26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Сайрамда нима гаплар?

Оналар қувончи чексиз

Шу вақтга қадар “Машат” мактаби ҳузуридаги мўъжазгина “Жұлдыздар” марказида 25 нафар кичкинтой тарбияланаётган эди. Куни кеча қишлоқ ҳокимлиги девони қарамоғидаги эски мактаб биноси ўрнида яна бир 100 ўринли “Еркетай – 2017” болалар боғчаси тантанали равишда очилди. 

Эски бино хусусий тадбиркор Е. Сағиндиқов томонидан тўлиқ таъмирланди. Элбошимизнинг “Балапан” дастури доирасида боғчанинг ишга туширилганидан машатлик оналарнинг боши осмонга етди. Чунки уларнинг ишга бемалол бориб-келишлари учун чинакам имконият туғилди.

Фуқаролар арзи тингланди

"Нұр Отан" партиясининг жойлардаги филиал ва бўлимларида вақти-вақти билан фуқаролар арзини ўрганиш ҳамда муаммоларни ижобий ҳал қилиш анъанага айланган. Ўтган сешанба куни партиянинг Сайрам туман филиали биносида туман ҳокими Б. Мамаевнинг 2017 йилдаги энг сўнгги жамоатчилик ташкилоти қабули бўлиб ўтди. 

Филиал раисининг биринчи муовини М. Қалибаева олиб борган мазкур қабулга ташриф буюрган ҳамюртларимиз ўзларини ташвишлантираётган масалаларни ўртага ташлашди. Чунончи, манкентлик 

Д. Қосимова, М. Шакарова, оқсувкентлик Ш. Абдурасулова, қорабулоқлик Ю. Қайнароваларни асосан, фарзандлари учун алимент ундириб олиш муаммоси ўйлантирса, қорасувлик Б. Бетешова, оқсувкентлик Т. Михайловалар ногиронларга кўмак кўрсатишларини илтимос қилишди.

Туман ҳокими ҳузурига келган фуқароларни ташвишлантираётган масалалар юзасидан қониқарли жавоблар бериб, баъзиларини шу заҳоти ҳал қилди.

Қишлоқда – янги дарвоза

Янги йил арафасида Президентимизнинг “Келажакка йўлланма: маънавий янгланиш” дастурий мақоласи доирасида кўплаб ибратли ишлар амалга оширилиб, янги маданий-маиший иншоотлар фойдаланишга топширилди. 

Шулардан бири – Жибек жўли қишлоғига кираверишдаги янги дарвозадир. Азалдан ҳар бир шаҳар ёки туманга кираверишда ўзига хос рамзий дарвоза бўлган. Яқинда “Ғарбий Хитой – Ғарбий Европа”халқаро йўлидан Сайрам туманига кираверишда, Жибек жўли қишлоғига яқин жойда янги дарвозанинг тантанали очилиш маросими ўтди. Туман бюджетидан ажратилган 15 млн. тенге ҳисобига тикланган ушбу иншоотнинг очилиш маросимида туман ҳокими Б. Мамаев бошчилигида маҳаллий депутатлар, қишлоқ фаоллари қатнашдилар. 

Ҳоким ўз навбатида беш минг киши истиқомат қилаётган Жибек жўлида бу ва бошқа эзгу ишларга ўзининг қимматли маслаҳатлари билан бош-қош бўлаётган қишлоқ оқсоқоли Е. Мусабековнинг кифтига миннатдорчилик рамзи сифатида чопон ёпди.

Етим бошини силасанг...

Халқимизда, савобнинг энг афзали етимларга кўрсатилган саховатдир, деган гап бежиз айтилмаган. Афсуски, орамизда ҳануз ота-она меҳрига зор қоракўзлар бор. Бундай болалар тўлиқ давлат ғамхўрлигига олинган. 

Маълумки, 2000 йилда Қайнарбулоқ қишлоқ округидаги Қасимбек датқа овулида турли ёшдаги 58 нафар ўғил-қизни ўз бағрига олган “Бауыржан” оилавий болалар уйи ташкил этилган эди. 

Ўтган душанба куни тарбияланувчиларни Янги йил байрами билан қутлаш мақсадида туман ҳокими Б. Мамаев ташриф буюрди. Ҳоким ва бошқа сахий инсонлар ташрифидан бошлари осмонга етган болалар тадбирда қўшиқ куйлаб, рақсга тушишди. 

Шуни таъкидлаш жоизки, ўтган давр мобайнида бу ердан катта ҳаётга учирма бўлган собиқ тарбияланувчиларга давлатимиз томонидан 44 та квартира тақдим этилди. Ҳоким тарбияланувчиларни Янги йил билан қутлаб, уларга совға-саломлар улашди.

“Жанубий Қозоғистон” мухбири, 2018-01-08, 23:44 836
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.