26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Бир товуққа ҳам дон, ҳам сув керак

Гўшт етиштириш бугунги кунда долзарб вазифага айланди. Бу борада яна бир мутахассис фикрини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Шерали Усмонов, “Тассай қус” МЧБ директори.

– Қозоғистонда гўшт экспорти тўхтатилди. Бу ҳақда фикрингиз қандай?

– Ижобий. Сабаби, бора-бора гўштни чуқур қайта ишлашга ўтмасак бўлмайди. Тирик молни чет элга чиқариб, у ерда сўйдирса, гўштини ҳам хорижликлар қайта ишласа, Қозоғистонга нима фойда? Ундан кўра ўзимизда боқиб, ўзимизда сўйиб, қайта ишлашни ҳам ўзимизда йўлга қўйсак, бу бошқа гап. Хомашё эмас, маҳсулот чиқарган, барибир фойдали-да.

– Вилоят ҳокимининг маҳаллий гўшт етказиб берувчиларга нисбатан қабул қилган қарори ҳақида нима дейсиз?

– Тўппа-тўғри қилди. Агар ўша мол сўйиладиган жойларга бирма-бир бориб кўрилса, гўшт ейишга ҳам иштиёқ бўлмай қоларди. Куну-тун тўхтовсиз мол сўйилаверганидан антисанитария ҳолати юзага келганди. Чет элдагига ўхшаб ишлаш керак, вақти келди. Масалан, Жанубий Кореядан бир гуруҳ мижозлар келиб, гўшт олмоқчи бўлишди, аҳволни ўз кўзлари билан кўргач, шартнома тузишдан бош тортишди. Айтганча, Бўзариқдаги мол сўйиш пункти бундан мустасно. Кореяликлар Ўзбекистон билан шартнома тузиб, тирик молни Қозоғистон етказиб берадиган, сўйишни эса ўзбекистонлик мутахассислар амалга оширадиган бўлди. 

– Нега шундай бўлди?

– Сабаби, ветеринария иши қониқарли эмас. Мол бозорларида муаммо кўп. Ҳаддан ташқари кўп чорва олиб келинади, 1-2 кун санитария куни деб расман эълон қилингани билан амалда бозор ёпилмайди, ҳар доим очиқ тураверади. Мисол учун Алматида ҳам шундай йирик бозор бор, бироқ у керагида ёпилади ва барча дезинфекция амаллари бенуқсон бажарилади. 

–  Парранда гўшти бироз қимматлашди. Вилоятда 2178,5 минг бош парранда бор, тухум етиштириш тармоғи ривожланган. Сиз ҳам шу соҳада бандсиз, тармоқнинг истиқболи ҳақида нима дея оласиз?

– Парранда гўшти нархи кўтарилишининг асосий сабаби – буғдой бозорида нарх-наво кескин ўзгарди. Унинг килоси 83 тенгега чиқиб кетди, ҳозир яна 75 тенгега тушди ва охирги марта биз 200 тонна буғдойни шу баҳода сотиб олдик. Биз бир йилда 5000 тонна озуқа сотиб оламиз. 200 минг бош товуғимиз бор, йилига 27 миллион дона тухум етиштирамиз. Ўтган йили ноябрь ойида янги база қўшдик, бу йилги режа – 40 миллион дона тухум етиштириш. Паррандачиликдаги асосий озуқанинг 60-70 фоизини буғдой маҳсулотлари, маккажўхори ташкил этади. Ўтган йили шимолий вилоятларда ғалла ҳосили яхши бўлмади, шунинг ҳисобига товуқ гўшти ҳам қимматлашди. 

– Тухумни қаерга жўнатасизлар?

– Шимкент шаҳрига, бутун Туркистон вилоятига. Лекин бугунги кунда минтақага бу камлик қилмоқда, уни шимолий вилоятлардан олиб келишга тўғри келяпти. 

Паррандачилик маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш ва ички бозорни тўлдириш – давлатнинг асосий йўналишларидан бири.

– Сиз шу тармоқда иш бошламоқчи бўлганларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?

– Тармоқ – сердаромад. Масалан, битта тухумнинг таннархи 20 тенге бўлса, биз уни 25 тенгедан сотамиз. Нарх-наво ўзгариши табиий ҳол. Бу ҳам ёмонмас. Кейин бу вақтинчалик жараён, бундан хавфсирашнинг ҳожати йўқ. 1-2 ойда нархлар барқарорлашади. Бизнеснинг қонуни ҳам шу-да, бозорда нарх-наво сиёсати ўзгариб туради. Масалан, жамбиллик шакар ишлаб чиқарувчилар қиш мавсумида маҳсулотини деярли сотмайди, ушлаб туради, ёзги пайтда сотув ҳажмини кенгайтиради, чунки маҳсулот қимматлашади. Шунга ўхшаб, бу ҳам одатий ҳол. Рақобатдан қўрққан ёки ўз кучига ишонмаганлар бозорни ташлаб кетади, лекин бизнес қонунларини билганлар муваффақиятли ишлаб, меҳнатининг самарасини кўра олади.

– Суҳбат учун раҳмат, ишингизга омад!

Н. МАВЛОНОВА, 2020-03-12, 04:22 1597
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.