26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ишонч ва умид ҳеч сўнмасин дилларда...

Яқинда мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ фидойилар тақдирланди. Улар қаторида Шимкент шаҳридаги Онкология марказининг шифокор-онкологи, ангиожарроҳ, кимётерапия ва эндоваскуляр онкология бўлими мудири Даврон Исаметов ҳам бор.  (У бунга қадар “Amanat” партияси Фахрий ёрлиғи, “Еңбек данқы” ордени, “Денсаулық сақтау ісінің үздігі” ордени, “Денсаулық сақтау ісіне қосқан үлесі үшін” ордени каби давлат мукофотлари билан тақдирланган. Бу сафар унга “Соғликни сақлаш соҳасининг аълочиси” номли халқаро танлов ғолиблиги насиб этди).

– Отам Рашид Исаметов давлат хизматида, кейинчалик “Спутник” савдо дўконида директор сифатида фаолият юритган, онам Мавлуда опа ҳам олий маълумотли савдо ходимаси эди. Улар ҳозир нафақада. Ота-боболарим Абдуҳалил, Абдураззоқ Аҳмедовлар таниқли зиёлилар, Москвадаги М. Ломоносов номли МДУни тамомлаган, илмий ишлари ва китоблари нашр этилган олимлар эди. Илм-фанни қадрлаш айнан авлодларимдан ўтган бўлса, ажабмас. Ота-онамнинг тўнғичиман, синглим Динора тиббиёт ходимаси, укам Дониёр олий маълумотли иқтисодчи. Турмуш ўртоғим Кумуш филология ихтисослиги бўйича иккита олий маълумот соҳибаси, у “Жанубий Қозоғистон” вилоят газетасида фаолият юритган, айни дамда фарзандлар тарбияси билан банд. Икки ўғлим Комрон ва Имрон мактаб ўқувчилари, қизим Сўғдиёна боғчага қатнайди. 

– Шифокор бўлиш болаликдаги орзуингизми?

– 5 ёшимда жаҳонда машҳур жарроҳ Фёдор Углов ҳақида бир теледастурни кўриб, жарроҳликка қизиқиб қолдим.  Уйимиздаги томорқада калтакесак, ари, чувалчанг, хонқизи, хуллас, қурт-қумурсқа борки, ҳаммасини тутиб, ўзимча “операция” қилардим, “пинцет” ёрдамида ичларини ёриб кўрардим, аъзоларини ўрганардим... 

Ҳа, кичкинтой Давронда айнан ана шу хислатлар, яъни жарроҳликка қизиқиш эрта болалигидан бошланди. У А. Чехов номидаги 21-сонли ўрта мактабни аъло баҳога тамомлаб, 2005 йилда Жанубий Қозоғистон Давлат тиббиёт академияси талабаси бўлди. 

Озодахон Мусаева, муаллима:

– Даврон Исаметов, менинг истеъдодли ўқувчиларимдан. Синфдош дўстим Рашиднинг ўғли. 21-сонли мактабнинг фахри. Ҳали мактабда эканлигида, яъни, 10-синфда устоз Бегмат Турдиқулов билан келган курс тингловчилари олдида (Ўзбек тили ва адабиётидан семинар) “Ўзбек исмларининг этимологияси ва келиб чиқиш тарихи” мавзуида тайёрлаган илмий иши билан меҳмонларни лол қолдирган эди. Бу ишнинг қисқача баёни газетада чоп этилди.  Ўзбек тилидан тайёрланган биринчи илмий ишни бизни мактаб бошлаб берган, деб фахр билан айта оламан. 

Дарвоқе, Даврон Исаметов шифокорлик соҳасининг сир-синоатини ҳам ўқишда, ҳам амалиётда ўрганишга астойдил киришди. 2011 йилда ЖҚДТА ёпилгач, ўқишни Х. А. Яссавий номидаги ХҚТУда давом эттирди. 

