26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
''Бир ўлиб кўрай-чи''

Жорий йил Ўзбекистонда Қозоғистон йили муносабати билан икки давлат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик муносабатлари янада мустаҳкамланиб, савдо, саноат, туризм, маданият, фан ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик уфқи тобора кенгаймоқда.

Маданият соҳасидаги борди-келди муносабатларини Шимкент шаҳар ўзбек драма театри мисолида кўришимиз мумкин. Яқинда театр жамоаси Ўзбекистоннинг бир қатор шаҳар ва вилоятларида гастроль сафарида бўлиб, томошабинлар олқишини қозонганини билган эдик.

Куни кеча Шарқ гавҳари, кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанддан вилоят мусиқий драма театри жамоаси гастроль сафари билан Сайрамга ташриф буюрди. 

Самарқанд вилоят маданият бошқармаси раҳбари ўринбосари Суҳроб Эрбоев ҳамда театр директори Камолиддин Қоржовов раҳбарлигида илк бор бизнинг юртга ташриф буюрган меҳмонлар биринчи кун “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икромжон Ҳошимжонов ҳамроҳлигида Сайрамдаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишди.

Иккинчи куни соат 15.00да театр ихлосмандлари интизорлик билан кутган “Бир ўлиб кўрай-чи” спектакли бугунги кундаги энг долзарб мавзуни саҳнага олиб чиқди. Бир қишлоқда чол ва кампир уч ўғил ва бир қизни вояга етказиб, олий маълумотли, уйли-жойли қилади. Фарзандлар ота-онани ташлаб, шаҳарга кетиб қолишади. Каттаси Султон – давлат идорасида раҳбар, Достон – тадбиркор, кичик ўғил – шоир, Гулистон турмушга чиқиб кетган. Ота-она учун вақт ажратмай, вақт уларни ота-онадан ажратиб қўйишини ёддан чиқарган фарзандларини дийдорини қўмсаган, соғинган Мавлон ота кампири Ойдана ва дўсти Аваз отани базўр кўндириб, “ўлади”... 

Хуллас, асар бугунги кундаги оқибатсиз, ота-онасини қаровсиз қолдириб кетган фарзандлар образини кўпчилик назарига ҳавола қилди. Томошабинни ҳам кулдириб, ҳам йиғлатган асар, одамларни омонат дунёда ғанимат ота-оналаримизга бор меҳр-муҳаббатимизни бағишлаб, ғамхўрлик кўрсатишга чорлайди. Бир ярим соат давом этган спектакль томошабинларнинг гулдурос қарсаклари билан кутиб олинди. 

***

Суҳроб Эрбоев, Самарқанд вилоят маданият маркази раҳбари ўринбосари:

– Жорий йил Қозоғистон ва Ўзбекистон давлатлари раҳбарларининг дўстона учрашуви, Ўзбекистонда Қозоғистон йили деб эълон қилиниши, икки қардош давлатларнинг маданият, маънавият, спорт ва ижтимоий соҳалардаги ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилди. Самарқандда тўртта театр фаолият юритмоқда. Ҳар бир театр ўз томошабинига эга. Театрларимиз Қозоғистон, Тожикистон, Туркия давлатларига гастроль сафарларига чиқиб туради. Азалдан бизнинг Самарқандда маданият жудаям яхши ривожланган, вилоятимизни санъатсеварлар маскани десам янглишмайман.

Камолиддин Қоржовов, Самарқанд вилоят мусиқий драма театри директори:

– 105 ёшли театримиз 1914 йил 15 январда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” спектакли билан илк фаолиятини бошлаган. Унинг таркибида оркестр, хор, балет жамоалари ҳам бор. Репертуаримизда 30дан зиёд спектакль мавжуд. Бугун шулардан бири – “Бир ўлиб кўрай-чи”ни олиб келдик. Ушбу комедия асарида беш нафар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист иштирок этади. Булар –Темир Пардаев, Баҳрулла Раҳимов, Бахтиёр Раҳимов, Меҳри Ҳакимова ва Собиржон Ҳакимов.

Самарқанднинг сара спектакли – Туркистон саҳнасида

Туркистондаги Р. Сейтметов номидаги шаҳар мусиқа драма театрида Самарқанд мусиқий драма театри таниқли драматург Х. Хурсандовнинг «Бир ўлиб кўрай-чи» икки саҳнали трагикомедиясини намойиш қилди.

Спектакль аввалида ҚР «Дўстлик» ҳамжамияти раиси Икромжон Ҳошимжонов театр директори Камолиддин Раҳмон ўғлига икки эл маданияти равнақи йўлидаги хизматлари учун «Дўстлик» кўкрак нишонини тантанали топширди. Вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Бадриддин Нишонқулов номидан «Жамият жонкуяри» кўкрак нишони театр маъмуриятига ҳамда Туркистон қадамжолари ҳақидаги рангли китоблар барча актёрларга тақдим этилди. Самарқандлик санъаткорларнинг Қозоғистон сафарига вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси ва Баҳодир Ирисметов раҳбарлигидаги Туркистон шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмалари ҳомийлик қилишди. 

Суратда: И. Ҳошимжонов К. Қоржововга мукофот тақдим этмоқда. 

Муаллиф тасвири.

Ш. МАДАЛИЕВ, М. УСМОНОВА, 2019-05-28, 16:40 1001
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.