26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Нафсимизнинг нуқсонларидан паноҳ тилайлик

Бир неча юз жилдни ташкил этган молиявий пирамида ташкилотининг жиноий иши юзасидан 25 киши судланди. Вилоятимиз суди тарихида илгари кўрилмаган, аниқроғи, ҳеч ўхшаши бўлмаган жиноий иш юзасидан ҳукм чиқарилди. Тез бойиб кетиш илинжида ақл тарозиси носоз ҳамюртларимизнинг ишонувчанлиги панд беряпти – аниқ бир миқдордаги маблағни ўтказиш эвазига унга катта маблағ қўшиб беришни ваъда қилаётган фирибгарларнинг тузоғига тушаётган фуқаролар кун сайин ортиб боряпти.

Бир компанияга ўтказаётган маблағлари, ҳеч бир ишлаб чиқаришга йўналтирилмаса-да, зоҳиран “туғиши”га, “болалаши”га болаларча ишониши уларга бир умрлик сабоқ бўлди. Албатта, бунинг учун улар анчагина асаблари, оилавий муносабатларнинг дарз кетиши, баракадан маҳрум бўлиш, молиявий қийинчиликлар каби руҳий беҳузурликлар, синовларга мубтало бўлишди. 

Мазкур мақола кейинчалик афсусланадиган ишларга бошқа ҳамюртларимиз қўл урмасин, огоҳ бўлишсин, сабоқ бўлсин, деган мақсадда ёзилди. 

Ноҳақ манфаатга эришишнинг олдини олиш, адолатсизликка йўл қўймаслик мақсадида динимизда чегара ва меъёрий тақиқлар мавжуд. Қуръон ва Суннатда қарз бериб, ундан фоиз олиш очиқ-ойдин тақиқланган. Рибога қўл уриш –пулни фоизга бериш барака келтирмаслигини, бунинг охири войлигини эслатиб, Аллоҳ таоло Бақара сурасида қуйидагиларни бежиз маълум қилган эмас: “Аллоҳ рибони доимо нуқсонга учратур ва садақаларни зиёда қилур. Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни хуш кўрмас” (276 оят).

Мазкур мақолада қаҳрамонлар ҳамда уларнинг аянчли аҳволи бежиз тилга олинмаяпти. Аксинча, уларнинг тақдирига тажриба бўлиб кирган мазкур ҳолат барчамиз учун имкон қадар ибрат мактабини ўтасин. Ва бу йўлдаги саъй-ҳаракатлар борки, бизга вақтинча молиявий ҳолатимизни яхшилаб, қалбимизга ҳузур бағишлаётгандек туюлса-да, нуқсонга учраётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Бу ишда кимларни айбламайлик, кимларни сабабчи қилиб кўрсатишга уринмайлик, панд берган нафсимиз учун масъулмиз. 

Туркистон вилояти полициячилари ҳақиқатан ҳам касбий маҳоратини намоён этишди – молиявий пирамидадан 2 мингдан зиёд жабрланувчи ишига ниҳоят нуқта қўйилди. 2020 йилдан бошлаб полицияга “Evolution Corporation” ҳамда “Индиго 24” МЧБ молия пирамидасининг қурбони бўлган фуқаролардан аризалар келиб туша бошлади. Улар республиканинг олтита вилояти ва турли шаҳарларида истиқомат қилишади. Ўша йилдаги содир этилган жиноятнинг кўламдорлигини эътиборга олиб, ҚР ИИВнинг буйруғи билан жиноий иш Туркистон вилояти Полиция департаментининг базасида юритилди. Унга тажрибали терговчилардан Алтинай Жўлимбекова етакчилик қилди. Судгача тергов ишлари бир йилдан зиёд вақт давом этди. Натижада молия пирамидасини ташкил этиш ва уни бошқаришга алоқадор 25 шахс аниқланиб, улар ҳибсга олинди. Фирибгарлар ишонувчан ҳамюртларимизнинг 3 миллиард тенгедан зиёд маблағига эга бўлгани аниқланди. 

