26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+1°
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қозоғистонда маслихатлар сайлови 29 ноябрда ўтказилади

Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида 2026 йил 29 ноябрда барча даражадаги маслиҳат депутатлари сайловини ўтказишга тайёргарлик масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда сайлов санаси, сиёсий партияларнинг иштироки ва сайлов кампаниясининг асосий босқичлари белгилаб олинди.

Марказий сайлов комиссияси раиси Нурлан Абдиров раислигида ўтган йиғилишда сиёсий партиялар, Адлия вазирлиги ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, ҳудудий сайлов комиссиялари раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда маълум қилинишича, мамлакат бўйлаб 228та маслиҳатга жами 3 447 нафар депутат сайланади. Шундан 20 та вилоят маслиҳатига 668 нафар, 38 та шаҳар маслиҳатига 626 нафар ва 170та туман маслиҳатига 2 153 нафар депутат сайланиши режалаштирилган. Депутатлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида, яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланади.

Сайлов кампаниясининг асосий саналар

Марказий сайлов комиссияси тасдиқлаган тақвим режага мувофиқ, номзодларни кўрсатиш ва ўзини ўзи номзод сифатида кўрсатиш жараёни 14 октябрдан бошланиб, 27 октябрь соат 18:00гача давом этади. Партиявий рўйхатлар ва номзодларни рўйхатга олиш 1 ноябрь соат 18:00гача якунланиши лозим.

Сайловолди ташвиқоти 1 ноябрда бошланиб, 28 ноябрь соат 00:00да тугайди. 28 ноябрь — сукут сақлаш куни. Овоз бериш 29 ноябрь куни соат 07:00дан 20:00гача ўтказилади. Қонунчиликда белгиланган тартибда айрим сайлов участкаларида овоз бериш вақти ўзгартирилиши мумкин. Сайлов натижалари беш кун ичида белгиланади.

Сайловда қайси партиялар иштирок этади?

Марказий сайлов комиссияси қарорларига кўра, қуйидаги сиёсий партиялар маслиҳат депутатлари сайловида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди:

«Ақ жол» демократик партияси;

«Ауыл» партияси;

«Әділет» партияси;

Умуммиллий социал-демократик партия;

«Байтақ» Қозоғистон яшиллар партияси;

Қозоғистон Халқ партияси;

«Respublica» партияси.

Шу билан бирга, «Amanat» партияси Марказий сайлов комиссиясига расмий хат юбориб, навбатдан ташқари маслиҳат депутатлари сайловида иштирок этмаслигини маълум қилган.

Ушбу сайловнинг муҳим жиҳати — аралаш сайлов тизимининг қўлланилиши. Унга кўра, сиёсий партиялар партиявий рўйхатлар орқали, номзодлар эса бир мандатли сайлов округларида иштирок этади. Номзодлар сиёсий партиялар ва жамоат бирлашмалари томонидан кўрсатилиши ёки ўзини ўзи номзод сифатида илгари суриши мумкин.

Сайлов гарови ва уни қайтариш тартиби

Сайловда иштирок этиш учун партиялар партиявий рўйхатга киритилган ҳар бир номзод учун қонунчиликда белгиланган энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида сайлов гарови тўлайди. Йиғилишда келтирилган маълумотга кўра, бу сумма 425 минг тенгени ташкил этади. Ўзини ўзи номзод сифатида кўрсатган номзод ҳам белгиланган тартибда худди шундай миқдорда гаров тўлайди.

Қонунчиликда назарда тутилган шартлар асосида, жумладан, партия сайловда иштирок этган сайловчилар овозининг камида 5 фоизини олса ёки номзод депутат этиб сайланса, гаров қайтарилади. Айрим бошқа ҳолатларда ҳам гаровни қайтариш назарда тутилган. Қолган ҳолларда у республика бюджети даромадига ўтказилади. Айрим партиялар учун аввалги сайлов натижаларига қараб гаров миқдори камайтирилади ёки тўлаш мажбурияти бекор қилинади.

86 мингдан ортиқ сайлов комиссияси аъзоси ўқитилади

Сайловга тайёргарлик доирасида 86 мингдан ортиқ сайлов комиссияси аъзосини ўқитиш режалаштирилган. Улар орасида 1 729 нафар ҳудудий, 15 мингдан ортиқ округ ва қарийб 70 минг участкавий сайлов комиссияси аъзоси бор.

Таъкидланганидек, ўқув машғулотларида сайлов қонунчилиги, сайлов жараёнларини ташкил этиш тартиби, номзодлар ва кузатувчилар билан ишлаш, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳамкорлик қилиш каби масалаларга эътибор қаратилади. Сиёсий партиялар, жамоат бирлашмалари ва ННТ вакиллари ҳамда журналистлар учун ҳам тушунтириш ишлари олиб борилади.

Марказий сайлов комиссияси раиси Нурлан Абдиров ҳудудий комиссияларга сайловнинг барча босқичларини қонунчиликда белгиланган муддатларда, очиқ ва қонуний тарзда ўтказиш бўйича зарур чораларни кўришни топширди.

Йиғилиш якунида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга оид тегишли қарорлар қабул қилинди.

2026-10-14, 20:24 75
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.