26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Алп ўрим агрегатлари самара ва барака манбаи ёхуд “Югнак” деҳқон хўжаликлари бирлашмасида хорижий замонавий ўрим техникалари жамланган

Югнак қишлоғидаги “Югнак” деҳқон хўжалиги – ширкати идо­раси ёнида унинг соҳиби, қиш­лоқ оқсоқоллар кенгаши раиси, доимий жамоатчи обуначимиз Фар­ҳод Абдуллаев ҳамда унинг ўғ­ли Даврон билан учрашиб, ғал­ла ўрими бошланган далага от­ландик. Халқимизда бирлашган ўзади, деган нақл бор. Юзлаб деҳ­қон оилалари битта хўжаликка бирлашиб, давлатимиз яратиб бераётган  имтиёзлардан самарали фойдаланиб, техника ва ёнилғини арзонлаштирилган баҳода харид қилаётгани қандай ажойиб.

Суҳбат жараёнида «КазАгроФинанс» ҳамда «Оңтүстік» молия компаниялари орқали  Финляндия давлатида ишлаб чиқарилган  сўнгги русумдаги «САМПО» ғалла ўриш комбайнларининг бир нечтаси харид қилиниб, далаларда деҳқон меҳнатини енгиллаштираётганини  кузатдик. Хорижий комбайнлар бир кунда ўрта ҳисобда 10 гектар майдондаги ғаллани сифатли ўра олади. Уруғлик буғдой олиш учун ҳам қулай. Ҳосил исрофи  йўқ. Комбайнчи  механизатор учун барча шароитлар  яратилган. Жазирама чилла иссиғида қизиган асфальт устида товада икки минутда тухум қовурилгани  муболаға эмас. Туркистонда жазирама, тирик  жон ўзини пана-салқинга олган бир пайтда комбайн кабинасида ўтиришнинг ўзи осон эмас.

«САМПО» кабинаси эса компьютер­­­лаштирилган ҳамда кондиционер ўрна­тилган. Комбайн тўхтагач, механизатор Ирисмат Абдуманнопов ва ҳамкасби Илҳом Нишонбоевлар билан суҳбатлашиб,  хорижий техниканнг афзалликлари дарҳақиқат, кўп эканлигига яна бир карра амин бўлдим. Деҳқон Шуҳрат Исаев ўзига тегишли 5,6 гектар майдоннинг ярмида ғалла етиштиргани, ҳосилдорлик 20-30 центнер атрофида эканлигини таъкидлади. Ав­томашина ҳайдовчиси Зафар Набиев ҳам об-ҳаво жорий йили  анча  ўзгариб, кўп панд бергани сабабли ҳосил ҳам шунга яраша эканлигини маълум қилди. Барча деҳқон-механизаторларни жамлаб, тасвирга олгач, қишлоқ марказидаги гаражга йўл ол­дик. Бу ерда тажрибали мутахассис, чет эл техникасининг тилини тушунадиган «таржимон-механик»  Ғулом Тожихонов, механизаторлар Ҳасан Тожихонов ва Ҳусниддин Маннешовлар билан суҳ­батлашдик. 

Олис Италия, Финлян­диянинг энг қуд­ратли техникаларини Туркистонда ишлатиш осон эмас. "Ламбаржини" трактори собиқ шўро давридаги алп қуд­ратли К-700га ўхшайди. Унинг ишдан чиққан моторини қисмларга ажратиб, нуқсонини топиш, қайта йиғиб, тракторни ўт олдириш ва ишлатиш ўзига хос мардлик. Туркиядаги махсус устахона билан боғланиб, моторни қан­дай таъмирлаш, бу жараёндан сўнг илк марта қудратли моторни қандай ўт олдириш ҳақида тавсиялар олиб, амалда тажрибани қўллаб, пировардида техникага «жон киритган» усталар ҳақида хўжалик раҳбарлари фахр билан гапириб беришди.

 Техника борасида барча ишларга бош-қош ташкилотчи Даврон Абдуллаев эса қизи­қарли маълумотларни баён қилди. 

– Биз каби лизинг асосида техника олган, лекин маълум муддат тўғри иш­ла­­­­­та олмаганлиги сабабли бузилиб, ташландиқ  металлга айланган, аслида, ҳафсала-ихлос қилинса, деҳқон аҳли­га кўп нафи тегадиган «САМПО» тех­ни­­­касининг, бир нечта русумини олиб келиб, ўзимизда таъмирлашга эриш­дик. Бу мураккаб жараённинг уд­дасидан ҳамжиҳатлик, мақсад сари интилиш орқали чиқа олдик. Ҳозир эса Туркистонда фақат биздагина қудратли хорижий замонавий ўрим агрегатлари мавжуд. Ўзимизда буғдой ўримини тугатиб, Туркистондаги ва қўшни Кентовдаги бошқа ғаллакорларга етиштирган ҳосилини ҳам ижара асосида сифатли ўриб- йиғиб берамиз. 

Ғалла, маккажўхори, писта, маҳсари, хуллас, бошоқли дон экинларнинг барча турини сифатли, ҳамда қисқа муддатда ўриб-йиғиб олишда ёрдам бера оламиз. Маккажўхорини деҳқон ихтиёрига кўра, хоҳласа озуқабоп силос учун, ёки донини аж­­­­­­­ра­­­тиб, ўриб беришимиз мумкин, – деди у.

 

Суратларда: Югнак қишлоғидаги ғаллазорда замонавий «САМПО» ғалла  комбайни сафарга чиқиш олдидан хўжалик раҳбарлари, мутасаддилари, механизаторлар билан бирга; бугунги кунда жаҳондаги қудратли техникалар  Югнак қишлоғида маҳоратли меха­низаторлар томонидан тўлиқ бўй­синдирилган. 

 

P.S. Биргаликда ишлаш  –  баракали фазилат. Ишнинг кўзини топиб меҳнат қилиш, фан-техника тараққиёти  жадал ривожланган ҳозирги даврда энг замонавий, қудратли техникаларнинг тилини тушунадиган маҳоратли механикларни ўқитиб-ўргатиб, уларни умуммақсад йўлида жамлай олиш – ишни тўғри ташкил этишнинг натижаси. Фарҳод Абдуллаев асос солган “Югнак” деҳқон хўжалигида ана шундай самарали меҳнатлар мевасини кўриб, Элбошимиз Н. Назар­баевнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги сара сиёсати тў­лиқ амалга ошаётганидан яна бир карра хурсанд бўлдик.

 

Ш. МАДАЛИЕВ, 2017-07-13, 10:47 918
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.