26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қасим-Жўмарт ТЎҚАЕВ: Биз халқаро вазиятнинг имкон қадар барқарор бўлишини истаймиз

Давлат раҳбари пойтахтда ўтган «Астана таҳлил марказлари анжумани» (Astana Think Tank Forum)нинг ялпи мажлисида маъруза қилди

ҚР Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев йиғилиш иштирокчиларига ушбу мулоқот майдони Астана халқаро анжумани доирасида ташкил этилгани ҳамда энг долзарб дунёвий ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашиш учун мўлжалланганлигини таъкидлади.

Президент Қ. Тўқаев Қозоғистон ўрта даражадаги давлатлар манфаатларини халқаро анжуманларда, шу жумладан, БМТ Хавфсизлик Кенгашида ҳам ҳимоя қилишга тайёр эканлигини маълум қилди.

– Маълумки, бугунги кунда инсоният минтақавий можаролар, иқтисодий беқарорлик, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат ва миграция хавфсизлиги каби мисли кўрилмаган муаммоларга дуч келмоқда. Ушбу дунёвий муаммолар барчамизни ташвишга солмоқда ва биз уларни биргаликда бартараф этиш чораларини излашимиз керак. Бизнинг келажагимиз – кучларимизни қанчалик бирлаштириб, умумий келишувга эришишимизга боғлиқ. Шу боис биз Қозоғистон учун ушбу муҳим жараёнда иштирок этишни улкан шараф деб биламиз. Геосиёсий зиддиятлар туфайли савдо, сармоявий ва инновациявий соҳаларда эркин алмашиш йўлида янги тўсиқлар вужудга келмоқда. Ҳатто иқлим ўзгаришлари, очлик ва тенгсизликка қарши кураш сингари бутун башарият тақдирига дахлдор масалаларда ҳам ўзаро мулоқот издан чиққани сезилмоқда. Бундай мураккаб шароитда амалий ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик руҳини сақлаш, умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда, мамлакатларни жипслаштириш ғояси ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бормоқда. Давлатлар катта ёки кичикка бўлинмасликлари керак, балки дунёни фаровонлаштиришга ҳисса қўшишлари даркор. Қозоғистон келажакда жаҳон майдонида фаол тинчликпарвар давлат сифатида сиёсий майдонга чиқишга тайёр. Биз дипломатия, иқтисодий ҳамкорлик ва кўп томонлама бошқарув чорраҳасида турибмиз. Ҳамкасбларимиз ва ҳамкорларимиз билан биргаликда ҳаракат қилиш орқали биз дунё истиқболини шакллантиришга ёрдам бера оламиз. Халқаро вазият ўзгараётган бир пайтда биз шунчаки кузатувчи бўлиб қолишни истамаймиз. Аксинча, янада мувозанатли, адолатли ва барқарор дунёвий тизим меъмори бўлишга интиламиз, – деди Президент.

Давлат раҳбари мамлакат Эрон билан ядровий қурол масаласида келишувга эришиш, Сурия бўйича музокаралар, Арманистон ва Озарбайжон ўртасида учрашув ўтказиш учун алоҳида мулоқот майдонини таклиф қилганини айтди.

Президент ядровий қуролсизланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

– Биз ихтиёрий равишда ядровий қуролдан воз кечдик ва уни тарқатмаслик бўйича дунёвий ташаббусларни қўллаб-қувватлашда давом этамиз. Астананинг Биологик хавфсизлик бўйича халқаро агентликни ташкил этиш таклифи дунёвий хавфсизлик соҳасидаги таҳдидларга қарши мажбуриятларимиздан биридир. Қозоғистон дунёвий иқлим кун тартибининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги мақсадларини қўллайди. Биз иқлим бўйича Париж келишувини ҳам қўллаб-қувватлаймиз, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.

Учрашувда Давлат раҳбари Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятни ҳал қилиш масаласи бўйича ҳам ўз фикрини билдирди.

– Канцлер Шольц билан музокаралар чоғида айтганимдек, Россия ҳарбий нуқтаи назардан енгилмас экани аниқ. Буни Россиянинг ҳарбий салоҳияти, халқнинг Президент Путин олиб бораётган сиёсатини қўллаб-қувватлаши ва тарихнинг ўзи исботлаб турибди. Шунинг учун биз можарони тинч йўл билан ҳал этиш йўллари, барча давлатларнинг, жумладан, Хитой ва Бразилиянинг оқилона режаларини кўриб чиқиш тарафдоримиз. Бошқа йўл йўқ. Акс ҳолда уруш ҳар икки томонни ҳам ҳалок қилади. Бундан баъзи дунё давлатлари манфаатдор бўлиши мумкин. Аммо бу боши берк кўчадир. Амалий музокаралар орқали тинчликка интилиш ожизлик белгиси эмас, аксинча, стратегик заковатнинг белгисидир, – деди Президент.

