Узилган алоқа
Элмира куппа-кундузи Шимкентдаги темирйўл вокзали яқинида йўқолиб қолди. Икки дақиқа аввал Асқар билан гаплашиб турган эди, бирданига алоқа узилди. Йигит қўнғироқ қилган эди, жавоб бўлмади. Асқар уйга келса, қиз ҳали йўқ, дарҳол полицияга хабар қилди.
– Ёши нечада? Йигирма бешда? Йигити бўлса, қочиб кетгандир? Қиз йўқолди, деб қўнғироқ қиласизлар, биз вақтимизни йўқотиб излаймиз, кейин севган йигити олиб қочиб кетган бўлади, – деди полиция ходими.
– Нималар деяпсиз?! У менинг хотиним, ҳомиладор.
Полиция ишга киришди, қизни бир йигит қора рангдаги машинага ўтқазаётганини кўрган гувоҳ ҳам топилди. Фақат у давлат рақамини эслаб қололмабди. Асқар ўзини қўярга жой тополмасди: бир фалокат юз берганини ич-ичидан сезиб турарди.
Қалбаки ҳаёт
Асқар эълон бўйича уй хизматкори бўлиб келган қизни бир кўришда ёқтириб қолди. Унинг қилаётган ишларини кўриб, муҳаббати янада кучайди. Тиним билмасди. Биринчи куниёқ уйга файз кирди.
– Икки қаватли уйингиздаги ишларнинг ҳаммасини мен қилишим керакми? Бирон йўлини топинг, уй хизматкори ёллайлик, ахир, таниқли тадбиркорсиз, қўлингизни қаерга узатсангиз, етади, – деб хотини асабига тегавергандан кейин газетани қўлига олиб, эълонларни кўздан кечирди ва уйига яқин мавзедан бир таклифни топиб, қўнғироқ қилди ва манзилини берди.
«Аслида, Моҳиранинг бундай талаб қўйишга ҳақи йўқ эди», ўйларди Асқар. Бой бойга боқади, сув сойга оқади, деганларидай, отаси бир бой дўстининг қизига уйлантириб қўйган, қиз ундан беш ёш катта эди. Мана, беш йилдан ошди, орада фарзанд йўқ. Шифокорга бориб кўринишди. Асқарни бепуштликда айблашди.
Бизнес ҳамкори бўлгани учун у хотини билан расман ажрашишни хаёлига ҳам келтирмаган эди. Шундай бўлса ҳам, ҳаёти қалбаки эканини ич-ичидан ҳис қиларди. Ёши 30дан ошса ҳам фарзанди йўқ. Моҳиранинг фикру хаёли бизнесда, баъзан эри борлигини ҳам унутиб юборади. Умр йўлдошининг бола асраб олиш ҳақидаги фикрини Моҳира қўлламади. Элмира эса бутунлай бошқа дунёнинг одамидай туюлди унга. Орадан уч ой ўтиб, хотинига қарорини айтди:
– Сен билан ажрашаман, Элмирага уйланаман.
Моҳира кулиб юборди.
– Ҳазиллашяпсизми? Бизнесимиз нима бўлади? Бу исқирт қиз қандай қилиб сизнинг бошингизни айлантириб олди?
– Уни ҳақоратлама!
Аммо Моҳирани энди тўхтатиш қийин эди. У Элмиранинг хонасига отилиб кирди:
– Сен ким эдингки, эримнинг бошини айлантириб оладиган? Йўқол, кўзимга кўринма!
Элмира нима бўлганини тушунди. Асқарнинг кўнгли бор эканини сезарди, лекин, нима учун ўзидан, турмушга чиқасанми, деб бир оғиз сўрамаганига тушуна олмай турарди.
– Уйни ҳам, машинани ҳам сенга қолдираман, – деди Асқар Моҳирага. – Биз Элмира билан далаҳовлида яшаймиз.
Улар никоҳ ўқитиб, далаҳовлида бирга яшай бошлашди. Орадан икки ой ўтиб, Элмира ҳомиладор эканини Асқарга айтди. Бу қувончли хабарни эшитиб, Асқарнинг боши осмонга етди. Дарҳол тўй ҳаракатига тушиб кетди, меҳмонлар рўйхатини тузди.
