тарихига тўхталиб, мазкур учрашувнинг аҳамиятини юксак баҳолади. Айниқса, шоиранинг “Болага китоб беринг” шеъри барчада унутилмас таассурот қолдирди. Ҳанифа Зокирова ҳам Робия Дўстонованинг таржимонлик борасидаги изланишларини алоҳида таъкидлади. 

Тадбир Робия Қамчибек қизининг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги видеолавҳа намойиши билан давом этди. Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида туғилган Р. Дўстонова Тошкент шаҳридаги Низомий номидаги педагогика институтида таҳсил олган. Унинг шеърлари ва таржималари “Амир Темур ва Жанубий Қозоғистон”, “Чимкент – ижод гулшани”, “Зангори кенгликлар” каби китобларда эълон қилинган. Шоира самарали ижодий фаолияти учун Халқаро Миртемир номидаги адабий мукофот, “Жамоат фахрийси”, “Дўстлик” кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси ҳайъати аъзоси Муратхан Шўқан ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ёшлар билан ишлаш бўлими етакчи мутахассиси Наргиза Асадоваларнинг Робия Қамчибек қизининг ижоди ҳақидаги фикрлари учрашув иштирокчиларининг эътиборини тортди. Учрашувда Р. Дўстонова кўп йиллик устозлик ҳамда таржимонлик фаолияти учун “Құрметті ұстаз” медали билан тақдирланди. 

Меҳнат фахрийлари Турсунхўжа Хонхўжаев, Эркин Абдунақибовлар иштирокида “Дўстлик боғи”, “Ўлан – сўзнинг подшоси” ва “Қучоғимга сиғдираман оламни" китобларининг тақдимоти ўтди.

Шундан сўнг сўз олган жамоат арбоби Фахриддин Қоратоев икки қўшни Давлат раҳбарлари Қ. Тўқаев ва Ш. Мирзиёевларнинг халқларимиз орасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларининг янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлади. Шимкент шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Тоҳирбек Нишонбоев ҳам келгусида бундай учрашувларни кўпроқ ўтказишга чақирди. Шимкент ижодий уюшмаси раисаси Эркиной Султонова қозоқ-ўзбек адабий алоқаларини ривожлантиришга самарали ҳисса қўшаётган Зулфия Мўминовага “Дўстлик” ҳамжамиятининг “Дўстлик” медалини топширди. Тадбирда сўз олган Келес туман ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Суннатилла Тожиаҳмедов, Э. Воҳидов номидаги “Ўзбегим” халқаро ижодкорлар иттифоқи раиси Ўрмоншиқ Исмоншиқов, ижодкорлар Шўнтиқова Танимгул, Абдурауф Абдуғаффор, Анормат Лочин, спортчи Тўймурод Эшимовлар ҳам эзгу тилакларини изҳор қилишди. 

А. Байтурсинули номли мактабда ташкил этилган “Қарашаш” дастасининг рақслари, қорабулоқлик таниқли хонанда Тўрахон Худойбергановнинг қўшиқлари тадбирга файз киритди.

З. Мўминжонов тадбирни якунлаб, учрашувни уюштиришда беғараз ёрдам кўрсатган Қозоғистоннинг фахрий қурувчиси Низомхон Сулаймонов, А. Байтурсинули номли мактаб маъмурияти ва ўқитувчилар жамоасига миннатдорчилик билдирди ва ўзбекистонлик меҳмонларга “Ижодкор” адабий бирлашмасининг эсдалик совғаларини топширди. 

З. АҲМАДЖОНОВ, 2024-06-08, 02:53 515
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.