Президент тадбир иштирокчиларига Қозоғистонда фаровонликни таъминлаш ва жамиятнинг демократик интилишларини рўёбга чиқариш йўлида амалга оширилаётган сиёсий ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди. Унинг фикрича, яқинда атом электр станцияларини қуриш бўйича ўтказилган умумхалқ референдуми мамлакатнинг демократик қадриятларга содиқлигини намоён этди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат ички барқарорликни сақлаш, балки иқтисодий тараққиётни таъминлаш, хорижий сармояларни жалб этишда ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

– Иқтисодий жиҳатдан Қозоғистон улкан муваффақиятларга эришди. 400 миллиард доллар бевосита хорижий сармоя жалб қилдик. Мамлакатда 2029 йилгача 150 миллиард долларлик сармояларни жалб этиш стратегик мақсад сифатида янги сармоявий давр бошланди. Биз сармоядорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва тезкор қарор қабул қилиш муҳимлигини яхши тушунамиз. Шу боис, стратегик сармоявий лойиҳаларни назорат қилувчи кенг ваколатларга эга бўлган Сармоявий кенгаш ташкил этилди, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.

Президент Қозоғистон халқаро ҳамжамиятнинг нуфузли аъзоси сифатида узоқ йиллар давомида ўз вазифаларини аъло даражада бажариб келаётганини маълум қилди.

– Ташқи сиёсатимизнинг асосий устувор йўналишлари мустақиллик, минтақавий барқарорлик ва дипломатиядир.  Шунинг учун ҳам биз БМТнинг дунёвий ҳамкорлик ва тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи ва жаҳондаги ягона холис ташкилот сифатидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз. Минтақамизда ҳамда хорижда узоқ муддатли тинчлик ва тараққиётни сақлаш учун барча асосий ҳамкорларимиз билан амалий муносабатлар ўрнатиш муҳим деб ҳисоблаймиз, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.

Президент сўнгги йилларда Марказий Осиё яхши қўшничилик, барқарорлик, ўзаро ҳамкорлик ва тараққиёт йўлидан бораётганини таъкидлади. 

– Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли Қозоғистон барча қўшнилари билан давлат чегаралари, транспорт даҳлизлари ва сувдан фойдаланиш бўйича муаммоларни бартараф этишга муваффақ бўлмоқда.

Минтақа давлатлари ўртасида ўзаро савдо икки ярим баравардан зиёд, қўшма корхоналар сони эса беш марта ўсди. Минтақамиз иқтисодий тараққиёт марказига, Шарқ ва Ғарбни, Шимол ва Жанубни боғлайдиган транспорт-коммуникация кўпригига айланиб, унга қизиқиш тобора ортиб бормоқда.

Марказий Осиёнинг дунёга очиқлиги – минтақа хавфсизлиги ва барқарор тараққиётни таъминлайдиган энг муҳим шартга айланмоқда.

Ишонч билан айтиш мумкинки, бизнинг халқларимизни минтақавий ўзига хосликни англаш туйғуси бирлаштирмоқда ва бу туйғу тобора кучайиб бормоқда. Бизнинг нафақат тарихимиз, балки келажагимиз, ҳаётий муҳим манфаатларимиз ҳам умумий ва муштаракдир. Минтақавий ҳамкорлигимизни кенгайтиришдан бошқа йўлимиз йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас!

Аминманки, халқаро ҳамжамиятни қўллаб-қуввватлаш билан Марказий Осиё бирдамлик йўлидан боришда давом этади. Марказий Осиёни тинч ва тараққий этган ҳудудга айлантириш Қозоғистон ташқи сиёсатида бундан буён ҳам устувор мақсад бўлиб қолади, – деди у.

Нутқи якунида Президент БМТ мақомини мустаҳкамлаш ва кўп қирралилик тамойилларини илгари суриш жараёнига тўхталди.

– Барқарор тинчлик ва фаровонликка фақат умумий интилишлар ва биргаликдаги ҳаракатлар туфайли эришиш мумкин. Бизга ўзаро ишонч, бирдамлик ва ҳамкорлик руҳи ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ зарур. Сўзимнинг якунида Қозоғистон шу йўлда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти институтлари ва барча давлатлар билан кенг кўламли ва узоқ муддатли шерикликни чуқурлаштиришга тайёр эканини яна бир бор таъкидламоқчиман.     

Akorda.kz. маълумотлари асосида., 2024-10-19, 03:27 527
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.