– Болалигимдан китоб мутолаасига ниҳоятда қизиқардим. Отам тушликка берган пулларни йиғиб, китоблар харид қилардим. Севимли ёзувчим фаранг адиби Оноре де Бальзак эди. Шундай китобларни сотиб олавериб, уйимда катта кутубхона ташкил этдим, деярли ярмидан кўпини ўқиб чиқдим. Отам мутолаага ҳавасимни кўриб, ўша пайтдаги оғир шароитларимизга қарамай, китоб учун доим пул топиб берарди. Бунинг учун отажонимдан жуда-жуда розиман. Кейин туман кутубхонасидан чиқа олмай қолдим, негаки талабаликка тайёргарлик кўришим керак эди, биология, кимё ва энциклопедияга оид китобларни тинмай ўқирдим. Ниҳоят, талаба ҳам бўлдим, Тиббиёт академиясида Талабалар илмий ҳамжамиятини бошқардим. Хуллас, китобни ҳеч ташламадим. Ҳам завқ, ҳам маънавий озуқа олардим. Бугун фарзандларимга ушбу қадриятни сингдириб келмоқдаман. Талабалик давримда бошқа режалар ҳам бўй кўрсатди. Энди ўқиб-ўрганганларимни амалиётда амалга оширишни орзу қила бошладим. Қанийди, ўзимнинг “экспериментал лабораториям” бўлса эди...  Имтиёзли стипендия олардим, ускуна ҳам сотиб олдим. Талаба дўстларим ҳам ёрдам беришди. Лекин юқоридагилар бу ташаббусни қўллаб-қувватлашмади. Моддий таъминот ҳам ажратилмади. Шунга қарамай бу билан амалиёт жараёни тўхтаб қолгани йўқ. Мен саратон касалликлари марказига бориб, у ерда билим ва тажриба орттира бошладим. 

– Моддий шароитингиз туфайли бир неча бор ўқишни ташлаб кетмоқчи ҳам  бўлган экансиз...

– Бугунги муваффақиятларим менга осонликча келмади. Олий тоифали шифокор, соғликни сақлаш соҳасидаги 1-тоифали шифокор, шифокор-онколог-химиотерапевт, ангиожарроҳ, соғликни сақлаш магистри бўлиш учун амалиётдан узилмаган ҳолда тинимсиз ўқиш керак. Қозоғистондаги ихтисослашган курслардан (20та) ташқари, Мўғулистонда “Миллий саратон маркази”да малака оширдим, айни пайтда Россиянинг “Бошқирд Давлат Тиббиёт Университети”да,  “Саратон касалликлари, нур терапияси” ихтисослиги бўйича аспирантурада таҳсил олмоқдаман. “Умумий жарроҳлик”, “Онкология”, “Онкология, маммология, кимётерапия”, “Ангиожарроҳлик, интервенцион жарроҳлик”, “Жамоат саломатлиги” ихтисосликлари соҳавий йўналишларим.

Даврон Рашид ўғли 2012 йилда Вилоят онкология диспансерига (ҳозир шаҳар онкомаркази) ишга қабул қилинди ва кундузги стационар бўлими мудири (2023 й.), кимётерапия ва эндовакуляр онкология бўлими мудири лавозимларида фаолият юритиб келмоқда. 

– Агар бемор саратонга чалингани ҳақида билса, биринчи бўлиб нима қилиши керак?

– Ўзини қўлга олиши керак. Саратон – ҳукм эмас. Ҳозир тиббиёт ривожланган. Фақат, дардни зўриқтирмай, зудлик билан мутахассисга мурожаат этиши шарт. Шунда бемор учун даволашнинг тўғри алгоритми ишлаб чиқилади. Худога шукрки, Қозоғистонда саратон касаллиги бепул даволанади, беморларни даволаш давлат қарамоғида. Масалан, хорижда, яъни тиббиёти ривожланган Туркия, Ҳиндистон, Корея давлатларида барча муолажалар бемор ҳисобидан. Ваҳоланки, саратон ташҳиси ҳамма жойда бир хил даволанади. Фарқи – хорижда пуллик, Қозоғистонда эса давлат ҳисобидан амалга оширилади. 

– Нега унда онкобеморлар Ҳиндистон, Туркия ва Кореяга қатнашяпти, охирги пулларини сарфлаб, узоқ йўл юриб, дардига шифо излашяпти? Бизда мутахассис етишмайдими ёки ускуна, дори-дармон йўқми, ёки шифокорларимизга ишонч йўқми?

 – Кўпчиликнинг фикри бу. Соҳа мутахассиси сифатида таъкидлаб айтаманки, ҳамма жойда онкологияни даволаш усуллари бир хил.  Фақат кўп нарса бемор қарорига боғлиқ. Агар у ўзимизда даволанмайман, хорижга кетаман, деса, қарши бўлолмаймиз. Қозоғистонда саратон белгиларини аниқлаш учун йилда скрининглар ўтказиб турилади. Эрта аломатлар шунда билинади. Лекин аҳолида ҳали ҳам бу дардга эътиборсизлик мавжуд. Кўпинча касалликнинг охирги босқичида келишади. Бундай ҳолатларда дардни даволаш қийин, баъзан иложи ҳам бўлмайди. Шунда чет элга кетишни сўнгги йўл деб билишади. Танада ёт нарса пайдо бўлса, дастлаб оғриқ ва ноқулайликлар туғдиради. Кейин бемор тезда озиб кетади. Афсуски, бу пайтда ўсма агрессив ҳолатга кирган, организмдан озуқа моддалари ва фойдали унсурларни тортиб олаётган пайт бўлади. 

