Туркистон вилоятининг Тулкибош туманида «Ақсу-Жабағылы» давлат табиий қўриқхонаси ташкил этилганининг 100 йиллиги кенг нишонланди. Юбилей муносабати билан ўтказилган тадбирларда табиат ҳимоячилари, олимлар, жамоат арбоблари, ўқитувчилар, экологлар ҳамда қўриқхона ходимлари иштирок этди.
Вилоят ҳокими Нуралхан Кўшеров йиғилганларни қўриқхонанинг бир асрлик тўйи билан муборакбод этди.
– Барчангизни халқимизнинг фахрига айланган «Ақсу-Жабағылы» қўриқхонасининг 100 йиллиги билан чин дилдан табриклайман! Бу нафақат Туркистон вилояти, балки бутун мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим воқеадир. Зеро, «Ақсу-Жабағылы» – Қозоғистон ва Марказий Осиёда ташкил этилган илк давлат табиий қўриқхонасидир.
Бир аср давомида бу маскан табиатни муҳофаза қилиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш ва экологик маданиятни шакллантиришнинг ўзига хос мактабига айланди. Ўша йилларда қўриқхона ҳудудини сақлаб қолиш ва кенгайтириш масалаларига бевосита таъсир кўрсатган давлат арбоби Турар Рисқуловнинг хизматларини бугун ҳурмат билан тилга оламиз.
Бугун «Ақсу-Жабағылы»нинг 131 минг гектардан зиёд ҳудудида табиатнинг ноёб бойликлари асраб келинмоқда. Вилоятимизда экологик-маърифий тадбирларни кучайтириш, табиий меросни кенг тарғиб қилиш ва экотуризм инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ер ва сувнинг қадрига етиш, ўсимлик ва ҳайвонот оламини асраш, табиий мувозанатни сақлаш – барчамизнинг умумий бурчимиз. Ана шу муқаддас масканнинг табиий бойликларини кўз қорачиғидек асраб, келажак авлодларга етказайлик, – деди Нуралхан Кўшеров.
Тантана доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий меросни асраш, қўриқхонанинг бир асрлик тарихини ўрганиш ва тарғиб этишга муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ фуқаролар тақдирланди.
Қозоғистон Республикаси Экология ва табиий захиралар вазирлиги Ўрмон хўжалиги ва ҳайвонот дунёси қўмитаси раиси Данияр Турғамбаев, давлат ва жамоат арбоби Заутбек Турисбеков, ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси бўйича Қозоғистон миллий қўмитаси аъзоси, ЮНЕСКО ва ИСЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссиянинг табиий мерос масалалари эксперти Елина Мальцева ҳам қўриқхонанинг аҳамияти ҳақида фикр билдирди.
Юбилей тадбирлари доирасида «Миллат арбоби – Турар Рисқулов ва аср дурдонаси – Ақсу-Жабағылы» мавзусида илмий анжуман ҳам ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Нуралхан Кўшеров, олий таълим муассасалари ректорлари, олимлар, педагоглар, экологлар ва қўриқхона ходимлари иштирок этди.
Анжуманда Турар Рисқуловнинг илмий-маърифий мероси, «Ақсу-Жабағылы» қўриқхонасининг ташкил топиш тарихи, табиий салоҳияти, илмий-тадқиқот йўналишлари ва бу борада эришилган натижалар муҳокама қилинди. Шунингдек, қўриқхонанинг табиий меросини асраш, илмий салоҳиятини юксалтириш ва ёш авлодда табиатга масъулиятли муносабатни шакллантириш масалаларига эътибор қаратилди.
– Бир аср муқаддам, 1926 йилда мазкур қўриқхонани ташкил этиш ҳақида давлат даражасида қарор қабул қилиниб, уни амалга оширишда миллат фарзанди Турар Рисқулов муҳим ташаббус кўрсатган. Шу тариқа, заминимизда табиатни тизимли муҳофаза қилишнинг янги даври бошланган, – деди вилоят ҳокими.
Анжуманда академик, тураршунос Ўразали Сабден, тадқиқотчи олим Қазибек Мухтар, М. Ауезов номидаги Жанубий Қозоғистон университети «Тарих ва педагогика» факультети декани Қурманғали Ўразбаев ва бошқалар маъруза қилдилар. Давлат ва жамоат арбоблари Ўринбай Рахманбердиев ҳамда Дархан Қидирали ҳам мунозараларда иштирок этиб, фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Олимлар «Ақсу-Жабағылы»нинг Қозоғистон ва Марказий Осиёда табиатни муҳофаза қилиш тизимидаги тарихий ўрнига тўхталиб, унинг ноёб экотизимини асраш, биологик хилма-хилликни ўрганиш ва табиий меросни келажак авлодларга етказиш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Маълумот ўрнида. «Ақсу-Жабағылы» қўриқхонасида сутэмизувчиларнинг 52 тури, қушларнинг 299 тури, судралувчиларнинг 11 тури, сувда ҳам қуруқликда яшовчи ҳайвонлар, шунингдек, ноёб ўсимликларнинг 1312 тури учрайди. Уларнинг 41 тури Қозоғистоннинг Қизил китобига киритилган.
Оқсув дараси, тоғ кўллари, музликлар ва бетакрор ландшафтлар қўриқхонанинг табиий қимматини янада оширади.
«Ақсу-Жабағылы»нинг халқаро миқёсдаги мақоми ҳам унинг ноёб табиий бойликларидан далолат беради. 2015 йилда қўриқхона ЮНЕСКОнинг «Инсон ва биосфера» дастури доирасида биосфера резервати мақомига эга бўлди. 2016 йил 17 июлда эса қўриқхона жойлашган «Ғарбий Тянь-Шань» трансмиллий табиий ҳудуди ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилди.
Қўриқхонанинг бир асрлик тарихи давомида олимлар ва унинг фидойи ходимлари томонидан олиб борилган илмий-тадқиқотлар, табиатни муҳофаза қилиш ишлари бу ноёб ҳудуднинг халқаро миқёсда эътироф этилишига замин яратди.
Тадбир доирасида Ақсу дарасида янги кузатув майдончаси очилди. Иншоот даранинг ноёб табиатини хавфсиз шароитда томоша қилиш имконини беради.
Юбилей тантанаси вилоят санъат жамоалари, хонанда ва раққосалар иштирокидаги концерт дастури билан якунланди.