Куни кеча мазкур жиноий иш юзасидан суд ҳукми чиқарилди. Барча 25 айбланувчининг жинояти исботланиб, қамоқ жазосига ҳукм этилди. Улардан уч нафари молия пирамидасининг ташкилотчиси, таъсисчилари 12 йилга, уларга ўринбосарлик қилган 5 нафар шахс 10 йилга, қолган 17 нафари 8 йилга озодликдан маҳрум этилди. Афсус, уларнинг аксари ёш аёллар. Судланувчиларнинг энг каттаси 55, энг кичиги 31 ёшда. Энг ачинарлиси, мана шу молиявий ташкилотларнинг шубҳали ишларига ишониб, ҳамюртларимизни ҳам бу ишга эргаштирган ва айни дамда судланувчи сифатида қонун олдида жавоб бераётган ҳамюртларимиз орасида мактаб ўқитувчилари, таълим соҳасида анча йиллар фаолият юритган маориф ходимлари, кўп болали оналар анчагина. Бундан ҳам аянчлироғи охири вой бўлган ишга ўзлари ишониб, ўзгаларни ҳам ишонтирганларидир. Жамият олдида юзи шувут бўлганларнинг тузоғига тушиб қолган юзлаб хонадонлардаги муҳитни эса тасвирлаш янада аянчли. 

“Оиламизга барака кирсин, деб шу ишга қўл урдим. Икки банкдан кредит олдим. Турмуш ўртоғим норози бўлганди. Мен уни бошқалар ҳам миллионлаб даромад кўришяпти, биз ҳам кам-кўстимизни тўғрилаб оламиз, деб ўзимнинг номимдан икки миллион тенге билан ташкилотга аъзо бўлган эдим. Энди эса даромад ҳам йўқ, банкдан насияга олган пулим ҳам йўқ. Эрим билан кунига жанжал. Эрим ажрашаман, деяпти. Қаерга бориб, яшашга ҳам ҳайронман, ота-онамни ҳам мана шу омонат ишига кўндирган ҳам мен эдим. У хонадондан ҳам тинчлик, файз кетган” қабилидаги мурожаатлар билан терговчиларга арз қилиб келувчилар сони 2 мингдан (!) ошди. Даставвал оз-моз даромад кўрганлар, энди бор пулларидан айрилиб, икки йил мобайнида тергов жараёнларида иштирок этишди. 

Мавзуга ойдинлик киритиш мақсадида мазкур жиноий гуруҳдан жабр кўрган мақтаараллик ҳамюртимиз Тўғжан Тўртаевадан мусоҳаба олишга муваффақ бўлдик. Суҳбатдошимиз олий маълумотли, муҳандис-технолог, касбий етук ҳисобчи. Нафақага чиққунга қадар ҳисобчилик билан шуғулланган. Мақтааралнинг Ақжўл қишлоғида истиқомат қилади. Молиявий компания тўғрисида фарзандининг муаллими, мактаб директорининг ўринбосаридан эшитган. Муаллима компанияга 500 минг тенге бериб кирилиши ва тўрт ойдан кейин ундан 1 млн. тенге дивиденд олиш мумкинлиги тўғрисида эшитган ва унинг етакчилигида ишлашни таклиф қилган. Даставвал одамлар 300 минг билан киришга ҳаракат қилишди, кейин 500 минг тенгега кўтарилди. Тумандаги мактаб-интернат жамоасининг 80 фоизи ушбу компанияда ишларди, яъни маблағни омонатга бериш ва унинг устидаги фоизларини олишарди ва яна ўша белгиланган дастур ҳисобига омонат юборишарди. Мақсад кўпроқ фоиз олиш эди. Фирма эндигина фаолият юритган пайтида бунга ишонган одамлар маблағидан анчагина фойда олишга муваффақ бўлишди. Ва бу ишга ишонқирамай, ўзини четга олиб турганлар ҳам бироз вақтдан сўнг пул топиб, унга аъзо бўлишга ҳаракат қилишди. 