– Яна қандай белгилари бор?

– Саратон шиши кўнгилни айнатади, чунки қон бузилади, заҳарланади, одам тез чарчайди, ҳолсизлик, камқонлик юзага келади. Тери, соч ҳолати ўзгаради, шишлар пайдо бўлади. Хуллас, саратон турига қараб, унинг аломатлари ҳам, кўринишлари ҳам ҳар хил бўлади. Агар дунёда 8 миллиард одамнинг ҳаммаси саратонга чалинса, ҳар бирида, яъни 8 миллиардча кўриниш мавжуд бўлади. Бир хиллик, бир  аломатлар йўқ. 

– Ҳузурингизга илк бор келган беморни қандай қабул қиласиз, дастлабки жараён қандай кечади?

– Эшикдан кирган одамнинг дастлаб юз-кўзига, юриш-туришига  қарайсиз, ҳол-аҳволининг ўзиёқ айтиб туради, унинг ички дунёсини. Шифокор, биринчи навбатда, инсон руҳиятига таъсир кўрсатадиган мутахассис. 

Биз, яъни бўлимимдаги ходимларим беморнинг сўнгги куни қолгунча, унга “шунча умринг қолди”, деб айтишга ҳаққимиз йўқ. Чунки саратонни даволаш имкониятлари мавжуд. Бунга беморни ишонтира олишимиз керак. Агар у ўзида дард билан курашишга куч топмаса, қолган ташқи муолажалардан фойда йўқ. Кимдир бу дард билан умр бўйи яшайди, кимдир 3-4 ойдаёқ ҳаёт билан видолашади. Шундай экан, беморга умид бахш эта олишда гап катта. Бемор ўзини руҳан тетик ва енгил ҳис этсагина, тузалиб кетишига ишонч бор. 

– Замонавий тиббиётимиз саратон билан қандай курашмоқда, услублари ва янги даволаш турлари ҳақида гапириб берсангиз.

– Саратонни даволаш учун жарроҳлик, нур терапияси, иммунотерапия, кимётерапия, гормонал ёки таргет терапияси мавжуд. Замонавий  олий технологияли услубларнинг барчаси бизда қўлланиляпти. Масалан, бўлимимизда мен ўтказадиган жарроҳилар асосан ўсмани куйдириш йўли. Махсус ускуна ёрдамида шиш куйдирилади ва дарҳол совутилади. Радиация нурлари эса саратон ҳужайраларига юборилганда, бунга наркоз керак эмас. Бемор кучли оғриқ ҳис қилмайди. Яна таъкидлайман, даволаш усуллари хавфли ўсимта “характери”га боғлиқ. Агар у агрессив ва сезгир ҳолатда бўлса, аҳвол чатоқ. Илғор технология асбоб-ускуналари ва соҳанинг катта тажрибага эга мутахассислари ҳам ожиз, самара ниҳоятда кам. Негаки, ўсимтанинг ҳужайра ва тўқималарга тарқалиш даражаси юқори, метастаз тананинг ҳар жойига тарқалиб кетади. Лекин нима бўлса ҳам, умид узилмаслиги керак. Дард борки, давоси бор. Инсонда Аллоҳга, тақдирга иймон-эътиқод ҳам улкан ўрин эгаллайди. Бугун олимлар ва тадқиқотчилар бош қотириб, илғор технологиялар яратилмоқда. Бундай бемор, қайси босқичда бўлмасин, албатта, тузалиб кетишига қатъий ишониши керак.

– Илмий ишларингизга тўхталсак...

– “Қозоғистон онкология ва радиология” журналида, “Евразийский журнал ангиохирургии и интервенционной радиологии”, “Диагностическая и интервенционная радиология”, “Креативная хирургия и онкология” каби соҳавий журналларда кўплаб илмий мақолаларим чоп этилган, Қозоғистон онкологлари ва радиологлари анжуманларида маърузаларим билан қатнашиб тураман. Яна илмий ишларим, тавсия, маслаҳатларим хориж матбуотида (50дан зиёд) ҳам чоп этилган. 

Даврон Исаметов Россия клиник онкологлар жамияти (RUSSCO) ва Европа тиббий Онкология жамияти(ESMO)га аъзо. Яқинда янги китоби чоп этилди.

“Диагностика и лечение злокачественных лимфом” номли қўлланма бу йил Москвадаги “ГЕОТАР-Медиа” нашриётида чоп этилди. Муаллиф тиббий китоб устида 2 йил тер тўкди. 

Н. МАВЛОНОВА, 2024-11-09, 02:07 674
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.