– Моҳира билан расман ажрашиб, тўйни 8 март куни ўтказамиз, – деди у Элмирага.
Моҳиранинг адвокати ишни чўза бошлади. Кўп ўтмай, Элмира йўқолиб қолди.
Қасос ўти
Эрини тортиб олган аёлга хотин қандай муносабатда бўлади? Моҳира қандай хаёлларга борган экан? Очиғи, эридан айрилиш унга оғир ботмади. Оғир ботгани – уй хизматкорига бир кўришда ошиқу беқарор бўлиб қолгани эди. Юракдан уришга арзийдиган ҳусни-жамоли бўлса ҳам майли эди. Шунинг учун у ажрашишнинг олдини олишга киришиб кетди.
Полиция қизни излашда давом этарди. Унинг йўқолишига Асқар сабабчи бўлмадимикан, деб, уни ҳам сўроқ қилишди. Қиз йўқолганда Асқар идорада бўлгани аниқланди. Навбатдаги гумондор – унинг хотини Моҳира гапни қисқа қилди.
– У ярамас менинг эримни тортиб олган эди, йўқолса йўқолгани, яхши бўлибди, – деди у тортинмай. – Ўлдириб кетишганини эшитиб, қувондим.
Терговчи уни тилидан илинтирди.
– Уни ўлдириб кетишганини қаёқдан билдингиз?
Моҳира жавоб бера олмади. Кўнглим айнияпти, ҳомиладорман, деб қутулмоқчи бўлди.
Пул, пул, кўплар унга қул...
– Бу ишни яхшилаб тиндир, мўмайгина ҳақ оласан, – деди Моҳира кул ранг пальтодаги йигитга пулларни узатаркан. – Ҳозирча мана буни олиб тур.
– Бу жуда кам, опа, "зона"дан кейин менга ҳеч ким иш бермайди, оёққа туриб олишим керак. Қўлга тушиб қолсам, иккинчи маротаба қамоққа жўнатишади. Сиз ҳам қуруқ қолмайсиз...
Бу гапдан Моҳиранинг ғазаби қайнаса ҳам, билдирмасликка ҳаракат қилди.
– Мен билан ўзингни ҳеч қачон тенглама, – деди у. – Мен истаган одамингнинг оғзини пул билан ёпа оламан. Менинг ишим қизни алдаб, машинага ўтқазиш, қолган ишни сен бажарасан.
Элмиранинг онаси темир йўл вокзали яқинида музқаймоқ сотишидан Моҳиранинг хабари бор эди. Уни топиб, қизи қаерда эканини сўради. Содда аёлда шубҳа нима қилсин, «ҳозир кетди», деди. Кўчанинг бўйида уни учратди. Элмира Асқар билан телефонда гаплашиб кетаётган эди.
– Элмира, буёққа қара, гап бор, – деди Моҳира.
Шу ерда телефондаги суҳбат узилган эди.
8 март куни ҳам келди. Асқар никоҳ узугини қўлига олиб, Элмирани эслади. «Қаерда юрган экан? Йўқолиб қолмаганида, бугун тўйимиз бўларди», ўйлади у. Юраги сиқилиб, боғни айланмоқчи бўлди. Туни билан ёққан қорни қуёш эрита бошлаган эди. Олма дарахтининг тагидаги дўнгликни кўриб қолди ва у ерга борди. Қорнинг остида қоп бор экан. Уни очиб кўрдию, юраги орқага тортиб кетди. Қопга аёлнинг мурдаси солинган эди. Асқар дарҳол полицияга қўнғироқ қилди.
Шу куни полиция икки гумондар шахсни ҳибсга олди ва тергов қила бошлади. Улар – яқинда қамоқ жазосини ўтаб чиққан Содиқ Отабеков ва Асқарнинг хотини Моҳира эди. Қотил буюртмани Моҳира берганини айтиб қўйди. «Бўғиб ўлдирасан ва Асқар яшаётган уйнинг боғига ташлайсан, яъни, «тўйга «совға» қиласан», деган экан.
Суд Отабековни 12 йилга, Моҳирани 7 йилга озодликдан маҳрум қилди.