– 2018 йили унга ишонмаган эдим, ҳатто кейинги йил ҳам ундан четда юрдим, – дейди суҳбатда Т. Тўртаева. – Қайинсинглим кириб, бироз даромад олганини айтиб, қизиқтиришга ҳаракат қилди. Ҳақиқатан ҳам дастлабки омонатчиларнинг 6 миллионлаб даромад олишганига шахсан гувоҳ бўлганим менга таъсир қилдими, таваккал қилдим. Банкдан 1 млн. тенге насия олиб, “Индиго 24” компаниясига кирдим. Ҳар бир омонатчи ўзи билан бирга 2та шерик ва 3та мижоз олиб келиши керак. Бунинг учун даромад олсин, деб ўғлимни киритдим. Астанада турадиган қизимни ҳам кўндиришга ҳаракат қилдим. Куёв болам бу ишга рўйхушлик бермаслигига қарамай уларга яхшилик қилиш ниятида икковини ҳам киритдим. Шимкентда турадиган синглимни ҳам жалб қилдим. Хуллас барчаси учун 8 млн. тенге насия олиб, қўшимчасига қизимнинг квартирасини сотиб ва яна 2 млн. тенге омонат тўлаб компанияга кирдик. Жами 10 млн. тенге тўлаб дастлабки устама 6 млн. тенгени кутиб ўтирганимизда компания устидан жиноий иш қўзғатилди. Пулимизнинг ҳаммасини турли банклардан олганмиз. Уларни ўз вақтида устамаси билан қуйиш керак.

– Касбий ҳисобчи экансиз, агар маълумотингиз бўлмаганида сизни чув туширишган деб айтиш мумкин эди. Ахир ўзингиз пул муносабатларини яхши биласиз, бу борада сизда шубҳа туғилмадими?

– Шартнома билан танишиб, унда муҳрлари йўқлигига дастлаб шубҳаландим. Қайинсинглимга бу борада айтдим ҳам. Шунча олий маълумотли муаллимларнинг ушбу намунадаги ҳужжат билан пулларини омонат бераётганликларини ва фоизларини олишаётганликларини айтишганда мен ҳам ишониб қолдим. Нафс ақл устидан ғолиб келди, шундай ҳолатга тушишимга ўзим сабабчи бўлдим. Бу ишга насия олиб тўлаганман. Бироқ қанча пул тўламай, неча йиллик қадрдон инсонлар билан ишлаётганлигим боисми, уларнинг ҳалоллигига ва бизни алдаб кетмасликларига ишондик. 

– Кредитларингизни амаллаб қайтарарсиз, қизингиз уйини сотибди-ку.

– Қизимнинг, синглимнинг оиласи бузилиб кетмасин деб кўчмас мулкимни сотишга қарор қилдим. Қайинсинглим билан муносабатларимиз бузилди, қариндошлик ришталарига путур етди. Уни айблаш ҳам аслида нотўғри, ўзи ҳам ишонувчанлиги туфайли анча қарзга ботди. Ўзим эса ҳозир ой сайин 52 минг тенге насия тўлаяпман. Яқинларимнинг муаммоларини қисман ҳал этишга ҳаракат қилдим. Яқинда мазкур иш юзасидан Шимкент шаҳрида бўлган судда иштирок этдим. Бу иш жуда аянчли хотима билан тугади. Туманимизда икки йил мобайнида меҳнат қилган, тезкор тергов юритган терговчиларимиз ҳақиқатан ҳам ўз ишининг етук мутахассислари эканликларини кўрсатишди. Прокурорларимиз ҳам ўз ишининг усталари экан. Жуда чалкаш бўлган ишда икки мингдан зиёд одам сўроқ қилинди. Руҳиятимизга сингиб кетган ишонувчанлик, лақмалик ҳақиқатан ҳам бир умрга етгулик сабоқ берди. 

Навбатдаги суҳбатдошим – жабрланувчи, Мақтаарал тумани Жамбил қишлоқ округи, Абай қасабасидан Сауле Қадирқулованинг бошидан кечирганлари билан танишайлик:

– Оиламда икки ногирон бор – умр йўлдошим 2-гуруҳ ногирони, қайнонам ҳам ногирон. Ўзим ҳомиладорман. Бу каби компанияларга ишонмай, иложи борича, узоқроқдан айланиб ўтадиган, хотиржам ҳаёт кечираётган аёл эдим. Қариндошимиз Нағима Жўлдибаева мактабда ишлаганлиги, олий маълумотли ўқитувчилар жамоасини ўша компаниянинг омонатчиларига айлантиргани ва улар анча даромад олаётганларини эшитиб, фикрим ўзгарди. Опамиз компанияга 1 млн. тенге маблағ тўлаб, тўрт ойдан кейин 2 миллион тенге қилиб қайтариб олганини кўргач, кўпчилик бунга ишонди, шу жумладан, мен ҳам. 1 млн. тенге телефон орқали насия олдик ва компаниянинг омонатчиси бўлдик. Тўрт ойдан кейин менга 1 млн. тенгега 1 млн. тенге қўшиб тўлашди. Комиссиялардан ташқари 1 млн. 800 минг тенгени нақд олиб келдим. Буни судда ҳам, терговчилар сўроғида ҳам яширмай айтганман. Ўша пайтда жуда хурсанд бўлдим. Нағима ўша пулни яна компанияга қуйиш мумкинлигини айтди. Мен турмуш ўртоғим билан маслаҳатлашиб, жавобини айтаман, дедим. Банкдаги насиямдан қутулдим. Бироз харажатлар қилдим. Умр йўлдошим иккинчи бор яна омонатчи бўлишга розилик берди. Яна насия олдик ва пулни компанияга тўладик. Қўшимча яна 1 млн. тенге фоизга пул олиб, уни ҳам компанияга йўлладик. Ҳовлимиздаги иссиқхонани ишлатишга бошқа опам номидан насия олдик, унинг ярим пулини ҳам даромадига қизиқиб, компания ҳисобига ўтказдим. Бу вақтда жиноий иш қўзғалди. Қаттиқ зарба бўлди. Банкдан олган пулларимни тўлаш учун уйимни гаровга қўйиб пул олдим. Ҳозир 3 млн. тенге насиям бор. Хасталаниб қолдим. Мана, уйда икки эмас, уч ногирон бўлдик. Мен ўзим билан бирга синглимни ва қайинсинглимни ҳам бу ишга бошладим. Синглим даромад олишга улгурмади – 8 млн. тенгесини мазкур компанияга ўтказди. Унинг уйининг ҳаловатини йўқотганимга виждоним қийналяпти. Ҳозирги кунда баъзида фақат нон билан кун кўряпмиз. Қанча оилалар бузилди, қанча одам қарз балоси туфайли юрак хуружидан оламдан ўтди. Ҳамюртларимни бундай товламачи-молия эҳромларига дуч келишса, икки чақирим наридан айланиб ўтишларини маслаҳат бераман. Бизнинг бошимизга тушган синовлар бошқаларнинг тақдирида такрорланмасин.

Мақтааралда истиқомат қиладиган ҳамюртимиз Мурат Испанов тенгқури, мактабдоши Бибинур Тажибаевага ишониб, оиласи билан мазкур компания омонатчиси бўлди. На даромад олган, на ўз пулларини қайтара олган суҳбатдошимиз ноилож уйини сотишига тўғри келди. У Шимолий Қозоғистон вилояти, Ғабит Мусирепов туманининг Новоишимск қишлоғига оиласи билан кўчиб кетган. Тайинли бир иш тополмаётганидан нолиётган суҳбатдошимиз, мутасадди раҳбарларнинг компаниянинг улардан олган қарзларини ундириб беришларини мақолада кўрсатишни илтимос қилди... 

Бу жабрланувчиларнинг мингдан бир улуши билан суҳбатлашиб, уларнинг тақдиридаги бахтсизликни акс эттиришга уринишга интилиш, холос. Бу суҳбатда қанча кўз ёш, асаб, зўриқиш, айблов, ўзини оқлашга интилиш, ситам мужассам, шу боис уни сизларга етказиб бериш ҳам зиммамиздаги улкан масъулият. Қонунни билмаслик, масъулиятдан озод қилмаганидек, ҳар ким бошига тушган қорни ўзи кураётганлигининг гувоҳи бўлаяпмиз. Лақмалик оқибатларидан жабрини ҳам айнан осон даромад излаганлар тортаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Оилалар тиклансин, узилган қариндошлик ришталари яна боғлансин. Хулоса қилайлик, сабоқ бўлсин. Бу кимлар учундир бир умрлик, жуда қимматга тушган тажриба. Даромадлар нуқсонга учраса ҳам, фитратимиз, руҳимиз, инсонийлигимиз нуқсонга учрамасин. 

Мунира САЪДУЛЛАЕВА., 2022-10-18, 01:57 9155
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.